close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шарқ олимларининг оила ва аёллар хусусидаги қарашлари

Маълумки, дунёнинг ободлиги фақат аслу насли пок инсонлар сабабидан ҳосил бўлади. Аксинча, нопок кишилардан ҳеч қачон яхшилик чиқмаслигини бугунги куннинг воқеаларидан ҳам билиб олишимиз мумкин.

Маълумки, дунёнинг ободлиги фақат аслу насли пок инсонлар сабабидан ҳосил бўлади. Аксинча, нопок кишилардан ҳеч қачон яхшилик чиқмаслигини бугунги куннинг воқеаларидан ҳам билиб олишимиз мумкин.  Боғбон ниҳолни экканидан сўнг унинг шохига эмас, балки ундан ширин ва сифатли мева ҳосил қилмоқ учун дархтнинг асли бўлган томирига эътибор бермоғи лозим. Шундай экан, биз ҳам дунё ва охиратимизни обод қилмоғимиз учун ўтмишдаги аждодларимиз ҳаётларидан ибрат олиб, инсоннинг асли бўлган никоҳ ва оилага жиддий эътибор бермоғимиз бугунги долзарб масалалардан бири деб ўйлаймиз. Зеро, мазкур масалага эътиборсизлик оқибатида жамиятимизда кўп ёш оилалар ажралиб кетишлари кузатилмоқдаки, бу ачинарли бир ҳолдир. Хусусан, Ғарб, ушбу масалага эътиборсизликлари оқибатида Европа халқлари маънавий инқирозга тушиб, бугун ҳасрат бармоқларини тишлаб қолганликлари бизга ибрат дарси бўлмоғи лозим.
Маълумки, оилавий турмуш жамият ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ ва ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди. Оила ва оилавий муносабатлар узоқ ўтмишга эга эканлигини халқимизнинг асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқ оғзаки ижодиётида кўришимиз мумкин. Шунингдек, Қуръони каримда, ҳадислар-да, Шарқ алломаларининг асарларида оила, оиладаги шахслараро муносабатлар, ота-оналар ва фарзандлар бурчи, оиладаги тарбиянинг бола руҳияти - психикасига таъсири, эр-хотин масъулияти, келин танлаш, хусусан, никоҳ масалаларига жиддий эътибор қаратилган.
Исломиятда бўлажак оиланинг вужудга келишига катта аҳамият берилган. Бунда фарзандларнинг наслий пок бўлишини ҳисобга олиб, бўлажак қайнота, қайноналарни танлаш зарурияти ўзига хос тарзда қўйилган. Келин ёки куёв қилмоқчи бўлган ҳар бир ота-онанинг бўлажак қудаларининг наслини суриштиришлари ёхуд ҳар бир мусулмон ўзининг “етти пушти”ни билиши лозим, деган талаблар ҳам исломий маънавиятдан келиб чиққан. Шунинг учун кўйида Шарқ алломаларидан бўлган баъзи аждодларимизнинг оилани мустаҳкамлашига сабаб бўладиган насиҳатларини ибрат учун эътиборингизга ҳавола этамиз.
Мутафаккир аждодларимиздан бири - Абу Райҳон Беруний (973-1048)нинг оилавий муносабатлар бобидаги қарашлари алоҳида эътиборга лойиқдир. У зот ўз қарашларида, айниқса, хотин-қизлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратади. “Минерология” асарида оила кураётган қизларга ота-онанинг насиҳатларини келтириб, оиладаги тинчлик, тотувлик, оиланинг бахтиёрлиги кўпроқ аёллар зиммасига тушишини таъкидлайди. Ва бундай ёзади: “Эй қизим! Сен ўрганган уйингдан кетиб, нотаниш хонадонга тушмоқдасан. Сен бўлажак куёвингнинг ҳамма хислатларини билмайсан. Сен ер бўл, у эса осмон бўлади. Демак, сен у билан шундай йўл тутки, унинг олдида ер каби камтар бўлсанг, у осмон каби олийжаноб бўлади.
Осмон шифобахш ёмғири билан ерни кўкартиргани каби, у ҳам ўз меҳру-шафқати билан сени хушнуд этади. Яна сен унга канизак бўлсанг, у сенга хизматчи бўлади.
Эринг сендан фақат юмшоқ ва ширин сўзларгина эшитсин, ярамайдиган ёки эски либосда ёки юзларингга оро берилмаган ва сочларинг тартибга солинмаган ҳолда унинг олдида ўтирма.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар исмли ота ўз қизини турмушга чиқараётиб бундай дейди: «Сен рашк қилишдан сақлангин, чунки бу ажралиб кетишнинг калитидир. Эрингга ҳадеб гина қилаверсанг, нафратни уйғотади. Яхшиси, сен эринг билан хушмуомала бўлгин, бу ҳар қандай сеҳр-жодудан яхшидир ва сувдан фойдалангин, бу хушбуй нарсаларнинг ичида энг биринчисидир».
Беруний ўз қарашларида оила тинчи бевосита ақлли, фаросатли, тарбияли аёллар қўлида эканлигига алоҳида урғу беради.
Оилавий муносабатларга оид ўзининг диққатга сазовар қарашлари билан фарқланиб турувчи мутафаккирлардан бири Абу Али ибн Синодир. У кишининг, айниқса, аёллар ҳаётда қандай бўлишлари кераклиги ҳақидаги қимматли фикрлари диққатга сазовордир. “Тадбири манзил” асарининг “Авсофи беҳтарини занҳо” (“Аёлларнинг энг яхши сифатлари”) бобида аёлларнинг яхши хулқли бўлиши ҳақида сўз юритади. Унинг фикрича, аёллар қуйидаги 15 хусусиятга эга бўлишлари лозим:

1. Билимли бўлиши.
2. Динга ишониши.
3. Уятчанлик, шарм-ҳаёлилик.
4. Табиатан жасурлик.
5. Эрини қаттиқ севиши.
6. Туғиш ва бола тарбияси ҳақида ўйлаши.
7. Эзма бўлмаслиги.
8. Эрига буйсуниши.
9. Тўғри, камтар ва фаросатли бўлиши.
10. Ҳеч қачон ўз шаънига доғ туширмаслиги.
11. Эри билан эҳтиёткор бўлиб, унинг ҳурматини жойига қуйиб хуш муомала қилиши.
12. Ўз вазифасини ва бурчини яхши билиши.
13. Оила хўжалигидаги нарсалардан тўғри, тежаб фойдаланишни билиши.
14. Ўз табиати ва яхши томонлари билан эридаги камчиликларни йўқотиши.
15. Яхши ва оқила аёл (пулмолни) сарф қилиш йўли билан эрининг камини кўпайтиради, ширин сўз ва яхши ахлоқи ила унинг ғиллу-ғашлиги ва савдовий фикрларини дилидан чиқаради.

Ибн Сино аёлларга ана шундай мураккаб ва ҳаётий вазифаларни юклайди. Бу вазифаларнинг бажарилиши, шубҳасиз, оилани мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарининг: “Уйланиш ва хотинлар тўғрисидаги” фаслида уйланиш ва унинг фойдаси, оила одоби ва оилада аёлларнинг фазилатлари ҳақида ажойиб фикрлар баён этади. Навоий аёлнинг турмушдаги ҳиссасига қуйидагича тўхталади:
“Яхши хотин оиланинг давлати ва бахти. Уйнинг озодалиги ундан, уй эгасининг хотиржам ва осойишталиги ундан. Ҳуснли бўлса, кўнгил ёзиғи, хушмуомала бўлса, жон озиғидир. Оқила бўлса, рўзғорда тартиб-интизом қарор топади, асбоб-анжомлар покиза ва саранжом туради”, дейди.
Мутафаккир шоир ўз қарашларида оилада тинчлик хукм суриши бевосита аёлларга ҳам боғлиқлигига эътибор қаратади.
Қозоқ оқини (шоир) - Шал (Тилеуке) Кулкеули шеърларидаги педагогик ва психологик қарашлар ижтимоий асосга қурилган бўлиб, йигитнинг бошидаги боғи оиладан бошланишини уқтиради. “Учраса эр йигитга яхши хотин, яхши хотин чиқаради эр номини. Агар хотини ёмон бўлса, унда эр номини ёмон отга қолдиради, деб йигитнинг ёри яхши бўлса, бошига қўнган давлати, ёмон бўлса, эрнинг шўри эканлигини таъкидлаб, ёр танлаш масаласига катта эътибор қаратади. Шунингдек, шоир ўзининг “Аёллар тўғрисида” номли шеърида, “ёмон хотин эри билан урушади, меҳмон келса, қобоғи тиришади, бу уйдан чой ичганнинг фойдаси йўқ деб, меҳмон у уйни тарк этади”, дейди у.
Юқоридаги алломаларимизнинг фикрларидан шуни хулоса қилиш мумкинки, аёллардан нафақат ташқи ва ички гўзаллик, балки ахлоқий қиёфанинг яхши бўлиши ҳам талаб этилади. Бу, ўз навбатида, бевосита оиладаги тарбияга боғлиқдир. Тарбиянинг кўп жиҳатлари ота билан онанинг ахлоқий етуклигига, улар ўртасидаги муносабатнинг илиқлигига ва оиладаги психологик муҳитга ҳам бевосита боғлиқдир. Чунки ота-онанинг ахлоқий қиёфаси тарбияда муҳим роль ўйнайди.

Муҳаммад Шоҳмуродзода, Фазлиддин Кароматуллоҳларнинг
"Исломда никоҳ ва оила" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Оила
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Ақиқа Мутъа никоҳи Исломда борми? »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase