Аллоҳ таолонинг фаришталарига бундай имон келтирамиз: “Фаришталар Аллоҳ таолонинг мукаррам бандаларидир. Аллоҳ таоло уларга нимани буюрса, шуни қилишади. Аллоҳ таолога исён қилишмайди. Улар маъсумдирлар. Уларда эркаклик-аёллик сифатлари йўқ”. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни “қизлар” дедилар. Ё уларни (фаришталарни) яратишга гувоҳ бўлганми улар?! Уларнинг бу “гувоҳ”ликлари, албатта, ёзилур ва улар (қиёмат кунида) сўроқ қилинурлар» (Зухруф сураси, 19-оят).
“(Аллоҳ) ўғилларни қўйиб, қизларни танлабдими?! (Эй Макка аҳли!) Сизларга нима бўлди?! Қандай ҳам (ноҳақ) ҳукм чиқармоқдасиз?!” (Соффот сураси, 153-154-оят).
“Жавоҳирул усул” номли китобда бундай зикр этилади: “Фаришталарга жаннат неъматларидан насиба йўқ. Улар Аллоҳ таолони кўришдан бенасибдир”. Қунавийнинг “Умдатун Насафий” шарҳида ҳам ана шундай дейилган. У китобларда фаришталарнинг турли шаклларга кира олувчи латиф бир жисми, иккитадан, учтадан, тўрттадан қанотлари бўлиши зикр этилган. Уларнинг кўпчилигининг маскани - осмонлардир.
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан