close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ғасб ҳақида

“Ғасб” сўзи луғатда бир нарсани куч ишлатиб, зулм билан тортиб олишга айтилади. Шаръий истилоҳда шариатда мол ҳисобланадиган нарсани эгасининг руҳсатисиз қўлидан очиқ-ойдин ҳолатда, тасарруф имконини бермайдиган қилиб, муҳтарам(Мусулмонларни, мусулмон юртдаги зиммийларни ва сулҳ қилинган бошқа юртдаги ғайридинларнинг моллари "муҳтарам” мол ҳисобланади.) ва мутақоввам молни зулм билан тортиб олишни тушунилади.

“Ғасб” сўзи луғатда бир нарсани куч ишлатиб, зулм билан тортиб олишга айтилади. Шаръий истилоҳда шариатда мол ҳисобланадиган нарсани эгасининг руҳсатисиз қўлидан очиқ-ойдин ҳолатда, тасарруф имконини бермайдиган қилиб, муҳтарам(Мусулмонларни, мусулмон юртдаги зиммийларни ва сулҳ қилинган бошқа юртдаги ғайридинларнинг моллари "муҳтарам” мол ҳисобланади.) ва мутақоввам молни зулм билан тортиб олишни тушунилади.
Кўчмас молда тортиб олиш йўқ, яъни бундай мол тортиб олган золим қўлида турганида табиий офат сабабли нобуд бўлса, тўлаб берилмайди. Бироқ у ўз қўли билан зарар етказса, тўлайди.
Бировнинг қулини эгасидан рухсатсиз ишлатиш ҳам ғасбдир. Бировнинг уловини изн бермаса, уни миниш ҳам ғасбдир. Аммо бировнинг гиламига ўтириб олиш ғасб эмас, чунки эгаси уни тасарруф қилиш имконига эгадир.
Бировнинг мулкини тортиб олган киши қаттиқ гуноҳкор бўлади. Тортиб олинган мол турган бўлса, дарҳол эгасига қайтариб бериш керак. Агар нобуд бўлган бўлса, товон тўлаш лозим бўлади.
Нобуд бўлган ўхшаши бор нарса, бири иккинчисига жуда ўхшаш бўлган нарса ўрнига ўзига ўхшаган нарса, масалан, буғдой ўрнига буғдой, шакар ўрнига шакар, пул ўрнига пул қайтарилади. Агар ўзига ўхшагани топилмаса, низога берилган кундаги қиймати тўланади. Агар нобуд бўлган нарса ўхшаши йўқ нарса бўлса, уни тортиб олинган кундаги қиймати тўланади. Мисол учун, хўл мевани ғасб қилиб еб юборган бўлса, хусуматлашаётган пайтда ҳўл мева мавсуми чиқиб кетган бўлса, ўша кундаги нархи билан қийматини тўлайди. Тафовути бор ададий нарсага ўхшаш мислий бўлмаган нарсада қиймати тўланади.
Тортиб олувчи «мол нобуд бўлган» деб даъво қилса ва молнинг айнан ўзини топиш эҳтимоли мавжуд бўлса, «айнан ўзини топасан» деб қамаб қўйилади. Қанча муддатга қамаб қўйиш қозининг ихтиёрида. Чунки у осонгина бадал тўлаб қутулмоқчи ва нодир нарсани ўзиники қилиб олмоқчи бўлиши мумкин. Аммо қамоқда ҳам ўз даъвосидан қайтмайдиган бўлса, қози унинг гапига ишонч ҳосил қилгач, молнинг бадалини тўлаши ҳақида ҳукм чиқаради.
Молнинг бадалини тўлаш пайтида тортиб олувчи одам молнинг «нархи 1000 сўм» эди деса ва эгаси мол нархининг бундан ортиқ эканини исботлай олмаса, қасам ичирилади, сўнг тортиб олувчининг гапи ҳисобга олинади. Агар исботланса, тортиб олувчидан ўшанчаси ундирилади.
Молнинг бадали тортиб олувчининг гапига биноан тўланиб, молнинг эгаси бадални қўлига олганидан кейин, мол топилиб, қиймати тўланган бадалдан қимматроқ экани юзага чиқиб қолса, мол эгаси истаса молини олади, истаса, аввалги тўланган бадалга рози бўлиб қўяверади.
Агар молнинг бадали тортиб олувчининг гапига биноан тўланмаган бўлса, мол эгасининг қўлига олган бадалдан бошқа нарсани талаб қилишга ҳақи йўқ. Бу ҳолатда топилган мол тортиб олувчида қолади. Тортиб олувчи тортиб олинган нарсани, омонат сақловчи омонатни ижарага бериш ёки бошқа йўллар билан фойда топсалар, топган фойдаларини садақа қилиб юборишлари керак, илло тилла ёки кумуш эвазига деб унга ишора қилмаган бўлса ёки ишора қилиб бошқасини берган бўлса, садақа қилмайди.
Тортиб олган нарсасининг номини ёки бажарадиган вазифасини йўқотадиган даражада ўзгартириб юборса, масалан, қўйни сўйиб пишириб олса, чўян пақирдан қозон ясаб олса, бу нарса тортиб олувчининг мулкига айланади, бироқ эгасига ҳақини бермасдан олдин ундан фойдаланиши ҳалол бўлмайди.
Тортиб олинган нарса тортиб олувчининг аралашувисиз ўзи ўзгарган бўлса, узумнинг майизга айланиб қолиши каби, мол эгаси истаса, молнинг ўзини олади, истаса, бадалини олади.
Тортиб олинган тилла ва кумуш ҳар қандай ҳолда ҳам тортиб олинган тилла кўза, зирак, балдоқ ёки билагузукка айланиб кетса ҳам, эгасига ҳеч нарсасиз қайтариб берилади.
Агар тортиб олган кийимини йиртса, унинг баъзи қисмини йўқ қилса, шунингдек, кийимдан кўзланган мақсаднинг, масалан, исиниш, безаниш, авратни ёпиш каби фойдаларидан бири йўққа чиқса, кийимнинг эгаси истаса, унинг қийматини тўлатади, истаса, кийимни олиб қолиб, етказилган зарарга яраша пул ундиради. Агар етказилган зарар енгилгина бўлса, ўшанга яраша пул ундиради холос. Чунки бу ҳолатда молнинг нархи пасайгани билан, унинг вазифаларига халал етмайди. Кимки бировнинг ерига рухсатсиз уй қурса ёки дарахт экса, қурган ёки эккан нарсаларини кўчириб олиб, ерни ўз эгасига қайтариши керак. Агар ҳалиги нарсаларни кўчириб олиш, бузиш ернинг баҳосининг пасайишига сабаб бўлса, ер эгаси кўчирилиши керак бўлган нарсанинг қийматини тўлаб, олиб қолади.
Тортиб олинган кийимини бошқа рангга бўяб олган бўлса ва бу ранг кийимнинг баҳосини кўтарган бўлса, кийимнинг эгаси истаса, ўз кийимининг қийматини олади, истаса, бўялган кийимни олиб, бўяш туфайли қўшилган баҳони тортиб олувчига қайтариб беради.
Агар тортиб олувчининг бўяши туфайли кийимнинг нархи пасайган бўлса, кийимнинг эгаси истаса, ўз кийимининг қийматини олади, истаса, бўялган кийимни олиб, тортиб олувчига ҳеч нарса тўламайди.
Тортиб олинган нарсасини сотса ёки қулни озод қилса ва шундан кейин тортиб олгани учун бадал тўласа, қилган савдоси шаръий кучга кираверади. Аммо қулни озод қилиши шаръий кучга эга бўлмайди.
Тортиб олинган молда кейин пайдо бўлган нарсалар, хоҳ у ажратиб бўлмайдиган бўлсин, масалан, қўйнинг семириши, дарахтнинг ўсиши каби, хоҳ ажрайдиган бўлсин, қўйнинг қўзиси, дарахтнинг меваси каби, ўзи нобуд бўлса, тўлаб берилмайди. Чунки улар омонат ҳукмидадир. Тортиб олувчи сабабли нобуд бўлганда эса тўланади. Шунингдек, молнинг эгаси «молимни қайтиб бер» деб талаб қилганидан сўнг бермаган бўлса ҳам, тўлаб беради.
Мусулмоннинг ароғи, чўчқаси мол ҳисобланмагани учун ва тортиб олинган нарсадан кўрилган фойдалар, масалан, тортиб олинган отни мингани учун олинадиган ҳақлар тўлаб берилмайди.
Ким қулнинг кишанини ечиб юборса ёки қушнинг қафасини очиб юборса, зомин бўлмайди.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase