close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ШИРКНИНГ ЗАРАРЛАРИ

Ширк шахс ва жамиятга қатор зарарлар келтиради. Ширк инсоният учун бир зиллатдир

Ширк жамиятда инсон қадрининг ва мавқеининг тубанлашишига сабаб бўлади. Аллоҳ инсонни ер юзининг халифаси қилиб яратган, уни шараф эгаси қилган,ер ва кўкдаги бутун нарсаларни унинг хизматига берган. Аммо коинотдаги баъзи инсонлар бунинг қадрига етмай, ўзларй яратган нарсаларни илоҳ қилиб олиб, уларга ибодат қиладилар, бўйин эгадилар, сажда қиладилар. Ҳолбуки, инсон ўзи сиғинаётган бу нарсаларнинг хўжайинидир.
"Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлардандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган зотга—Аллоҳга сажда қилинглар!". (Фуссилат сураси 37)
Бугун инсониятни қамраб олган зиллат даҳшатли даражада каттадир. Миллионларча инсонлар жони борида инсонга хизмат қилиши, сўйилганда эса гўшти инсонлар тарафидан ейилиши лозим бўлган сигирга сигинмоқдалар. У қандай қилиб муқаддас маъбуд бўлиши мумкин? Қуръони каримда ширк ўз асирларини қандай ззишини ушбу оят орқали англатади:
"Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулагану уни (бирон) ваҳший қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир". (Ҳаж сураси 31)

Ширк хурофотларнинг ўчоғидир

Ширк хурофот ва ботил эътиқодларнинг ўчоғидир. Ширк коионтда Аллоҳдан бошқа куч соҳиби бўлган юлдуз, жин, шахс ва руҳларнинг бўлишига ишонишдир. У инсон ақлини ҳар турли хурофотларга гирифтор қилиб, буни дажжолга тасдиқлаш учун ҳозирлайди. Шу сабабдан ширк тарқалган жамиятларда қоҳинлар, фолчилар, сеҳргарлар, мунажжимлар каби ғайбни билувчилар ва коинотдаги сирли кучлар билан алоқаси борлигини иддоа қилувчиларнинг сони ошиб бормоқда.
Бундай жамиятларда табиат қонунлари ўз аҳамиятини йўқотиб, тумор, кўзмунчоқ тақиш, сеҳр қилиш ва шунга ўхшаш ишлар тобора оммалашиб бормоқда.

Ширк буюк бир зулмдир

Ширк ҳақиқий бир зулмдир. Аҳолига ва у ишонган ҳақиқатга тажовуз қилувчи зулмдир. Чунки ҳақиқатларнинг энг буюги Ундан бошқа тангри бўлмаган, Ундан бошқа Робби бўлмаган, Ундан бошқа ҳакам бўлмаган Аллоҳ таолодир. Ширк келтирганлар эса, ундан бошқани тангри деб, Ундан бошқасини Роббим деб, Ундан бошқани хакам деб билганлардир.
Ширк инсон нафсига зулмдир. Чунки ширк келтирган инсон ўзига ўхшаш бировга ёки ўзи яратган нарсага қул бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ инсонни ҳур яратгандир.
Ширк бошқаларга зулмдир. Чунки бошқаларни илоҳ қилиб, уларни Аллохга шерик қилиш ва аталмаган нарсаларни бериш билан уларга зулм қилинади. Ширк қўрқувнинг манбаидир
Тавҳид ишонч ва ҳузур манбаи бўлса, ширк эса қўрқув ва ваҳиманинг манбаидир. Ақли хурофотларни ва ботил эътиқодларни қабул этган кимса, сохта тангрилар ва уларнинг хизматчилари, қоҳинлар ва уларнинг мухлислари тарқатган ваҳималардан қўрқа бошлайди. Бунга ҳеч қандай асос бўлмасада, ширк бўлган жойда қўрқув ва бахтсизлик тобора ёйилиб бормоқда.
"(Тангри эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат-далил келмаган нарсани (яъни жонсиз бутларни) Аллохга шерик қилганлари сабабли кофирларнинг дилларига қўрқув солажакмиз". (Ол—и Имрон сураси 151)

Ширк инсоннинг ҳаракатчанлигини йўқ қилади

Ширк инсонни хайрли ишлардан узоқлаштиради. Инсоннинг ҳаракатчанлигини, ўзига ишончини йўқ қилади. Шунинг учун хам мушриклар ўз эътиқодида воситачиларга, шафоатчиларга эҳтиёж сезадилар. Бу эса, катта гуноҳларга сабаб бўлади. Яъни Аллоҳ назарида тангрилармиз биз учун воситачилик қилади, дея гуноҳкор бўлиб қоладилар. Мушрик араблар ўзларининг тангрилари ва илоҳлари ҳақида шундай фикрда эдилар:
"Улар Аллоҳни  қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: "Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузуридаги бизнинг оқловчиларимиз, дейдилар". (Юнус сураси 18)
Буларнинг ўрнаги нафсларига қул тушган насронийлардир. Улар ўз Роббилари Масиҳнинг инсонларни гуноҳдан қутқариш учун ўзини фидо қилиб, ҳочга осилганига ишонадилар.

Ширк келтиришнинг охиратдаги оқибатлари

Юқоридаги айтилганлар ширкнинг бу дунёдаги оқибатларидир. Охиратда Аллоҳ таоло ширк келтирганларни асло афв этмайди ва уларни буюк азоблар билан азоблайди: "Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди". (Нисо сураси 48)
Ширк келтирганлар учун жаҳаннамдан бошқа бир ер йўқдир. Уларнинг жаннатга кириши мутлақо ҳаромдир. Аллоҳ таоло шундай мархамат қилади: "Албатта кимдан-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас". (Моида сураси 72)

Шайх Юсуф Қаразовийнинг "Тавҳид ҳақиқати" китобидан
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase