Ирода, машиат Аллоҳ таолонинг азалий, абадий сифатларидандир. Ирода ва машиат ўртасида фарқ йўқ. Аллоҳ таолонинг ирода сифати нарсани бирор вақтда бўлиши ё бўлмаслигини тайин қилувчи сифатдир. Чунки Аллоҳ таоло барча нарсаларни бўлдиришга ҳам, бўлдирмасликка ҳам бирдай қодирдир. Имом Аъзам ирода сифати Аллоҳ таолонинг азалий, абадий сифатларидандир, дейишлари билан Аллоҳ таолонинг машиат сифати қадим, ирода сифати ҳодис (кейин пайдо бўлган) деб ўйлайдиганларнинг сўзларининг хатолигини, шунингдек, Аллоҳ таолонинг иродаси феълидир, У бирор нарсага мажбур ҳам, мағлуб ҳам эмас, деб, иродага таъриф берганларнинг сўзлари хатолигини таъкидлаганлар.
Аллоҳтаоло Мурид, яъни ирода қилувчидир. Бўлган ва бўладиган ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлган ва бўлади. Дунёда ва охиратда катта-кичик, кўп-оз, яхши ёхуд ёмон, фойда ёхуд зарар, тотли ёхуд аччиқ, имон ёхуд куфр, эътироф ёхуд инкор, нажот ёхуд зиён, кўп ёхуд кам, тоат ёхуд исён, не бўлса ҳаммаси фақат Аллоҳ таолонинг иродаси билан, ҳикматига, қазо ва қадарига мувофиқ бўлади. У хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди. Аллоҳ таоло ирода қилганини қилгучидир. Аллоҳ таолонинг иродасини, хоҳлаганини қайтарувчи йўқ. Бандалари орасида Унинг ҳукмини рад қилувчи йўқ. Аллоҳ таолонинг иродаси ва ёрдами бўлмаса, Унга исён қилишдан сақланиб бўлмас. Унинг тавфиқи ва хоҳиши бўлмаса Унинг тоатини ҳеч бир банда қилолмас (гуноҳдан қайтишга ва тоат қилишга куч-қувват фақат Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан бўлади). Аллоҳ таолодан қочиб ўзгадан нажот ва паноҳ истаб бўлмас. Нажот, паноҳ фақат Аллоҳдадир. Аллоҳ таолонинг иродасисиз барча махлуқотлар бирлашиб бир заррани бир бор ҳаракат қилдиришмоқчи ёхуд тўхтатмоқчи бўлишса кучлари етмас, балки Аллоҳтаолонинг иродасига, хоҳишига терс хоҳиш қилолмас. Аллоҳтаоло бундай марҳамат этади:
“(Эй инсонлар!) Истакларингиз фақат Аллоҳ хоҳласагина рўёбга чиқур” (Инсон сураси, 30-оят).
Аллоҳ таоло ирода сифати билан ҳамиша сифатлангандир. Нарсалар У белгилагани вақтда У белгилагандай, хоҳлаганидай, тайин қилганидай, белгилаган вақтидан олдин ҳам, кейин ҳам бўлмай, тайин қилганидан ўзгармай бўлади. Бу бандаларда ирода (хоҳиш) йўқ дегани эмасдир. Аллоҳ таоло марҳамат этади:
“Нимани хоҳласангиз, ўшани қилаверингиз! Албатта, У қилаётган ишларингизни кўриб турувчидир” (Фуссилат сураси, 40-оят).
“Аллоҳ (илму ҳикмат асосида Ўзи) хоҳлаган ишни қилур” (Иброҳим сураси, 27-оят).
“Албатта, Аллоҳ хоҳлаганини ҳукм қилур” (Моида сураси, 1-оят).
Бизнинг (аҳли сунна) наздимизда, Аллоҳ таолонинг машиати ва иродаси бир сифатдир. Аммо бандаларнинг машиати ва иродаси (шаръий ҳукмларда) бир-биридан фарқланади. Масалан, бир киши хотинига: “Ародту талақоки” (Сенинг талоғингни (талоқ қилишни) хоҳладим), деса хотини талоқ бўлмайди. Аммо хотинига “Ши’ту талақоки” - талоқни (талоқ қилишни) истадим, деса, хотинига талоқ тушади. Чунки ирода талаб (хоҳиш) маъносидадир, машиат эса ижод (бор қилиш) маъносидадир. Уламолар ана шундай дейишган. Қунавий, шу ўринда мулоҳаза бор, дейди. Чунки агар ана шундай бўлганда (хотинига “ши’ту талақики” деганда талоқ тушса) эди, эрининг нияти сўралмас эди.
Натижа шулки, машиат комил иродадир, ҳар қандай феъл, албатта унга мувофиқ бўлади. Ирода эса комил иродага ҳам, тугал бўлмаган иродага нисбатан ҳам ишлатилади. Аллоҳ таолонинг иродаси комил иродадир, бандаларнинг иродаси комил бўлмаган иродадир.
Агар дейилсаки, Аллоҳ таоло Фиръавн, Абу Жаҳл каби кофирларнинг имон келтиришларини талаб қилди (истади), лекин улар имон келтиришмади. Агар сизлар айтганингиздай ирода ва машиат бир сифат бўлса, улар имон келтиришар эди. Чунки машиат ижод, бор қилишдир.
Бу саволга жавобан деймизки: Аллоҳ таолонинг талаби икки турдир. Бири мукаллафдан, ихтиёрий равишда талабдир. Бу амр дейилади. Бу талабдан талаб этилганнинг бўлиши лозим бўлмайди, чунки бунда талаб этилганнинг бўлиши мукаллафнинг ихтиёрига боғлиқдир. Иккинчиси эса мукаллаф ихтиёрига боғлиқ бўлмайди. Шу иккинчиси, мукаллаф ихтиёрига боғлиқ бўлмаган талаб, машиат ва ирода дейилади. Иродаси ва машиати амалга ошмаган ожиз бўлади. Аллоҳ таоло ожизликдан муназзаҳдир, покдир. Бандалари эса ожиздир.
Сўнгра ҳикмат, хоҳ илм маъносида бўлсин, хоҳ ишни аниқ ва мустаҳкам адо этиш маъносида бўлсин, бизнинг наздимизда Аллоҳ таолонинг азалий, абадий сифатидир. Ашъарийлар эса бундай дейишади: агар ҳикмат дейилганда илм назарда тутилса, у Аллоҳ таолонинг азалий сифатидир. Агар ундан ишни аниқ адо этиш назарда тутилса азалий эмасдир. Зеро, ашъарийлар наздида таквин сифати ҳодис (кейин бор бўлган) сифатдир.
Қунавий дерки: қадар (бандаларда) бўлмаган (билмайдиган) илмдир.
Бу масалада (ирода масаласида) уламоларимизнинг иборалари ҳар хилдир. Баъзилари айтишадики, барча махлуқотлар ва барча ишлар Аллоҳ таолонинг муродидир (ирода қилганидир), деймиз, лекин тафсилий равишда, барча жирканч нарсалар, ёмонликлар, гуноҳлар Аллоҳ таолодандир, демаймиз. Шунингдек, қисқача қилиб Аллоҳ таоло барча мавжудотларни яратгувчисидир, деймиз. Лекин У ўлаксаларни, ифлосликларни яратган, демаймиз.
Баъзилари эса бундай деганлар: тафсилий равишда, лекин Аллоҳ таолога муносиб тарзда сўзлаймиз. Масалан; Аллоҳ таоло кофирнинг куфрини унинг ўз истаги ўлароқ, ёмонлик ва қайтарилган бир иш сифатида ирода қилган. Мўминларнинг имонини унинг истаги ўлароқ, яхши ва гўзал, буюрилган бир иш сифатида, ирода этган. Имом Мотуридий ана шундай ихтиёр қилган. Имом Ашъарий ҳам ана шундай деган.
Аҳли суннанинг муҳаққиқ олимлари бундай дейдилар:
Қуръони каримда ирода икки маънода келган: бири қадарий (яъни қадарга ва яратишга боғлиқ) кавний (бор қилувчи) ва халқий (яратувчи) иродадир. Бу ирода барча махлуқларни қамровчи машиатдир. Барча яратиқларни қамрайди.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
“Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай” (Анъом сураси, 125-оят).
Иккинчиси, диний, амрий, шаръий ирода (яъни динга, шариатга ва амрга боғлиқ ирода)дир. Муҳаббат ва ризо шу иродада бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят)
Амр иккинчи тур иродани тақазо қилади.
Имоми Аъзам (р.а.) Аллоҳ таолонинг етти зотий сифатини зикр этганлар. Зотида ягоналик, сифатларида танҳолик, сомадийлик (махлуқотларга муҳтож эмаслик), азамат ва кибриё сифатлари ҳам, Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларида ворид бўлганидай, Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидир.
Байзовий: “Азийм ҳақирнинг, кабир соғийрнинг зиддидир”, деган. Мен (Алиййул Қори) дейманки, алий (олий) данийнинг зиддидир. Азамат ва кибриё Асмоул ҳуснада маънолари бир-бирига яқин бўлган сифатлардир. Уларнинг маънодош дейилишига маънолари бир-бирига жуда яқинлиги сабаб бўлган.
Ҳужжатул Ислом Ғаззолий бундай дейдилар: “У икки сифатнинг маънолари орасида фарқ борлигига ишонишимиз лозим. Чунки у икки сифат Аллоҳ таоло ҳақида айтилганда, уларнинг маъноларидаги фарқни ажратиш бизга қийин. Лекин шу билан бирга, аслида уларнинг фарқи борлигига шубҳа қилмаймиз. Аллоҳтаоло ҳадиси қудсийсида бундай марҳамат қилган:
“Кибриё Менинг ридоим, азамат изоримдир” (Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, ж. С. 248).
Бу қудсий ҳадисдан у икки сўз маъносида тафовут борлиги маълумдир. Чунки ридо ҳам, изор ҳам инсонга зийнатдир. Лекин ридо изордан афзал, шарафлидир. Шунинг учун намоз бошланишида (таҳрима такбирида) “Аллоҳу Акбар” лафзи айтилади.
Зикр этилган мазкур етти сифат (ҳаёт, қудрат, илм, калом, самъ, басар ва ирода) Аллоҳ таолонинг зотий, субутий сифатларидир. (Субутий - борлиги қатъийдир). Аллоҳ таолнинг бақо сифатини ҳам баъзилар субутий сифат деган. Бир байтда бундай саналган:
“Ҳаёт, Илм, Қудрат, Ирода: Калом, Ибсор, Самъ, Бақо.”
Саҳиҳи шуки, бақо салбий сифатлардандир. Чунки унинг маъноси бундай: Аллоҳтаоло азалдан бор (йўқ бўлмаган) абадда ҳам бўлади (йўқ бўлмайди). Зеро, қадим экани собит (қатъий) бўлганнинг йўқ бўлиши муҳолдир. Йўқ бўлиши мумкин бўлганнинг қадим бўлиши мумкин эмас. Мавлоно Умар Насафийнинг “Матнул-Ақоид” китобида Аллоҳ таолонинг зотий, субутий, сифатлари бу тартибда берилган: Ҳайй, Қодир, Алим, Самиъ, Басир, Шоий, Мурид. Бундан машиат ва ирода бир-биридан фарқ қилишини англамаслик керак. Бу ҳақда юқорида айтилди. Аллоҳ таолони мавжуд, вожиб, қадим дейиш дуруст бўладими? Ваҳоланки, оят ва ҳадисларда ундай келмаган. Бу саволга жавобимиз бундай: оят ва ҳадисларда келмаган бўлса-да, ижмоъ билан собит бўлган. Ижмоъ шаръий далиллардан биридир. Буни сиз биласиз.
Аллоҳ таолонинг феълий сифатлар махлуқотларнинг пайдо бўлишига боғлиқ сифатларидир. Феълий сифатларнинг зотий сифатлардан қандай фарқи борлиги ҳақида турлича фикрлар бор.
Мўътазилалар наздида, ҳам манфий, ҳам мусбат маъноларда бўладиган сифатлар феълий сифатлардандир. Масалан: Аллоҳ таоло фалончига фарзанд берди, фалончига бермади. Зайдга ризқ (мол) берди, Амрга ризқ (мол) бермади. Манфий маънода бўлмайдиган сифатлар эса зотий сифатлардир. Масалан, илм, қудрат каби. Аллоҳ таоло “буни билмайди”, “бунга қодир эмас” дейилмайди. Ирода ва калом сифатлари ҳам мусбат, ҳам манфий маънода бўладиган сифатлардандир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
“Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламаёди” (Бақара сураси, 185-оят).
“Аллоҳ Мусога (бевосита) хитоб қилди” (Нисо сураси, 164-оят).
“Аллоҳ қиёмат кунида уларга хитоб қилмайди” (Бацара, 174-оят).
Мўътазилиларнинг далиллари ана шундай.
Ашъарийлар наздида эса инкор этилиши билан зидди, акси собит бўладиган сифатлар зотий сифатлардир. Масалан, ҳаёт, инкор этилса, ўлим бўлади. Яъни тирик эмас, десанг, ўлик деган маъно чиқади. Қудрат инкор этилса, ожизлик бўлади (кучи етмайди, десанг, ундан ожиз деган маъно чиқади). Илм билан нодонлик ҳам ана шундай.
Инкор этилишидан зидди (акси) собит бўлмайдиган сифатлар эса феълий сифатлардир. Масалан, тирилтириш, ўлдириш, яратиш, ризқ бериш каби сифатлар инкори билан уларнинг акси собит бўлмайди. Ирода сифатини инкор этсанг жабр (мажбур) бўлади. Калом сифатини инкор этсанг, соқов бўлади. Демак, бу икки сифат ҳам зотий сифатлардандир. Шу ергача ашъарийларнинг сўзларидир.
Бизнинг наздимизда, зотий сифатлар шундай сифатларки, улар билан Аллоҳ таоло сифатланган. Мана шу сифатларнинг зидди билан сифатланиши жоиз эмас. Масалан, қудрат, илм, иззат ва азомат сифатлари каби. Феълий сифатлар шундай сифатларки, Аллоҳ таоло шу сифатлар ва уларнинг зидди билан сифатланиши жоиздир. Масалан, раъфа (шафқат), раҳмат, сахот (норози бўлиш), ғазаб сифатлари каби.
Сўнгра, ашъарийлар билан мўътазилийларнинг шубҳалари бундай: агар таквин (йўқдан бор қилиш) сифати азалий бўлса, у яратиладиган нарсаларнинг бўлишига азалда боғлиқ бўлар эди. Таквин яратиладиган нарсаларнинг бўлишига азалда боғлиқ бўлса, нарсаларнинг азалда бўлиши лозим бўларди. Зеро, таквин сифати азалий, аммо яратилган нарсалар азалий эмас, дейиш, урилган (калтакланган) бўлмасидан (олдин) урилди (калтакланди), дейиш каби бўлади. Бу муҳолдир. Шунинг учун, таквин сифати ҳодис, кейин пайдо бўлгандир.
Уларнинг ўйлари, фикрлари хатолигини бундай исботлаймиз: агар таквин таквиндан пайдо бўлса, таквин таквинга муҳтож бўлади. Бу тасалсулга (олдингиси кейингисига боғлиқлигига) олиб келади. Бу ботилдир. Ё (тасалсул) охири, қадим таквинга боғланади. Биз шуни, яъни таквиннинг қадим эканини таъкидлаймиз. Ёхуд, у таквин бирортаники бўлмаган таквинга боғланади. Бундай дейиш Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор этишдир.
Хулоса будир: Биз Аллоҳ таолонинг таквин сифати қадимдир, унга боғлиқ бўлганлар, яъни яратилган, ҳодисдир, деймиз. Аллоҳ таолонинг илм сифати қадим, лекин у сифатга боғлиқ яратиқлар, ҳодисдир. Аллоҳ таолонинг таквин сифати боқийдир. Ҳар бир мавжудотнинг бўлиши Аллоҳ таолонинг азалий таквин сифатига боғлиқдир. Аммо “уриш” (калтаклаш) ориздир. Шунинг учун, урилган (калтакланган) нарсанинг бўлиш вақтигача унинг қолиши тасаввур қилинмайди. Сўнгра, уларга бундай деймиз: бу оламнинг борлиги ўзига боғлиқми ёхуд Аллоҳ таолонинг сифатларидан бир сифатига боғлиқми ё боғлиқ эмасми? Агар йўқ, боғлиқ эмас, десалар, Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилган бўлишади. Агар, “ҳа” (боғлиқ) десалар, бундай деймиз: Унга боғлиқ бўлган нарса азалийми ё ҳодисми? Агар ҳодис дейишса, ҳодис олам жумласидандир ва бу ҳолда оламнинг яралиши ўзининг бир қисмига боғлиқ бўлади, Аллоҳ таолога боғлиқ бўлмайди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор этишдир. Агар унга боғлиқ нарса азалий, десалар, бундай деймиз: бундан оламнинг азалий экани келиб чиқадими, йўқми? Агар “ҳа” десалар, кофир бўлишади. Агар “йўқ” десалар, шубҳалари бекор бўлади.
Бизнинг мотуридия мазҳабимизда Аллоҳ таолонинг азалий сифатлари саккизтадир. Чунки тахлиқ, тарзиқ, иҳё, ифно, инмо каби феълий сифатларнинг барчаси ҳам таквин дейилади. Аммо ашъарийлар феълий сифатларни изофий сифатлар, Мовароуннаҳрнинг баъзи уламолари феълий сифатларининг ҳар бири ҳақиқий азалий сифат, дейишади. Аслида, барча феълий сифатлар асли таквин сифатидир. Зеро, таквин сифати ҳаётга (жон ато қилишга) боғлиқ бўлса, иҳё; ўлимга боғлиқ бўлса, имота; суратга (шакл ато этишга) боғлиқ бўлса, тасвир бўлади. Демак, ҳамма феълий сифатлар таквиндир. Феълий сифатларни бир ном - таквин деб аталмасдан бир неча номда аталиши унга боғлиқ бўлганларнинг хусусиятларида кўринади, холос.
Сўнгра, тахлиқ, иншо, сун ва феълнинг маънолари бир, яъни йўқ нарсани пайдо қилиш, деган фикр келади. Ҳақиқатда, уларнинг маънолари бир-бирига яқин. Зеро, ибдо, аслида, йўқни ҳеч нарсага ўхшамайдиган қилиб пайдо қилиш (яратиш)дир. Тахлиқ эса умумийдир, ёхуд иншонинг муқобилидир, маънодошидир. Иншо нарсаларни аввалига хосдир. Феъл барча амаллардан киноядир. Сунъ, мустаҳкам ва гўзал низомли (тартибли, амалдир. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:
“(Бу) барча нарсани пухта қилган зот - Аллоҳнинг синоатидир” (Намл сураси, 88-оят).
Тарзиқ, махлуқотларнинг ризқини йўқдан бор этиш, уларга озиқ қилишдир.
Шуни яхши билишимиз лозимки, барча оламдаги мавжудот ходисдир. Уларни Аллоҳ таоло ўз тахлиқи, феъли, иншоси ва сунъи билан йўқдан бор бўлган. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло инсонларни ҳам, жинларни ҳам, уларнинг ризқларини ҳам ярат(а) ди(ган). Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
“Сизларни яратган, сўнгра сизларни ризқлантирган, сўнгра вафот эттирадиган, сўнгра (қиёматда) тирилтирадиган зот Аллоҳдир” (Рум сураси, 40-оят).
Аллоҳтаоло Ўз қудратини, раҳматини, неъматларини ва ҳикматини ошкор этишни истаб, махлуқотларга Ўзини танитиш учун уларни яратди, Аллоҳтаоло бундай марҳамат этади:
“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят).
“Фақат Ўзимга ибодат қилишлари учун”, яъни Мени танишлари учун демакдир. Ояти каримада фақат жинлар ва инсонларнинг зикр этилиши улар Аллоҳ таолони Жалол ва Жамол сифатлари билан танишларидан бўлса керак. Ҳадиси қудсийда бундай марҳамат этилади:
“Мен махфий хазина эдим, танилишни истадим, Мени танимоқлари учун халқни яратдим”.
Яъни Уни танишса, уларга берадигани савоб ва қурбатни ирода этгани учун яратди. Аллоҳ таоло Зотан ҳеч кимга, ҳеч нарсага муҳтож эмас.
Таквин сифати Аллоҳ таолонинг азалий сифатидир. Ақл ҳам, нақл ҳам бу оламни Яратувчиси, йўқдан бор қилган Аллоҳ таоло эканини таъкидлади. Зеро, нарсани (мавжудни) исми муштақ (ўзаги (масдари) бўлган исм) масдар унингҳақиқий сифати бўлмаса, мумкин эмасдир. (Яъни, таквин мукаввиннинг масдари, ўзагидир. Таквин ҳақиқий сифати бўлмаганни мукаввин дейиш мумкин эмас (Муҳаррир)). Таквин илм, қудрат сифатлари каби Аллоҳ таолонинг азалий, абадий сифатидир. Мукавван, яъни махлуқотлар ҳодисдир, яъни кейин пайдо бўлгандир. Таквин, илм сифатларининг қадимлиги уларга боғлиқ бўлган махлуқотларнинг қадимлигини билдирмайди.
Имом Аъзам ҳазратлари “Ал-Фиқҳ ул-акбар”да Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатларининг баъзиларини келтирганлар, холос. Чунки Аллоҳ таолонинг машҳур ва шак-шубҳасиз бўлган ана шу феълий ва зотий сифатлар Аллоҳ таолони таниш учун етарлидир.
Шуни айтиш лозимки, Фахрул-Ислом Али Паздавий “Усул-и фиқҳ” китобида бундай дейди: Имон ва Ислом Аллоҳ таолога, Унинг сифатлари ва исмларига ишониб, иқрор бўлиб, ҳукмларини қабул қилишдир. Иқрор ва тасдиқ икки тур бўлади. Бири, киши мусулмонлар орасида туғилиб-ўсса, ота-онасидан қай бири мусулмон бўлса, мусулмон (имонли) ҳисобланади. Иккинчиси, киши Аллоҳ таолони барча сифатлари билан сифатлаб берса, мусулмон бўлади. Имоннинг камоли шудир. Лекин унинг шарти қийиндир. Чунки халқнинг Ҳақни сифатлари билан баён этиш даражасида таниши бир-биридан фарқ қилади. Шу боис имоннинг камоли кишида тасдиқ ва иқрорнинг, айтганимиздай, гарчи тўла баён этишдан ожиз бўлса-да, умумий тарзда бўлишидир. Шунинг учун, мўминдан Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатларидан бирини сўраб, У бу (масалан, илм) сифат билан сифатланганми, деб сўраш вожиб бўлади. Агар у “ҳа” деб жавоб берса, комил мусулмонлиги аниқ бўлади. Ана шу саволлар сўралганда жавобини билмаган киши мўмин бўлмайди. Шу сабабдан Имом Муҳаммаднинг “Жомиул-Кабир” китобида (бундай дейилган): мусулмон ота-онадан бўлган кичик қиз бола (эрга теккан бўлса) вояга етгунича Исломни баён этмаса, эридан талоқи боин билан ажралади.
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан