close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Иқрор ҳақида

“Иқрор” деганда бир одамнинг ўз бўйнида бошқанинг ҳақи борлигини тан олиши тушунилади. Иқрор - иқрор бўлувчи шахснинг ўзигагина ўтадиган ҳужжат.

“Иқрор” деганда бир одамнинг ўз бўйнида бошқанинг ҳақи борлигини тан олиши тушунилади. Иқрор - иқрор бўлувчи шахснинг ўзигагина ўтадиган ҳужжат.
Озод, ақлли ва балоғатга етган одамнинг иқрори шаръий кучга эга.
Иқрор бўлаётган шахс томонидан тан олинган нарсанинг жуда аниқ бўлиши шарт эмас. Масалан, Зокир Содиқнинг кўйлагини йиртиб қўйганини тан олди. Лекин у ушбу кўйлакнинг неча пул туришидан бехабар. Мана шу ҳолатда Зокирнинг “Содиқга битта кўйлак олиб беришим керак”, деб иқрор бўлиши учун унинг ҳалиги кўйлак нархидан хабардор бўлиши шарт эмас. Балки кўйлакнинг қандайлигини (рангини,узунлигини, қишки ёки ёзгилиги кабилар) айтиб берса, қолган ишларни қозининг ўзи ҳал этаверади.
Иқрор бўлаётган одам “фалончининг менда мана бунча ҳақи бор” деб маълум суммани айтгач, ҳақ эгаси “ундаги ҳақим кўпроқ эди”, деб даъво қилса, иқрор бўлаётган одамнинг сўзи (қасам ичганидан кейин) эътиборга олинади.
Аввало шахснинг соғлом пайтида зиммасига тушган қарзлари, шунингдек, ўлим тўшагида ётганда зиммасига тушган қарзлари (агар беморнинг бу қарздорлиги унинг иқрорисиз ҳам ёнидагиларга маълум ва равшан бўлса) тўланади. Кейин унинг ўлим тўшагида иқрор бўлган қарзлари тўланади. Мана шу айтилган уч хил қарзлар тўлангандан кейин ортиб қолган молни марҳумнинг меросхўрлари бўлишиб оладилар.
Ўлим тўшагида ётган одамнинг “қолдираётган молимдан аввало Аҳмаддаги қарзим, кейин Зокирдагиси тўлансин” деб ҳақдорларнинг бирини иккинчисидан устун қўйиши мумкин эмас. Балки ҳақдорлар у қолдираётган молдан ўз ҳақларини берган қарзлари улушига қараб (кўпроқ ҳақи бор одам кўпроқ, озроқ ҳақи бор одам озроқ олади) ундириб оладилар.
Ўлим тўшагидаги шахснинг меросхўрларидан бирининг фойдасига қилган иқрорига (масалан, “ўғлим Нодирдан 10000 сўм қарзим бор” дейиши каби) бошқа меросхўрлар ишонмасалар, бу иқрор шаръий кучга эга бўлмайди.
Ўлим тўшагидаги одам деганда, ўзининг шахсий юмушларини бажара олмай қолган, кўпинча ўлим билан якунланадиган касаллик билан хасталанган ва шу касаллик билан вафот этган шахс тушунилади. Агар шахсий юмушларини ўзи бажара олса ёки кўпинча ўлим билан якунланмайдиган касаллик билан хасталанган бўлса (шу касалликдан вафот этган тақдирда ҳам) ёхуд кўпинча ўлим билан якунланадиган хасталик бўлса ҳам, шифо топиб кетса, ўлим тўшагида ётган ҳисобланмайди. Шунга биноан унинг қилган ишлари соғ одамнинг ишидек қабул қилинади.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase