close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ўнинчи суҳбат: Хоинларнинг ёнини олманг!

“Ўзларига ўзлари хиёнат қиладиганларнинг ёнини олиб тортишманг. Шубҳасиз, Аллоҳ хиёнаткор ва кўп гуноҳ қилувчи кимсани яхши кўрмайди. Улар (айбларини) одамлардан яширадилар, аммо Аллоҳдан яшира олмайдилар. Ҳолбуки, У рози бўлмайдиган сўзларни махфий равишда гаплашаётган пайтларида Аллоҳ улар билан биргадир. Аллоҳ улар қилаётган ишларни ўраб тургувчидир”. (Нисо сураси, 107, 108-оятлар).

Нисо сурасининг 105-дан 113-гача бўлган оятларида Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида содир бўлган бир ўғрилик воқеасини зикр этади ва шу муносабат билан Набий алайҳиссаломга енгил танбеҳ юборади, у зот орқали барча мусулмонларга муҳим кўрсатмалар беради. Ўзининг суюкли Расулига ато қилган фазилат ва марҳаматларини эслатади. Биз юқорида келтирган иккита оятнинг маъноларини ўзидан аввалги ва кейинги оятлар билан бирга қўшиб ўрганамиз.
“Биз сизга одамлар ўртасида Аллоҳ сизга кўрсатгани бўйича ҳукм юритишингиз учун бу Китобни ҳақ-рост туширдик. Сиз хоинларни ҳимоя қилувчи бўлманг”. (Нисо сураси, 105-оят).
Қуртубий: “...Бу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб чиқилган Баний Убайрақнинг иши юзасидан танбеҳ бор. Баний Убайрақ уч ака-ука эдилар. Бишр, Башир ва Мубашшир. Уларнинг яна Усайр ибн Урва исмли жиянлари ҳам бор эди. Улар тунда Рифоа бин Зайднинг сув сақланадиган хонасини тешиб кириб ўғрилик қилдилар. Унинг совут ва озиқ-овқатини олиб кетдилар. Кейин бу иш очилиб қолди. Ўғри Баширнинг ёлғиз ўзи эди, деганлар ҳам бўлган. Уни Абу Туъма дейишарди. Совутни шу олган эди. Айтишларича, совут ун солинган халтада бўлган. Халтанинг тешиги бўлиб, то (ўғри) уйга етгунча ун тўкилиб борган эди. Рифоанинг жияни Қатода бин Нўъмон уларнинг устидан шикоят қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига борди”.
Ўғриликнинг ким томонидан содир этилгани жуда тез фош бўлиб қолган эди. Бундай пайтда жиноят қилган томон учун энг тўғри йўл айбга иқрор бўлиш, Аллоҳга тавба қилиш ва хақ эгасидан кечирим сўрашдир. Бироқ оғизда мусулмон бўлган, аммо чин иймонга мушарраф бўлмаган одамлар учун айбни бўйнига олиш оғир иш. Шайтон ўзига эргашганни Аллоҳдан эмас, одамлардан қўрқитади ва жиноятчини жиноят ботқоғига баттарроқ ботириб юборади. Бани Убайрақ ҳам Раҳмоннинг осон йўли турганда шайтоннинг ботил йўлини танлашди ва Пайғамбарнинг олдиларида ёлғон тўқишга ўтишди.
Қуртубий: “Шунда Усайр ибн Урва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, булар солиҳ ва диндор бир хонадонни қоралашга қасд этиб, уларни ўғриликда айблашмоқда, булар ҳеч бир ҳужжатсиз туҳмат қилишди”, деди ва қариндошларининг ёнини олиб, ҳимоя қила бошлади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (унинг сўзига ишониб) Қатода ва Рифоадан ғазабландилар. Шунда Аллоҳ: “Ўзларига ўзлари хиёнат қиладиганларнинг ёнини олиб тортишманг” деган оятни ва “وَمَن يَكْسِبْ خَطِيئَةً أَوْ إِثْماً ثُمَّ يَرْمِ بِهِ بَرِيئاً فَقَدِ احْتَمَلَ بُهْتَاناً وَإِثْماً مُّبِيناً” - “Кимки ўзи бир хатони ёки гуноҳни қилсаю кейин уни бир покиза одам устига ағдарса, у ўзининг гарданига бўҳтон ва очиқ гуноҳни юклаб олибди!” деган оятни нозил қилди. (Нисо сураси, 112-оят). (Ўғриликда) туҳмат қилинган, аммо айбсиз одам Лабид бин Саҳл эди... Аллоҳ бу воқеа ҳақида (ҳақиқий айбдорларни фош этиб) қатор оятлар нозил қилгандан сўнг ўғри Ибн Убайрақ Маккага қочди ва Сулофа бинти Саъд бин Шаҳид деган аёлнинг уйига жойлашди. У аёл ҳақида Ҳассон ибн Собит бир байт айтиб дашном берди... Бу шеър у аёлнинг қулоғига етгач, “Сени менга келтирган фойданг Ҳассоннинг шеъри бўлди!” – деди-да, Ибн Убайрақнинг нарсаларини кўчага улоқтирди. Кейин Ибн Убайрақ Хайбарга қочди ва диндан чиқиб муртад бўлди. Сўнг бир уйни тешиб, ўғриликка тушмоқчи бўлганда устига девор ағанаб, муртад ҳолича ўлди”.
Аллоҳ ва Расулнинг насиҳатларига қулоқ тутмасдан нафсига қул бўлиб олган инсонни шайтон ўз домига осонлик билан илинтиради ва шундан кейин унга Аллоҳнинг Ғафур, Раҳийм сифатларидан фойдаланишга асло йўл бермайди. Бўлмаса Аллоҳ марҳамат қилиб турибди:
وَمَن يَعْمَلْ سُوۤءاً أَوْ يَظْلِمْ نَفْسَهُ ثُمَّ يَسْتَغْفِرِ اللَّهَ يَجِدِ اللَّهَ غَفُوراً رَّحِيماً – “Кимки бирор ёмон иш қилса ёки ўз жонига зулм қилса, кейин Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳнинг Ғафур ва Раҳийм эканини кўради”. (110-оят).
Саъдий: “Яъни кимки маъсиятлар қилишдан тоймаган, гуноҳларга шўнғиб кетган, кейин эса Аллоҳга мукаммал истиғфор айтган, гуноҳига иқрор бўлиб, надоматлар қилган, гуноҳларидан узилган, қайтиб у йўлга қадам босмасликка азму қарор қилган бўлса, бундай инсонга ваъдасига асло хилоф қилмайдиган Зот аниқ мағфират ва раҳматини ваъда қилади. Ундан содир бўлган гуноҳни кечиради...”
Ибн Убайрақ-ку бўлганича бўлди. Аммо унинг жиноятини кўриб-билиб туриб, насиҳат қилишнинг ўрнига унинг ёнини олганлар-чи?! Уларга нима бўлган эди? Тафсирлардан маълум бўлишича, унинг ёнини олиб чиққанлар ҳам иймонлари заиф, иродалари бўш одамлар эдилар. Шунинг учун Аллоҳ уларни хоинлар деб атади.
Саъдий: “Кейин Аллоҳ бу хоинларнинг ўз айбларини одамлардан яширишларини, аммо Аллоҳдан яшира олмасликларини, чунки номаъқул сўзларни махфий равишда гаплашаётган пайтларида Аллоҳ улар билан бирга бўлишини зикр қилди. Бу эса иймоннинг заифлиги, “яқийн”нинг (қатъий ишонч) нуқсонидирки, уларнинг тушунчаларида одамлардан қўрқиш Аллоҳдан қўрқишдан кўра кучлироқдир. Шу сабабли улар одамлар олдида шарманда бўлиб қолмаслик учун мубоҳу ҳаром йўллар билан қаттиқ ҳаракат қиладилар. Шу билан бир қаторда улар бундай улкан гуноҳларни қилиш орқали Аллоҳга қарши яккама-якка курашга тушган ва Аллоҳнинг уларни кузатиб, ишларидан бохабар бўлиб турганини назар-писанд қилмаган бўладилар. Ҳолбуки, У Зот Ўзининг илми билан барча ҳолатда ҳам булар билан биргадир. Айниқса жиноятчини оқлаб, бошқа покиза одамни жиноятчи қилиб кўрсатиш режасини тузаётганларида ва бу режани Пайғамбарга бажартириш учун ишни у кишининг ҳузурларига шундай тарзда кўтариб чиқиш мақсадида Аллоҳни норози қиладиган сўзларни яширин гаплашаётганларида У кузатиб турган бўлади.
Улар демак, бир неча жиноятларни жамладилар. Уларнинг сирлари ва виждонларини кузатиб турган Еру осмонлар Раббини юз-хотир қилмадилар. Шунинг учун Аллоҳ таҳдид қилдики: “Аллоҳ улар қилаётган ишларни ўраб тургувчидир”. Яъни Аллоҳ уларнинг ишларини Ўз илми билан ўраб олган, аммо шу билан бирга уларга азоб юборишга шошмаган ва муҳлат бериб қўйган, тавба қилишлари учун имконият берган. Қаттиқ азобни тақозо қиладиган гуноҳларида давом этишдан огоҳлантирган.
...Бу ерда “хиёнат” жиноят, зулм, гуноҳ маъносида. Бу ҳукм гуноҳ қилган ва унга таъзир ёки “ҳад” каби жазо қўлланиши лозим бўлган одамнинг ёнини олишдан қайтаришни ўз ичига олади. Ундай одамнинг содир этган хиёнатини эътибордан четга суриш орқали ёки у учун бериладиган шаръий жазони даф этишга уриниб, уни ҳимоя қилиш жоиз эмас.
“Шубҳасиз, Аллоҳ хиёнаткор ва кўп гуноҳ қилувчи кимсани яхши кўрмайди”. Агар яхши кўриш йўқ бўлар экан, унинг акси вужудга келади, у эса ёмон кўришдир. Бу аввалда ўтган тақиқнинг сабаби сифатида келган”.
Қуртубий: “Уламолар айтадилар. Агар мусулмонлар учун бир қавмнинг мунофиқлиги зоҳир бўлиб қолса, мусулмонлардан бир тоифаси уларнинг ёнини олиб ҳимояга ўтиши мумкин эмас. Чунки бу ҳодиса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида содир бўлган ва Аллоҳ у воқеалар ҳақида “Сиз хоинларни ҳимоя қилувчи бўлманг” деган ва яна “Ўзларига ўзлари хиёнат қиладиганларнинг ёнини олиб тортишманг” деган оятни нозил қилган. Бу ўриндаги хитоб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлса-да, аммо мақсад шу ишни қилаётган мусулмонлар эдилар...”
Аллоҳ у “ҳимоячилар” ҳақида яна деди: “Эй сизлар, эй бу қавм, дунё ҳаётида-ку уларнинг ёнини олиб тортишдинглар, бас, Қиёмат куни ким уларнинг ёнини олиб Аллоҳ билан тортишади?! Ёки ким улардан вакил бўла олади?!” (Нисо сураси, 109-оят).
Саъдий: “Фараз қилайлик, уларни бу дунё ҳаётида ҳимоя қилиб тортишдинглар ва сизларнинг ҳаракатингиз халқ олдида улар қўрқаётган шармандалик ва уятнинг бир қисмини даф этди ҳам дейлик. Аммо бунинг фойдаси қаерга ҳам борарди ва бу нима ҳам қилиб бера оларди?! Қиёмат куни уларга қарши ҳужжатлар ҳозир қилиниб, уларнинг тиллари, қўллари ва оёқлари ҳам ўзларининг зарарига гувоҳлик бериб, қилган амалларини гапириб турганда ким уларнинг номидан тортиша олади?!”

Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Жиноятчи ва хиёнат қилган одамларнинг ёнини олиш катта гуноҳдир. Чунки бунда Аллоҳ ва Расулнинг буйруқларини ерда қолдиришга ҳисса қўшиш бор. Одамларнинг ҳаққини оёқ ости қилиш бор.
2. Гуноҳ, жиноят ёки хиёнат қилиб, тавба қилмай юрганлар учун Ибн Убайрақнинг қиссаси ва қисматида ибрат бор.
3. Айрим жиноятчилар таъсир ва имконият доирасининг кенглиги туфайли одамларни ўзига ишонтириб олиши, уларни алдаб, тўғри йўлдан оздириши мумкин.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Қуръоний суҳбатлар
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase