Баланд овозда қироат қилиш
Қуръонни овоз чиқариб қироат қилиш ва махфий (овозни пастроқ қилиб, ўзи эшитадиган даражада) ўқиш мустаҳабдир. Бу ҳақда жуда кўп ҳадислар ворид бўлган.
Қуръон билан дам солиш
Ибн Абу Довуд Абу Жуҳайфа(Ваҳб ибн Абдуллоҳ ибн Муслим Сувоий. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умрларининг охирида келиб саҳобий бўлган. У зотдан кейин Али (розияллоҳу анҳу) билан бирга бўлган. У киши халифалик вақтларида Куфа соқчиларига волий бўлган. Али (розияллоҳу анҳу) у кишини “Ваҳбул хайр”деб номлаган. Ҳижрий 74 йили вафотэтган.) (розияллоҳу анҳу)дан саҳобалар Қуръон билан дам солишни кароҳатли эканини ривоят қилган. Лекин ихтиёр этилган ҳукм шуки, бундай қилиш макруҳ эмас, балки суннатдир. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон уйқуга кетмоқчи бўлсалар, икки кафтларини жуфтлаб, Ихлос, Фалақ, Нос сураларини ўқиб, унга дам урардилар. Сўнг уларни бошлари, юзлари ва баданларининг олди томонидан бошлаб имконлари етгунича суртардилар. Буни уч маротаба қилардилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Илмсиз ҳолда тафсир қилиш
Илмсиз ҳолда Қуръонни тафсир қилиш ва унинг маънолари ҳақида гапириш ҳаромдир. Бу борада жуда кўп ҳадислар келган. Уламолар ҳам бунга ижмо қилишган.
Қироат одоблари
Ниятни тўғри қилиш. Бу одобларнинг энг аввалгиси бўлиб, юқорида айтиб ўтганимиздек, қори холис ниятли бўлиши керак. Қуръон ўқиш чоғида қалбан Аллоҳ таоло билан суҳбат қилаётганини ҳис этиши ва Аллоҳни кўриб тургандек, йўқса, Аллоҳ мени кўриб турибди, деган эътиқод билан тиловат қилиши лозим.