close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Рум сураси 31-35-оятлар тафсири

31-32. (Оллоҳга) қайтгувчи бўлган ҳолларингизда (Унинг Динини махкам тутинглар) ва У Зотдан қўрқинглар ҳамда намозни тўкис адо килинглар! Мушриклардан - динларини бўлиб, турли тўдаларга бўлиниб олган кимсалардан бўлманглар! Ҳар бир ҳизб - фирқа фақат уз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар, (яъни, ҳар бир ҳизб ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилади).

31-32. (Оллоҳга) қайтгувчи бўлган ҳолларингизда (Унинг Динини махкам тутинглар) ва У Зотдан қўрқинглар ҳамда намозни тўкис адо килинглар! Мушриклардан - динларини бўлиб, турли тўдаларга бўлиниб олган кимсалардан бўлманглар! Ҳар бир ҳизб - фирқа фақат уз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар, (яъни, ҳар бир ҳизб ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилади).
Яъни, сизлар, эй мусулмонлар, барчангиз ОллоҳтаолонингЎзига қайтиб, Ёлғиз Унга илтижо қилган ҳолларингизда Ҳақ Динни барпо қилингиз ва Оллоҳнинг Амрига хилоф иш қилишдан қўрқингиз, зиммаларингиздаги энг улуғ фарз бўлмиш намоз ибодатини холис Оллоҳ учун барча шарт ва арконларига риоя қилган ҳолларингизда ўз вақтида адо этингиз! Сизлар ҳаргиз мўмин бўлганларингиздан кейин динларини бўлиб турли фирқаларга айланган мушриклар каби бўлманглар, яъни, танҳо ҳақ Дин бўлган Исломни турли ҳизб ва фирқаларга айлантириб олмангларки, у ҳолда сиз мусулмонлар ҳам худди мушриклар каби бир-бирларига душман бўлган тўдаларга айланиб қолурсизлар. Чунки ҳар бир ҳизб - фирқа фақат ўз олдиларидаги нарса билан, ўзларига маъқул бўлган ғаразлари билан хурсанд бўлиб, ўзларидан бошқаларни ноҳақ деб даъво қиладилар.
Ушбу мавзу бошқа оятларда ҳам зикр қилинади: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз динларини бўлиб, ўзлари ҳам турли тўдаларга -ҳизбларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз. (Яъни, улар Сизга уммат эмаслар). Уларнинг ишлари фақат Оллоҳнинг ўзига ҳавола. Кейин (Қиёмат Кунида) У Зот уларга қилиб ўтган ишларининг хабарини берур”. (Анъом сураси 159-оят).
Ислом - мусулмонларни бир жон, бир бадандек бирдам, иттифоқ бўлишга чақирадиган, турли фирқаларга - ҳизбларга бўлинишдан қатъий равишда қайтарадиган Диндир.
Зотан, Диннинг вазифаси одамларни турли тўдаларга, ҳизбларга ва фирқаларга бўлиш эмас, балки бўлинган, бир-бирларига душман бўлган кимсаларга, бир-бирларининг қонини тўкаётган тўдаларга Ҳақ Йўлни кўрсатиб, қайси миллатга мансуб эканликларидан қатъий назар уларни яраштириб, бирлаштириб, оға-иниларга - Оллоҳ ва Расулининг байроғи остидаги бир жамоатга айлантиришдир.
Бирлик, иттифоқлик мусулмонлар учун ҳаёт-мамот масаласи бўлгани учун Қуръони Каримда ва Ҳадиси Шарифда бу мавзу такрор-такрор таъкидланади.
(Оли Имрон сурасининг 103 ва 105-оятлари тафсирига мурожаат қилинса фирқаларга бўлинмаслик ва ҳизблардан ҳазар қилиш хусусида бир қадар батафсил баён қилганмиз).
