Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Албатта, нифоқ Пайғамбар алайҳиссаломнинг замонларида бор эди. Аммо бугун у фақат иймондан кейинги куфрдир», деди (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ: Ҳадиснинг хулосаси шуки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида мунофиқларга зоҳир эътиборидан тегилмаган. У замондан кейин бундай бўлмайди. Демак, Пайғамбаримиздан сўнг нифоқнинг вужуди ҳам қолмабди. Ваҳоланки, бу каби инсонлар ҳозир ҳам борку. Бу ҳолат ҳазрат Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг гапларига мухолиф бўлмайдими, дейилса, жавоб бериладики, эътиқодий нифоққа нисбатан индамаслик Пайғамбар алайҳиссаломнинг замонларига хос эди. Лекин ҳозирда бу ҳукм қолмади. Яъни кимда куфр аломатлари зоҳир бўлиб, у қалбида куфрни яшираётган бўлса, унга куфр аҳкомлари жорий қилинади.
Савол: Нима учун Пайғамбар алайҳиссалом замонида нифоқи маълум кимсаларга ҳам куфр аҳкомлари жорий қилинмаган?
Жавоб: Бундан бир қанча мақсадлар кўзланган. Биринчиси, ташқаридаги аъробийлар Мадинадаги мунофиқларни мусулмон деб билардилар. Агар Пайғамбар алайҳиссалом уларни ўлимга хукм қилганида эди, одамлар орасида Набий алайҳиссалом ўз одамларини ўлдиряпти, деган ran тарқалар эди. Иккинчиси, Макка мушриклари ҳам мунофиқларни мусулмон деб билар эди. Қолаверса, уларнинг адади ҳам кўпчилик эди. Мушрикларга Исломнинг шавкатини ва мусулмонлар адади зиёда эканини кўрсатиш мақсадида хам улар ўлдирилмаган. Учинчиси, Пайғамбар алайҳиссаломнинг гўзал ахлоқларидан бири у зот инсонларга таълим берардилар. Мунофиқларга яхши муомала қилиш орқали кофирларнинг фикрида Исломга интилиш ҳиссини уйғотмоқчи бўлганлар. Бу орқали улар мунофиқларга шундай гўзал муомалада бўляпти, агар биз чин мусулмон бўлсак, бизга унданда гўзал муомалада бўлади, деган хулосага келар эдилар.
Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг
"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан