«Кўринмайдиган нажосатларни поклашнинг йўли шуки, ювувчи уни пок бўлди, деб ғолиб гумон қилгунича ювилади». Чунки нажосатни кетказиш учун такрор зарурийдир. Лекин бу билан нажосатнинг кетгани аниқ бўлмайди. Шунинг учун қиблани аниқлаш масаласидаги каби, ғолиби гумон эътиборга олинади. Уламолар (ғолиби гумонни) уч марта ювиш билан белгиладилар. Чунки ғолиби гумон мана шу адад билан ҳосил бўлади. Енгиллик мақсадида зоҳир сабаб (яъни уч марта ювиш) ғолиби гумон ўрнига қўйилади. Уйқудан уйғонган киши борасидаги ҳадис ҳам буни қувватлайди.
«Зоҳирур ривоя»га мувофиқ ҳар бир ювишда кийимни сиқиш лозим бўлади. Чунки сиқиш кўринмайдиган нажосатни чиқарувчи ҳисобланади.
Шарҳ: Ушбу ибораларда кўринмайдиган нажосатларни поклашнинг йўли баён қилинмокда. Бу турдаги нажосатлар кийимга текканда, ювувчи уни пок бўлди, деб ғолиб гумон қилгунича ювади. Бунга далил шуки, нажосат кийимдан чиқиб кетиши учун ювишни такрорлаш зарур. Чунки у кўринмайдиган бўлгани учун унинг жузлари кийимдан кетганига ишонч ҳосил қилиш керак. Бунинг учун эса ғолиби гумон эътиборга олинади. Масалан, қиблани аниқлашда иккиланган одам ҳам ғолиби гумонга суянади. Ҳатто қиблани таҳаррий қилиб намоз ўқигандан сўнг бошқа тарафнинг қибла экани аниқ бўлса ҳам, намозни қайтармайди. Бу нарса ғолиби гумоннинг яқиний (аниқ) нарса ўрнига қоим бўлишига далолат қилади.
«Ҳидоя» соҳиби уламолар бу ўриндаги ғолиби гумонни уч марта ювиш билан белгилаганларини зикр қилди. Чунки уч марта ювиш билан ғолиб гумон ҳосил бўлади. Инсонларга осон бўлиши учун зоҳир сабаб бўлмиш уч марта ювиш ғолиби гумон ўрнига қўйилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйқудан уйғонган киши борасидаги қуйидаги ҳадиси шарифлари ҳам буни қувватлайди:
«Сизлардан бирингиз уйқусидан уйғонса, то қўлини уч марта ювмагунча идишга киритмасин. Чунки қўли қаерда тунаганини у билмайди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадисда эҳтимолий нажосат сабабидан уч марта ювишга ҳукм қилдилар. Шундай экан, теккани аниқ бўлган нажосатни уч марта ювиш мутлақо зарур бўлади.
«Зоҳирур ривоя»га кўра кўринмайдиган нажосатларни ювган вақтда ҳар сафар сиқиш вожиб бўлади. Чунки сиқиш билан нажосат кийим таркибидан чиқиб кетади.
«Зоҳирур ривоя»дан бошқа ривоятларда Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан учинчи ювишда сиқиш кифоя қилади, деб айтилган.
"Ҳидоя шарҳи" китобидан