“Тафсири Мунийр”да ўрганаётганимиз ушбу оят тафсирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оятдаги “динларини бўлган кимсалар” мана шу умматдан, яъни, мусулмонлар орасидан чиққан бидъатчилар, иймонла-рида шубҳа бўлган, залолат йўлига кирган кимсалардир”, деганлар.
Бас, бидъатчилар ўзларини минг марта мусулмон деб санасаларда, ушбу оят ҳукми билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга бегона бўлган кимсалардир. Бидъатчи дейилганида Оллоҳ таолонинг бенуқсон ва бир бутун Дини бўлмиш Исломни бўлиб, унинг бир қисмига амал қилиб, бошқа қисмига амал қилмаса ҳам бўлаверади, дейдиган кимсалар ва ёки Оллоҳ таоло буюрган ва Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам амалда кўрсатиб-ўргатиб кетган мукаммал Дини Исломга ўзларича янгиликлар қўшиб, фирқаларга бўлиниб, Дин душманлари тузиб берган турли ҳизбларни “Исломий”, “Диний” деб номлаб олиб ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам алдаб-адаштириб, мусулмонлар жамоатини бўлиб-ёрадиган кимсалар тушунилади.
Жаноби Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам замонлар ўтиши билан бундай фирқалар Ислом уммати ўртасида ҳам кенг тарқалишини айтиб, кимда-ким аҳли суннат вал-жамоат йўлидан четлаб ана шундай кейин пайдо бўлган тўда ва ҳизбларга эрчиб кетадиган бўлса, борар жойи дўзах экани ҳақида огоҳлантирганлар:
Абу Довуд ва Термизий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта бани Исроил етмиш икки фирқага бўлинди, менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир, фақат бир жамоат борки, у аҳли жаннатдир”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у қандай жамоат?”, дейишган эди, “Мен ва асҳобимнинг жамоати”, деб жавоб қилдилар.
Бас, ким Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан бирга бино қилган жамоатга қўшилса, ўша жамоатда жорий бўлган қонун-қоидаларга бирон нарса қўшмасдан ва бирон нарсани камайтир-масдан амал қилса, бошқача айтганда, Пайғамбар алайҳис-салом қолди-риб кетган Қуръон ва суннатга амал қилса, ана ўша кишилар нажот топгувчи жамоатдандирлар.
Аммо ким Расулуллоҳ тузиб кетган жамоатга қаноатланмай ўзича янги фирқа ва ҳизблар тузса ҳамда бошқаларни ҳам муҳташам Ислом биносидан чиқариб, ўзи тўқиб олган ўргимчак тўридек ҳизбига киритишга уринса, бундай миясини моғор босган кимсалардан - ояти карима далолат қилишича, Оллоҳ ва Унинг Расули соллоллоҳу алайҳи ва саллам безордирлар. Демак, у зотнинг чин умматлари ҳам ундай кимсалардан безор бўлишлари вожибдир. Балки Пайғамбар алайҳиссаломга бегона бўлган бундай ҳизб ва фирқаларни ёмон кўриш, улардан ким бўлсалар ҳам алоқани узиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги вожибдир.
Чунки Оллоҳ таборака ва таоло бир ҳадиси Қудсийда: “Қудратимга қасамки, ким Менинг дўстларимини дўст тутмаса ва душманларимни душман тутмаса, ундай кимсага Менинг Раҳматим етмайди”, деб огоҳлантиргандир. (“Дуррул-мансур” тафсиридан).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади:“Энг гўзал Сўз Оллоҳ-нинг Китобидир, энг гўзал йўл Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидир, ишларнинг энг ёмони кейин пайдо бўлганларидир.”
Ушбу ояти каримада Ҳақтаоло барча инсонларга хитоб қилиб, юқоридаги оятларда зикр қилинган жамийки элчи-пайғамбарларнинг миллатлари, яъни, динлари ҳам, сўнгги Элчи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг миллат - динлари ҳам бир миллат эканлигини, уларнинг барчалари гарчи шариат қонунларида айрим хилма-хилликлар бўлса ҳам, аслида бир динда - Дини Исломда эканликларини таъкидлаб, хамма инсонларнинг Парвардигори - Эгаси Ёлғиз Ўзи эканини эслатади ва демак, жамийки инсоният УнингЎзига ибодат қилишлари ваУндан қўрқишлари фарз эканлигини уқтиради. Сўнгра одамлар орасидаги баъзи бир кимсаларнинг қилган энг катта жиноятлари Оллоҳтаолонинг барча инсонлар учун ягона Дин қилиб туширган Дини Исломни бўлак-бўлакларга бўлиб-бузиб бир-бирларига душман бўлган ҳизб-тўдаларга айланиб олганликлари эканлиги ҳақида огохдантиради.
“Ҳар бир ҳизб - фирқа ўз олдиларидаги нарса (дин) билан хурсанддирлар (яъни, ҳар бир ҳизб ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилади)”.
Ушбу Илоҳий жумлада зикр қилинган ҳизб-тўдалардан мурод, аввало Оллоҳ таоло буюрган ягона Дин - Дини Исломдан ажралиб, ўзларича турли “динлар”ни топиб олган ва ўша хурофий ақидаларини бирдан-бир ҳақ дин деб даъво қиладиган тўдалардир. Аммо фақат улар эмас, балки мусулмонлар орасидан чиққан, сўнгра ягона Ислом умматини бўлиб-ёриб фирқа-фирқа бўлиб олган ва ўзларига Исломий ҳизб деб ном қўйиб олиб, “Фақат бизнинг ҳизбимизга қўшилган одамлар тўғри йўлда бўлади, бошқалар ҳаммаси ё адашган, ё қўрқоқ, ё хоинлар”, деб даъво қиладиган тўдалар ҳам шак-шубҳасиз, Оллоҳ таолонинг ягона Динини бўлаётган Дин душманларидир. Чунки уларнинг мақсадлари асло Қуръон ва Суннатга эргашиш эмас, балки Каломуллоҳни ва Ҳадиси Расулуллоҳни - ўзларининг парда ортида турадиган хўжайинлари мусулмонларни қириб, Ер юзидан йўқ қилиб юборишни кўзлаб тузиб берган турли ҳизбларни тарғиб-ташвиқ қилиш учун - бузиб талқин қилишдир ва мана шу йўл билан Ислом Динининг моҳиятидан бехабар бўлган нодон-жоҳил кишиларни ўзларининг тузоқларига тушириб Тўғри Йўлдан оздиришдир ва охир-оқибат залолат ботқоғига ботириб ҳалок қилиб юборишдир.
Бас, биз мусулмонларнинг дунё ва Охиратда нажот топишимиз, Оллоҳ таоло розилиги ва Раҳматига эришишимизнинг ягона йўли - У Зотнинг “Эй мусулмон бандаларим, сизлар асло мушрикларга ўхшаб турли фирқа ва ҳизбларга бўлинмангиз!” деган Илоҳий Фармонига тўла итоат этишимиздадир.
33. Қачон (динсиз) одамларга бирон зиён етса, Парвардигорлари-га қайтиб, Унга дуо-илтижо қилиб қолурлар, сўнгра қачон (Оллоҳ) уларга Ўз томонидан бирон марҳамат тотдириб қўйса, баногоҳулар-дан бир гуруҳи Парвардигорларига ширк келтира бошлар.
Ояти каримада динсиз-иймонсиз кимсалар агар бошларига андак ташвиш тушадиган бўлса, бирон дардга йўлиқсалар ё йўқчиликка дучор бўлсалар, ҳатто ишлари юришмай қоладиган бўлса ҳам, Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб қолишлари, ўтиришга ҳам кучи етмай қолганлари ётган жойида, тура олмай қолганлари ўтирган жойида, юра олмай қолганлари турган жойида У Зотга чин ихлос билан дуо-илтижо қилиб қолишлари, аммо агар дуолари мустажоб бўлиб, Оллоҳтаолонинг раҳми келиб, бошла-ридаги балони аритганида эса, кечаги кунлари тамоман эсларидан чиқиб, гўё ҳеч қачон Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб дуолар қилмагандек яна аввалги динсизликларига қайтиб, ўз ҳадларини билмасдан катта гапириб, гуноҳ-маъсиятларга муккадан кетиб юраверишлари ҳақида хабар берилади. Ҳатто уларнинг орасидаги айрим кимсалар Оллоҳтаолога шукроналар айтиш, мушкилларини осон қилгани учун Меҳрибон Парвардигорга янада астойдил тоат-ибодат қилиш ўрнига жирканч нонкўрлик йўлини тутадилар - Яратганга шукр келтириш ўрнига ширк келтирадилар, У Зот ато этган неъматнинг раҳматини бошқаларга - ўзлари сиғинадиган, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бутларига айтадилар! Худди дарди оғирлашиб, азоб чекаётганида тинмай: “Оллоҳим, дардимга шифо бергин. Агар Ўзинг шифо бермасанг, ҳеч қандай дори-дармон кор қилмаяпти”, деб дуо-илтижо қилиб, сўнгра, Оллоҳ таоло шифо бериб, тузалиб кетганидан кейин: “Мени мана бу дори тузатди”, деб юрадиган аҳмоқ кимса каби!
Бир ояти каримада шундай дейилади: “Қачон Биз инсонга (неъмат - давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз то-монига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса эса у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир.” (Фусси-лат сураси, 51 оят).
34. Улар Биз ато этган неъматларга нонкўрлик - ношукурлик қилаверсинлар! Бас, (эй мушриклар), фойдаланиб қолинглар! Ҳали яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билиб олурсизлар!
Яъни, мушриклар ва уларга эргашган кимсалар Оллоҳ таоло ато этган умр, ризқ, тинчлик, омонлик... каби бебаҳо неъматлар учун куфрони неъмат қилаверсинлар, неъмат Эгаси бўлмиш Роббул-оламийнга шукроналар айтишни “унутиб” юраверсинлар! Яқинда бу нонкўрликларининг оқибатини албатта кўрадилар! Бас, эй мушриклар, бугун сизлар ўткинчи дунё мато-ларидан, ундаги Оллоҳ таоло яратган жамийки ноз-неъматлардан фойдаланаверинглар, роҳат-фароғатда яшайверинглар! Эртага - Қиёмат Кунида албатта куфрони неъмат қилганларнинг жазоси қандай бўлишини билиб олурсизлар - Оллоҳ таолонинг мангу азобига гирифтор қилинурсизлар!
35. Ёки Биз уларга (осмондан) уларнинг (Оллоҳга) ширк келти-ришларини (тўғри деб) сўзлайдиган бирон ҳужжат нозил қилдик-ми?! (Йўқ, улар фақат нодонлик билан ўз ҳавойи нафсларига эргашиб, Оллоҳга турли нарсаларни шерик деб билмоқдалар).
Яъни, мушрик кимсалар қандай далил асосида Оллоҳ таолога ширк келтирмоқдалар?! Уларнинг турли бут-санамларга сиғиниб дуо-илтижолар қилишларини тўғри деб тасдиқлайдиган бирон-бир ҳужжатлари борми?! Ёки Биз улар учун осмондан бирон ҳужжат нозил қилдикмики, ўша ҳужжат уларнинг Оллоҳ таолога ширк келтиришларини ёқлаб сўзламоқдами?! Ахир уларнинг Оллоҳ томонидан туширилган бирон ҳужжатлари йўқку, бас, у ҳолда нега улар Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолонинг ше-рилари бор деб даъво қиладилар?!

Шайх Алоуддин Мансур роҳимаҳуллоҳ
"Қуръони Азим Тафсири" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase