close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қалам сураси, 5-13 ("Тафсири Ирфон"дан)

5. Яқинда кўрасиз, улар ҳам кўришади:
6. қай бирингиз мажнун эканини.

Бир оз сабр қилиб туринг, улар ҳам андак кутиб туришсин, яқинда ҳамма нарса очиқ-равшан бўлади. Қиёмат куни келганида кимнинг мажнун эканини Аллоҳ таоло яққол кўрсатиб қўяди. Аллоҳ таолонинг динини инсонларга етказиш, уларга буюк Парвардигорларини танитиш вазифаси билан юборилган Аллоҳ таолонинг севимли ҳабиби, Коинот фахри, Оламлар сарвари, охирзамон пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом мажнун бўлармиди?! Аксинча, Аллоҳ таоло Ўз элчиси орқали Ҳақиқатни очиқ-ойдин кўрсатиб, илоҳий ваҳийларни бирин-кетин тушириб турса ҳам, ҳасади, кибри, хусумати туфайли Ҳақ динни тан олишни истамаётган, куфр ва ширк йўлини танлаб, Аллоҳ элчисига туҳмат-иғволар уюштираётган, оқибатда дунёси ва охиратини барбод қилиб, дўзахдан ўзига жой тайёрлаётган кимсалар аслида ақлдан озмаганми?!

7. Ким йўлдан озгану, ким ҳидоятда юрганини Парвардигорингиз Ўзи яхши билади.

Инсонларнинг нима яхшию нима ёмон, қайси йўл тўғрию, қай бири кулфат ва хорлик манзилига элтиши борасидаги тушунчалари-ўлчовлари бузилиб кетган. Чин йўл Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали инсониятга кўрсатиб қўйган тавҳид, Аллоҳни таниш, ҳидоят йўлидир. Чунки инсоният Аллоҳнинг буюклиги ва қудратини англамас экан, Унинг ризосини истамас экан, Парвардигорнинг яратиш ҳикматини тушунолмай, икки дунёсини бой беради. Фақат ёлғиз Аллоҳгина инсоният тарихини бошидан-охиригача, ўтмишу келажагигача яхши билади. Бандаларнинг дилидаги, тилидаги, ҳатто хаёлидаги яширин-ошкора нарсаларгача барини билиб туради. Унинг қудратли қамровидан, қиёматдаги қаттиқ жазоларидан ҳеч ким, ҳеч бир жонзот қочиб қутула олмайди. Ким йўлдан озиб, Аллоҳ таоло фармонларини инкор қилган ҳолда залолат ва гуноҳ чангалзорларида адашиб юрибдию ким тўғри йўлни топиб, Аллоҳга итоатда, ибодатда, тақвода юрибди, буларнинг ҳаммасини ПарвардигорингизнингЎзи кўриб-билиб туради.

8. Инкор қилувчилар сўзига кирманг!

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали юборган ваҳийларни инкор қилувчи Ҳақ душманлари кўпинча гумроҳликлари туфайли Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини аладаяпмиз, деб ўйлашадию, аммо аслида ўзларини алдаб юрганларини билишмайди. Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), бу ёлғончи, иккиюзламачи, золим кимсаларнинг гапига кирманг, уларнинг ваъдаларига алданманг. Улар сизни лақиллатиш, йўлингиздан чалғитиш учун ҳар қандай разилликдан, алдамчиликдан, ёмонликдан қайтмайди. Чунки ахлоқсиз ва тубан кимсалар бўлгани учун уларга муқаддас нарсанинг ўзи қолмаган. Уларда шахсий манфаат ҳисси, кибр, худбинлик, ҳасад, душманлик шу қадар кучлики, қанчалик эътиборли далил-ҳужжатларни келтирсангиз ҳам, буларни асло инобатга олмайди.

9. Улар ён берсангизгина ўзлари ҳам ён беришни хоҳлашади.

Эй Пайғамбарим, уларнинг мақсади аниқ: нима қилиб бўлса-да, Бизнинг эслатма-огоҳлантиришларимизни инкор этиш, йўлингизга юрмаслик, ҳақиқатдан юз ўгириш. Бу йўлда улар турли ҳийла-найрангларни ҳам ўйлаб топади. Улар баъзи диний ишларда сизга ён бермоқчидай кўринса ҳам, аслида уларнинг асл ғаразлари тамоман бошқача. Масалан, улар олдингизга келиб: «Бир кун бизнинг бутларимизга сиғининг, кейинги куни сизнинг илоҳингизга сиғинайлик, бизларнинг бутларимизни мақтасангиз, биз ҳам Худойингизни мадҳ қилайлик», деб ён бермоқчи, хушомад қилмоқчи бўлишади. «Бизнинг динимиз ҳам, сизнинг динингиз ҳам бир, ҳаммаси Худонинг дини бўлгач, келинг, биргалашиб ибодат қилаверайлик-да», деган таклифларни ҳам айтишади. «Бари Аллоҳнинг дини бўлгач, масжидда намоз ўқидию, бутхонада ибодат қилди, бунинг нима фарқи бор», дея тилёғламалик қилишади. Икки қарама-қарши томонни тотувликка чорлашдай бўлиб кўринган бу таклифлар қанчалик жўн ва жозибали кўринмасин, мусулмонлар бундан ҳушёр тортиб, ўзларини четга олишлари керак. Куфр ва имон, ҳидоят ва залолат ажралиб бўлган. Кофирлар ва мўминларнинг йўллари, мақсадлари айричадир. Агар чин имон ва Аллоҳ розилигини истасангиз, Аллоҳ душманларининг алдовига учманг, уларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб, ён берманг. Тарихдан маълумки, Аллоҳнинг душмани Абу Жаҳл каби мушриклар доимо Пайғамбаримизга амалга ошмайдиган келишув ва сулҳ таклифлари билан келиб, мусулмонларга хиёнат қилишар эди.
Инсоният тарихида динларни бирлаштириш таклифини айтадиган кимсалар чиқиб туради. Динлар тарихидан мутлақо бехабар кимсаларнинг бу «кашфиёт»лари мисрлик дин ислоҳотчиси Муҳаммад Абдуънинг «Ислом ва насронийлик» китобидаги мана бу жумлаларга ниҳоятда ҳамоҳанг ва ўхшаш бўлиб кўринмаяптими: «Барча динлар ягонадир. Улар ташқи кўринишлари билан фарқланади, холос. Мен хоҳлардимки, яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар бир-бирларини қўллаб-қувватласалар (олимнинг фикри шу ергача мантиқан тўғри - муаллиф). Мен айтаманки, дунёнинг икки улуғ дини бўлган Ислом ва насронийлик бир-бирига қўлини чўзиб қучоқлашади. Ўшанда Таврот, Инжил ва Куръон бир-бирини қувватлайдиган китоблар бўлади, ҳамма ерда ўқилади ва ҳар бир миллат томонидан эъзозланади». Муҳаммад Абдуъ мусулмонлар Таврот ва Инжил ўқийдиган бўлишларини кутаётганини ёзган.
Бу масалада ҳақиқат ким томонида? Агар юқоридаги фикрларда асос бўлса, унда Аллоҳ таоло нега бутун инсониятга охирги ҳақ дин деб Исломни танлаган? Унда нега Аллоҳ бутун кишилик жамиятига охирги пайғамбар қилиб Муҳаммад алайҳиссаломни юборган? Ана шу саволларга аниқ жавобни эса Қуръони карим оятларидан топамиз: «Аллоҳ наздидаги мақбул дин Исломдир. Китобийлар (Аҳли китоблар) билиб туришса ҳам ўзаро ҳасад туфайли тортишувга боришди. Ким Аллоҳнинг оятларига куфр келтирса, Аллоҳ албатта тез ҳисобга тортувчидир» (Оли Имрон, 19); «Мен сизларга неъматимни тўкис ҳилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида, 3); «Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин (Ислом) билан, уни барчасидан устун ҳилиш учун юборган Зотдир» (Фатҳ, 28).

10. Гапига кирманг ҳар қандай пасткаш ёлғончи-қасамхўрнинг:

Ушбу ояти каримадан бошлаб инсон фитратида учрайдиган ўнта ёмон иллат баён этилади. Кўпчилик уламолар: буларнинг ҳаммаси маккалик дин душмани Валид ибн Муғийрада бўлган, бу оятлар ўша кимса ҳақида тушган, дейишади. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), ҳар қандай пасткаш, ҳар сўзида ёлғон ишлатадиган, бўлар-бўлмасга қасам ичаверадиган Валид каби мушрикларнинг сўзига ишонманг, улар айтган таклифларига кўнманг. Чунки улар ёлғончи, қасамхўр бўлгани учун гапининг заррача эътибори йўқ. Дарҳақиқат, ёлғончилик, қасамхўрлик энг қаттиқ гуноҳлардан саналади. Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) бундай деган: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Гуноҳи кабиралар (улкан гуноҳлар) - Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага «оқ» бўлиш ва ёлғон қасам ичиш», дедилар» (Имом Бухорий, Насоий, Термизий ривояти). Ёлғон қасам ўз эгасини бу дунёда гуноҳга, охиратда эса дўзахга ботиради.

11. ғийбатчи, чақимчилик қилувчининг;

Ўзгаларни ғийбат қилиш, бировларнинг гапини бошқаларга ташиб, чақимчилик қилиб юриш, жамиятда турли «миш-миш», «деди-деди»ларни тарқатиш билан одамлар орасига душманчилик солиш энг ёмон иллатлардан саналади. Булар динимизда қаттиқ қораланади. Ғийбат ва чақимчиликнинг ҳукми мусулмонлар ижмоъига (якдил келишувига) кўра ҳаромдир. Бунинг ҳаромлигига Қуръон, Суннат ва Ижмоъдан очиқ-ойдин далиллар келган.
Ҳадисда айтилишича, «Ғийбат - биродаринг ёқтирмайдиган сўзлар билан у тўғрида гапиришдир» (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий). Қуртубий ғийбатни гуноҳи кабира (улкан гуноҳ), деган («Ал-Жомеъ», XVI, 337). Ҳозирги пайтга келиб бу ярамас иллат орамизда чуқур илдиз отган. Ўтмишдаги аждодларимиз бировнинг кийимини калта ёки узун дейишни ҳам ғийбат санаб, ўзларини бундан тийишган эди. Бугунги кунда бировнинг кийими у ёқда қолиб, уларнинг ўзидаги мавжуд нуқсонларни, ҳатто уларда бўлмаган айбларни ҳам гапиришга ўрганиб қолдик. Бировни ёмонлаш, айб-камчиликларини ҳаммага достон қилиш суҳбат, мажлис, ўтиришларни «қизитадиган» нарсага айланди.
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисга кўра, бир биродарингиз ортидан ундаги нуқсон ва камчиликларни гапириш ғийбат саналади, бордию унда бу камчиликлар бўлмаса, унга нисбатан бўҳтон ҳисобланади (Имом Муслим). Абу Ҳомид Ғаззолий: «Одамларни ўзлари йўғида ёмонлаш қалбларга қилинган хиёнатдир», деган («Иҳёи улумид-дин», «Тил офатлари» боби). Айбларини гапириш ё масхара қилиш мақсадида бировнинг бирор хатти-ҳаракатини ўхшатиш ҳам ғийбат саналади. Ғийбат қилган кишининг тавба қилиши фарз, дейилган. Аксар уламолар ҳадисга суяниб, узр, розилик сўраши ҳам лозим, дейишган. Даврада ўтирган одам ғийбатчини бу ёмон ишидан қайтариши, ғийбати қилинаётган биродарини ҳимоя қилиши вожибдир.
Атоқли муҳаддис, фақиҳ, обид ва зоҳид Имом Ибн Ваҳб айтади: «Ғийбат балосидан қутулиш учун агар бирор кишини ғийбат қилсам бир кун рўза тутиб бераман, деб қарор қилдим. Бора-бора бу ҳам осон кўринди, иллатни батамом тарк эта олмадим. Шунда кимни ғийбат қилсам бир динор садақа қилишга киришдим ва шу йўл билан ғийбатдан батамом қутулдим».
Ҳусайн Воиз Кошифий айтади: «Ғийбат гуноҳи зино гуноҳидан ҳам улкан». «Ғийбат қабиҳ феъллардан биридир. Ғийбат оз бўлса-да, келтирадиган зарари денгиз каби бепоён. Бирор кишининг орқасидан гапириш, айбини топиш, ёмонлаш, бола-чақаси, хотини, бойлиги, хулқи ҳақида бемаза гапларни сўзлашнинг барчаси ғийбат саналади», деган яна бошқа бир мутафаккир.
«Фавокиҳул-жуласо» китобида бундай ёзилган: «Бирор киши олдингга келиб биров ҳақида ғийбат гапларни гапирса, ундай одамнинг гапларига ишонма, чунки у сени ҳам бировга ёмонлаб, устингдан ғийбат қилиши мумкин». Имом Заҳабийнинг «Кабоир» номли китобида келтирилишича, бир кишидан: «Одам боласининг қанча айби бор?» деб сўрашибди. У бундай жавоб берган экан: «Бу айбларнинг саноғига етиб бўлмайди. Ўзим санаганимда саккиз мингта чиққан. Аммо бир хислат борки, у барча айбларни беркитиб туради. У - тилни тийиш». Ҳасан Басрий: «Ким сенга бир гапни ет-казса, билки, у сенинг гапингни ҳам бошқага ташийди», деган.
Чақимчилик ҳам ёмон иллатлардан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим). Пайғамбар алайҳиссаломдан яна бундай ҳадис бор: «Кимнинг бу дунёда иккита юзи бўлса, қиёмат куни унинг оловдан иккита тили бўлади» (Абу Довуд). Имом Абу Ҳомид Ғаззолий бундай деган: «Одатда бировнинг гапини иккинчисига «фалончи сен ҳақингда бундай деди» дея етказган одам «чақимчи» дейилади. Бироқ чақимчилик шунинг ўзи билангина чекланмайди, у очилиши ёмон саналган сирни ҳам фош этишдир» («Иҳёи улумид-дин», «Тил офатлари» боби). Динимиз талабига кўра, кимга биров гап ташиб келиб, чақимчилик қилса, бунга жавобан бундай йўл тутиши керак: унинг гапини тасдиқламайди, чунки чақимчи фосиқ киши бўлгани учун гапи эътиборга олинмайди; унинг бу иши ёмон эканини тушунтириб, насиҳат қилади ва чақимчиликдан қайтаради; гуноҳ иш қилгани сабабидан уни Аллоҳучун ёмон кўради; гапирилаётган киши ҳақида ёмон гумонга бормайди; эшитган гапи уни бунинг тагига етиш учун гап пойлашга ундамаслиги керак; чақимчи келтирган гапни бошқага етказмайди. Абу Лаҳабнинг хотини чақимчилик қилиб гап ташиб юргани учун Қуръонда «ўтин орқалаган» (яъни, дўзахда қаттиқроқ ёниши учун ўтинини ўзи орқалаб кетяпти), деб васф қилинган. Айтишларича, чақимчининг иши шайтонникидан ҳам зарарли, чунки шайтон амали васваса билан бўлса, чақимчиники бевосита бўлади.

12. яхшиликдан тўсувчи, гуноҳга ботганнинг;

Айрим кимсалар борки, ўз манфаатини ўйлаб, ороми бузилишини хоҳламагани учун ҳам бошқаларнинг яхши йўлга киришини, яхшилик қилиб, савобларни кўпайтиришини истамайди. Бундайлар ҳақиқатан ҳаддидан ошган, гуноҳга ботган фосиқ кимсалардир.

13. қўрс ва ҳаромининг.

Хулқи бузуқ, яъни бераҳм, қўрс, қўпол одамлардан яхшилик кутиш мушкул нарса. Айниқса у ҳаромзода, яъни зинодан туғилган бўлса, бундай кимсага асло яқинлашманг, унинг сўзини инобатга олманг. Чунки Абдуллоҳ ибн Муборак (раҳимаҳуллоҳ) айтганидай: «Ҳароми (зинодан бўлган) бола гап яширмайди» (ҳароми ҳақида яна 16-оят изоҳига қаранг). Ояти каримадаги «заним» сўзи турлича изоҳланади, у «занама»дан олинган бўлиб, эчкининг танглайидаги ҳеч қандай вазифа бажармайдиган тилчасини англатади. Айрим муфассирлар қасддан ёмонлик қиладиган кимсаларни ана шундай кераксиз, беқадр нарсага ўхшатишган.

"Тафсири Ирфон", Қалам сурасидан
Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий

Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг раиси, муфтий

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase