Уларнинг айтган гаплари фақат шундан иборат эди: “Парвардигоро, Ўзинг бизнинг гуноҳларимизни ва ишларимиздаги исрофимизни (яъни, ҳаддан ошиб қилган хатоларимизни) мағфират айла, (жанг майдонида) қадамларимизни собит қил ва бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!”.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло бизга ҳар қандай ишда, жумладан жиҳод майдонида ҳам муваффақиятга эришиш учун моддий қувват билан бирга, балки ундан ҳам олдинроқ маънавий - руҳий қувват ҳал қилувчи кучга эга экани ҳақида таълим беради. Ким катта-кичик гуноҳлардан ўзини сақлашга, ҳар қандай ишда ўз ҳаддидан ошмасликка кўлидан келганича ҳаракат қилса, бошлаган ишида собитқадам, барқарор бўлса, ва кўзлаган мақсадига Ёлғиз Оллоҳнинг ёрдами билангина эришишига аник ишонса ҳамда жон-жаҳди билан ҳаракат қилар экан, натижа фақат Оллоҳнинг Қўлида эканини билиб Унинг Ўзига суянса - таваккул қилса, албатта зафар топишига ишора қилинади. “Саҳиҳи Муслим”да Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу дуолари келтирилади: “Оллоҳим, Ўзинг менинг хатомни, нодонлигимни, ишимдаги исрофимнғ - ҳаддан ошишимни ва яна Ўзинг мендан яхшироқ биладиган нуқсонларимни мағфират қилгин”. “Тафсири Қуртубий”да мазкур ояти карима тафсирида ушбу дуо келтирилиб, мусулмон инсон дуо қилганида Оллохнинг Китобидаги ва саҳиҳ суннатдаги дуоларни қилиши лозим экани айтилади. Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбари учун, дўстлари мўмин, тақволи бандалари учун танлаган ва таълим берган дуолардағ афзал дуо йўқдир.
Шайх Алоуддин Мансурнинг
"Қуръони Азим тафсири"китобидан