Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али ибн Абу Толиб Ямандан Расулуллоҳ алайҳиссаломга тупроғидан тозаланмаган ёмби тиллони қарз ила ошланган терига солиб юборди. Бас, у зот уни тўрт киши; Уяйна ибн Бадр, ал-Ақраъ ибн Ҳобис, Зайд ал-Хойл ва Алқама ибн Улоса орасида тақсимладилар. Шунда у зотнинг саҳобаларидан бир киши «Улардан кўра бунга биз ҳақли эдик», деди. Бас, бу Набий алайҳиссаломга етди ва: «Менга ишонмайсизларми?! Ҳолбуки, мен осмондаги зотнинг ишончлисиман. Менга эртаю кеч осмоннинг хабари келиб туради», дедилар.
Шунда кўзлари ичига кирган, икки яноғи бўртиб чиққан, дўнгпешона, серсоқол, тақирбош ва иштонини шимариб олган бир киши ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг расули Аллоҳдан қўрқинг!» деди.
«Шўринг қурсин! Мен ер аҳлининг Аллоҳдан қўрқишга энг ҳақлиси эмасманми?!» дедилар.
Сўнгра ҳалиги киши ортига қайтиб кетди. Шунда Холид ибн Валид:
«Эй Аллоҳнинг расули Унинг бўйнига зарба берайми?» деди.
«Йўқ. Эҳтимол у намоз ўқир», дедилар.
«Қанчадан қанча намозхон тили билан дилида йўқ нарсани айтади», деди Холид.
Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Албатта, мен одамларнинг қалбини тешиб кўришга ҳам, қоринларини ёриб кўришга ҳам амр қилинмаганман», дедилар.
Сўнгра у зот кетиб бораётган ҳалиги кишининг ортидан назар солиб туриб:
«Мана шунинг жинсидан бўлган бир қавмлар чиқади. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар. Агар уларни топсам, албатта, Самуд қавмидек қатл қилардим», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадису-шарифда, кейинчалик чиқиб мусулмонлар орасида фитна чиқарадиган тоифа аъзоларининг баъзи кўринишлари, сифатлари ва ишлари ҳақида маълумотлар келмоқда.
«Шунда кўзлари ичига кирган, икки яноғи бўртиб чиққан, дўнгпешона, серсоқол, тақирбош ва иштонини шимариб олган бир киши ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг расули Аллоҳдан қўрқинг!» деди».
Демак, мазкур тоифадаги кишиларнинг кўплари тана тузилишидан ҳам ўзига хос сифатларга эга бўладилар. Шу билан бирга ўзларининг иштироклари билан ўзгарадиган сифатлари ҳам бошқача бўлади. Улар соқолга алоҳида эътибор бериб уни ўстириб юрадилар. Улар сочлари ҳам бошқаларникидан ажраб туришига аҳамият берадилар. Кўпроқ сочларини таг туби билан қирдириб тақирбош бўлиб юрадилар. Улар кийимда ҳам қўпчиликдан ажраб туришга ҳаракат қиладилар. Айниқса тананинг пастки қисмига кийиладиган кийимлари бошқача бўлишига уринадилар. Чунки шундагина улар ихтилоф чиқариш ва ўзларини кўрсатишга имкон топадилар.
Уларнинг кўзга кўринган сифатларидан бири мусулмон йўлбошчилар, уламо ва фузалоларга нисбатан беҳурмат бўлиш ва ўзларининг ёлғон даъволари билан уларнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилиш бўлади. Ушбу ривоятда зикри келаётган номояндалари ҳам Пайғамбар алайҳиссаломни Аллоҳ таолодан қўрқмасликда, адолат қилмасликда айбламоқдалар. Эътибор беринг-а! Бир бетайин нобокор Расулуллоҳ алайҳиссаломни айбламоқда! Унинг издошлари ҳам Набий алайҳиссаломнинг меросхўрлари уламоларга нисбатан шундоқ муомалада бўладилар.
«Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар».
Буни ҳам бировлардан ажраб туриш учун қиладилар. Чин қалбдан Аллоҳ таоло учун қилмайдилар. Тиловатни қиладилар.
«Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди».
Қалбларига етиб бормайди. Уни англаб етиш ва онгларига сингдиришга уринмайдилар ҳам. Шунинг учун
«Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар».
Бир оз сабаб топилса бўлди. Тезда соқолни қирдириб, кийимни ўзгартиб ҳеч нарсани кўрмагандек бўлиб тураверадилар.
«Агар уларни топсам, албатта, Самуд қавмидек қатл қилардим».
Чунки улар қаерда бўлсалар ҳам фитна чиқарадилар ва мусулмонларга катта зарарлар етказадилар.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Али Яманда турганида ёмби тиллони тупроғи билан Расулуллоҳ алайҳиссаломга юборди. Бас, у зот уни тўрт киши; Уяйна, ал-Ақраъ, Зайд ал-Хойл ва алқамалар орасида тақсим қилдилар. Бунда қурайшликлар ғазабландилар ва: «Нажднинг катталарига бериб бизни тарк қиладими?!» дейишди.
Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Албатта, мени буни уларни улфат қилиш учун қилдим», дедилар.
Кейин бир серсоқол, икки ёноғ бўртиб чиққан, кўзлари иичига кирган, пешонасин дўнг ва сочи қирилган киши келиб:
«Аллоҳдан қўрқ! Эй Муҳаммад!» деди.
«Агар мен осийлик қилсам, Аллоҳга ким итоат қилади?! У зот мени ер аҳлига ишонадию, сизлар менга ишонмайсизларми?!» дедилар.
Сўнгра ҳалиги одам орқасига қараб кетди. қавмдан бири уни қатл қилишга изн сўради. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мана шунинг жинсидан бўлган бир қавмлар чиқади. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар. Улар Исломдан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар. Агар уларни топсам, албатта, Од қавмидек қатл қилардим», дедилар». Икки шайх ва Термизийривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоят ўзидан олдингисини тўлдириб ва унга бир оз равшанлик киритмоқда.
«Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар».
Мусулмонлар орасида фитна чиқарган ва чиқараётган тоифаларнинг ҳолига ва тарихига диққат билан назар соладиган бўлсак, бу улкан ҳақиқат яққол номоён бўлади. Улар доимо аҳли Исломга осиладилар. Бошқалар билан ишлари бўлмайди. Балки баъзи бир ҳолатларда улар мусулмонмаслар билан ҳамкорлик қиладилар.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Биз Набий алайҳиссалом билан бирга эдик. У зот мол тақсимлаётган эдилар. У зотнинг ҳузурларига Зулхувайсира келди. У Бани Тамимлик бир одам эди. Бас, у:
«Эй Аллоҳнинг расули Адолат қилинг!» деди.
Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Шўринг қурсин! Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?! Агар адолат қилмасам, ноумид бўлибман, хусронга учрабман!» дедилар.
Бас, Умар ибн Хаттоб: «Эй Аллоҳнинг расули Менга изн беринг. Унинг бўйнига зарба берай!» деди.
«Уни тек қўй. Албатта, унинг шериклари бордир. Сизлардан бирингиз уларнинг намози олдида ўзининг намозини, рўзаси олдида ўзининг рўзасини ҳақир санайди. Улар Қуръон қироат қилурлар. Аммо бўғизларидан нарига ўтмас. Исломдан камондан ўқ чиққандек чиқурлар. Ўқнинг учига назар қилинса, ундан ҳеч нарса топилмас. Сўнгра ўқ учи қадаладиган жойга назар солинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Кейин ўқнинг ўзига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Сўнг унинг патига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Ҳолбуки, у гўнгдан ҳам, қондан ҳам ўтганди. Уларнинг белгиси бир қора одам бўлиб унинг билакларидан бирида аёлнинг мамасига ўхшаш ёки парча гўштга ўхшаш нарса бўлиб ликкиллаб туради. Улар одамлар тафриқага тушганда чиқурлар», дедилар.
Абу Саъид айтади: «Шоҳидлик берурманки, мен буни Набий алайҳиссаломдан эшитдим. Шоҳидлик берурманки, Али Розияллоҳу анҳу уларга қарши уруш қилди. Мен у билан бирга эдим. У ўша одамни топишга амр қилди. Уни олиб келинди. Бас, назар солсам, у худди Расулуллоҳ алайҳиссалом васф қилганларидек экан». Икки шайх ва Термизийривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоятда зикри келаётган мол тақсимлаш ва унга боғлиқ ҳодисалар Ҳунай ғазотидан кейин Жаърона номли ерда бўлиб ўтган.
Зулхувайсира машҳур нобакорлардан бирининг исми. У ўзининг душманлиги билан машҳур бўлган.
Бу ривоятда мазкур фитначи тоифа аъзоларининг бошқа сифатлари ҳам зикр қилинмоқда.
«Сизлардан бирингиз уларнинг намози олдида ўзининг намозини, рўзаси олдида ўзининг рўзасини ҳақир санайди».
Улар намоз ўқиганларида сиртдан кўрган одам қоил қоладиган қилиб ўқийдилар. Улар рўза тутганларидан сиртдан кўрган одам қоил қоладиган қилиб тутадилар. Ҳаттоки саҳобалар уларнинг намози ва рўзаси олдида ўз намоз ва рўзаларини ҳақир санайдиган бўлади.
Бу ривоятда уларнинг Исломдан чиқишлари ҳам батафсилроқ баён қилинмоқда.
«Исломдан камондан ўқ чиққандек чиқурлар. Ўқнинг учига назар қилинса, ундан ҳеч нарса топилмас. Сўнгра ўқ учи қадаладиган жойга назар солинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Кейин ўқнинг ўзига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Сўнг унинг патига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Ҳолбуки, у гўнгдан ҳам, қондан ҳам ўтганди».
Отилган камон ўқи овга бориб теккан. Аммо ўқ овнинг гўнги ва қони бор жойини тешиб ўтган бўлса ҳам унинг ҳеч бир жойида на гўнгнинг ва на қоннинг асари йўқ. Худди шунингдек, мазкур жамоа Исломнинг ич-ичига кирган бўлиб кўринса ҳам ўзларида Исломдан асар ҳам йўқ бўлади.
Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзларининг ушбу ҳадису-шарифларида ўзларидан кейин чиқадиган фитначи қавмнинг аломатларидан бирини алохида таъкидлаб айтмоқдалар:
«Уларнинг белгиси бир қора одам бўлиб унинг билакларидан бирида аёлнинг маммасига ўхшаш ёки парча гўштга ўхшаш нарса бўлиб ликкиллаб туради. Улар одамлар тафриқага тушганда чиқурлар».
Бу маънони батафсилроқ англаб етиш учун имом Муслим ва имом Абу Довудлар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қилган қуйидаги ривоятни ўргансак мақсадга мувофиқ бўлади. Унда Расулуллоҳ алайҳиссалом айтадиларки:
«Менинг умматимдан Қуръон ўқийдиган бир қавм чиқадир. Сизнинг қироатингиз уларнинг қироати олдида ҳеч нарса эмас. Намозингиз ҳам уларнинг намози олдида ҳеч нарса эмас. Рўзангиз ҳам уларнинг рўзаси олдида ҳеч нарса эмас. Улар Исломдан ўқ камондан тескари чиққандек чиқурлар. Ўзларича буни ўз фойдаларига ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, у уларнинг зараригадир. Агар уларга мусийбат етказадиган лашкарлар ўзларига набийлари тили ила ҳукм қилинган нарсани билсалар, амалдан тўхтаб қолурлар. Ўша нарсанинг белгиси, уларнинг ичида бир одам бўлур. Унинг билагида чиғаноғи йўқ бўлур. Унинг билагининг учида сийнанинг тугмачасига ўхшаш тугмача бўлур. Унинг устида оқ туклар бўлур».
Хаворижлар билан бўлган жанг тамом бўлиши ила ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўз одамларига мазкур сифатга эга одамни ахтаришни топширдилар. Улар уни топа олмадилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари унинг топилмаётганидан маҳзун бўлиб турдилар ва ахтара бошладилар. Охири ўликлар уюлиб ётган жойга бориб бирма-бир қаратдилар. Ўша ердан унинг жасади чиқди. Шунда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу:
«Аллоҳу Акбар! Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғончи бўлмадим! Ана у! Қўли қисқа! Унда суяги йўқ! Учида аёл киши сийнаси тугмачасига ўхшаш нарса бор! Унинг устида бешта, еттита туки ҳам бор!» дедилар.
ХАВОРИЖЛАРГА ҚАРШИ УРИШИШ ФАРЗИ АЙН
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Албатта, мендан кейин менинг умматимдан ёки келажакда мендан кейин менинг умматимдан бир қавм бўлур. Улар Қуръонни қироат қилурлар. Аммо у ҳалқумларидан нари ўтмас. Улар диндан худди ўқ камондан чиққанидек чиқурлар. Сўнгра унга қайтмаслар. Ана ўшалар одамларнинг ва ҳайвонларнинг энг ёмонидир», дедилар».
Муслим ва Абу Довудривоят қилишган.
Абу Довуднинг лафзида: «Келажакда умматимда ихтилоф ва тафриқа бўладир. Бир қавм бўлиб, улар гапни гўзал гапирурлар, амални ёмон қилурлар. Улар Қуръонни қироат қилурлар. Аммо у бўғизларидан нари ўтмас. Улар диндан худди ўқ камондан чиққанидек чиқурлар. Ва то ўқ ўз жойига қайтмагунча улар ҳам қайтмаслар. Ана ўшалар одамларнинг ва ҳайвонларнинг энг ёмонидир. Уларни қатл қилганга ва улар уни қатл қилганга яхшилик бўлсин. Улар Аллоҳнинг китобига даъват қилурлар. Ҳолбуки, ўзларида ундан ҳеч нарса йўқ. Ким уларга қарши қитол қилса, ўша улардан кўра Аллоҳга яқиндир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули Уларнинг сиймоси қандоқдир?» дейишди.
«Сочни қирдириш», дедилар».
Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбар алайҳиссаломдан кейинги даврларда чиқадиган фитначи қавмнинг олдинги ривоятларда келган сифатлари билан бир қаторда уларда келмаган янги сифатлари ҳам зикр қилинмоқда.
«Улар диндан худди ўқ камондан чиққанидек чиқурлар. Сўнгра унга қайтмаслар. Ана ўшалар одамларнинг ва ҳайвонларнинг энг ёмонидир».
Мазкур фитначи қавм диндан чиққанидан кейин унга қайтмаслик сифатига ҳам эга бўлар экан.
«Улар диндан худди ўқ камондан чиққанидек чиқурлар. Ва то ўқ ўз жойига қайтмагунча улар ҳам қайтмаслар».
Одатда камондан чиққан ўқ унга қайтиб келмас. Бинобарин фитначи қавм ҳам диндан чиққанларидан кейин унга қайтиб келмаслар.
«Улар гапни гўзал гапирурлар, амални ёмон қилурлар».
Фитначиларнинг дину диёнат ва унга фидокорлик ҳақидаги гапларини бошқалар гапира олмайдилар. Аммо фитначилардан гап бору амал йўқ. Улар гапларига амал қилмасликлари билан ажралиб турадилар.
«Улар Аллоҳнинг китобига даъват қилурлар. Ҳолбуки, ўзларида ундан ҳеч нарса йўқ».
Қуръонни яхши билмайдилар. Аммо ўзларини кўрсатиш учун Қуръони каримга амал қилиш ҳақида даъват қилганлари қилган. Аммо ўзларида унга амал йўқ.
Ана шундоқ фитначиларга қарши туриш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифасидир.
Убайдуллоҳ ибн Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳарурийлар Али Розияллоҳу анҳуга қарши чиққанларида: «Ҳукм фақат Аллоҳгадир!» дедилар.
Шунда Али розияллоҳу анҳу: «Ҳақ калима ила ботил ирода қилинди. Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга бир одамларни васф қилганлар. Мен уларнинг сифатини анавуларда топмоқдаман. Улар ҳақни тиллари билан айтурлар. Аммо ҳалқумларидан нарига ўтмас. Уларнинг ичида Аллоҳга халойиқдан энг ёқмайдиган киши, икки қўлидан бирида қўйнинг елинига ёки елиннинг соғиладиган жойига ўхшаш одам бордир», деди.
Али уларни қатл қилганда ўша одамни топдилар». Муслим ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоятда зикр қилинаётган ҳодислардан олдин қуйидагилар бўлиб ўтган эди.
Сиффийндаги жангда Муовия томон енгилиб, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг одамлари ғолиб кела бошладилар.
Ишлари чатоқлигига кўзи етган Муовия ва Амр ибн Осслар ўзаро маслаҳат қилдилар. Амр ибн Осс, қарши томонни Аллоҳнинг китобини орада ҳакам қилишга чақириш керак, деди. Муовия ўз одамларига найзалар учига қуръонларни боғлаб кўтаришга амр қилиди. Унинг одамлари найзалар учига қуръонларни боғлаб кўтардилар.
Бу ҳолни кўрган ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг одамлари ихтилофга тушдилар. Бирлари, Аллоҳнинг китобини ҳакам қилишга бўлган чақириққа жавоб бермасак бўлмайди, дедилар. Бошқалари, бу ҳийла бўлса керак, жангни давом этдирмоқ керак, дедилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам шу фикрда эдилар. Аммо Аллоҳнинг китобини ҳакам қилишга рози бўлганлар кўпчилик эдилар. Шундоқ бўлса ҳам ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уларни бу ҳийла эканлигига ишонтиришга уриниб кўрдилар.
«Аллоҳнинг китобига ижобат қилишга энг ҳақли одам менман! Аммо мен уни сиздан кўра яхши биламан.
Бу иш ҳақ калимаси ила ботилни ирода қилиш бўлмоқда. Мен уларга қарши фақат Қуръоннинг ҳукмига бўйсунишлари учунгина жанг қилдим. Бугун қандоқ қилиб унинг ҳукмидан бош тортишим мумкин!?
Анави қавм Қуръоннинг ҳукмини ирода қилганлари учун мусҳафларни кўтараётганлари йўқ. Бу алдамчилик, ожизлик ва ҳийладан бошқа нарса эмас!
Менга билакларинингзни бир соатга қарзга бериб туринглар! Ҳақ кесилдиган жойига етиб қолди ўзи!» дедилар.
Аммо Ашъас ибн Қайс бошлиқ тараф, Қуръоннинг ҳукмига даъватни қайтариб бўлмайди, деб туриб олдилар ва олдинга кетган лашкарларни чақиришни талаб қилдилар. Шу ерда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг яна мусулмонлар қонини тўкмаслик ҳақидаги истаклари устун келди ва ҳалигиларнинг талабига биноан лашкарларни қайтаришга амр бердилар.
Ҳолбуки, улар Шомликларнинг аскаргоҳига киришларига бир қадам қолган эди. Уларнинг бошлиғи хабарчига:
«Қайтиб бориб, уларга айт! Бир неча лаҳза қолди, холос. Қандоқ қилиб ортга қайтаман ахир!?» деди.
Мухолифлар эса, агар улар қайтмаса, силоҳларини ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қарши кўтаришларини айтдилар.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Ашъас ибн Қайс розияллоҳу анҳуни Муовиянинг олдига юбориб, нима демоқчисан, деб сўрадилар. У бўлса, биз ҳам, сиз ҳам Аллоҳнинг китобига қайтайлик. Биз ўзимиз рози бўлган бир одамни ихтиёр қилайлик. Сизлар хам ўзингиз рози бўлган бир одамни ихтиёр қилинглар. Ҳаммамиз ўша икки кишидан Аллоҳнинг китоби амр қилган ҳукмни чиқариш аҳдини олайлик. Иккови нимага қарор қилсалар ҳаммамиз ўшанга эргашамиз, деди. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бу таклифга рози бўлдилар.
Ишни ҳакамлар орқали ҳал қилишга келишилганидан кейин ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Сиффийндан Кўфага қайтдилар. Аммо у пайтда у кишининг одамлари орасида катта ва хатарли ёрилиш бўлган эди. Ишни ҳакамларга ошириш нотўғри ва залолат бўлди деган фикрни маҳкам ушлаб олганлар алоҳида хатарли кучга айланган эдилар. Ўша қарши чиққанлар Ҳаруро номли қишлоқда тўпланиб йиғин ўтказдилар. Уларнинг сони ўн икки минг атрофида эди. Кейинчалик булар хаворижлар номини оладилар. Улар ўзларининг дастлабки мажлисларини Ҳарурода ўтказганлари учун «Ҳарурийлар» деб ҳам номланадилар.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уларнинг йиғинига Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни гаплашиб кўриш ва насиҳат қилиш учун юбордилар. Аммо бу иш ҳеч қандай фоида бермади. Шунда уларнинг ҳузурига ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўзлари бориб:
«Бу қарши чиқишингизнинг сабаби нима?» дедилар.
«Сиффийн куни ҳакамга рози бўлганинг», дейишди.
«Аммо мен икки ҳакамга Қуръон тирилтирган нарсани тирилтириб, Қуръон ўлдирган нарсани ўлдиришни шарт қилиб қўйдим», дедилар.
«Бизга айтчи, қон ишида одамларни ҳакам қилиш адолатдан бўладими?!» дейишди.
«Биз одамларни ҳакам қилганимиз йўқ. Биз Қуръонни ҳакам қилдик. Мана бу Қуръон икки жилд орасидаги ёзилган хат, у гапирмайди. Балки у билан одамлар гапиради», дедилар.
«Нима учун ораларингизда маълум вақт белгиладинг бўлмаса?» дейишди.
«Билмаган билиб олиши, билган пишитиб олиши учун. Шояд Аллоҳ ушбу келишув сабабидан бу умматнинг ишини ислоҳ қилса», дедилар.
Кейин жумладан ушбу ривоятда келган гап-сўзлар ҳам бўлиб ўтди.
Зайд ибн Ваҳб ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У Али розияллоҳу анҳу билан Хаворижларга қарши борга лашкарда бор эди. Шунда Али розияллоҳу анҳу: «Эй одамлар! Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Умматимдан бир қавм чиқур. Улар Қуръон қироат қилурлар. Сизларнинг қироатингиз уларнинг қироати олдида ҳеч нарса эмас. Сизларнинг намозингиз уларнинг намози олдида ҳеч нарса эмас. Сизларнинг рўзангиз уларнинг рўзаси олдида ҳеч нарса эмас. Улар Қуръонни қироат қилурлар ва уни фойдаларига деб ҳисоблайдилар. Ҳолбуки у уларнинг зараригадир. Уларнинг намозлари бўғизларидан нарига ўтмас. Улар Исломдан худди ўқ камондан чиққандек чиқурлар. Агар уларга мусибат етказадиган лашкар ўз набийлари тиллари ила ўзларига ҳукм қилинган нарсани билсалар, ўшанга суяниб амални тарк қилур эдилар. Ўшанинг аломати уларнинг ичида бир одам бўлади. Унинг билаги бору чиғаноғи йўқ. Билагининг бошида сийнанинг соғадиган жойига ўхшаш нарса бор. Унинг устида оқ туклар бор», деганларини эшитганман.
Сизлар Муовия ва аҳли Шом томон бориб, анавуларни зурриётларингиз ва молларингизга ўзингиздан ўринбосар бўлишлари учун қолдириб кетасизларми? Аллоҳга қасамки, мен анавуларни ўша қавм бўлса керак деб ўйлайман. Чунки улар ҳаром қонни тўкдилар. Одамларнинг чораваларига ғарот қилдилар. Бас, Аллоҳнинг исми ила олға босинглар!» деди.
Зайд ибн Ваҳб сўзини давмида айтади:
«Юриб бориб бир манзилга тушдик. Кейин бир кўприкдан ўтдик. Ўша кунда хаворижларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Ваҳб ар-Росибий эди. Тўқнашган чоғимизда у уларга «Найзаларни ташланглар! Қиличларингизни қинларидан чиқаринг! Мен уларнинг сизларга худди Ҳаруро куни мурожат қилганларидек мурожат қилишларидан хавфдаман», деди. Улар қайтиб найзаларини узоққа улоқтирдилар ва қиличларини суғирдилар. Бас, кишилар уларни найзалари ила қарши олдилар. Улар остин устин бўлиб қатл қилиндилар. Бизнинг лашкаримиздан фақат икки кишигина мусибатга учради. Шунда Али розияллоҳу анҳу:
«Уларнинг ичидан билаги ноқисни топинглар!» деди.
Одамлар уни топа олмадилар. Шунда Али ўзи турди. У бир-бирининг устида тўпланиб ётган ўликлар олдигача борди. Буларни нарига суринглар, деди. Уни ерга қапишиб ётган ҳолда топдишди. Шунда Али такбир айтди ва:
«Аллоҳ рост айтди! Унинг расули етказди!» деди.
Бас, Абийда ас-Салмоний у томон туриб бориб:
«Эй амирал мўминийн! Ундан ўзга илоҳи маъбуд йўқ Аллоҳ ҳаққи, шу ҳадисни Расулуллоҳ алайҳиссаломдан эшитганмисиз?!» деди.
«Ҳа. Ундан ўзга илоҳи маъбуд йўқ Аллоҳ ила қасам!» деди.
У ундан уч марта қасам ичишни сўради. У унга қасам ичди».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.