close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Охир замонда иймоннинг кетиши

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида «Аллоҳ, Аллоҳ», дейилмай қолгунича Қиёмат бўлмайди», дедилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида «Аллоҳ, Аллоҳ», дейилмай қолгунича Қиёмат бўлмайди», дедилар».
Шарҳ: (Аллоҳ, Аллоҳ) сўзини фатҳали қилиб (Аллоҳа, Аллоҳа), деб ўқиш ҳам мумкин. Уни мубтадо қилиб, бош келишикда ўқиш ҳам мумкин. «Аллоҳ» лафзи коинотнинг асоси, исми аъзам ва коинотнинг боқийлиги айни шу исмга боғлиқдир. Қиёмат бўлмаслигига учта нарса асос бўлади: 1. Қуръони Карим; 2. «Аллоҳ» лафзи; 3. Байтуллоҳ. Мазкур уч нарса кўтарилиши билан иймон кўтарилиб, борлиқ таназзулга юз тутади. Натижада, Қиёмат бўлади.
Инсоният соғлом эътиқод билан «Аллоҳ, Аллоҳ», дер экан Қиёмат бўлмайди. Бузуқ эътиқодда «Аллоҳ, Аллоҳ», дейишнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ. Баъзилар фақат «Аллоҳ» лафзини зикр қилишни мумкин эмас, деб билганлар. Бироқ аҳли сунна вал жамоа олимлари ва сўфийлар «Аллоҳ» лафзининг ўзини зикр қилиш мумкин, деганлар. Ибн Абу Жаъфар «Аллоҳ, Аллоҳ» сўзлари ўрнига «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ривоят қилган. Аслида, иккиси ҳам тўғри ва ҳадис маъносига ҳеч қандай таъсир қилмайди. Бу ҳадиснинг умумий маъносини Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳнинг «Муснад» асарларида ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ўз аксини топган: «Қиёмат махлуқотларнинг энг ёмони ва разилларига юз беради».
Дажжол ва Ийсо алайҳиссалом чиққанидан кейин Яман тарафдан майин бир шамол эсиб, ер юзидаги барча мусулмонлар вафот этади ва фақат кофирлар қолади. Улар ер юзида худди махлуқлар каби ҳаёт кечиришади.
Бу ерда охирги замонга келиб ер юзида мусулмон инсон қолмас-лиги, балки ер юзида фақат кофирлар қолиши айтилмоқда. Бироқ «Умматимнинг барчаси адашиб кетмайди», деган мазмундаги ҳадис борку? Бу икки ҳадис орқасида қарама-қаршилик юзага келиб қолмадими?
Жавоб: Уббий раҳматуллоҳи алайҳ бунга шундай жавоб берган: «Умматнинг тўлалигича муртад бўлиб кетиши бошқа нарса, умматнинг тугаши бошқа нарса. Мазкур ҳадисда умматни тугаши зикр қилинмокда. Яъни мусулмон уммат ва Ислом динига тегишли барча нарса ердан кўтарилади. Бу ерда фақат муртадлар ва кофирлар қолади. Шундан сўнг уларнинг устига Қиёмат бошланади».
Ҳадисда «ерда», деган сўз келди. Яъни ер юзида Аллоҳ таолони зикр қиладиган одам қолмайди. Бироқ осмонларда Аллоҳ таолони зикр қиладиган фаришталар қолади. Шунинг учун ҳам мазкур ҳадисда ерда Аллоҳни зикр қилувчи қолмайди, деб махсус тарзда «ер» сўз зикр қилинди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ, Аллоҳ», дейдиган бирор кишига Қиёмат бўлмайди», дедилар».

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase