84. Ва улардан ўлганларнинг бирортасига жаноза ўқиманг ва қабри тепасида ҳам турманг. Чунки улар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига куфр келтиришди ҳамда фосиқларча ўлишди.
Ибн Умар розия лл оҳу анҳумодан ривоят қил инади: "(Мунофиқлардан) Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул вафот этгач, унинг ўғли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: "Менга кўйлагингизни беринг, отамни шу кўйлагингиз билан кафанлайман, унингучун истиғфор айтинг", деди. У зот кўйлакларини бериб, "Менга қачонлигини айтсанглар, бориб жаноза ўқийман", дедилар. У кейин Пайғамбаримизга хабар етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноза намози ўқимоқчи бўлганларида Умар ибн Хаттоб у зотни тортиб: "Аллоҳ сизни мунофиқларга жаноза ўқишдан қайтармаганмиди?” деди. Пайғамбар алайҳиссалом: "Мен икки ихтиёрнинг орасидаман: ё улар учун истиғфор айтаман ёки айтмайман", дедилар ва намоз ўқидилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга жаноза намози ўқишни тарк этдилар" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу оят тушгач, ҳеч бир мунофиққа жаноза намози ўқишга ижозат қолмади. Жанозасини ўқиш, қабри тепасида туриш марҳумни ҳурматлаш ва эъзозлашдир. Мунофиқлар эса бунга муносиб эмас. Муфассирлар айтишади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Убай борасида қилган ишлари ҳақида гапириб: "Менинг кўйлагим ва намозим унга Аллоҳ ҳузурида бирор нарсада асқотмайди. Аллоҳга қасамки, мен шулар, яъни кўйлак ва жаноза намози сабабли унинг қавмидан минг кишининг Исломга киришини умид қилган эдим", дедилар.
"Тафсири Ирфон", Тавба сурасидан
Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий