close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Даъво ҳақида

Қозининг олдида бировда ўзининг ҳақи борлиги тўғрисида хабар бериш даъводир. Мисол учун Содирнинг “Аҳмад мендан қарздор, унда менинг 10000 сўм ҳақим бор”, дейиши даъво ҳисобланади. Бу ҳолатда Содиқ даъвогар, Аҳмад эса даъво қилинган шахс ҳисобланади.

Қозининг олдида бировда ўзининг ҳақи борлиги тўғрисида хабар бериш даъводир. Мисол учун Содирнинг “Аҳмад мендан қарздор, унда менинг 10000 сўм ҳақим бор”, дейиши даъво ҳисобланади. Бу ҳолатда Содиқ даъвогар, Аҳмад эса даъво қилинган шахс ҳисобланади.
Одамлар орасидаги даъволар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Даъвогар далил келтириши керак, инкор қилувчи қасам ичиши керак”, деган ҳадиси шарифлари асосида ҳал этилади.
Даъвогар даъвосидан воз кечиши мумкин. Лекин даъво қилинган шахс ўзига нисбатан қилинган даъво юзасидан даъволашишга мажбурдир.
Даъво қилинаётган нарсанинг нималиги ва миқдори маълум бўлиши, шунингдек, агар у кўчма мол бўлса, даъво қилинаётган шахснинг қўлида ноҳақ турганлиги даъво қилувчи томонидан айтиб ўтилиши керак. Агар даъво қилинаётган нарса кўчмас мол бўлса, даъвогар унинг ўзига қарашли эканини ҳужжатдалил билан исботлаши керак.
Қози даъвонинг тўғрилигига амин бўлгач, даъво қилинаётган шахсни чақиртириб, унга даъвони эшиттиради. Агар даъво қилинаётган шахс даъвонинг тўғрилигига иқрор бўлса ёки уни инкор қилса, даъвогар ўз даъвосининг тўғрилигига далил-исбот келтиради ва қози шунга таяниб ҳукм чиқаради. Даъвогар далил-исбот келтира олмаса, унинг талаби билан даъвонинг нотўғрилиги ҳақида даъво қилинаётган шахс қасам ичади. Агар у қасам ичишдан бош тортса, даъвонинг тўғрилигини тан олган деб ҳисобланади ва қози шунга қараб ҳукм чиқаради.
Бир одам бошқасини ўғриликда айблаб, устидан қозига арз қилса-ю, даъвоси тўғрилигига далил-исбот келтира олмаса, қози айбдордан унинг беайблиги ҳақида қасам ичишини талаб қилади. Агар у қасам ичишдан бош тортса, ўғирланган нарсани тўлаб беради. Лекин ўғрилиги етарли даражада исбот қилинмагани учун, қўли кесилмайди.
Даъво қилинувчи мусулмон бўлса, “Аллоҳнинг номи билан қасам ичаман...”, дейди. Агар яҳудий бўлса, “Тавротни Мусога нозил қилган Аллоҳга қасам...” дейди. Агар насроний бўлса, “Инжилни Исога нозил қилган Аллоҳга қасам...” дейди. Оташпараст бўлса “оловни яратган Аллоҳга қасам...” дейди. Бутпараст бўлса, Аллоҳ номи билан қасам ичади (чунки бутпарастларнинг фикрича, бутлар уларни Аллоҳга яқинлаштирувчи восита, холос).
Қасам ичираётган қози одамларнинг урф-одатларидан яхши хабардор бўлиши ва қасам ичаётган шахснинг сўз ўйини қилишига йўл қўймаслиги шартдир.
Қасам ичиши керак бўлган шахс даъвогарга айтган нарсасини бериб ёки бирор нарсага келишиш орқали ўзидан қасам ичишни соқит қилиши мумкин. Чунки баъзи улуғ одамлар қасам ичишдан кўра, даъвогарга айтганини бериб қўяқолишни афзал биладилар.

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase