close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бугунги кун бутлари

Маълумки, бутпарастлик энг улкан гуноҳлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло ўзининг раҳмати билан ҳар қандай гуноҳни кечириб юбориши мумкин, лекин Ўзига келтирилган ширкни эмас. Шунинг учун ҳам бу масалага ҳар бир шахс алоҳида диққат қилмоғи лозим.

Турли хил бутлар инсон яратилганидан бери унга ҳамроҳ бўлиб келади. Инсоннинг тақдири ўзи шундай. Инсон табиати ўзи шундай. Чунки инсон учун асосий бут унинг нафси бўлади. Ширкка тушиш васвасаси инсоннинг фитратига хосдир, деганлар ҳам бор.
Ҳар бир даврда инсон бутлар билан тўқнаш келган. Қадимги даврларда улар тош, ёғоч ёки бошқа нарсалардан ясалган бўлиб, мажусийлик олиҳаларини акс эттирган. Масалан, шундай бутларнинг бири Қадимги юнонларнинг Олимп пантеонидаги, ҳайкалтарош Фидий ясаган Зевс олий олиҳа ҳисобланган. Астерикс ва Обеликс ҳақидаги кўплаб комикс, мультфильм ва бадиий фильмларда мадҳ этилган ҳозирги французлар авлоди ҳисобланган - галлардаги коҳинлар сулоласи друидлар ҳам дарахт ва ўсимликларга сиғинишган.
Улар нафақат ўсимликлар билан даволовчи табиблар бўлишган, балки ўсимликларни илоҳийлаштириб уларга сиғинишган ҳам. Дарахтлар, ўсимликлар улар учун бут вазифасини ўтаган. Астерикс ва Обеликс ҳақида киноларни томоша қилганлар галларнинг друид тарафидан тайёрланган дамламани ичиши билан кўп карра қувватга эга бўлишини билишса керак. “Аллоҳдан бошқа куч ва қудрат эгаси йўқ”, деб туриб яна бошқа нарсаларда ҳам куч борлигига ишониш ширкдан бошқа яна нима бўлиши мумкин?!
Дарахт ва тошлардан ясалган бутларга оммавий равишда сиғиниш ўтмишда қолиб кетган. Бугун моддий нарсаларни илоҳийлаштириш ибтидоий маданиятлар ва турли зил оккултизм асосидаги жамоатларга хосдир. Бугунги дунёда расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассалом рисолатлари арафасидаги ҳолатни, яъни ҳар бир араб қабиласининг ўзи сиғинадиган бути бўлганлиги ҳолатини топиш амри маҳол.
Дунё бир жойда тургани йўқ. Ҳамма нарса ўзгармоқда. Шу жумладан, бутлар ҳам ўзгарди. Бугун дарахт ёки бир тош парчаси ҳеч кимни ажаблантирмаслиги мумкин. Ҳатто Пасха оролидаги бутлар ҳам сайёҳлар қалбида қўрқинч ҳиссини уйғотмаслиги табиий. Булар бугунги ахборот ривожланган жамиятда компьютер клавиатураси ёрдамида бир-икки уринишда ҳар қандай маълумотни топиш мумкинлиги билан изоҳланмайди. Пасха оролидаги бутларни кўрмаган камдан кам одам топилса керак. Бугунги дунёда оддий нарсалар инсонни қизиқтирмайди.
Бу дегани инсон жуда мураккаб махлуққа айлангани дегани эмасдир. Агар шундай бўлганида ХХ асрнинг таниқли файласуфи Герберт Маркузе “Бир меъёрли одам” деб номланган китобини ёзмаган бўлар эди. Файласуф фикрига кўра, замонавий жамиятда барча одамлар бир хилдир, чунки уларнинг ҳаммаси бир хил истакларга эгадир, инсоннинг талаблари эса сохта бўлиб, улар ташқаридан инсонга тиқиштирилгандир. Булар эса уни ўз эҳтиёжларининг қулига айлантириб қўйган. Бугунги кун бутлари айнан шу нарсанинг ўзи эмасми?
Таниқли Ислом олими Абу Ҳамид Ғаззолий ёзганидек: "Дирҳам, динор, мол-мулк, уй ҳайвонлари, уй, умуман нимаики бўлмасин, агар инсоннинг зарурий эҳтиёжидан ортиқча бўлса, зарурат ҳолатидан ошиб кетса, шайтон учун бошпанага айланади". Шайтон инсонни унинг хоҳиш-истаклари орқали бошқаради. Моҳиятан айтганда, хоҳишларимиз биз сиғинадиган илоҳдир (бизни ўз қулига айлантиради, десак ҳам яхши бўлади). Лекин бизни ўраб турган бошқа нарсалар ҳам илоҳга айланиши мумкин (Яъни бизни ўзига қул қилиши мумкин).
Биз моддий нарсалар инсонларни бошқараётган даврда яшамоқдамиз. Аксар одамларнинг ҳаёти тийиқсиз истеъмол асосида ўтмоқда, яъни бир айфон бошқа айфон билан алмаштирилмоқда, бир автоулов ўрнига эса бошқа автоулов келмоқда. Албатта, қандайдир нарсага эга бўлиш бутпарастлик эмас. Жуда кўп нарсалар ҳаётимизни енгиллаштиради. Бироқ нарсалардан бут (культ) ясаб олиш хатари мавжуд. Айфон бугунги кунимизда кундалик ҳаётимизда фойдаланадиган  оддий мобил ускунадан ташқари, бутга ҳам айланиб улгурди. Сиғиниш дегани нима ўзи? Бу аслида бирон нарсада ҳаддан зиёд диққатли бўлмоқдир. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассалом ва саҳобаи киромлар ҳаётларини Аллоҳ таолосиз тасаввур қилмас эдилар. Биз эса ҳаётимизни гаджетларсиз тасаввур қила олмаймиз.
Ўтган жамиятлар кундалик ҳаётларидаги муаммоларни ечиш учун табиий ҳодисаларни илоҳийлаштириб олар эди. Бугун эса, инсон табиатни ўзига буйсундирди, у энди дарахт ва ўсимликлардан нажот изламайди. Бироқ инсоннинг барча диққат-эътибори бошқа бутларга қаратилган – мобил ускуналар, компьютерлар, яхши машиналар, мода либослар, зеб-зийнатлар. Бу нарсаларнинг ҳаммаси нафақат маиший ҳаёт учун керак бўлган  нарсалар, балки булар бутлар ҳамдир. Масалан, машхур Top Gear телевизион дастури автомобилларни реклама қилади. Модалар намойиши катта аудиторияларни йиғади, машҳур одамлар эса, таниқли моделерлар тарафидан тайёрланган либосларни реклама қилишади. Булар энди оддий нарсалар эмас, балки бутдир. Буларнинг ҳаммаси одамларга реклама воситаларида доим тақдим қилиб турилади. Замонавий жамият – бутларнинг глобал жамиятидир.
Умуман олганда, бундай жамиятда ҳар қандай нарса бутга айланиши мумкин. Олимлар ҳатто бу учун алоҳида истилоҳни ҳам жорий қилдилар – консьюмеризм, яъни истеъмолчилик культи, истеъмолчилар оқими. Бу бугунги куннинг ҳақиқий феноменидир. Оммавий бутпарастлар жамиятида қандай саломат қолиш мумкин? Фақат ўзини ўзи назорат қилиш, ўзи билан, нафси ва истаклари билан доим курашиш орқали омон қолиш мумкин. Умуман олганда, бу жуда катта мавзу, биз бу мақолада мазкур катта мавзунинг бир учини зикр қилдик халос. Мавзуни келгуси мақолаларимизда давом эттирамиз.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase