Қабрларни масжид қилиб олиш
Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: "Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом вафотларидан беш кун аввал шундай деган эдилар: "Диққатли бўлинг, сиздан аввалгилар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишарди. Эҳтиёт бўлинг, қабрларни масжид қилиб олманг. Сизга бундай қилишни манъ қиламан".
Ҳазрати Ойша ва Ибни Аббосдан шундай ривоят қилинади: " Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом сўнг кунларда юзига бир латта босар эди. Бу жонига теккач шундай дедилар: "Яҳудийлар ва насронийларга лаънат бўлсин. Улар пайғамбарларининг қабрларида ибодат қилишар эдилар".
Қабрларга қараб намоз ўқиш
Бир ҳадисда шундай дейилади: "Қабрларнинг устига ўтирманг. Уларга қараб намоз ўқиманг". (Муслим) Яъни, уларни қибла ўрнида кўрманг.
Қабрлар устига чироқ ва шам ёқиш Ҳадис: "Қабрларни зиёрат қилганларга, уларнинг устига масжид қурганларга ва шам ёққанларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин".
Қабрлар устига гумбаз қуриш ва уларни оҳаклаш Муслим Жаббор разияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: "Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом қабрларни оҳаклашни, уларнинг устига ўтиришни ва бино қуришни таъқиқлаганлар".
Қабрлар устига ёзув ёзиш
Жобир разияллоҳу анҳудан ҳадис: "Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалом қабрлар устига ёзув ёзиш ва уларнинг оҳакланишини таъқиқлаган". (Абу Довуд, Тирмизий)
Қабрларни юксалтириш
Ҳазрати Алидан шундай ривоят қилинади: "Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом қабрини ўз баландлигидан юксалтиришни манъ қилганлар" (Довуд, Тирмизий)
Абу Довуд Сунанида ривоят қилишича: Қабр тупроғининг устига тош, ғишт ва бошқа нарса қўйиш манъ қилинади. Бундан ташқари ўтмишдагилар қабрнинг устига ғишт қўйишни ёмон одат, деб билганлар.
Қабрларни байрам ўтказадиган ер қилиб олиш
Абу Довуд Абу Ҳурайрадан марфуъ ўлароқ ривоят қилади: Пайғамбаримз саллаллоҳу алайҳи вассалом; "Уйларингизни қабрга, қабрларингизни эса байрам ерларига айлантирманг. Менга салот ва салом ўқинг. Қаерда бўлсангиз ҳам салом-салотингиз менга етиб келади". (Абу Довуд, Тирмизий)
Абу Яъло Али бин Ҳусайндан шундай ривоят қилади: "Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом қабри ёнида бир одам кўринди. Бу одам у ерда дуо қиларди. Унга бундай қилиш манъ қилинди. Сизга отамдан, отамга бобомдан, бобомга Расулуллоҳдан қолган хабарни айтайми: "Қабримни байрам ерига, уйларингизни эса қабрларга айлантирманг. Қаерда бўлсангиз ҳам саломингиз менга етиб келади". "Қабрни байрам ерига айлантирманг", сўзининг маъноси, қабр атрофида тўпланиб ўтирманглар, деганидир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг қабрлари ер юзидаги қабрларнинг энг фазилатлисидир. У ўз қабрини байрам ерига айлантиришни манъ қилар экан, бошқаларнинг қабрини ҳам манъ қилиши мантиқлидир. Расулуллоҳга салом ва саловот айтиш етарлидир. Инсон қаерда бўлмасин айтган саловоту саломлари унга улашади.
Эҳтиёт бўлишнинг хикмати
Исломнинг қабрларга таъзим қилишни манъ қилишининг ҳикмати, Нуҳ қавми каби бугун ҳам, баъзиларнинг катта-кичик ширкка кетишига йўл қўймасликдир. Ҳозир ҳам солиҳ кишиларнинг қабрлари ҳаддан ташқари улуғланиб, уларга ҳайкаллар ўрнатилгандир. Шу сабабдан ҳам пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом шундай деган: "Эй Аллоҳим! Қабримни ибодат этиладиган бир бут ҳолига келтирма. Пайғамбарларининг қабрларини масжид қилган қавмга нисбатан Аллоҳнинг ғазаби ортади". (Малик)
Динига қаттиқ боғланган мусулмонларни бугунги кунда ранжитаётган нарса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом огоҳлантирган хусусларнинг жамиятда кўзга ташланаётганидир. Бугун ҳам солиҳ кишиларнинг қабрлари юксалтирилиб, безатилиб, байрам ерига айлантирилгандир. Уларга назр-ниёз бағишлаб, таъзим қилмоқдалар. Муқаддас Каъба каби атрофида айланиб, ҳажари Асват каби уларни тавоф қилишмоқда. Қабрларнинг деворлари кенгайтирилиб, уларнинг тупроқларини инсонлар юзларига сурмоқдалар. Қурқув билан улардан мадад кутмоқдалар. Қарзларидан қутулиш, қийинчиликларнинг бартараф этилиши учун улардан ёрдам исталмоқда. Бу эса ошкора ширкдир. Ёғоч, тош ва шунга ўхшаш нарсалардан хайр кутмоқ
Бу пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом қарши курашган ширк турларидан биридир. Инсонлар уларни тавоф қилиб, зиёрат ҳилганлар, уларда сир ва барокот борлигига ишонганлар. Арабларнинг буюк бути Лот қоядан, Узза ёғочдан, Манот номли бут эса тошдан эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом шунга ўхшаш нарсаларга сиғинишдан огоҳлантирган эдилар.
Имом Тирмизий Абу Воҳид ал-Лайсининг шундай деганини ривоят қилади: " Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом билан Ҳунайн ғазотига кетдик. Мусулмонликни яқинда қабул қилган эдик. Мушриклар тўпланиб, қуролларини бир дарахтга осиб қўядиган ер бор эди. Бу ерга улар Зоти Анвот, деб ном берган эдилар. У ердан ўтар экан: "Эй Аллоҳнинг Расули! Бизга ҳам худди шундай Зоти Анвот қуриб бер, дедик. Аллоҳнинг расули саллаллоҳу алайҳи вассалом шундай жавоб берди: "Аллоҳу акбар! Бу суннатуллоҳдир. Нафсим қўлида бўлган Аллоҳга қасам ичаманки, ҳозир сиз менга Бани Исроил Мусога айтгаи сўзларни айтдингиз: "Бизга уларнинг тангрилари каби бир тангри қилиб бер. Шубҳасиз, уларнинг йўлидан кетамиз". (Тирмизий)
Бундан кўринадики, саҳобалар бу дарахтни хайрли дея, унга қуролларини осишни истаган эдилар. Пайғамбаримизнинг огоҳлантириши эса, уларни ширкдан қайтариш учун эди.
Ажаблантирадиган нарса шуки, бугун мусулмонларнинг кўпи Аллоҳ расулининг йўлидан тойиб, аввал ўтганларнинг йўлини тутганлар. Бутлар ва ҳайкаллардан хайр кутмоқдалар. Уларга тавоф қилиб, дуо қилмоқдалар. Мушриклар бутларни севганидек, уларни севмоқдалар. Бугун мусулмонлар яшаётган тупроқларда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом огоҳлантирган Зоти Анвотлар бордир.
Мусулмонларга, хусусан уларнинг олимлари ва раҳбарларига бу масалада юклатилган вазифа бундай хурофотларга чек қўйишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳазрати Алига баланд қабрларни йиқитишни, ер билан тенг қилишни амр қилганидек, мусулмонлар бугун ўзлари сиғинаётган ёғоч, қабр, тош ва устунларни худди шундай йўқ қилишлари керак.
Саҳиҳи Муслимда Абул Ҳаййаж ал-Асадийдан шундай ривоят қилади: "Менга ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деди: "Сени Аллоҳнинг расули саллаллоҳу алайҳи вассалом мени буюрган ишга, бутун бутларни ва баланд қабрларни йиқитишга юборайми?"
Имом Абу Бакр ал-Тартусий шундай дейди: "Ҳазрати Умарга саҳобалар баъзи мусулмонларнинг Расулуллоҳга оид дарахт тагига бориб намоз ўқишаётганларини айтишди. Ҳазрати Умар мусулмонларнинг фитнага учишларидан қўрқиб, ўша дарахтни кесишга буйруқ берди".
Ҳазрати Умарнинг Куръонда зикр этилган ва Расулуллоҳга оидлигиайтилгандарахт ҳақидаги ҳукми шундай бўлгач, фитна ортирадиган, бало ва мусибатни кўпайтирадиган бутлар ҳақидаги ҳукм қандай бўлар эди?
Имом Тартусий шундай дейди: "Аллоҳ сизни раҳматидан айирмасин. Қаерда инсонлар таъзим қилаётган, шифо ва яхшилик кутаётган эски-туски боғланган дарахтларни кўрсангиз, улар Зоти Анвотдир, уларни кесинг".
Мубаррир бин Сувайд шундай ҳикоя қилади: "Маккага - кетаётиб Умар бин Ҳаттоб билан бомдод намозини ўқидик. Инсонларнинг атрофга тарқалаётганини кўриб, уларнинг қаёққа кетаётганини сўради. Унга: Эй мўминларнинг амири! Шу атрофда Аллоҳнинг расули намоз қилган бир масжид бор. Одамлар у ерда ҳам намоз қилиб келиш учун кетдилар, деб жавоб беришди. Шунда ҳазрати Умар: Сиздан аввал ўтган қавмларни ҳам шунга ўхшаш нарсалар ҳалок қилган эди. Улар ҳам ўз пайгамбарлари борган жойларни черков ва ҳавраларга (яҳудийлар ибодат қиладиган жой) айлантирган эди. Ким намоз вақтида бу масжидга етиб келса, унда намоз қилсин. Намоз вақти келмаган бўлса, йўлида давом этсин, унда намоз қиламан, деб кутмасин", деди.
Бу ҳазрати Умарнинг фиқҳи бўлиб, унинг Ислом ақидасига кўрсатган хурмати ва турли хил хурофотлардан қўрққанлигининг белгисидир.
Шайх Юсуф Қаразовийнинг "Тавҳид ҳақиқати" китобидан
Абу Муслим тайёрлади