Аллоҳ таоло бандаларга тоқатлари етадиган нарсаларнигина буюрган. Улар ҳам Аллоҳ буюрганидан ортиғига қодир бўлолмайдилар.
«Лаа ҳавла валаа куввата иллаа биллааҳ(ил-ъалиййил-ъазийм)»(Ҳеч кимда Аллоҳга маъсият қилишдан Аллоҳнинг сақлашидан бошқа ҳеч қандай куч-қудрат ва чора-тадбир йўқ. Шунингдек, ҳеч кимда Аллоҳга итоат қилишда Аллоҳнинг кўмагидан бошқа ҳеч қандай куч-қудрат йўқ. Шундай экан банда гуноҳ-маъсиятдан сақланишда Аллоҳнинг сақлашига ва тоатларда муваффақ қилишига ўзини муҳтож деб билиши керак. Шунинг учун ҳам мазкур калима “жаннат хазиналаридан” бири экани таъкидланган.) калимасининг маъноси шудир.
Шарҳ: Бандани бирор нарсага тоқати етишини ёки етмаслигини ҳам, унинг тоқати етишига ёки тоқати етмаслиги учун сабабларни ҳам Аллоҳ яратган. Шундай экан банда ўзини Аллоҳнинг олдида фақиру ҳақирлигини билсин ва барча куч-қудрат фақат Аллоҳдан эканлигига таслим бўлсин.
Бунга далил:
«Аллоҳ таоло бирон кимсага унинг тоқатидан ташқари бўлган нарсани юкламайди...»(Бақара сураси, 286-оят.)
«... Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди... »(Бақара сураси, 185-оят.)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умматимдан хатолар, эсдан чиқцан ишлар ва мажбур цилинганлик кўтарилди (маъзур кўрилди)”, дедилар»(Сунани Ибн Можа, “Талоқ” боби, 2040.).
Биз бу ҳақда шундай деймиз: «Аллоҳга маъсият қилишдан ҳеч ким ўзича на чора-тадбир билан, на бирор ҳаракат билан қутула олади. Фақат Аллоҳ ёрдами билангина бунга эришиш мумкин. Шунингдек, Аллоҳга итоат этиш ва тоат-ибодатда бардавом бўлиш учун ҳам банда учун Аллоҳ таоло муваффақ қилишидан бошқа қувват йўқдир».
Шарҳ: Муваффақ қилиш (тавфиқ) ва ҳидоят куч-қудрат сингари кўзга кўринмаса-да, у банданинг ҳаётида энг аҳамиятли нарсалардан биридир. У банданинг жаннатга ёки дўзахга тушишига сабаб бўлади. Тавфиқ ҳам фақат Аллоҳдандир, У сиз ҳеч ким ҳидоят топа олмайди.
Бунга далил:
Имом Бухорий Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳар бир саноатчи вауларнинг ижодини Аллоҳ яратади», деганлар(Саҳиҳул-Бухорий, “Бандаларнинг амалларини яратиш” боби.).
Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши, илми, қазо ва қадари билан амалга ошади.
Бунга далил:
«Ғайб (яширин ишлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир»(Анъом сураси, 59-оят.).
Аллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан устундир, Унинг қазо ва қадари эса барча чора-тадбирлар устидан ғолибдир.
Бунга далил:
«Сизлар фақат (бутун) оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар»(Таквир сураси, 29-оят.).
«... ва истаган нарсасини амалга оширувчидир»(Буруж сураси, 16-оят.).
У Зот хоҳлаган ишини қилади. У Зот зинҳор зулм қилувчи эмасдир.
Бунга далил:
«...Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур!»(Ҳаж сураси, 18-оят.).
«...Раббингиз бандаларга зулм қилувчи эмасдир»(Фуссилат сураси, 46-оят.).
У ҳар қандай ёмонлик ва ҳалокатдан олийдир, барча айбу нуқсонлардан покдир(Баъзи нусхаларда шу жумла тушиб қолган.).
У ўзи қиладиган бирор нарса ҳақида жавобгар эмас, балки улар (бандалар Аллоҳнинг олдида) жавобгардирлар»(Анбиё сураси, 23-оят.).
«У - Аллоҳ, шундай зотдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) яширин ва ошкора нарсаларни би-лувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир. У - Аллоҳ, шундай зотдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) пок, (бандаларига) омонлик берувчи, кузатиб турувчи, қудрат соҳиби, бўйин сундирувчи ва кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир. У - Аллоҳ, яратувчи, (йўқдан) бор қилувчи, (барча нарсага) сурат (ва шакл) берувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир»(Ҳашр сураси, 22-24-оятлар.).
Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга фойда бордир.
Шарҳ: Аҳли сунна вал-жамоа ўлганлар тирикларнинг қилган амалидан икки йўл билан манфаат олишларига иттифоқ қилганлар. Биринчиси, ўлган одам тириклигида қилиб кетган амалидан фойда олади. Бу садақаи жория бўлиб, кўпчиликка нафи тегувчи ишлар киради. Масалан, илм тарқатиш, касалхона қуриш, мусулмонлар учун фойдали ихтиролар қилиш кабилар ана шулар жумласидандир. Иккинчиси, мусулмонлар ўлган одамнинг ҳаққига дуо қилса, истиғфор айтса, унинг номидан садақа ва ҳаж каби амаллар қилса, ўлган одамга бу ишлардан манфаат етади.
«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: "Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтганларни мағфират қилгин...»(Ҳашр сураси, 10-оят.)
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиниб бўлинганидан кейин устида туриб: “Биродарингиз ҳаққига истигфор айтинглар ва унга собитлик сўранглар. Чунки у уозир сўроқ қилинади”, дедилар»(Сунани Абу Ловуб, “Жанозалар” боби, 3221.).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Аллоҳнинг Расули, онам тўсатдан вафот этди. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садака қилсам унга ажри (савоб) бўладими?” деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ха!” деб жавоб бердилар»(Саҳиҳул-Бухорий, “Жанозалар” боби, 1388; Саҳиҳи Муслим, “Закот” боби, 2326.).
Аллоҳ таоло дуоларни ижобат, ҳожатларни раво қилади.
Шарҳ: Уламолар дуо фойдани жалб қилиши ва зарарни кетказишдаги энг кучли сабаблардан бири эканига иттифоқ қилганлар. Аллоҳ таоло ҳар қандай бандасининг дуосини ижобат қилади, ризқ ва ёрдам билан сўраганини беради ҳамда ҳожатларини раво қилади.
Бунга далил:
«Сиздан (эй Муҳаммад), бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман...»(Бақара сураси, 186-оят.).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раббимиз таборака ва таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири цолганида дунё осмонига “тушади” ва: “Ким Менга дуо циладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Менунга бсрсам, ким Менга истигфор айтадики, Мен уни магфират қилсам”, дейди”, дедилар»(Саҳиҳул-Бухорий, “Дуолар” боби, 6321, “Таҳажжуд” боби, 1145, Тавҳид боби, 7494; Саҳиҳи Муслим, “Мусофирлар намози ва уни Қаср қилиш боби, 1772, Аҳмад ибн Ҳанбал, ал-Муснад, 7592, 10313.).
Абдулҳамид Зайриевнинг
"Таҳовийнинг матнлари таржима ва шарҳи" китобидан