close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бақара сураси, 44 ("Тафсири Ҳилол"дан)

44. Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?!

Маълумки, яҳудийлар ва хусусан уларнинг диний олимлари аҳли ширк бўлган арабларни самовий динга, янги келадиган Пайғамбарга эргашишга, китобга амал қилишга, Аллоҳ берган аҳдга вафо қилишга ва бошқа кўпгина яхшиликларга чорлар эдилар. Вақти етиб, Аллоҳ Қуръони Каримни тушириб, Муҳаммад алайҳиссаломни охирзамон Пайғамбари қилиб юборганда, араб мушрикларидан кўплари иймон келтирдилар, аммо яҳудийлар ўзларини унутиб, кофир бўлдилар. Аслини олганда, улар иймонга аввалроқ киришлари керак эди. Чунки улар Аллоҳ таоло томонидан туширилган Таврот китобини тиловат қилиб турардилар. Унда эса, сўнгги Пайғамбар келиши тўғрисида хабар бор эди. Китобни, яъни илоҳий китобни тиловат қилиб, одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзини унутиш ақлдан эмас эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ояти карима охирида:
«Ақлни ишлатмайсизларми?!» дея хитоб этиб, уларни ақлсизларга тенглаштиряпти.

Аввал айтиб ўтганимиздек, бу ояти каримадаги хитоб фақат Бани Исроилга хос эмас, балки ҳаммага тегишлидир. Айтганига амал қилмайдиган дин уламолари ҳар бир уммат учун катта офатдир. Эътиборни жалб қиладиган, диний тус берадиган кийим кийиб олиб, чиройли-чиройли сўзларни танлаб, ширали овоз ила амри маъруф, наҳйи мункар қилиб, аммо айтганига ўзи амал қилмайдиганлар ҳар бир жамиятдан топилади. Айниқса, динни ўзларига касб қилиб олганлар хавфли. Улар эгаллаб турган мақомларини бой беришдан қўрқиб, ҳар қандай пасткашлик қилишга тайёрлар. Уларнинг офати ҳаммага уради. Касофати умумийлашади. Дин номидан, Аллоҳни, иймонни аралаштириб яхшиликка чақирадиган, лекин ўзи унга хилоф иш тутадиганлар кишиларнинг қалбларидаги ҳис-туйғуларини оёқости қиладилар, фикрларини остин-устин қилиб, қалбларида ақида ёққан шуълани ўчириб, иймон нурини кеткизадилар. Шунинг учун ҳам илмига амал қилмайдиганларнинг бу дунёю у дунёда азоб-уқубатлари улкан бўлади.
Имом Аҳмад Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Аллоҳ таоло қиёмат куни саводсизларни уламоларни ҳимоя қилмаган нарсалардан ҳимоя қилади», дейилган. Баъзи ривоятларда: «Аллоҳ илмсиз кишини етмиш марта мағфират қилганда, олимни бир марта мағфират қилади», дейилган.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Қиёмат куни бир кишини дўзахга келтириб ташланади, шунда қорнидаги нарсалар ташқарига отилиб чиқади, у дўзахда ўз қорнидан чиққан нарсалар атрофида худди тегирмонни айлантирадиган эшак сингари айланиб юради. Дўзахилар уни ўраб олиб: «Эй фалончи, сенга нима мусибат етди? Бизга амри маъруф, наҳйи мункар қилмаганмидинг?» дейишади. Шунда у: «Сизларни яхшиликка чорлар эдим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилардим», дейди», деганлар.
Имом Аҳмад Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: «Исро кечасида лаблари оловдан бўлган қайчилар билан қирқилаётган кишиларнинг олдидан ўтдим. «Анавилар кимлар?» деб сўрадим. «Умматингдаги аҳли дунё ваъзхонлар. Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларини унутганлар ва ҳолбуки китобни ўқирдилар, ақлни ишлатмайдиларми?»дейишди». Аллоҳ шундай оқибатдан Ўзи сақласин.
Айтганига амал қилиш, ақидага мувофиқ юриб-туриш осон иш эмас. Бунинг учун сабр-матонат, тиришқоқлик керак. Энг муҳими–доимо Аллоҳ таолога боғлиқ бўлишлик талаб этилади. Шу боисдан ҳам келажак оятда Бани Исроилни алоҳида ва ҳаммани омматан сабрга, Аллоҳга боғлиқ бўлишга чақирилади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Тафсири Ҳилол”, Бақара сурасидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase