084. Иншиқоқ сураси
- Якшанба, Июл 14 2024
- 39 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 25.
Тартиб рақами: 84.
Сура маъноси: ёрилиш.
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Осмон ёрилганида...
Аввал айтиб ўтганимиздек, қиёмат куни коинотнинг низоми бузилиб, кўз кўрмаган ҳодисалар юз беради. Жумладан, осмон ёрилади.
2. Ва Парвардигори(нинг амри)га қулоқ тутиб, бўйсунганида...
Бу кунда осмон Парвардигорининг ёрилиш ҳақидаги амрига бўйсунади ва шундоқ бўлиши ҳам керак. Чунки осмон Аллоҳнинг улуғлигини билади.
3-4. Ва Ер ёйилиб, ичидаги нарсаларни (ташқарига) чиқариб, бўшанганида...
Ер қаттиқ силкиниб, ундаги тоғлар ўрнидан силжийди, Ер ёйилган тўшак ёки ошланган тери каби ёйилади. Ер ичидаги бор нарса – ўликлар, маъдан ва суюқликларни ташқарига отиб чиқариб, улардан фориғ бўлади.
Жобир розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қиёмат куни Ер тери каби чўзилади ва Одам боласи учун фақат икки оёғи турган жойгина қолади” (Ҳоким саҳиҳ санад билан ривоят қилган).
5. Ва Парвардигори(нинг амри)га қулоқ тутиб, бўйсунганида (ҳар бир банда ҳисоб қилиниб, дунёда қилиб ўтган амалларидан хабардор бўлади)!
Ер ҳам осмон каби Парвардигори амрига бўйсуниб, ичидаги нарсаларни ташқарига чиқариб ташлайди ва шундоқ бўлиши ҳам керак.
6. Эй инсон, албатта сен Парвардигоринг (тоати йўли)да жидду жаҳд қилиб, тез орада Унга йўлиқувчисан!
Эй инсон, сен умринг охиригача ҳаракатдасан. Қиёмат куни, хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, амалинг билан Парвардигорингга юзма-юз келасан ва У Зот сени шунга қараб ҳисоб қилади.
7-8. Бас, кимнинг номаи аъмоли ўнг тарафдан берилса, у осон ҳисоб қилинади.
“Енгил ҳисоб қилиниш” солиҳ амаллар учун мукофотланиб, гуноҳларнинг кўрсатилиши ва сўнгра уларнинг Аллоҳ тарафидан кечириб юборилишидир.
Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳисоб қилинадиган банда борки, барчаси ҳалок бўлади”, дедилар. Шунда мен: “Ахир Аллоҳ “Бас, кимнинг номаи аъмоли ўнг тарафдан берилса, у осон ҳисоб қилинади”, демаганми?” дедим. Шунда у зот: “Бу ҳисоб қилиш эмас, балки (гуноҳларнинг) кўрсатилиши (унинг мағфират қилиниши)дир. Аммо кимнинг ҳисоби оғирлашса, ҳалок бўлади”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Термизий, Аҳмад ва Ибн Мунзир ривояти).
Яна Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи намозларида: “Эй Аллоҳим, мени енгил суратда ҳисоб қил!” деб дуо қилганларини эшитдим ва намозни ўқиб бўлганларидан кейин: “Эй Расулуллоҳ, енгил ҳисоб қилиниш қандай бўлади?” деб сўрадим. У зот: “(Енгил ҳисоб қилиниш Аллоҳ) банда номаъи аъмолига қараб, гуноҳларини кечиришидир. Зеро, кимнинг ҳисоби оғирлашса, ҳалок бўлади”, дедилар” (Аҳмад, Ҳоким ва Ибн Жарир ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
9. Ва оиласи олдига хурсанд ҳолида қайтиб келади.
Енгил ҳисоб қилинган банда жаннатдаги ота-онаси, аёли ва фарзандлари олдига хурсанд бўлиб қайтиб келади.
10-11. Бас, кимнинг номаи аъмоли орқа тарафдан берилса, у (ўзига) ўлим тилаб қолади.
Гуноҳ содир этган ва зулм қилган кофир бандаларнинг ўнг қўллари бўйинларига боғланган, чап қўллари орқасига қилиб қўйилган бўлади. Шу сабаб улар номаъи аъмолларини орқадан – чап томондан қабул қилиб оладилар ва ундаги қабиҳ амалларини кўриб, ўзига ўлим сўраб, “Эҳ ҳолимга вой бўлсин!!!” деб қолади.
12. Ва у (жаҳаннамнинг) қайноқ оловига киради.
Сўнгра у банда жаҳаннамнинг қайноқ оловига ташланади.
13. Зеро, у оиласи (ораси)да хурсанд бўлган эди.
У банда дунёда кибрли бўлиб, лаззатларга кўмилиб яшаган, охират ҳақида ўйламас, маъсиятларга қўл уришдан тап тортмас ва бу ўткинчи лаззатлару ҳою ҳаваслар кетидан ҳасрат-надомат эргашиб келишини хаёлига келтирмас эди. У шу ҳолда хурсанд ва маст бўлиб, ҳаётини беҳуда ўтказди ва оқибатда Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлди.
14. Албатта у (Парвардигори ҳузурига) зинҳор қайтмаслигига аниқ ишонар эди.
У қиёмат куни Аллоҳга қайтарилмаслиги ва ҳисоб қилиниши учун қайта тирилмаслигига шубҳа қилмасди. Охиратга бўлган ишончсизлик оқибатида у шундай ҳолга тушди.
15. Йўқ!!! Албатта Парвардигори уни кўриб турувчидир!
Йўқ! У нотўғри ўйлабди. У Парвардигори ҳузурига қайтади ва барча амаллари ҳақида ҳисоб беради. Зеро, Аллоҳ унинг дунёда қилган барча ишларини кўриб турган эди.
16-19. Албатта Мен шафақ, тун ва у ўраб турган нарса ҳамда тўлин ой билан қасам ичаманки, албатта сизлар босқичма-босқич ўтасизлар!
Аллоҳ таоло ушбу оятларда шафақ (Қуёш ботгач пайдо бўладиган қизиллик), тун ва унинг зулматига чўмган нарсалар ҳамда ўн уч-ўн тўрт кунлик тўлин бадр ойи билан қасам ичиб, бандалар бир ҳолатдан бошқа бир ҳолатга, бир босқичдан бошқа босқичга ўтиб боришларини маълум қилмоқда.
“Албатта сизлар босқичма-босқич ўтасизлар!” ояти уламолар тарафидан турлича талқин қилинган. Жумладан:
– нутфа ҳолатидан то ўлим чоғигача ҳаётда турли босиқчларни (бойлик ва фақирлик, соғлик ва касаллик каби) босиб ўтасизлар;
– осмонга бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтиб минасизлар. Шу фикрга асосланиб, замонамиз уламолари орасида, бу оят инсониятнинг космос кемаларида фазога чиқишига ишорадир, деганлари ҳам бор.
– қиёмат куни азобларни босқичма-босқич бошингиздан ўтказасизлар.
20. Уларга нима бўлдики, имон келтирмайдилар?!
Бас, қиёмат ҳақ ва у кунни инкор қилувчи кофирларга турли хил қийноқлар тайёрлаб қўйилган экан, нега улар Муҳаммад олиб келган нарсага имон келтирмайдилар?! Уларнинг кўз ўнгидаги ҳамма нарса Аллоҳнинг қудратига далолат қилиб турибди. Имон йўлига юришга яна нима тўсқинлик қилмоқда?
21. Агар уларга Қуръон ўқилса, сажда қилмайдилар?
Уларга яна нима бўлдики, Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганда Аллоҳ ва У Зотнинг Китобига ҳурмат юзасидан сажда қилмайдилар?!
Эслатма! Ушбу оятни ўқиган ҳар бир банда тиловат саждаси қилиши лозим.
22. Балки куфр келтирганлар ёлғонга чиқарадилар.
Аммо кофирлар ўзида тавҳид, қайта тирилиш, савоб ва жазонинг ҳақ эканини тасдиқловчи далилларни жамлаган улуғ Қуръонни ёлғонга чиқарадилар.
23. Ваҳоланки Аллоҳ улар (қалбларида) яшириб юрган нарсани Билувчидир.
Аллоҳ уларнинг қалбида яширин ниятлари, режалаштирган қинғир ишлари ва уларни имондан тўсиб турган нарсани яхши билади.
24. Бас, уларга оғриқли азоб ҳақида “башорат” беринг!
Ушбу оятда кофирлар имон келтирмаганлари сабаб охиратда уларга аламли азоблар бўлиши ҳақидаги “башорат”ни етказиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тайинланмоқда .
25. Бироқ имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар учун чексиз мукофотлар бордир.
Бироқ, Аллоҳ ва охират кунига имон келтириб, солиҳ амаллар қилган зотларга Аллоҳ таоло ҳузурида беҳисоб мукофот тайёрлаб қўйилган.