Мусулмонликдан кейин кофир бўлмоқ аслий куфрдан қаттиқроқдир ва бу нарсага Ислом душманлари бор кучларини сарфламоқдалар. Аллоҳ таоло айтади:
“..Улар (кофирлар) қўлларидан келса то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар..”. (Бақара сураси, 217-оят)
Сўнгра Аллоҳ таоло ана ўша адашганлар, ҳаволарига эргашиб ўз динидан ажралганларга вожиб бўлган жазони баён қилди:
“..Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунё-ю Охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар”. (Бақара сураси, 217-оят)
Бу ҳолатдаги муртадлик Ислом дини ва унинг уммати учун хиёнат ҳисобланади. Чунки бунда нуқтайи назарни, кўз қарашни бир умматдан иккинчи умматга ўзгартириш бордир. Бу худди ўз ватанини ўзга ватанга, ўзга қавмга алиштирмоқлик, унга дўст бўлиб, унга ёрдам бермоқлик, бошқача айтганда, ватанга хиёнат кабидир. Балки ундан бадтардир.
Демак, муртадлик ўзгариб турувчи ақлий мавқиф бўлмай, балки у ватанни, жамиятни бир жамоатдан бошқа бир жамоатга, унга қарши, унга душман бўлган жамоатга ўзгартирмоқликдир.
Шунинг учун Ислом муртадликка қаттиқ курашган. Хусусан, ўз муртадликларини эълон қилган, муртадликка даъват қилувчи муртадларга қарши курашганки, улар жамиятга хатар олиб келадилар, жамиятнинг ақидавий асосини парчалайдилар. Шунинг учун баъзи салаф уламолари (тобеийн ва бошқалар) муртадликка чақирувчиларни мана булардан деб биладилар:
“..Аллоҳ ва Пайғамбарига қарши урушадиган ва Ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсалар..”. (Моида сураси, 33-оят)
Шунинг учун ҳам Қуръони Карим ноҳақликка жим турмай, Ҳақ йўлида пасткашнинг пасткашлигидан қўрқмайдиган, иймон аҳлидан бўлган авлодларнинг муртадликка қарши курашишларини айтган. Аллоҳ таоло айтади:
“Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким ўз динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Ёлғиз Аллоҳ Йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ (фазлу карами) Кенг, Билгувчидир”. (Моида сураси, 54-оят)
Қуръон ўз куфрини очиқ қилган мунофиқларга тахдид қилди. Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Сизлар биз учун фақат икки яхшилик (яъни, ё шаҳид бўлишимиз ёки ғалаба қилишимиз)дан бирини кутмоқдасиз. Биз эса сизлар учун Аллоҳ сизларга Ўз даргоҳидан ёки бизнинг қўлимиз билан бир азоб етказишини кутмоқдамиз. Бас, сизлар ҳам кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан бирга кутгувчимиз”. (Тавба сураси, 52-оят)
Модомики улар дилларидаги яшириб юрган куфрларини кўрсатар эканлар, мусулмонлар уларнинг қалбини ёриб кўрмайди, балки уларнинг муомаласига қараб иш тутади.
Бу жумҳур уламоларнинг гапидир. Умар розияллоҳу анҳудан муртадни то у ўз динига қайтиб, Парвардигорига тавба қилмагунча қамоқда сақланишига далолат қиладиган ривоятлар мавжуд. Нахаий ва Саврий ҳам шу гапни олганлар.
Булар махфий муртадлик ҳақида эди. Аммо ошкора муртадликка даъват қилишга эса ибнул Хаттоб ҳам, Нахаъий ҳам, Саврий ҳам мана бундай уммат ақидасини бузувчи фикрларга қарши чиқмай, унга тизгинни бўш қўйишга, жим туришга рози бўлмаслар, гарчи у муртадларнинг орқаларида суяб турувчи кучлари бўлса ҳам.
Юсуф Қаразовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси