close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қабристонда Қуръон тиловат қилиш

Бизга маълумки, ота-боболаримиз ўтганларга атаб Қуръон тиловат қилиш, турли хайр садақотлар бериб ундан ҳосил бўлган савобни маййитга бағишлаш борасида олдинлари ихтилофсиз амал қилиб келганлар.

Бизга маълумки, ота-боболаримиз ўтганларга атаб Қуръон тиловат қилиш, турли хайр садақотлар бериб ундан ҳосил бўлган савобни маййитга бағишлаш борасида олдинлари ихтилофсиз амал қилиб келганлар.

Маййитни дафн қилгач қабристонда Қуръон тиловат қилиш хусусан Мулк сурасини ўқиб савобини маййитга бахшида этиш каби ишлар ҳам бизнинг диёрларда урф бўлиб келган. Афсуски, охирги пайтларда бу масала кўтарилиб, баъзи кишилар "бу иш шариатга зид, чунки, бу борада динимизда ҳеч қандай кўрсатма келмаган” десалар, бошқалари "бу ерда Қуръон тиловат қилиняпти, Қуръон Аллоҳнинг каломи, динимизнинг асосий манбаси бўлса, қолаверса шу вақтгача ота-боболаримиз бу амални бажариб келган, нега энди бугунга келиб ножоиз бўлади”? каби саволлар билан турли давраларда, ижтимоий тармоқларда тортишувларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу мақсадда масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз. Аввало, мавзуга киришишдан олдин шуни айтиб қўйишимиз зарурки, ўрганилаётган масаламиз фарз, вожиб ёки суннат эмас, балки мустаҳабдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай
деганлар:
“Банда вафот этганда унинг учта амалидан бошқа амаллари кесилади. Садақаи жория, манфаат берадиган илм ва унга дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд”.
Мазкур ҳадиснинг охирги қисмига назар солсак у ерда фарзанд отаси ёки онасининг ҳаққига дуо қилиши зикр қилинган. Бу эса фарзанд намоздан кейин дуо қиладими ёки бирор солиҳ амал қилиб кетидан дуо қиладими ҳар иккиси ҳам ҳадисга мувофиқ йўл ҳисобланаверишини англатади. Қуръон тиловати эса солиҳ амалларнинг гултожи, десак муболаға бўлмайди.
Айнан қабристонда Қуръон ўқиб маййитлар ҳаққига бағишлаш борасидаҳам бир қанча кўрсатмалар келган. Жумладан имом Суютийнинг "Шарҳус Судури бишарҳи ҳолил мавта вал қубури" номли китобларида қуйида-гича келади:
Абул Қосим Саъд ибн Алий аз-Занжоний ўзларининг "Фавоид”ларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни келтирганлар. Абу Хурайра розияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким қабристонга кириб сўнг Фотиҳа ва "Кул ҳувал Аллоҳу Аҳад"ни ҳамда "Ал-ҳаакумут Такасур" сураларини ўқиб ортидан "Ўзингни каломингдан ўқи-ганларимни савобини қабристондаги барча мўмин ва мўминаларга бағишладим" деса, Аллоҳга у хусусида шафоатчи бўлишади", дедилар.
Замонамизнинг етук олимларидан Юсуф Қаразовий ҳафизаҳуллоҳдан бу масала хусусида сўралганда: “Албатта, Қуръонўқиб савобиниўтганларга бағшилаш ёки қабристонда Қуръон тиловат қилиб маййитлар ҳаққига дуо қилиш бу мустаҳаб амал эканлигига Моликийлардан бошқа жумҳур фақиҳлар иттифоқ қилишган ва кувватли гап ҳам шу” деб, жавоб берганлар.
Зеро, бунга етарлича далиллар ҳам бор.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон маййитнинг дафнидан фориғ бўлсалар, унинг (қабри) устида туриб:
“Биродарингиз учун истиғфор айтинг. Унга сабот сўранг. Чунки ҳозиру сўралади", дер эдилар".
Абу Муҳаммад Ас-Самарқандий раҳимаҳуллоҳ "Ихлос" сурасининг фазилатлари китобида Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтирадилар:
"Ким қабристонга кириб, “Кул ҳуваллоҳу аҳад"ни ўн бир марта ўқиб, савобини маййитларга бағишласа,унга маййитлар ададича савоб берилади".
Машҳур Ҳанафий олим Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ улуғ тобеин имом Шаъбийнинг қуйидаги сўзларини келтирган:
Имом Шаъбий айтади: “Ансорлардан агар бирорталари ўлса, унинг қабрига навбат билан қатнаб,у ерда Қуръон тиловат қилар эдилар"
Имом Зайлаъий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким қабристонга кирганда «Ёсин сурасини қироат қилса, Аллоҳўша куниуларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги маййитлар ададича ҳасанотлар бўлади”, деганлар.
Ҳанбалийлардан бўлган"Ҳалол” китобининг соҳиби Абу Бакр Абдулазиз Ҳанбалий ривоят қилган ҳадисда қуйидагича келган:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким қабристонга кириб «Ёсин» сурасини ўқиса, Аллоҳ таоло у ердагилардан азобни енгиллатади вау ердагилар ададича ҳасанот ёзади», дедилар".
Уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилишга Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу қилган қуйидаги ривоятни ҳам далил қилиб келтиришади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр олдидан ўтаётиб: «Бу икки қабрдагилар азобланишмоқда. Уларни азобланиши катта бўлмаган нарсадандир. Улардан бири чақимчилик қилиб юрар иккинчиси эса сийдигидан ўзини тўсмас эди, дедилар-да, ҳўл новдани олиб иккига бўлиб, ҳар бирини алоҳида қабрга суқдилар. Кейин шоядки булардан азоб енгиллатилса», дедилар" (Ибн Можа ривоят қилган).
Имом Нававий «Саҳиҳ Муслим» китоби шарҳида: «Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу юқорида келтирилган ҳадисга асосан мустаҳабдир, дейишган. Дарахт шохининг тасбеҳи билан азоб енгил бўлгач, Қуръон тиловати билан азобни енгиллашиши янада аниқроқдир", деган.
Умму Афиф Наҳдийядан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилинганида, биз аёллар ҳам байъат қилдик. Ўша байъатда эркаклар фақат маҳрамлари билан гаплашишига ва ўликларимизга "Фотиҳа" сурасини ўқишга буюрдилар" (Табароний ривоят қилган).
Саҳобалар даврида ҳам қабрлар олдида Қуръон қироат қилиш одати бўлганига Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўзи вафот этганда, дафн қилинганидан сўнг "Бақара” сурасидан қироат қилишни васият қилганларини кўрсатиш мумкин. Бунга, Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ва Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ томонларидан у зотнинг бундай деган гаплари ҳам нақл қилинган:
Қачон сизлардан бирингиз вафот этса, уни ушлаб турманглар, қабрига тезда олиб боринглар. Бош томонида "Бақара"нинг аввалини, оёқ тарафида эса “Бақара"нинг хотима қисмини қироат қилсин".
Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ: 'Тарчи бу борада келган ҳадислар заиф бўлсада, лекин, умумий маънода уларнинг асли бор эканлигига далолат қилади", деганлар.
Ушбу масалада мазҳаб уламоларининг сўзлари
"Оламгирия" китобида ҳанафий олимларининг келтиришларича: "Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча муддатда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир”. Муҳаммад ибн Ҳасан: "Ҳанафий мазҳаби машойихлари мана шу сўзни олишган”, дедилар.
"Мухтор қавлга биноан, қабр олдида қироат қилиш учун ўтириш макруҳ эмас" (Нурул изоҳ) "Ҳанафий фақиҳлардан Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ "Шарҳул лубоб"дан нақл қилиб айтадики, Фотиҳа, Бақаранинг аввалидан "муфлиҳун"гача ва "Оятал курси" ва "Ааманар расул" ва "Ёсин" ва "Мулк", "Такосур", ва "Ихлос" ни ўн икки марта ёки ўн бир марта ёки етти марта ёхуд уч марта муяссар бўлганича ўқийди"
"Гарчи Моликийлар қабр олдида қироат қилиш-ни макруҳ деб билсаларда, мутааххир уламолари бунда зарар йўқ деб билганлар"
Моликийларнинг катта уламоларидан имом ад-Дардийр айтадилар: “Мутааххирлар маййит учун қироат қилиш, зикр қилиш ва унинг савобини маййитга бағишлашнинг зарари йўқ ва бунинг учун ажрга эга бўлинади иншааллоҳ, дейдилар". Лекин, имом ад-Дусуқий мутлақ кароҳатни устун қўйганлар.
Шофеий фақиҳлардан имом Ал-Қалюбий айтадилар: "Салафлардан ворид бўлишича, кимки "Ихлос" сурасини ўн бир марта ўқиб савобини маййитларга бағишласа, у ердаги маййитларнинг ададича гуноҳлари мағфират қилинади".
Ҳанбалий фақиҳларидан имом Ибн Қудома нақл қиладилар: Бир жамоа муҳаддисларнинг ривоят қилишича, Имом Аҳмад маййитнинг олдида тиловат қилган кўзи ожиз кишини бундан қайтариб, «Эй фалончи! Қабр олдидаги қироат бидъатдир», деди. Шунда Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга: «Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир Ҳалабий хусусида фикрингиз қандай?» дегандилар, имоми Аҳмад: «У ишончли», дедилар. Муҳаммад ибн Қудома айтдилар: «Мубашшир Абдураҳмон ибн Алодан у эса отасидан ривоят қилади. Отаси васият қилиб: «Агар дафн қилсангиз маййитнинг бошида «Бақара» сурасини боши ва охирини ўқинглар. Чунки мен Ибн Умарнинг мана шундай васият қилганларини эшитганман», дедилар. Шунда имоми Аҳмад: «Бориб ҳалиги кишига айт, тиловат қилаверсин», дедилар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга хоҳ у узоқда бўлсин ёки яқинда савоби етганидек, қаерда ўқилса ҳам жоиз ва савоблидир. Хоҳ у қабристонда бўлсин ёки бошқа жойда. Аллоҳнинг изни билан савоби маййитга етиб бораверади. Хусусан, қори қироати савобини маййитга бағишласа.
Машҳур Ҳанафий олим Мулла Али Қорий ўзларининг "Мирқотул мафотиҳ" китобларида қуйидагиларни келтирган: Мусулмонлар ҳар даврда ва ҳар жойда маййитларига ҳеч қандай инкорсиз Қуръон тиловат қилиб келдилар ва бу авлоддан авлодга, салафдан халафга ўтиб келаётган амалий ижмодир. Албатта, истиғфор, дуо, садақа, ҳаж ва қул озод қилишда маййитга манфаат бўлиб, савоби унга етиб туради. Қабр олдида Қуръон тиловат қилиш эса мустаҳаб амалдир. Тавфиқ Аллоҳдан.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase