Икрима айтади: “Яман аҳлидан бўлган бир жамоат Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳузурига келиб ушбу оят ҳақида сўраган эдиилар, у: “Сизлар аввал ўтган оятларни (66-оятдан 70-оятгача) ўқинглар”, деди сўнг оятни тафсир қилиб берди: “Кимда ким ўз кўзи билан кўриб турган мана шу неъматларни Оллоҳ таолонинг Қудратига ва Меҳру Марҳаматига далолат қиладиган мазкур оят-аломатларни “кўрмайдиган” бўлса, демак, у ўзи ҳали кўрмаган Охират ҳақида янада кўрроқ ва бутунлай йўлдан озгувчидир”.
Маълум бўладики, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан Қуръон таржимони ва уммат донишманди, деб шарафланган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ояти каримадаги “ушбу”дан мурод, аввалги оятларда мазкур бўлган неъматлар, деб тафсир қилади. Аммо бошқа муфассир уламолар оятдаги “ушбу” калимаси Охират калимаси муқобилида келгани сабабли ушбу дунё, деган маънога далолат қилади, дейдиларки, биз оят таржимасида “ушбу”ни дунё, деб изоҳлаш билан мана шу тафсирга асосландик. Демак, ояти карима маънавий кўрлик ҳақида, дунёдаги ҳаётларида Оллоҳ таоло ато этган сон-саноқсиз неъматларни “кўрмаган”, шукр қилмаган ва Оллоҳ таолонинг Буюк Эслатмаси бўлмиш Қуръондан юз ўгирган гумроҳ кимсалар Охират диёрида ҳам нажот йўлини топа олмайдиган кўр ҳолда тирилишлари ҳақидадир. Бу мазмун бошқа оятларда янада очиқроқ айтилгандир: “Ким Менинг Эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг — бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни Қиёмат Кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз". У: "Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен кўрар эдим-ку", деган эди, (Оллоҳ) айтди: "Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни ("кўрмадинг") — унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай "унутилурсан". (Тоҳа сураси, 124-126-оятлар).
73. “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Бизнинг шаънимизга (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингизни истаб (мушриклар) Сизни Биз Сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), албатта улар Сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар”.
Ушбу ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеалар ҳақида уламолар турли ривоятларни келтирадилар: Саид ибн Жубайр айтди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Байтуллоҳни тавоф қилганларида Ҳажарул-асвадни ўпар эдилар. Бас, Қурайш мушриклари у зотни тўсиб: “Токи сен бизнинг илоҳларимизни ҳам силаб ўтмасанг, биз сенинг Ҳажарни ўпишингга йўл қўймаймиз”, дедилар. Шунда хаёлларига “Улар менга Ҳажарул-асвадни ўпишимга йўл қўйганларидан кейин мен уларнинг бутларини силаб қўйишимнинг нима зиёни бор. Ахир Оллоҳ мен уларни ёмон кўришимни биладику”, деган ўй келганида Оллоҳ таоло бу иш хато эканлигини айтиб ушбу оятни нозил қилди. (“Маолимут-танзил” ва “Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсиридан).
Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича эса, Умайя ибн Халаф, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва бир гуруҳ қурайшликлар чиқиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдилар ва: “Эй Муҳаммад, келгин, сен бизнинг илоҳларимизни ҳам силаб зиёрат қиласан, биз эса сенинг динингга кирамиз”, дедилар. Пайғамбар алайҳис-салом ўз қавмларининг Исломни қабул қилишларини жуда-жуда хоҳлар эдилар. Шунинг учун уларнинг сўзларига мойил бўлаёздилар. Ўша онда Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди, (“Тафсири Мунийр”дан).
Қатода айтади: “Бизга зикр қилинишича, бир кеча қурайшликлар Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан то тонггача ёлғиз қолишиб, у зотни кўкларга кўтариб мақтадилар, ўзларининг у зот билан бир қабиладан эканликлари учун фахрланишларини айтиб: “Сен бошқа бирон инсон қила олмаган ишни қилмоқдасан, сен бизнинг улуғимизсан”, деган сўзларини тинмай такрорладилар, ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломни ўзларининг баъзи бир сўзларига мойил қилиб қўяёздилар. Шунда Оллоҳ таоло Ўз Элчисини мушрикларнинг макр-ҳийлалаларидан огоҳлантириб ушбу оятни нозил қилди”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Ояти карима мазмунидан аниқ-равшан бўладики, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам зиммаларидаги бениҳоя буюк вазифа - рисолатни етказишларида Динимиз душманлари томонидан жуда кўп озор-азийятлардан ташқари турли макр-ҳийлаларга ҳам дуч келганлар ва бундай хатарли ҳолатларда ҳар гал Ҳақ таоло Ўз Элчисини мушрик- кофирларнинг ёмонликларидан асраб, ўзларига нозил бўлган ваҳийни бирон зиёда ёки нуқсонсиз тўла-тўкис етказишларида Ўзи Мададкор бўлган.
74-75. “Агар Биз Сизни (Ҳақ Йўлда) собитқадам қилмаганимизда, шак-шубҳасиз, Сиз ҳам уларга бир оз ён беришга яқин бўлган эдингиз. У ҳолда албатта Биз Сизга ҳаёт (азоби)ни ҳам, мамот - Охират (азоби)ни ҳам икки ҳисса қилиб тотдирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз”.
Маккадаги мушрик-кофирлар Пайғамбар алайҳис-саломга эргашишлари учун у киши ҳам мушрикларнинг баъзи шартларини қабул этишларини талаб қиладилар. Шунда Оллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини мушриклар фитнасидан огоҳ этиб юқоридаги оятларни нозил қилади. Улуғ саҳобалардан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ушбу оятларда гарчи Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилинган бўлса-да, булар у кишининг умматлари учун танбеҳ бўлиб, Оллоҳ таоло уларни кофирлар кўрсатган йўлларга эргашмасликка буюради, акс ҳолда дунё-ю Охиратда бахтсиз бўлиб қолишлари тўғрисида огохдантиради.
Қатода айтади: “Ушбу оятлар нозил бўлганидан кейин Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам доимо: “Оллоҳим, мени кўз очиб юмгунчалик муддатда ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўймагин”, деб дуо қилар эдилар”.
Дарҳақиқат, оятлар мазмунидан аниқ-равшан маълум бўладики, Оллоҳ таоло Ўз Элчисини кофирларнинг фитна-алдовларига ҳеч қачон учмайдиган, собитқадам қилди ва у зоти бобаракот бир лаҳза ҳам уларга ён босмадилар -Оллоҳнинг Каломига ўз томонларидан бирон калима қўшмадилар ва Каломуллоҳнинг бирон калимасини яшириб-беркитмадилар, лекин, гарчи иш шундай бўлса-да, Ҳақ таоло агар иш аксинча бўлганида оқибати нима билан тугаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, у ҳолда Пайғамбар устига дунё ва Охиратда бошқалар устига тушадиган азобдан икки баробар кўпроқ азоб тушиши аниқ эканини айтди. Агар ушбу Илоҳий огоҳлантириш аслида маъсум - катта-ю кичик гуноҳларнинг барчасидан асралган - ҳимояланган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига, яъни, сиз билан биз мусулмонларга қаратилганини англасак ва Яратган Парвардигоримиз ҳаёт ва мамотимиз учун зарур бўлган ўта муҳим бир масъалани ўртага қўйиб, агар биз бадғараз душманларимиз ёки орамиздаги жоҳил кимсаларнинг сўзларига кириб Оллоҳ таоло нозил қилган муқаддас Динимизга бирон бидъат-хурофотни қўшадиган бўлсак ёки Қуръон ва Ҳадис билан собит бўлган бирон ҳукмни ўзгартирадиган бўлсак, у ҳолда бу жиноятимиз учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам азоб-уқубатлар остида қолишимиз аниқ экани ҳақида огоҳлантираётганини тушуниб етсак, иншооллоҳ, ўрганаётган Қуръоний дарсимиздан тўғри сабоқ олган бўламиз.
76. (Мушриклар) Сизни бу Ердан (Маккадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар қилиб) қўзғотиб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, Сиз Маккадан чиқиб кетганингиздан кейин) уларнинг ўзлари ҳам Сизнинг ортингизда қолиб озгина (муддат) тура оладилар, холос (сўнгра албатта ҳалок қилинурлар)”.
Мужоҳид ва Қатода айтадилар: “Ушбу оят Макка аҳли Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни у ердан чиқариб юборишни қасд қилганларида нозил бўлди. Агар чиқариб юбора олганларида, У Зотдан кейин уларга бирон муҳлат берилмасдан, дарҳол ҳалок қилинган бўлар эдилар. Лекин Оллоҳ таолонинг Узи Мадинага ҳижрат қилишни буюрганидан кейин Пайғамбар алайҳис-салом Маккадан чиқиб кетдилар ва оз фурсат ўтмасидан у зотни турган жойларидан қўзғатиб, қувиб чиқармоқчи бўлган Макка мушрикларининг катталаридан етмиштаси Бадр жангида жазоларини олдилар - ҳалок қилиндилар, бас, Ҳақ таолонинг: “У ҳолда, (яъни, Сиз Маккадан чиқиб кетганингиздан кейин) уларнинг ўзлари ҳам Сизнинг ортингизда қолиб озгина (муддат) тура оладилар, холос (сўнгра, албатта ҳалок қилинурлар)”, деган Сўзи ҳақ эканлиги ҳаммага маълум бўлди.
77. (Ўз пайғамбарларини қувиб чиқарган қавмнинг ҳалок қилиниши) Сиздан илгари юборган пайғамбарларимиздан қолган Йўл-Қонундир. Сиз ҳаргиз Бизнинг Қонунимиз ўзгарганини кўрмайсиз.
Яъни, қадимдан Ҳақ таоло ихтиёр қилган ҳеч ўзгармас бир Йўл-Қонун бор - ўзларига юборилган элчипайғамбарларни ватанларидан чиқиб кетишга мажбур қилган қавмларни Ҳақ субҳонаҳу ва таоло албатта ҳаёти дунёдаёқ азоб-уқубат ва ҳалокатга гирифтор қилади. Инсоният тарихи давомида ҳеч ўзгармасдан ижро қилиниб келаётган бу Илоҳий Қонуннинг ўзгачалиги шундаки, у фақат ўша пайғамбарлар қавмлари орасидан чиқиб кетганларидан кейингина амалга ошади. Макка мушриклари бошига тушган ҳалокат ҳам худди шу тарзда содир бўлди. Пайғамбар алайҳис-салом Маккадан чиқиб кетганларидан кейин орадан ўн сакиз ой ўтгач, Бадр қудуғи олдида бўлган жангда у зотни Маккадан - киндик қонлари тўкилган азиз ватанларидан қувиб чиқарганларнинг бир қисми ҳалок қилинди. Нега ҳаммалари эмас? деган саволимизга улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай жавоб беради: “Макка мушриклари ичида шундай кишилар ҳам бор эдики, келажакда уларнинг иймон келтириб, мусулмон бўлиб, истиғфор айтишлари Оллоҳ таолога маълум эди. Масалан, мушрикларнинг катталаридан бўлган Абу Суфён, Сафвон ибн Умайя, Икрима ибн Абу Жаҳл, Суҳайл ибн Амр ва Ҳакийм ибн Хузом каби кишилар кейин Оллоҳ таолонинг ҳидояти билан Исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг садоқатли саҳобаларига айландилар”.
Мужоҳид бўлса: “Ҳақ таолога Макка мушрикларининг авлод-зурриётларидан Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб, истиғфор айтадиган зотлар чиқиши маълум бўлгани учун у мушрикларнинг устига азоб туширмаган”, дейдилар.
Энди, агар хаёлингизга “нега у мушрикларни Оллоҳ таоло Пайғамбар алайҳис-салом Маккада турган вақтларидаёқ ҳалок қилиб юбормади?” деган савол келадиган бўлса, бу хаёлимизга Ҳақ таолонинг мана бу ояти етарли жавобдир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом,) модомики, Сиз уларнинг ораларида экансиз, Оллоҳ уларни ҳаргиз азобламас”. (Анфол сураси. зз-оят).
Ояти карима Пайғамбар алайҳис-салоту вассаломнинт Оллоҳ таоло наздида беқиёс ҳурмат-эҳтиромга сазовор эканликларига далилдир. Ҳақ таоло Ўз Расулини бандаларнинг тинчлик-омонликларига, азобдан нажот топишларига сабаб қилиб қўйди. Зотан, У Зот Ўзининг суюкли бандаси ва Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни барча оламларга Раҳмат қилиб юборгандир. Раҳмат билан азоб эса бир-бирига зид нарсалардир.
Шайх Алоуддин Мансур, роҳимаҳуллоҳ
Қуръони азим тафсири, Ал-Исро сурасидан