close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фуссилат сураси, 26-27 ("Тафсири Ҳилол"дан)

26. Куфр келтирганлар: «Бу Қуръонга қулоқ солманглар, унга халақит беринг, шоядки ғолиб бўлсангиз», дедилар.

Бу оят кофирларнинг бир-бирларига Қуръони Каримга нисбатан муносабати юзасидан берган маслаҳатлари ҳақида хабар бермоқда. Улар бир-бирларига:
«Бу Қуръонга қулоқ солманглар...» деганлар.
Чунки қулоқ солса, таъсирланиб иймонга келиб қолади. Кофирлар шундан қўрқади. Шунинг учун Аллоҳнинг душманлари бўлган кофирлар ҳатто араб тилини билмайдиган кишиларга ҳам Қуръонни эшитирмасликка уринадилар.
«...унга халақит беринг...»
Халақит бериш турлича бўлади. Мисол учун, Абу Жаҳл: «Муҳаммад қироат қилган вақтда унинг юзига қараб қичқиринглар, токи нима деяётгани билинмасин», деган.
Баъзилари қироат пайтида хуштак ёки қарсак чалган. Баъзилари ўзларича шеър ва балоғатли сўзларни айтиб, кишиларни Қуръондан чалғитишга интилган. Молик ибн Назрга ўхшаганлар Исфандиёр ва Рустамнинг қиссаларини айтганлар. Қадимги кофир ва мушриклар ўз воқеъликларидан келиб чиқиб Қуръонга халақит беришга уринганлар. Кейинги мушрик ва кофирлар ҳам ўз воқеъликлари даражасида Қуръонга халақит беришга уриниб келдилар ва уринмоқдалар. Лекин ҳаммасининг мақсади бир:
«...шоядки ғолиб бўлсангиз», дедилар».
Аммо кофирлар эмас, доимо Қуръон ғолиб бўлиб келмоқда. Чунки Қуръон ҳақ, кофирлик ботилдир. Ҳақ доимо ботил устидан ғолиб бўлади. Қуръонга қарши чиққан кофирларга Аллоҳ таоло тайёрлаб қўйган азоблар бор.

27. Бас, албатта, Биз куфр келтирганларга шиддатли азобни тоттирамиз ва, албатта, уларга қилиб юрган амалларининг энг ёмон жазосини берамиз.

Куфр келтирганлар жуда қаттиқ азобга йўлиқадилар. Уларнинг гуноҳлари, ёмон амаллари  жазосиз қолмайди. Уларга жуда оғир жазо берилади.

28. Мана, Аллоҳ душманларининг жазоси дўзахдир. Уларга унда абадийлик диёри бор. Оятларимизни инкор қилганларининг жазоси шудир.

Гап шу, бошқача бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга душман кофирларнинг охиратдаги жазоси дўзах бўлади. Улар дўзахда абадий қоладилар. Бу даҳшатли азоб ва жазо улар оятларимизни инкор этганликлари учун берилади.
Дўзах азобига дучор бўлганларидан сўнггина уларнинг ақллари киради. Шундан кейин ўзларининг дўзахийлигига сабабчи шахсларни ахтара бошлайдилар. Улардан ўч олмоқчи бўладилар.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase