close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фотиҳа сураси (Тафсири Ҳилол)

Маккада нозил бўлган, 7 оятдан иборат.

 Маккада нозил бўлган, 7 оятдан иборат.

Бу суранинг бир неча номи бўлиб, шулардан бири «Фотиҳа», яъни, «очувчи» деганидир. Чунки Қуръони Карим ушбу сура ила очилади. Фотиҳа сураси жуда ҳам фазилатли сура бўлиб, бу ҳақда бир қанча ривоятлар келтирилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда: Убай ибн Каъб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида «Фотиҳа» сурасини ўқидилар, шунда ҳазрат: «Менинг жоним тасарруфида бўлган зот У зот билан қасам ичаманки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қуръонда) ҳам бунга ўхшаш туширилмаган»,-дедилар.
«Фотиҳа» сураси оятларининг тафсирига киришишдан олдин, Қуръони Каримга оид энг машҳур икки истилоҳ; оят ва сура сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари ила танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
«Оят» сўзининг бир неча луғавий маъноси бор:
1-«Мўъжиза». Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Бани Исроилдан сўрагин, Биз уларга қанча очиқ-ойдин оят-мўъжиза берган эканмиз», деган.
2-«Белги-аломат». Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Албатта унинг мулкининг оят-белгиси, сизларга Роббингиздан ичида сакина бор тобут келишидир», деган.
3-«Ибрат». Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Албатта, бунда оят-ибрат бордир», деган.
4-«Ажоиб иш». Аллоҳ таоло Мўминун сурасида: «Ва Биз Ибн Марямни ва унинг онасини оят-ажоиб иш қилдик», деган.
5-«Бурҳон, далил». Аллоҳ таоло Рум сурасида: «Осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингизу рангларингизнинг турли бўлиши, Унинг оят-далилларидандир», деган.
6-«Жамоат». Арабларда, қавм ояти- жамоаси билан чиқди, деган гап бор.
7-Қуръон ояти.
Уламолар истилоҳида эса, оят-Қуръон сурасига кирган, бошланиши ва тугаши белгили сўзлар тоифасидир.
Шу билан бирга Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луғавий маъноларни ўз ичига олган бўлади. Ҳа, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти; мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, ҳарф ва сўзлар жамоаси ва Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.
Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жиброил алайҳиссалом билган. У кишидан Пайғамбар алайҳиссалом у зотдан эса, мусулмонлар ўрганганлар.
Қуръони Каримдаги энг қисқа оят «Ясин» бўлиб, икки ҳарфдан иборатдир.
Энг узун оят эса, Бақара сурасидаги «Қарз олди-берди» оятидир. Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш, маъноларни яхши тушуниб етишга ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради.
Қуръони Каримда оят сўзи кўплаб такрорланган. Оят сўзи баъзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маъноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса, фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқни англаб етилгандагина маъно тўғри тушинилади.
«Сура» сўзи луғатда, қўрғон, манзил ва шараф маъноларини англатади.
Уламоларимиз истилоҳида эса, сура-Қуръон оятларининг бошланиш ва тугаши белгиланган мустақил тоифасидир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон оятларининг қўрғон ила ўралгандек бир тоифасига сура, дейилади.
Қуръони Каримдаги энг қисқа сура Кавсар сураси бўлиб, уч оятдан, энг узун сура Бақара сураси бўлиб, 286 оятдан иборатдир.

АЪУУЗУ БИЛЛАҲИ МИНАШ ШАЙТОНИР РОЖИЙМ
Қувилган Шайтон ёмонлигидан Аллоҳ паноҳини сўрайман.
Шайтон Аллоҳга исён қилиб, Одам Атога қуллуқ қилмай гуноҳкор бўлгани учун Аллоҳ уни лаънатлаган, ҳузуридан қувган ва раҳматидан узоқ қилган. Мазкур маънолар барчаси «рожийм» сўзида ўз ифодасини топган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Агар Қуръон ўқисанг, Шайтонир рожийм ёмонлигидан Аллоҳ паноҳини сўрагин», деган.
Шунинг учун ҳар бир Қуръон ўқувчи киши қироатни,
«Аъуузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм» билан бошламоғи лозим, бўлмаса, гуноҳкор бўлади.
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
1. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи ила бошлайман.
Аллоҳ таоло ўз китобини «Бисмиллаҳ» билан бошлагани мусулмонларга ҳам ўрнак, улар ҳам доим ўз сўзларини ва ишларини «Бисмиллаҳ» билан бошламоқлари лозим. Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида: «Эътиборли ҳар бир иш «Бисмиллаҳ» билан бошланмас экан, унинг охири кесикдир» деганлар. Яъни, унинг баракаси бўлмайди, охирига етмайди, деганидир.
الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ
2. Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин.
Оламларни яратгани учун ҳам, уларнинг тарбиячиси бўлгани учун ҳам, улардаги барча жонзотларга ҳаёт, ризқи рўз бериши учун ҳам Аллоҳ барча ҳамду саноларга сазавордир.
الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
3. У Роҳман ва Роҳиймдир.
«Роҳман» сифати фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага–кофирга ҳам, мўминга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи, маъносини англатади. Роҳман сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди.
«Роҳийм» сифати эса хосроқ бўлиб, қиёмат куни фақат мўминларга раҳм қилувчи маъносини англатади ва Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан, Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади.
«Аллоҳнинг хулқи билан хулқланинглар!» деган асарга асосланиб, уламоларимиз, бу оятни ўқиган ҳар бир киши раҳмли бўлишга уринмоғи лозим, дейдилар.
مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ
4. У қиёмат кунининг подшоҳидир.
Ушбу ояти каримада қиёмат куни, Явмуд-Дин, деб номланган. Дин сўзи арабчада ҳисоб, жазо, мукофот маъноларини билиради. Явмид дин–қиёмат кунида барча бандалар қайта тирилтирилиб, ҳисоб-китоб қилинади. Яхшига мукофот, ёмонга жазо берилади. Бу оятни ўқиганда қиёматни эслаб, ўша даҳшатли кунда фақат Аллоҳнинг Ўзи ҳукм чиқариши, ўша ерда уялиб қолмасликни эслаб, унга тайёргарлик кўришга аҳд қилинади.
إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ
5. Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз.
Бизда «ибодат» деганда, фақат намоз ўқиш, рўза тутиш, зикр, Қуръон қироати каби нарсалар тушиниладиган бўлиб қолган. Тўғри, булар улкан ибодатлар, лекин аслида Аллоҳга манзур бўлган ҳар бир иш ибодатдир. Демак, инсон ўз ҳаётида Аллоҳнинг айтганини қилиб юрса, ибодатда юрган бўлади. Аллоҳ ҳалол ризқ топ, деб буюрганми, демак, ҳалол ризқ топиш ҳаракатида юрганлар ибодатда бўладилар. Албатта, ҳалол ризқ топиш ибодат экан, деб бошқа нарсаларни тарк қилмайди. Масалан, намоз ва рўзани тарк қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Хулласи калом «Ийяка наъбуду» «фақат Сенинг айтганингни қиламиз» маъносини англатади. Бу эса, банда тарафидан Аллоҳга берилган улкан ваъдадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ваъданинг устидан чиқадиганлардан қилсин.
«Ийяка настаъин» ҳам худди шундай, фақат Аллоҳдангина ёрдам сўраш маъносини англатади. Одатда бирор ишга қаттиқ уриниб, кучи етмай қолган тақдирда ёрдам сўрашга араблар «истиъона» сўзининг турли кўринишларини ишлатадилар. Ушбу ояти каримада, «Ийяка настаъин», дейилиши ҳам, ўзимиз имкони борича ҳаракат қилиб, имконини топа олмай қолганимизда, фақат Сендангина ёрдам сўраймиз, деган маънони билдиради. Ҳаракат қилмай дангаса бўлиб ётиб олган ҳолда, бировдан ёрдам сўралмайди. Мулоҳза қилсангиз, иккала ишда ҳам, ибодат қилишда ҳам ва ёрдам сўрашда ҳам бирлик эмас, кўплик лафзи ишлатиляпти, бу эса Исломда жамоатчилик, кўпчилик билан бўлиш руҳини акс этдиради.
اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ
6. Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин.
Ҳидоятга-тўғри йўлга бошлаш, луғатда, бирор нарсага лутф билан йўллаб қўйишга айтилади. Уламолар наздида шундай ҳидоятга-йўлга бошлаш бир неча даражали бўлар экан:
а) Аллоҳ инсонга қўшиб яратган туйғуларниг ҳидоят-йўл кўрсатиши. Мисол учун, чақалоқнинг биров ўргатмаса ҳам онасини эмиши, хавф яқинлашганда кўзини юмиши, қорни очганда йиғлаши ва ҳоказолар анашу ҳидоятлар жумласига киради. Буни илмий тилда, туғма инстинкт, дейилади. Лекин бу тоифадаги ҳидоят инсоннинг барча талабларини қондира олмайди. Улар фақатгина баъзи бир эҳтиёжларни қондириши мумкин, холос.
б) Инсон аъзоларининг ҳис қилиши ҳидояти-йўл кўрсатиши: ҳидлаш, эшитиш, кўриш, ушлаб кўриш каби сезгилар орқали маълум бир нарсаларга ҳидоят топса бўлади, лекин булар ҳам кифоя қилмайди, ҳаммалари маълум бир чегарагача ярайди, холос. Мисол учун кўз маълум узоқликдаги ва маълум катталикдаги нарсаларнигина кўра олади. Баъзида эса ҳис қилиш аъзолари хато қилиши ҳам муикин. Мисол учун катта тезликда кетаётган кишига қизил чироқ яшил бўлиб кўриниши ҳаммага маълум. Кўриниб турибдики, иккинчи тоифадаги ҳидоят биринчи тоифадаги ҳидоятдан устун ва тўлароқ бўлса ҳам, инсоннинг икки дунё бахт-саодати ила таъминлашга мутлақо етишмайди. Энди ундан ҳам мукаммалроқ ҳидоят борми, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга, ҳа, ундан ҳам мукаммалроқ ҳидоят бор, у ақл ҳидоятидир, деб жавоб берилади.
в) Ақл ёрдамида инсон юқорида зикр қилинган воситалар ожиз қолган нарсалардан ҳидоят топади, уларнинг хатосини тузатади. Масалан: сувда бирор нарсанинг аксини синган ҳолатда кўриш мумкин, бу кўзнинг хабари, лекин ақл акс сувда шундай кўринаётган нарсанинг, аслида бутун, тўғрилигига ҳидоят қилади. Касал одамга ширин таом ҳам нордон туюлиши мумкин, лекин ақл у тоам аслида ширин эканини, билдиради. «Демак ҳамма нарсани ақл орқали ажратиб саодат йўлини топиб кетса бўлар экан-да?»,–деган савол туғилади. Кўпчилик «Ҳа!»–деб жавоб ҳам беради. Лекин мусулмонлар «Ақл ҳам тўла ҳидоятга қодир эмас, дунёга назар солинг: ҳамма ақлни ишга солиб турли йўлга киряпти ва ҳамма ўзиникини тўғри деб, даъво қилади. Лекин ҳаммалари бир-бирларига хилоф иш қиладилар. Кўпинча ақлга ор бўладиган нарсаларни ҳам қонун-қоида қилиб олаверадилар. Шунинг учун ақлнинг ўзи инсонни икки дунё бахти-саодати йўлига етарли даражада ҳидоят қила олмайди. Ақлнинг устидан ҳам ҳукмини ўтказувчи ҳидоят бор», дейишади. У эса тўртинчи–энг олий даражадаги ҳидоятдир.
г) Илоҳий–диний ҳидоят. Инсонни яратган Аллоҳ уни икки дунё саодатига эриштирувчи йўлни ҳам билади. Шунинг учун бандаларига диний кўрсатмалар юбориб, уларни тўғри йўлга солиб туради. Бу кўрсатмаларнинг сўнггиси Исломдир.
Шунинг учун ҳам мусулмонлар ушбу ояти каримани намозларида, доимий равишда ўқиб, Аллоҳ таолодан ҳидоят сўраб, ўзлари эришган Ислом ҳидоятида бардавом қилишини тилб турадилар.
صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ
7. «Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас».
«Ўзинг неъмат берганлар»дан мурод–Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалардир.
«Ғазабга дучор бўлганлар»дан мурод–яҳудийлардир.
Яҳудийларнинг ғазабга дучор бўлишларининг сабаблари кўп, жумладан, уларнинг анбиёларни ўлдиришлари, Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилмасликлари ва ҳоказолар. Лекин уларнинг Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишларининг энг катта сабаби–билганларига амал қилмасликлари. Аллоҳ уларга илм берган, улар эса била туриб илмга амал қилмаганлар. Демак, яҳудийлар йўл қўйган хатони такрорламаслик керак.
«Адашганлар»дан мурод–насронийлар.
Насронийларнинг «адашганлар» бўлишларининг ҳам бир қанча сабаблари бор. Энг асосийси–улар мақсадга эришиш йўлида Аллоҳ кўрсатган йўлни эмас, ўзлари топган йўлни танлаганлар, яъни Ийсо Пайғамбар олдиларида ўзларини айбдор, деб билиб, уни рози қиламиз, деб Аллоҳ айтмаган ибодатларни ва ишларни, ақидаларни ўзларича қилганлар. Бу ҳам нотўғри йўл. Демак, оятнинг маъноси: «Эй Аллоҳ, бизни ўтган анбиёю авлиё, азизларнинг йўлидан бошлагин, яҳудий ва насронийлар йўлидан бошламагин», деганидир.
Бу сура оятлари оз бўлишига қарамай, улкан маъноларни ўз ичига олган, шунинг учун ҳам «Уммул Қуръон»–«Қуръоннинг онаси» деб номланади. Унда Аллоҳ таолога мақтов, унинг сифатлари, қиёмат куни эгасилиги, ибодат, ихлос, дуо, ёлвориш, яхши умматларнинг зикри ва ёмон йўлдан юрганларнинг оқибати нима бўлганлиги зикр қилинади.
Шунинг учун ҳам намознинг ҳар бир ракъатида «Фотиҳа» сурасини ўқишга буюрилган, уни такрор– такрор ўқиб турилади. Ўқиганда маъносини тадаббур-мулоҳаза қилиб ўқилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Буюк ватандошимиз Имом Насаий машҳур саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда (ҳадиси қудсий оят билан ҳадис ўртасидаги мартабага эга ривоят, унинг маъноси ва лафзи Аллоҳ тарафидан бўлади, лекин ожиз қолдириш, мўъжизалик хусусияти йўқ) Аллоҳ таоло айтади: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса, бераман. Агар у (банда) : «Алҳамду лиллаҳи роббил аламин» деса, Аллоҳ: бандам менга ҳамд-шукр айтди», дейди.
Банда: «ар-Роҳманир Роҳийм», деса,
Аллоҳ: «Бандам менга сано–мақтов айтди», дейди.
Банда: «Малики явмиддин», деса,
Аллоҳ: «Бандам мени улуғлади», дейди.
Банда: «Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн», деса,
Аллоҳ: «Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман», дейди.
Агар банда: «Иҳдинас сиротал мустақийм, сироталлазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззоолийн», деса,
Аллоҳ: «Бу бандамга хос, сўраганини бердим», дейди.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase