close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

085. Буруж сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 22.
Тартиб рақами: 85.
Сура маъноси: бурж.

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам...
“Бурж” сўзи аслида “уй; ин”, “Ой манзили”, “осмон эшиги” каби маъноларни англатади. Баъзилар: “Бурж Қуёш манзилидир”, дейишган. Яна баъзилар эса: “Бурж катта юлдуздир”, деб айтишган.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло буржларга эга бўлган осмон билан қасам ичмоқда.

2. Ваъда қилинган кунга қасам...
Бу оятда қиёмат куни билан қасам ичилмоқда. Охиратда бандаларга мукофот ёки жазо берилиши Аллоҳ томонидан ваъда қилинган.

3. Гувоҳ бўлувчи ва гувоҳлик берилувчига қасамки...
Оятдаги “гувоҳ бўлувчи” қиёмат куни, “гувоҳлик берилувчи” эса бошқалар томонидан гувоҳлик берилувчи бандадир. Баъзилар: “Гувоҳ бўлувчи – жума куни. Ўша куни нима амал қилинса, у кун шу ҳақида гувоҳлик беради. Гувоҳлик берилувчи – Арафа куни. Унда одамлар ҳаж мавсумига гувоҳ бўладилар ва у кунда фаришталар ҳозир бўлади”, дейишган. Бу фикрни қувватлочи далиллар бор. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ваъда қилинган кун – қиёмат куни, гувоҳлик бериладиган кун – Арафа куни, гувоҳ бўлувчи кун жума кунидир...” (Термизий, Ибн Жарир ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан).
Бу оят ҳақида муфассирлар яна бошқа таъвилларни ҳам айтишган. Улар бир-бирига зид эмас, балки бири иккинчисини тўлдиради.

4-5. Чуқур – ёқилғили олов эгалари лаънатландилар!
Оятда “чуқур эгалари” деб тилга олинаётган кимсалар Яман яҳудийларидан бир гуруҳи бўлиб, улар Исо алайҳис салом динида бўлган мўминларни мажбурлаб диндан қайтармоқчи бўладилар. Шу мақсадда катта чуқур кавлаб, у ерда улкан гулхан ёқадилар ва мўминларни у ерга турғазиб қўйиб, динидан қайтганларни озод қилиб, инкор этганларни битта-битта оловга ташлаганлар. Аллоҳ таоло ушбу оятларда бу манфур ишни қилганларни лаънатламоқда.

6. Ўшанда улар унинг атрофига ўтириб олган эдилар.
Улар қазиган чуқурлар атрофига курсилар қўйиб олиб, мўминлар азобланишини кўриб ўтирдилар.
   
7. Ва мўминларга қарши қилаётган ишларига ўзлари гувоҳдирлар.
Чуқур эгалари қилган ишлари ҳақида қиёмат куни ўзлари гувоҳлик берадилар. Сўнгра уларнинг қўл-оёқлари ҳам бу ҳақида гувоҳлик беради.
                            
8. Улар у (мўмин)лардан фақат Қудратли ва мақтовга энг муносиб Зот (бўлган) Аллоҳга имон келтирганлари учунгина ўч олдилар, холос.
Ҳа, кофирлар мўминларнинг Аллоҳга бўлган имонларини рўкач қилиб, уларга турли айб, туҳмат ва бўҳтонларни ёғдирдилар. Лекин Аллоҳ қудратли Зот бўлиб, мўмин бандаларини ёлғиз ташлаб қўймайди, уларга албатта ёрдам беради. Зеро, Аллоҳ ҳар бир замон ва маконда ҳамд ва мақтовларга энг муносиб Зотдир.
                                   
9. Осмонлар ва Ернинг мулки У Зотникидир. Аллоҳ ҳар бир нарсага гувоҳ бўлиб турувчидир.
Ушбу оятда мўминларга зиғирча зулм қилувчиларга қаттиқ таҳдид ва Аллоҳ йўлида жабр кўрадиган мўминларга хушхабар берилмоқда.
Аллоҳ осмонлар ва Ернинг ёлғиз эгасидир. Бундай сифатга эга бўлган зотга имон келтириш ва ибодат қилиш лозим. Аллоҳ бандаларининг ҳар бир ҳаракатини кузатиб туради. Жумладан, чуқур эгалари мўминларга етказган азият ва зулмларини ҳам Аллоҳ кўриб, ҳисобга олиб қўйган. Энди уларни қиёматда муносиб жазолайди.
                       
10. Мўмин ва мўминаларни азобга солиб, сўнгра тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби ва (қизиб турган) олов азоби бордир.
Мўмин ва мўминаларни диндан қайтишга мажбурлаб, турли қийноқларга соладиган кимсалар вақтида бу қабиҳ ишларини ташлаб, Аллоҳга тавба қилмасалар, у ҳолда охиратда жаҳаннам оловида қаттиқ азобланадилар.

11. Имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар учун эса, остидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бордир. Мана шу катта ютуқдир!
Имон келтириб, Аллоҳ буюрган амалларни бажарган, У Зот қайтарган ишлардан узоқ юрган бандалар учун Аллоҳ тагидан дарёлар оқиб ўтадиган жаннатларни тайёрлаб қўйган. Мана шу энг катта ютуқ, энг катта бахтдир.

12. Албатта Парвардигорингизнинг азоби жуда қаттиқдир.
Кибрли ва исёнкор бандалар учун Аллоҳнинг азоби ниҳоятда қаттиқ.

13. Албатта У бошлайди ва қайтаради.
Аллоҳ бандаларни йўқдан бор қилади ва охиратда уларни қайта тирилтиради.

14. Ва У мағфиратли (ва) дўст тутувчидир.
Аллоҳ тавба қилиб, кўп истиғфор айтувчиларни кечиради, холис ибодат қиладиган бандаларини яхши кўради ва Ўзига дўст тутади.
    
15. У Аршнинг Эгаси (ва) Улуғдир.
Аллоҳ таоло Аршнинг Соҳиби, ўта Улуғ ва Буюк Зотдир. Аллоҳ улуғлигининг чегараси йўқ.

16. Хоҳлаган нарсасини амалга оширувчидир.
Аллоҳ хоҳлаган ишини қилади. Агар бирон иш қилишни ирода қилса, “Бўл!” деса, бас. Жумладан, Аллоҳ кофирларни ҳалок қилиб, мўминларга нажот беришга Қодирдир.

17-18. (Эй Муҳаммад,) Сизга аскарларнинг – Фиръавн ва Самуднинг хабари келдими?
Эй Муҳаммад, Сизга аввал ўтган исёнкор ва адашган қавмларнинг, илоҳликни даъво қилган Фиръавн ва саркаш Самуд қабиласининг хабари келдими? Уларнинг қай тарзда ҳалок қилинганини билдингизми?

19. Аммо куфр келтирган кимсалар ёлғонга чиқаришда (давом этмоқда)лар.
Лекин, қавмингиздаги мана бу мушриклар Сизни қаттиқ ёлғонга чиқариб келмоқдалар. Улар аввал ўтган кофир қавмларнинг аччиқ қисматидан ибрат олмаяптилар.

20. Ваҳоланки Аллоҳ уларнинг ортидан иҳота қилиб турувчидир.
Ҳолбуки, улар Аллоҳнинг измидадир, Ундан қочиб қутула олмайдилар. Аллоҳ уларнинг бошига аввалги қавмлар кўрган азобларни ёғдиришга қодир.

21. Йўқ, балки у улуғ Қуръондир.
Йўқ! Улар даъво қилаётганларидек, Қуръон шеър, коҳинлик ёки сеҳр эмас, балки Аллоҳ томонидан нозил қилинган, шаъни улуғ ва буюк илоҳий Китобдир.

22. (Унинг асли) Лавҳул Маҳфуздадир.
Қуръон Аллоҳ ҳузуридаги Лавҳул Маҳфузда бўлиб, у ҳар қандай ўзгариш, қўшимча қўшиш ёки қисқартиришлардан холидир. Унга ҳеч қандай жин ва шайтонлар яқинлаша олмайди.
Лавҳул Маҳфузнинг иккинчи номи Уммул Китобдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase