Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг...» (Ҳужурот сураси, 2-оят) нозил бўлганда, Собит ибн Қайс: «Мен дўзахий эканман», деб уйида ўтириб олди. Собит ибн Қайс Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдига бормай қўйди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муъоздан: «Эй Абу Амр! Собитга нима бўлди, касалми?» деб сўрадилар. Саъд: «У қўшним бўлади. Уни касал бўлганини билмадим», деди. Саъд уни олдига келиб, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини айтиб берди. Собит: «Бу оят нозил қилинди. Сизларга маълумки. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан орангизда овози энг баланди менман. Мен дўзахийман», деди. Саъд буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоху-алайҳи васаллам: «Йўқ, у жаннатийлардан», дедилар».
Шарҳ:
Собит розияллоҳу анҳу: «Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг» (Ҳужурот сураси, 2-оят) ояти нозил бўлганидан кейин уйдан чиқмай қўйди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисида иштирок этмай кўйди. Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳу ансорийлар ичидаги машҳур хатиблардан бўлган. Унинг овози табиатан баланд бўлган. Мазкур оятда кимнинг овози Набий алайҳиссаломнинг овозидан баланд бўлса яхши амали йўқ бўлиб кетиши баён қилинди. Собит ибн Қайснинг илоҳий ишқи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббати хавфга солиб, хаёли паришон бўлиб қолди. Аслида, тақиқ ўзидан олдинги амалларга таъсир қилмайди. Яъни ҳали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида баланд овозда гапириш ҳаромлиги баён қилинмаган эди. Шундай бўлса-да, Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу муҳаббатнинг зўридан мазкур оятни эшитгач юраги сиқилиб қолди.
Имом Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ: «...ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата(Йўқ бўлиб кетиши, ҳавога совурилиб кетиши.) бўлиб қолмасин...» (Ҳужурот сураси, 2-оят) оятини гуноҳи кабира сабабли амаллар буткул ҳабата бўлиб, киши иймондан ажралиб қолишига далил қилган. Аҳли сунна вал жамоа олимлари бунга жавоб ўлароқ айтадиларки, ушбу оятда иккита нарса тилга олинган: биринчиси, овозини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам овозидан кўтариш. Бу гуноҳи кабира. Иккинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказиш. Бу куфр ҳисобланади. Мазкур оятдаги амалларнинг ҳабата бўлиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан азият етказган кишиларга тегишли. Бундан гуноҳи кабира қилган кишининг амаллари ҳабата бўлади, деган маъно келиб чиқмайди. Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу мазкур оятни, Набий алайҳиссаломнинг овозларидан овозни кўтариш гуноҳи кабира деб тушуниб, ўзини дўзахийлардан ҳисоблаб олди. Лекин бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказиш ҳисобланади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳунинг илоҳий муҳаббати ва ошиқлиги сабабли уни жаннатий инсонлардан эканининг башоратини бердилар. Аллоҳ таолодан хавф қилишнинг улкан неъмат эканлигига қаранг! Саҳобаи киромларга ораларида юрган жаннатий инсон маълум қилинган.
(иштака) сўзидан олдин сўроқ ҳамзаси тушириб қолдирилган, яъни (а иштака) «Мажлисга келмаганига қараганда, Собит касал бўлиб қолдими?» Бу ердан Расули акрам алайҳиссалом саҳобаи киромларнинг ҳолидан шахсан хабардор бўлиб турганлари маълум бўлади. Бугунги кунда ҳам мадрасадаги талабаларнинг келди-кеттисини доимо назоратда ушлаш кераклиги келиб чиқади.
Уламоларни таъкидлашларича, ҳозирги кунда ҳам Расули акрам алайҳиссаломнинг муборак қабрларини зиёратига борганда ҳам у ерда баланд овозда гапирмаслик кераклиги келиб чиқади. Шунингдек, Расули акрам алайҳиссаломнинг ҳадисларидан дарс бўладиган халқаларда ҳам овозни баланд кўтармаслик керак бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари тирикликларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам умматга шарт ҳисобланади.
Савол: Мазкур оят ҳижрий 9-йилда Ақраъ ибн Ҳобис ва унинг шериклари борасида нозил бўлган. Саъд ибн Муъоз ҳижрий бешинчи йилда шаҳид бўлган. Ҳижрий тўққизинчи йилда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Муъоз розияллоҳу анҳудан савол сўрашлари қандай бўлиши мумкин?
Жавоб: Юқоридаги ҳадисда Саъд ибн Муъознинг келтирилиши-да алоҳида баҳс бор. Аслида, саҳиҳ ривоятга кўра у Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу бўлганлар. Уни Саъд ибн Убода эканига далил. у ҳаётда Собит розияллоҳу анҳунинг қўшниси бўлган ва иккисининг қабиласи ҳам бир бўлган. Саъд ибн Убода ҳижрий 15 йил Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик замонасида вафот этган. Саъд ибн Муъоз эса Авс қабиласидан бўлиб, ҳижрий бешинчи йили вафот этган. Шунинг учун Ибн Мунзир ўзининг тафсирга бағишланган асарида мазкур ҳадисни «Саъд ибн Убода: «Эй Аллоҳнинг Расули қўшним бўлади», деди» тарзида ривоят қилган.
Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ Саъд ибн Муъознинг исми келтирилган ҳадисни биринчи келтириб, кетидан учта унинг исми зикр қилинмаган ривоятларни қайд қилди. Бу билан Имом Муслим биринчи ҳадисга нисбатан эътирозни ўртага қўйиб, кейинги ривоятлар орқали уни ҳал қилмокда. Бу ҳам Имом Муслимнинг ўткир назар соҳиби эканига далолат қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан юқоридаги ҳадис бироз фарқ билан ривоят қилинади: «Собит ибн Қайс ибн Шаммос ансорларнинг хатиби эди. Бу оят нозил бўлгач...» Унинг ҳадисида Саъд ибн Муъознинг зикри келмаган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг» (Ҳужурот сураси, 2-оят) ояти нозил бўлгач...» Ҳадисда Саъд ибн Муъозни зикр қилмади.
Бу юқоридаги ҳадиснинг бошқа санад билан қилинган ривояти бўлиб, унинг охирида Анас розияллоҳу анҳу бундай деган: «Биз уни орамиздаги жаннатий киши, деб билар эдик».
Ҳикматуллоҳ Абиев, Абдуллатиф Аллоқулов, Ойбек Ҳошимов, Маҳмуджон Абдураҳимов
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан