close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Истиджрождан қўрқ

У зотнинг сенга эҳсони мавжуд бўлиши ила Унга ёмонлигинг давом этиши сени аста-секин олиш бўлишидан қўрқ. “Уларни билмайдиган томондан аста-секин оламиз”.

- Аста-секин олиш - Аллоҳ таолонинг кофир ва осийларни дарҳол жазоламай, балки яхшилик қилиб тек қўйиб қўйиши «истидрож» – «даражама-даража» -аста-секин олиш, деб номланган.
Аввалги ҳикматда ношукрлик неъматнинг заволи экани таъкидланган эди. Аммо баъзи ҳолатларда ношуклар – кофир ва осийларни неъматларга кўмилган ҳолида роҳат-фароғатда юрганларини кўрамиз. Ўзимизча нима учун буларга бало етмайди, деган саволни берамиз. Ушбу ҳикматда мазкур саволга жавоб келмоқда. Унда банданинг нобокорлигига, ношукрлигига қарамай Аллоҳ таолонинг унга яхшилик қилишнинг давом этиши У Зотнинг бандалари ичида жорий қилиб қўйган қоидаларидан бири “истидрож” қоидасини жорий қилиши экан.
Аллоҳ таоло "Аъроф" сурасида марҳамат қилади: “Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса улар билмайдиган томондан аста-секин оламиз”, - (182-оят).
Яъни Аллоҳ таоло кофир, ношукр ва мунофиқларни оҳиста-оҳиста, ўзларига билдирмаган ҳолда ҳалок қилади. Даставвал, уларга хоҳлаган йўриғига юришга имкон бериб қўяди. Нобакорлар бу ҳолни ўзларининг тадбири, ақли ва уринишларига йўйиб, залолатда шиддатлайверади. Охир бориб, ҳалокатга дуч келади.
“Уларга муҳлат бериб қўяман. Албатта, Менинг «ҳийлам» метиндир”, - (183-оят).
Аллоҳ таоло Ўз неъматларига ношукр бўлганларни дарҳол жазоламайди. Балки уларнинг маишатларини фаровон қилади, турли ишларга кенг имконлар муҳайё этади. Бу муомала, дарҳақиқат, худди «ҳийла»га ўхшайди. Макр бўлганда ҳам, «метин» – қаттиқ макрга ўхшайди.
Шунинг учун мўмин банда ҳар доим ҳушёр бўлиши керак. Бу дунёнинг баъзи ҳолатларига алданиб қолмаслиги ва аста-секин олиш қоидасига дучор бўлмаслиги зарур. Аллоҳ таоло ҳатто Ўзининг каломини ёлғонга чиқарганларни шошмасдан аста-секин олиши борлигини унитмаслиги керак.
Аллоҳ таоло "Қалам" сурасида марҳамат қилади: “Бу гапни ёлғонга чиқарувчиларни Ўзим билан қўйиб қўй. Биз уларни ўзлари билмаган тарафдан аста-секин оламиз”, - (44-оят).
Яъни Аллоҳ таолонинг даргоҳи кенг, Ўзига куфр келтирганларни ҳам, гуноҳкорларни ҳам, ношукрларни ҳам тек қўйиб қўяди. Дарҳол азоблашга, маҳрум қилишга ўтмайди, балки аста-секин азоблайди, маҳрум қилади. Кишилар эса ўз қадрини мол-дунё, мансаб билан ўлчайдилар. Менинг фазлим бўлмаса, шунча бойлигим бўлармиди, шунчалик мансабга кўтарилармидим, деб ўйлайдилар. Охиратни унутадилар. Аллоҳ таоло эса шошилмайди, мағрур банда ҳар гал гуноҳ қилганда, унинг бойлигини ёки мансабини ошириб қўяди. Натижада банданинг айби кўпайиб боришига қарамасдан, ўзининг қаёққа кетаётганини сезмайдиган бўлиб қолади ва оқибатда оятда зикр қилинган ҳолатга тушиб қолади.
Уламоларимиз: «Аста-секин олишнинг бир тури шулки, гуноҳкор бир гуноҳ қилганда Аллоҳ таоло унинг мартабасини бир поғона ошириб қўяди ва шундай қилиб, у ўзининг ҳалокатли ҳолатга дучор бўлганини сезмай қолади», – дейдилар.
“Ва уларга муҳлат бераман. Албатта, Менинг ҳийлам метиндир”, - (45-оят).
Яъни «Уларни бир муҳлат қўйиб қўяман. Умрларини узун қиламан, токи гуноҳлари зиёда бўлсин».
«Албатта, Менинг ҳийлам метиндир».
Яъни «Менинг кофирлардан ўч олишим кучли, шиддатлидир».
Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда: «Албатта, Аллоҳ золимга муҳлат беради. Тутганида эса у қочиб қутула олмайди», – дейилган.
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг кофир ва осийларни дарҳол жазоламай, балки яхшилик қилиб, тек қўйиб қўйиши «ҳийла» деб номланмоқда, чунки бу иш ҳийла шаклида бўлмоқда. Шунингдек, бу иш бошқа жойда «даражама-даража олиш» деб ҳам номланган.
Ўша кофир, золим ва осийларга бериладиган кенг ризқлар, узун умрлар, бадан соғлиги ташқаридан яхшилик бўлиб кўринади. Ичкаридан эса балодир. Чунки асосий мақсад уларни ўшалар туфайли иқоб ва азобга олишдир.
Аллоҳ таолонинг “истидрож” – аста-секин олиш қоидаси нафақат якка шахсларга нисбатан, балки умматлар ва жамоатларга нисбатан ҳам бўлиши мумкин.
Аллоҳ таоло "Анъом" сурасида марҳамат қилади:
“Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар”, - (44-оят).
Бу муомала «истидрож» – билдирмасдан, даражама-даража олишнинг айни ўзидир. Аллоҳ огоҳлантириш мақсадида аввал бало-офатга дучор қилган эди, тазарру қилмади, куфрда давом этди. Бало-офат таъсир қилмайдиган қалб тош қотган, яхшилик умид қилиб бўлмайдиган қалбдир. Ундан энди иймон ҳам, бирор-бир яхшилик ҳам кутиб бўлмайди. Аллоҳ Ўзи ҳикоя қилаётган аввалги умматлардан шундай қаттиқ қалблиларини бир муддат тек қўйиб қўйган. Улар бошидан ўтган мусибатларни ва:
«Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик», – дейди.
Яъни улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Бу дунёнинг матоҳлари уларга селдек оқиб келган. Албатта, улар бу нарсаларга чексиз хурсанд бўлганлар. Аммо иймонсиз, тазаррусиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Аслида иймонли, тазаррули ва тақволиларга нозу неъматлар, фаровон турмуш берилиши лозим. Аллоҳ таолонинг ваъдаси шу. Аммо бу нарсалар кофир-мушрикларга, ношукрларга берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Нозу неъматга кўмилган кофир ва ношукрлар ғурурга кетиб, яна ҳам кўпроқ исёнга, гуноҳкорликка ўзларини урадилар. Аммо ҳақиқий ҳикмат кейин пайдо бўлади:
«Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик».
Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Уларни бирданига Аллоҳнинг азоби тутди.
«Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар».
Энди тавба-тазарру қилишга имкон қолмади.
Ушбу ҳикматда айтиб ўтилган маъно ҳар бир мўмин банданинг ўзига лозим тутадиган қоидаларидан бирига айланган бўлиши керак. Банда ўз Роббига беодоблик қилса ҳам унга Аллоҳ таолонинг неъматлари ёғилиб турганидан қўрқиши керак. Чунки истидрож бўлиши турган гап. Шунинг учун доимо Аллоҳ таолонинг амрини тутишда бардавом бўлиш керак.
Аллоҳ таоло барчамизни истидрож – аста-секин олиш муомаласидан асрасин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ҳислатли ҳикматлар", 2-жилд

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase