close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бақара сураси 7-оят тафсири

7. Оллоҳ уларнинг дилларини ва қулоқларини муҳрлаб қўйган. Кўзларини эса парда қоплаб олган. Улар учун буюк азоб бордир.

7. Оллоҳ уларнинг дилларини ва қулоқларини муҳрлаб қўйган. Кўзларини эса парда қоплаб олган. Улар учун буюк азоб бордир.
Бу ояти каримани Қуръони Каримдаги яна бир оят тафсир қилади: “уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!” (Мутаффифун сураси, 14-оят).
Яъни, уларнинг дилларини ўзларининг доимий касб-корлари бўлган гуноҳ ва жиноят занглари босиб қолгани сабабли улар Илоҳий Ҳақиқатни афсонадан ажрата олмаслар.
Яъни, иймонга, Ҳақ Йўлга юриш ҳар бир инсоннинг қалбига ҳавола бўлган иш. Қалб шундай бир неъмат эканки, агар қалбда иймон бўлса, қалб ҳақни қабул қила оладиган бўлса, демак бу қалб эгаси Тўғри Йўлдаги инсондир.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: «Инсон бир гуноҳ қилар экан, Оллоҳ таоло унинг қалбида нуқтадек қора нарсани пайдо қилади, агар у инсон шу гуноҳдан қайтиб, тавба қилиб, Оллоҳга истиғфор айтиб, шу гуноҳга бошқа қадам босмаса, Оллоҳ таоло унинг қалби-ни чархлаб, қалбидаги қора нуқтани кеткизади. Аммо у гуноҳустига гуноҳ қилар экан, бир дона нуқта катталашиб бориб, охири бутун қалбини қоплаб олади». Яна у зот бир ҳадисларида: «Инсоннинг жасадида бир тишлам гўшт бор, агар шу бир тишлам гўшт тоза бўлса, инсон ҳам тоза бўлади, агар у бузилса, инсон ҳам бузилади, бу инсоннинг қалбидир», дедилар.
Улуғ муфассир уламолардан Мужоҳид айтади: «Инсоннинг қалби худди бир кафтга ўхшайди. Қачонки, инсон Оллоҳ таоло норози бўладиган ишни қилса, «кафт»нинг бармоқларидан бири юмилади. Гуноҳ қилишда давом этар экан, «бармоқ»лар юмилиб, қалб беркилиб бораверади, Оллоҳ таоло шу беркилган ҳолда у қалбга муҳр босади, шундан кейин у кимса ҳар бир гапни эшитади, лекин қалбига ўрнашмайди”.
Оллоҳтаоло мазкур оятда кофирларнинг қулоқларини муҳрлаб қўйганини эслатди. Бу ҳаёти дунёда бировнинг қулоғи яхши эшитса, бировни-ки у қадар эмас. Ана шундай инсонларга баъзи асбоб-ускуналар билан ёрдам берилади, лекин Оллоҳ таоло бирор бандасининг кулоғини муҳрлаб қўйса, у банда инсонларнинг сўзларини эшитаверади, лекин Оллоҳ таолонинг Сўзини “эшитмайди”.
Оллоҳ таоло «уларнинг кўзларини парда қоплаб олган», дейди. Яъни, кофирларнинг қалби ва қулоғи муҳрлангандан сўнг кўзларини ҳам парда қоплаб, ҳеч нарсани кўра олмайдиган бўлиб қоладилар. Оллоҳ таоло бошқа бир оятда: «Куфр йўлидаги кимсаларни (Ҳақ Йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшита-диган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир», дейди. (Бақара сураси, 171-оят).
Яъни, улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшитадиларку лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни Ҳақ Йўлга чор-лашнинг ҳеч фойдаси йўқ.
Юқоридаги оятлар мазмунидан бизга Ислом Дини назарида мўмин ким-у, кофир ким экани маълум бўлади. Яъни, ғойибга - Оллоҳ таолога, Охират Кунига, жаннат ва дўзахнинг бор эканига, фаришталарга, мухтасар қилиб айтганда, оддий инсон кўриши - билиши мумкин бўлмаган барча нарсаларга фақат улар ҳақида Оллоҳ ва У Зотнинг Пайғамбари хабар бергани учун иймон келтирадиган, намозни тўла-тўкис адо этадиган, Оллоҳ таоло берган неъматлардан бошқаларга эҳсон - садақотлар қиладиган, Қуръон ва ундан олдин келган барча Илоҳий Китобларга иймон келтирадиган ва бу дунёдан бошқа яна бир дунё - Охират борлигига ишонадиган тақволи (Оллохдан кўрқувчи, ҳаромдан, гуноҳдан парҳез қилувчи) кишиларгина мўминлар экан. Кимда мазкур сифатлар топилмас экан, у кофир бўлади.
Юқоридаги икки оятда кофирликлари аниқ-ошкор бўлган кимсалар ва улар учун тайёрлаб қўйилган буюк азоб ҳақида хабар берилди. Энди қуйидаги оятларда ўзларининг кофир эканликларини яшириб, мўмин суратида юрадиган мунофиқлар хусусида сўз боради.

Шайх Алоуддин Мансур роҳимаҳуллоҳ
"Қуръони Азим Тафсири" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase