close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ўн биринчи суҳбат: Фитнадан қўрқинг – у золимларгагина хос эмас!

“Сизларнинг ораларингиздан зулм қилган кимсаларнинг ўзи билангина чекланиб қолмайдиган фитнадан қўрқинглар. Билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир”. (Анфол сураси, 25-оят).

Бу оятда Аллоҳ золим кимсаларнинг қилмишлари ортидан келадиган асоратлар ва хунук оқибатлар фақат уларнинг ўзи билан чекланиб қолмаслигини хабар қилиб, мўминларни бўлажак мусибатлардан огоҳлантиради.
Саъдий: “Сизларнинг ораларингиздан зулм қилган кимсаларнинг ўзи билангина чекланиб қолмайдиган”, балки зулм қиладиганга ҳам, ундан бошқасига ҳам тегадиган “фитнадан қўрқинглар”. Чунки зулм ошкор бўлса-ю тўхтатилмаса, унинг касри золимга ҳам, бошқага ҳам уради. Бу фитнадан сақланишнинг йўли эса мункарни наҳй қилиш, ёмонлик ва бузғунчилик аҳлини тийиб қўйиш ҳамда уларга гуноҳ ва зулм қилишлари учун имконият бермасликдир”.
Табарий: ”...Зубайр бин Аввом айтади. Мен бу оятни бир қанча вақт ўқиб юрдим, аммо бу айнан бизга тегишли деб ўйламаган эдим. Кейин қарасам, бу оят биз ҳақимизда айтилган экан...”
Суддийдан ривоят: "Бу оят хоссатан Бадр аҳли ҳақида нозил бўлган. Улар Жамал воқеаси куни фитнага дучор бўлганлар ва бир-бирлари билан уруш қилганлар”.
Қуртубий: “Ибн Аббос айтадилар: “Аллоҳ мўминларни ўз ораларида мункар ишнинг қилинишига рози бўлмасликка буюрди, акс ҳолда уларнинг ҳаммаларига азоб келади”. Зубайр бин Аввом ҳам шу каби таъвилни айтганлар. У киши 36-йили Жамал воқеаси кунида бундай деган эдилар: “Мен бу оятда бизлар назарда тутилганимизни фақат бугун билдим. Мен бу оятда айтилаётганлар оят туширилаётган пайтдаги одамлар деб ўйлаб юрар эдим”. Ҳасан Басрий, Суддий ва бошқалар ҳам шунақа таъвил қилганлар”.
Табарий: “Аллоҳ “фитнадан қўрқинглар”, деган сўзи билан айтадики: “Билинглар эй мўминлар, Раббингиз ўз нафсига зулм қилиш фитнасига дучор бўлган одамларга нисбатан ва Ўзининг амрига хилоф иш қилиб, гуноҳга ботганларга нисбатан азоби қаттиқ Зотдир”.
Ибн Касир: “Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ёмонни ҳам, бошқани ҳам ўз домига тортувчи фитна, яъни синов ва машаққатдан огоҳлантиради. Агар гуноҳлар рад этилмаса ва тўхтатилмаса, фақат маъсият аҳлининг ва гуноҳ қилган одамнинг ўзига хос эмас, балки ҳамманинг устига ёпириладиган фитна пайдо бўлади”.
Имом Аҳмад айтадилар: ...Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Умми Саламадан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деётганларини эшитдим: “Қачонки, менинг умматим орасида гуноҳлар тарқалиб кетса, Аллоҳ уларнинг ҳаммаларини Ўзининг ҳузуридан юборадиган азоб билан жазолайди”. Мен дедим: “Ё Расулуллоҳ, уларнинг ичларида солиҳ инсонлар бўлмайдиларми?” У киши: “Ҳа, бўладилар”, дедилар. Мен “Улар нима қилишади?" дедим. У киши айтдилар: “Одамларга нима бўлса, уларга ҳам шунақа бўлади. Кейин Аллоҳнинг мағфирати ва ризвонига эришадилар”.
Имом Аҳмад дедилар: ...Мунзир бин Жарир отасидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қайси бир қавм гуноҳ ишларни қилсалару уларнинг ораларида ҳаммадан кўра обрўлироқ ва кучлироқ одам бўла туриб уларни қайтармаса, Аллоҳ ҳаммаларини баробар азоблайди ёки ҳаммаларига азоб келади”.
Қуртубий: Термизийнинг саҳиҳларида келганки, “Одамлар қачонки золимни кўрсалару унинг икки қўлидан тутиб қолмасалар, Аллоҳ ўзининг ҳузуридан бир азоб юбориб, уларнинг ҳаммаларини жазолаши яқиндир”.
...Бухорий ва Термизийнинг саҳиҳларида Нўъмон бин Баширдан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳнинг чегараларини сақлаган киши билан уларни бузган одамнинг мисоли бир кемадан жой олган қавмга ўхшайди. Уларнинг баъзиларига кеманинг юқори қаватидан жой тегди, баъзиларига эса қуйи қисмидан. Қуйида бўлганлар сув олмоқчи бўлсалар, устларидаги одамларнинг олдидан ўтар эдилар. Шу сабабли улар: “Агар биз ўзимиз ўтирган жойимиздан (денгизга) бир тешик очсак ва тепамиздагиларга халақит бермасак яхши бўларди”, дедилар. Агар одамлар буларга ўзлари хоҳлаган ишни қилишга қўйиб берсалар, ҳаммалари ҳалок бўладилар. Агар уларнинг қўлларидан ушлаб қолсалар, ўзлари ҳам бошқалар ҳам омон қоладилар”. Мана шу ҳадисда муайян одамларнинг гуноҳлари туфайли омма халқнинг азобланиши билдирилмоқда. Бундан яна амри маъруф-наҳйи мункарни тарк этиш азобга лойиқ бўлиб қолишга сабаб эканлиги англашилади. Уламоларимиз айтишганки, қачонки фитна оммага ёйилса, ҳамма ҳалок бўлади. Бу гап гуноҳлар зоҳир бўлиб, мункар тарқалиб кетаётган бўлсаю бироқ у қайтарилмаётган бўлса, ана шу ҳолатга тегишлидир. Агар гуноҳлар қайтарилмаса, у гуноҳларни қалблари билан инкор этаётган мўминларга ўша юртдан ҳижрат қилишлари, қочиб кетишлари вожиб бўлади. Биздан олдинги ўтган умматларда ҳам шу ҳукм амалда бўлган. Жумладан, шанба кунининг қиссасида ҳикоя қилинадики, солиҳ кишилар осий бандаларни ташлаб ҳижрат қилдилар. Улар ўшанда: “Биз сизлар билан бир ерда яшамаймиз”, деб айтишган эди.
Ибн Ваҳб Моликдан ривоят қилади. У киши дедилар: “Мункар иш ошкора қилинадиган ердан ҳижрат қилинади, у ерда истиқомат қилиб бўлмайди”. Молик бу сўзларига Абу Дардонинг Муовия турган ердан чиқиб кетганларини ҳужжат қилдилар. Ўшанда Муовия сув ичиладиган олтин идишни ўзининг вазнидан ортиққа сотишга ижозат бериб, рибога йўл қўйган эдилар.
...Ибн Умардан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар Аллоҳ бир қавмга азоб туширадиган бўлса, у азоб ўша ерда бўлганларнинг ҳаммасига тегади. Кейин улар амалларига қараб тирилтириладилар”. Бу шунга далолат қиладики, оммавий ҳалокатнинг бир қисми мўминлар учун покланишдир, бошқа бир қисми эса фосиқлар учун жазодир”.
Агар кимдир десаки, “Аллоҳ таоло айтган: “Бирор жон эгаси бошқанинг гуноҳини ўз устига олмайди”. (Анъом сураси, 164-оят). ...Бу эса ҳеч бир одам бошқанинг гуноҳи учун жазоланмаслигини тақозо қилади. Жазо фақат гуноҳ эгасига тегишлидир”. Бунга жавоб шуки, агар одамлар мункар ишни ошкор қилсалар, буни кўрган ҳар бир инсоннинг зиммасида уни қайтариш фарз бўлади. Агар унга сукут қилинадиган бўлса ҳамма осий бўлади. Буниси ҳаракати билан, анавиниси розилиги билан. Аллоҳ розилик билдирган билан амалда бажарганни Ўзининг ҳукми ва ҳикматида бир хил мартабада қилиб қўйди. Шундай қилиб рози бўлиб турган ҳам жазода баробар бўлди”.
Оиша разияллощу анҳодан ривоят қилинади. У киши айтдилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деётганларини эшитдим: «Дуо қилсангиз ҳам дуоларингиз қабул бўлмайдиган ҳолатга етиб бормасингиздан олдин яхшиликка буюринглар, ёмонликдан қайтаринглар». (Ибн Можа ривоятлари).

Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Зулмнинг қайси тури бўлмасин – хоҳ ўзига ўзи зулм қилиш, хоҳ халққа зулм қилиш, хоҳ ширк келтириш – агар ошкор бўлиб кетса, у албатта ошкора рад этилиши лозим.
2. Фақат амри маъруфнинг ўзи билан чекланиб, наҳйи мункарни тарк этиш, “ҳозир бунақа гапни гапириб бўлмайди, бу ҳикматга тўғри келмайди”, деб юравериш нотўғри. Аксинча, наҳйи мункар фарзини ҳам ҳикмат билан бажариб бориш лозим.
3. Амри маъруф-наҳйи мункар қила олмайдиган ожиз одам ошкора маъсиятлар қилинаётган юртдан ҳижрат қилиши вожиб. Ҳижрат қилмасдан маъсиятлар юртида яшаётганлар маъсиятни тўхтатиш ва яхшиликни тарқатиш учун бор имкониятларини ишга солишлари керак.
4. Баъзи одам мункарни тили билан рад этмайди. “Биз дилимизда ёмон кўрамиз, қалбимизда рад этамиз” дейди. Бироқ агар бу гап рост бўлса, у оз бўлса ҳам амалда кўриниши керак. Акс ҳолда унинг сўзи “Аллоҳ бизнинг дилимизда, қалбимизда” деган сўзга ўхшаб қолади.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Қуръоний суҳбатлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase