Аллоҳ таоло инсонни яратган ягона Холиқ бўлгани учун ҳам инсоннинг имкониятларини, тоқати нимага етиш-етмаслигини жуда яхши билади. Шунинг учун инсонга нималарни таклиф қилиш ва буюришни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади. Ислом шариатининг барча таклифлари инсоннинг тоқати ва имконияти доирасидадир. Зотан, Аллоҳ таолонинг инсонга тоқати етмайдиган ишни буюриб қўйиб, сўнгра ҳисоб-китоб қилиши ҳам мантиққа тўғри келмас, адолатдан бўлмас эди. Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги барча амаллар ёзиб туриладиган китоб фақат ҳақни сўзлайди. Бандалар нима қилган бўлса, аниқ ўшани ёзади ва айтади. Бунда банданинг амаллари ошириб ҳам, камайтириб ҳам кўрсатилмайди. Бандаларга охиратда ҳеч бир зулм қилинмай, амалларига яраша жазо ёки муко-фот берилади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташҳари нарсага буюрмайди. Эришгани ўз фойдасига, ҳилмишлари эса зараригадир. «Эй Парвардигор, унутсак ёки хато ҳилсак, бизни койима! Эй Парвардигор, биздан олдингиларга юклаганингни бизга юклама! Эй Парвардигор, тоҳатимиз етмайдиган нарсага мажбурлама! Бизларни афв эт, мағфират ҳил ва раҳм айла! Сен бизнинг Хожамизсан. бас, бизларни кофирлар устидан ғолиб ҳил!» (Бақара, 286).
63. Йўқ! Қалблари бундан ғафлатдадир. Уларнинг бундан бошқа ўзлари қилувчи амаллари бордир.
Куфр ва ширкка ботганларнинг қалблари фақат ҳақни сўзлайдиган китоб борлигидан ҳам, ўзларининг барча катта-кичик ишлари унда ёзилиб турилишидан ҳам, қиёмат куни ўзларини кутиб турган аянчли оқибатдан ҳам бехабар ҳолда, ғафлатда юришибди. Улар охиратнинг азоб ва итобларидан ғофил ҳолда дунёнинг ҳою ҳавасларига, гуноҳ ишларига шўнғиб кетишган. Улар ўзларининг бу машғулотлари билан шу қадар банд бўлиб қолишганки, атрофларидаги Аллоҳнинг мўъжизаларини кўрмайдилар, насиҳатчиларнинг хитобларини эшитмайдилар, ҳақни кўрмайдилар, ҳидоятга юрмайдилар. Иш шунга бориб етадики, бир куни келиб охират ҳақида ўйлашга вақтлари қолмайди, қилган гуноҳларига тавбага шошилишга имкон бўлмайди. Икки дунёларини бой берганларидан бошларини чангаллаганча қолаверадилар. Бундан ҳам ёмонроқ, даҳшатлироқ оқибат бўлиши мумкинми?
64. То уларнинг маишатпарастларини азоб билан тутганимизда бирдан фарёд солишади.
Уларнинг дунё неъматлари ва лаззатларига боши билан шўнғиган валинеъматларини, маишатпарастларини Аллоҳнинг иқоби ва азоби ҳар томондан ўраб-қамраб олганида улар жонларини олиб қочишга бир жой, ўзларига ёрдам берувчи бир ҳомий топа олмай, дод-фарёдлар солишади, қилмишларидан афсус-надоматлар қилишади. Лекин энди тавбага фурсат қолмаган, афсусланишнинг фойдаси йўқ. Қаршиларида Аллоҳ ваъда қилган ҳисоб-китоб, гуноҳларга яраша жазо ва итоб бор, холос!
65. «Энди бугун фарёд солманг! Биз томонимиздан сизларга ёрдам берилмайди;
Ушбу оятларда охиратда тасаввурга ҳам сиғмайдиган қаттиқ азобларга дучор бўлгач, ҳаммадан ёрдам сўраб, дод-фарёд солаётган кофирларга бўладиган муомала ажойиб услуб билан баён қилинмоқда. “Энди сизларнинг ёрдам кутиб ҳар томонга жавдирашингиз ҳам, муқаррар азобнинг даҳшатидан фарёдлар чекишингиз ҳам бефойда, абасдир. Дунё ҳаётида қиладиганингизни қилиб бўлиб, гуноҳ ва исёнларга ботиб юрганингизда нега бу ҳақда ўйламадингиз? Мўмин бандалар охиратга тайёргарлик кўриб, дунё лаззатлари ва оромларидан узилганда сизлар нега имонсизлик дарёсида суздингиз, ғафлатда юрдингиз? Энди бошингизга азоб тушганда ёрдам сўраб, фарёд кўтарасизми? Сиз нажот кутиб, дод-вой солаверинг. Аммо билиб қўйингки, Аллоҳ таоло ғофил бандаларига асло ёрдам бермайди, уларнинг ҳолига қарамайди.
66. чунки оятларим сизларга тиловат қилинганида сизлар ортингизга қарамай қочар эдинглар;
Эй мушрик кимсалар, Аллоҳ таолонинг оятлари тиловат қилиб берилганида қулоқларингизни беркитиб олиб, уни эшитмасликка интилар эдинглар ёки бирор ёвдан қочгандек улардан ортингизга қарамай қочардинглар. Менинг оятларим сизларга худди хатарли бир нарсадек кўринган эди. Ҳолбуки, ўша оятларда сизларнинг бахту саодатингиз, охиратда эришадиган гўзал мақомингиз баён этилган эди. Улардан чўчиб, ортга қочиб, мана энди улкан азобга, оғир жазога гирифтор бўлиб турибсизлар.
67. у билан кибрланар, тунги суҳбатларингизда беҳуда сўзлар айтар эдинглар», (дейилади).
Аллоҳ таоло Макка мушрикларига маломат қиляптики, сизлар у билан кибрланар эдинглар, тунги суҳбатларингизда Менинг Каломим ва уни олиб келган Пайғамбарим ҳақида турли бўҳтониғво сўзлари айтар эдинглар. Уламолар «у билан кибрланар» жумласидаги «у» олмоши ҳақида икки хил фикр айтишган: баъзилари «у» деганда Қуръон кўзда тутилади, кофирлар Қуръонга имон келтиришдан кибрланишар эди», дейишса, бошқалари «у»дан мурод Байтуллоҳ, чунки кофирлар «Байтуллоҳ бизники», деб у билан фахрланишар эди», дейишади. Ҳар икки маъно ҳам бир-бирини тўлдиргани учун иккала ҳолат ҳам Макка мушрикларига таъна бўлиб келмоқда. Мушриклар кечаси Байтуллоҳнинг атрофига ўтириб олиб, Қуръони карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида иғво, бўҳтондан иборат бўлмағур гапларни айтишар эди. Ана шу ишлари ҳам энди уларнинг ўзларига айб қилиб қўйилмоқда. Уларнинг азобга гириф-тор бўлишларининг сабабларидан бири шу экани айтилмоқда.
68. Наҳотки, улар бу Сўзни чуқурроқ фикрлаб кўришмади ёки уларга аввалги ота-боболарига келмаган нарса келибдими?
Наҳотки, ўша мушрик кимсалар охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ушбу Сўз - Қуръони карим ҳақида фикр юритмайдилар, унинг оятларини тадаббур қилиб кўрмайдилар. Ахир бу Сўздан юз ўгириш умуман мумкин эмас-ку! Уни тадаббур билан қироат қилган, унинг оятлари ҳақида фикрлаган ҳар бир киши ундаги маъноларга, ҳидоятга, ҳикматларга, балоғат ва фасоҳатга маҳлиё бўлиб қолади. Қуръонни сира тадаббур қилмаганларгина ундан юз ўгириши мумкин. “Тадаббур” сўзи луғатда «мағзини англаш» деган маънони билдиради. Истилоҳда Қуръони каримни қироат қилишда унинг оятлари маъносини англаш, илғаш, тушуниш, у ҳақда тафаккур қилиш, қалб таскин-ором олиши учун англанганларга амал қилиш умумий номда «тадаббур» дейилади. Тадаббурсиз қироат қироат саналмайди. Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқиш вожибдир. Модомики, ўша мушриклар ундан юз ўгирибдиларми, демак, улар Қуръонни асло тадаббур қилиб кўрмаганлар. Одатдан ташқари нарса келгани учун ундан юз ўгиришяптими? Улардан аввал ҳеч кимга пайғамбар, ваҳий ёки илоҳий китоб келмаган эканми? Агар ўша нодон кимсалар бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўришганида Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиш қанчалик улкан гуноҳ эканини англаб етган бўлишарди.
"Тафсири Ирфон", Хужурот сурасидан
Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий