close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Уламоларимизга қандай муомала қилишимиз керак?

Парвардигори олам Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” деб айт”. (Зумар сураси, 9) “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” . (Мужодала сураси, 11) “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар”. (Фотир сураси, 28)

Дин уламоларининг қандай мартаба ва фазилатлари борлиги ҳеч бир мусулмонга сир эмас. Зотан улар Аллоҳнинг бандалари орасида пайғамбарлардан кейинги ўринда турадиган халифалари, диннинг ҳимоячилари ва устунлари, унинг ўлмас асарларининг қўриқчиларидирлар. Улар асрлар оша одамларга шариатнинг асосларини, аҳкомларию одобларини етказиб берадилар. Шунинг учун ҳам авлодлар уларнинг илмлари таратаётган нурлар ёруғида тўғри йўлни топиб олмоқдалар, уларнинг кўрсатмаларидан зиё топмоқдалар. Шайх Абдурраҳмон ибн Саъдий айтганидек Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидасидагилар: “Тўғри йўлга бошловчи уламоларни эҳтиром қилиш билан Аллоҳга яқинлик ҳосил қиладилар”.
Ҳасан Басрий шундай деган: “Улар: “Олимнинг ўлими исломдаги бўшлиқ бўлиб, кеча ва кундузларнинг ўзгариб туриши билан унинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди”, дер эдилар”. Яъни, вақтнинг ўтиши билан бошга тушган барча мусибатлар унут бўлади, унинг ўрнини шодликлар тўлдириб юборади, аммо вафот этиб кетган олимнинг ўрнини тўлдирадиган ҳеч нарса топилмайди.
Мусулмонлар Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад (с.а.в)ни дўст тутганларидан сўнг Қуръони каримда келганидек, мўминларни ҳам, хусусан, пайғамбарларнинг ворислари бўлган уламоларни ҳам дўст тутишлари керак бўлади. Уламолар билан ёмон муомала қилган кишилар эрта индин ўз жазоларини олишлари ўз исботини топган ишдир. Имом Заҳабий Ибн Ҳазмнинг таржимаи ҳолини ёзар экан шундай дейди: “Ва у кўпгина асарлар битган ҳамда улар устида мунозаралар олиб борган. Тили ва қаламига эрк берган. Сўзлашаётганда имомларга нисбатан одоб сақламаган, аксинча қўпол ибораларни ишлатган, уларнинг гапларини ўртасидан кесиб, уларни сўкиб ҳақоратлар қилган.
Бас, унинг жазоси ҳам ўз амалининг жинсидан бўлди. Яъни, бир гуруҳ уламолар унинг асарларидан юз ўгириб, уларни ташлаб юбордилар, одамларни ҳам улардан қочирдилар. (Унинг асарлари) ўз вақтида ёқиб юборилди”.
Уламолар билан ёмон муомалада бўлган ва уларга журъат қилган кишилар хосу ом– ҳамманинг назаридан соқит бўлишига воқеликнинг ўзи шоҳидлик беради.
Ҳофиз Ибн Ражаб шундай дейди: “Бунга воқеликнинг ўзи шоҳиддир. Чунки, одамларнинг хабарлари ва дунё тарихларини ўрганган киши ўз биродарига макру ҳийла қилган ва қилган макри ўзига қайтган ва ана шу иш унинг нажот топиши ва саломат қолишига сабаб бўлган кишилар ҳақидаги хабарларни учратгандир”. Чунки уламолар пайғамбарларнинг ворислари, илмнинг хазиналари, ҳақиқатга тарғиб қилгувчилар, динга ёрдам бергувчилардурки, улар одамларни Аллоҳни таниш ва Унга итоат қилишга етаклайдилар, уларга яхши ва тўғри йўналиш берадилар. Шунинг учун ҳам оят ва ҳадисларда уламоларни ҳурмат қилиш, уларнинг юксак мақомларини мақтаб фикрлар билдириш кераклиги уқтирилган. Улар билан муомала қилиш ҳақида келган гаплар орасида қуйидаги ишлар ҳам бор:
1. Уларни дўст тутиш, яхши кўриш, ҳурмат қилиш, муносиб тақдирлаш ва улуғлашлик. Бунга сабаб шуки, улар ўзларидаги илмни ўрганиш йўлида узоқ йиллар жидду жаҳд қилганлар, уни етказиш билан ўз халқларига хизмат қилганлар ва илмни юксак мартабаларга кўтарганлар. Пайғамбар (с.а.в): “Катталаримизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибонлик қилмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган кишилар менинг умматимдан эмаслар”, деганлар. (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти)
Яна: “Албатта, соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган, унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни ва адолатли ҳукмдорни ҳурмат қилмоқлик Аллоҳ таолони улуғлашлик қабилидандир”, дедилар Пайғамбар (с.а.в).
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а)нинг саҳобаларнинг улуғлари ва уламоларидан бири бўлган Зайд ибн Собит (р.а)га қилган қуйидаги ишлари ана шундай эҳтиромнинг намунасидир: Абдуллоҳ ибн Аббос Зайд ибн Собит миниб олган уловнинг узангисидан тутиб, етаклаб юрар, Зайд унга миниб олиши учун ўз қўлини қўйиб турар ва : “Уламоларимизга мана шундай қилишга буюрилганмиз”, дер эди. Товус ибн Кайсон шундай деган: “Тўрт нафар кишиларни иззат-икром қилмоқлик суннатдандир: олим, қария, султон ва отани”.
2. Бахтсизликлар, фитналар ва янги-янги муаммолар пайдо бўлган пайтларда уларга мурожаат қилишлик. Чунки уларда ҳукм чиқариш ва фатво беришга имкон берадиган илм бордир. Аллоҳ таоло ҳам уламолардан айланиб ўтмасликка ҳамда уларни мусулмонлар учун диний манба ўлароқ эътиборга олишга буюриб шундай дегандир:
“Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар”(Нисо сураси, 83), “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”(Наҳл сураси, 43).
Афсуски, бугун биз катта ишлар хусусида фиқҳ ва илм аҳлларини қўйиб, кичик ёшдаги толиби илмларга мурожаат қилаётган кишиларни ҳам учратамиз. Яна бошқаларининг эса ўз ҳаётларининг каттагина қисмини динни ўрганиш йўлига бағишлаган диний мутахассисларнинг ҳурматларини жойига қўймасликларини, улар ҳақларида ўзлари билмаган гапларни гапириб юрганликларини кўрамиз.
3. Улар ҳақларида яхши гумонда бўлиш. Чунки олим киши ўзи қайси вақт ёки қайси муносабатда энг фойдали бўлиши мумкин деб билган гапни гапиради ва шунга кўра иш юритади. Бинобарин, у ҳақида ёмон гумонда бўлишлик жоиз эмас. Чунки у Китоб, Суннат ва салафи солиҳларнинг сийратларига энг яқин деб билган ишни қилади. Оддий мусулмонлар шаънига яхши гумонда бўлишга буюрилган эканмиз уламолар шаънида яхши гумонда бўлишлик энг муносиб ишдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир”. (Ҳужурот сураси, 12). Бу дегани уламолар хатога қўл урсалар ҳам уларга насиҳат бермаслик керак дегани эмасдир. Чунки, мусулмонларнинг уларга насиҳат беришга ҳуқуқлари бор, аммо бу насиҳат беришлик уларнинг мақомларига лойиқ ва насиҳатнинг фойдасини рўёбга чиқарадиган услуб билан бўлиши керак.
4. Уларни айбламаслик ва ёмон отлиқ қилмаслик. Чунки ана ўша айблов ва ёмон отлиқ қилишлик нафақат уларнинг шаънларига, балки улар арбоби бўлган дин ва даъватнинг ҳамда улар мансуб бўлган миллатнинг шаънига нисбатан қилинган айблов бўлади. Аслида уламоларни айблашликнинг ҳукми ҳаром, чунки улар мусулмондирлар. Ҳадиси шарифда келади: “Албатта, сизларнинг қонингиз, молингиз ва обрўларингиз сизларга ҳаромдир”. Ибн Муборак шундай дейди: “Оқил одам уч нарсага беписанд қарамаслиги керак: уламолар, султонлар ва дўсту ёрлар. Чунки, уламоларга беписанд қараганнинг охирати кетади, султонга беписанд қараганнинг дунёси кетади ва дўсту ёрларга беписанд қараганнинг одамгарчилиги кетади”.
5. Уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилиб юриш. Чунки улар ўзларидаги илм туфайли, уни одамларга етказганлари ва унга амал қилганлари учун ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг яхши мусулмондирлар. Шундай экан уларнинг вожиб бўлган ҳуқуқларидан бири бу, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилинишидир. Негаки, мусулмон одам ўзининг мусулмон биродари ҳаққига дуои хайр қилар экан, ана ўшандай дуога энг ҳақли бўлган одам уламолардир. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар”. (Ҳашр сураси, 10).
Ва ниҳоят: уламоларимизни камситадиган ва уларга адабсизларча муомала қиладиган кишилар Умар ибн Абдул Азиз (р.а)нинг қуйидаги сўзларини ёдда тутсинлар:
“Агар қодир бўлсанг, олим бўлгин, агар олим бўлишга қодир бўлмасанг, илм ўрганувчи бўлгин, агар илм ўрганувчи бўлишга қодир бўлмасанг, уларни яхши кўргин. Агар уларни яхши кўришга қодир бўлмасанг, уларни ёмон кўрмагин”.

Имом Бухорий халқаро маркази
Манбашунослик бўлими мутахассиси Алоуддин Ҳофий

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase