Умрига барака берилишини истаган банда кунлик ҳаётини Исломий ҳолда ўтказиши даркор. Бунинг учун эрта туриб, эрта ухлаш керак.
Мусулмоннинг куни тонг отиши - қуёш чиқишидан аввал бошланади ва шундагина бу тонг то тушгача уйқуларидан уйғонмаган бандаларнинг нафасларидан покланган тонгга айланади.
Демак, мусулмон банда кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унда барака беришини тилаб дуо қилганларидек эрта туришдан бошлайди. У зот айтганлар: “Аллоҳим, умматимнинг тонггига барака бергин”.
Ҳозирги кунда ўзларини мусулмонман дейдиганларнинг офати ўз кунларининг тартибини ўзгартирганликларидир. Улар бекорчи нарсалар билан тунларини бедор ўтказиб, кейин бомдод намозлари ўтиб кетгунча донг қотиб ухлайдилар. Салафлардан бири айтади: Бомдод намозини қуёш чиққандан кейин ўқийдиганларга қандай ризқ берилишига ҳайронман.
Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан бировинглар уйқусида давом этаверар экан, шайтон унинг гарданига учта тугун боғлайди. Ҳар тугунни боғларкан, ҳали тонг отишига узоқ, ухлайвер, дейди. Агар у уйқусидан уйғониб, Аллоҳни зикр қилса биринчи тугун ечилади. Туриб таҳорат олса иккинчиси ечилади, намозга турганида учинчиси ечилади ва у ғайратли, қалби пок инсонга айланади. Акс ҳолда, у нафси нопок, дангаса кимсага айланади”.
Ўзидан шайтон тугунларининг барчасини ечиб, кунини эрта тонгдан зикр, таҳорат, намоз билан бошлаб, кейин ҳаёт майдонига ғайрат, ҳуррамлик, қалби очиқ ҳолда чиққан мўмин билан бошида шайтон тугунлари бўлган, тушгача донг қотиб, хатокор, нафси нопок, дангаса ҳолда уйғонган кимсанинг орасида катта фарқ бордир.
Мусулмон кунини Аллоҳга итоат қилиш, унинг фарз, суннатларини бажариш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлиб қолган тонг дуосини ўқиш билан бошлар:
“Тонгга кирдик, мулк ҳам Аллоҳникидир. Ҳамд Аллоҳгадир, Унинг шериги йўқдир. Ундан Ўзга илоҳ йўқдир. Қайта тирилиш ҳам Унгадир”.
“Аллоҳим, менга ва бошқа бандаларингга келган неъмат Ёлғиз Сен томондандир. Сенинг шеригинг йўқдир. Ҳамд ҳам, шукр ҳам Сенгадир”.
Сўнгра маъноларини тушуниб, тадаббур ва хушуъ билан Қуръони Каримдан Аллоҳ таоло қодир қилганича ўқир.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилиш-лари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз Сизга нозил қилган бир муборак Китобдир”. (Сод сураси, 29-оят).
Нонуштадан сўнг тирикчилик, ризқ исташ учун ўзининг кунлик юмушига шошилади. У ҳар қанча бой-бадавлат, обрў-эътиборли бўлмасин ҳалол касб қилади.
Ислом судхўрликни ҳаром қилди. Судхўрлик ҳеч қандай иш, шериклик, саъй-ҳаракатсиз молнинг фоизини оширишдир. Демак, пул эгаси ҳеч қандай масъулиятсиз чордана қуриб ўтиради. Унинг юзи эса ўн баробар, мингги юз баробар бўлиб кўпаяверади. Бу эса Исломга зиддир. Чунки Аллоҳ инсонни ишласин, ерни обод қилсин деб яратди:
“...У сизларни Ердан пайдо қилиб, сизларга унда умр берди...”. (Ҳуд сураси, 61-оят).
Инсон ҳаётдан олганини унга бериши ҳам керакдир. Ҳар бир ишнинг натижаси бўлиши даркор. Демак у ҳатто Аллоҳга ибодат қилиш-ни даъво қилса ҳам, бекорчи бўлиб, ишламай еб-ичиб ўтиришга ҳаққи йўқдир. Зеро, Исломда роҳиблик йўқцир.
Байҳақий Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қилади: у киши айтди: Бу оламда энг ёмон нарса бекорчиликдир.
Бу айтилганлар ўзининг молини исроф қилиш ҳақида эди. Энди ўзганинг молини еб, унга эваз, бадал қайтармайдиганларнинг ҳоли не кечади?
Мусулмон инсон агар унинг нияти холис бўлса, бу нияти уни Аллоҳни зикр қилишдан тўсмаса дунёвий ишларини ҳам ибодат, жиҳод каби амал деб билади ва у ишларини мустаҳкам ва омонатдорлик билан бажаради. Зеро, ишни мустаҳкам қилиш мусулмон учун фарздир.
Ҳадисда: “Аллоҳ таоло қилаётган ишингларни пухта қилишингларни севади”, дейилган.
Мусулмон банда ҳар куни ёдида тутиши вожиб бўлган, бепарво бўлмаслиги лозим ишлардан яна бири жамиятга хизмат қилиш, кам таъминланган оилаларга ёрдам қўлини чўзиб, уларга кўмак бермоқдир. Бу ҳам бир садақадир.
Бухорий ва Муслим Абу Мусодан ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Садақа қилмоқ ҳар бир мусулмонга вожибдир”. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, агар у бунга қодир бўлмаса нима қилади, деб сўрашди. У зот: “Агар садақа қилгудек нарса топа олмаса қўли билан яхши иш қилади, шунда бу ишдан ўзи ҳам фойдаланади ва садақа қилишга ҳам қодир бўлади”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: Агар бунга қодир бўлмаса, нима қилади, дейишди. У зот: “Муҳтож, мазлумга ёрдам беради”, дедилар. Саҳобалар: Бунга ҳам қодир бўлмасачи, дейишди. У зот: “Одамларни яхшиликка буюради”, дедилар. Саҳобалар: Агар буни ҳам қила олмасачи, деб сўрашди. Шунда у зот: “Ўзини ёмонликдан қайтариб, ушлаб қолсин, зеро, бу ҳам садақадир”, деб жавоб бердилар.
Ана шу садақаларни қилиб, бўйнидаги солиқларни тўламоқлик ҳар бир мусулмон учун ҳар куни фарздир. Балки бу ишлар ҳадисда айтилганидек, инсон танасидаги ҳар бир бўғимнинг кунлик вожибидир. Мусулмон инсон мана шунда атрофидагиларни эзгуликлар, фойда ва омонликларга бурковчи чашмага айланади.
Кун ярмидан оғган пайтда муаззин пешин намозига азон айтади. Мусулмон банда у намозни аввалги вақтида ва жамоат билан адо қилишга шошилади. Зеро, намозни аввалги вақти Парвардигорни рози қиладиган вақтдир. Аллоҳ таоло эзгуликларга шошилишга буюрган. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоатга чиқмаётган қавмнинг уйларини ёқиб юбормоқчи бўлганлари ҳам ҳадис китобларида ривоят қилинган. Бундан ташқари жамоат намозининг савоби ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти баробар кўпдир. Хусусан у намоз масжидда ўқилган бўлса.
Кейин у куннинг ўртасида Аллоҳ ризқ қилиб берган ҳалол нарсалардан ҳазм қила олмайдиган даражада исроф қилмаган, қўлида йўқлигидан оби явғон билан кун кўрадиганлар каби ҳам бўлмаган ҳолда тановул қилади - тушлик қилади.
“Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни, тоза либосда бўлингиз) ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилгувчи кимсаларни севмас. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Оллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқни ким ҳаром қилди?!...”. (Аъроф сураси, 31-32-оятлар).
Иссиқ ўлкаларда, хусусан ёз фаслида баъзи одамлар тунги намозга бемалол бўлиш - эрта туриш учун дам олиш мақсадида қайлула - кундузги истироҳат қиладилар.
“...пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда...”. (Нур сураси, 58-оят).
Аср вақтида муаззин азон айтади. Азонни эшитар экан, сўзлаётган одам сўзини, ишлаёт-ган одам ишини ташлаб ана шу “ўрта намоз” деб аталмиш аср намозига шошилади. Мусулмон банда тижорат, ёки олди-сотди, ўйин-кулгу билан бўлиб бу аср намозидан мосуво бўлиши лозим эмасдир. Ундайларни Аллоҳ таоло Қуръонда сифатлаб айтади:
“У (масжидларда) эрта-ю кеч У Зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар (нажот топишга умидворлик ва ҳалокатдан қўрқув ўртасида) изтиробга тушиб қоладиган (Қиёмат) Кунидан қўрқурлар”. (Нур сураси, 36-37-оятлар).
Мусулмон банда аср намозини унга бепарво бўлиб, қуёш сарғайиб ботишга яқин бўлгунга қадар қолдирмайди. Чунки бу пайтдаги ўқилган намоз мунофиқларнинг намозидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Бу мунофиқларнинг намоз вақтидир. Бу мунофиқларнинг намоз вақтидир. Бу мунофиқларнинг намоз вақтидир. У қуёш гардишини кузатиб туради. У шайтоннинг икки шоҳи орасига келгач туриб товуқ каби тўрт маротаба чўқийди. У бу намозида Аллоҳни жуда оз зикр қилади”.
Қуёш ботишининг аввалги вақтидаёқ мусулмон банда шом намозини ўқишга шошилади. Чунки шом намозининг вақти тордир. Фарз, суннатларни адо қилиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлиб қолган кечки дуоларни ўқийди.
Кейин исрофга йўл қўймаган ҳолда кечки овқатга ўтиради. Кейин хуфтон намозини, унинг суннатларини ўқийди. Тунда нафл намозга туришга одатланганлар витрни кейинга суради. Агар ундай одати бўлмаса витрни хуфтондан кейин ўқийди.
Кечки овқатни шомдан кейинга қолдиради. Лекин агар шом вақтида аввал таом тайёр бўлса, ҳадисда айтилганидек, аввал таомланади, кейин хуфтонни ўқийди. Токи, унинг қалби Аллоҳга муножот қилишдан бошқа нарсага машғул бўлмасин.
Мусулмон банда зиёрат, меҳмондорчилик каби ишларни уйқудан аввал қилмоғи лозимдир.
Яна у ҳар куни имкон борича, муяссар бўл-ганича, илмни зиёда қилиш мақсадида билим олиши лозимдир. Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганидек:
“...ва айтинг: “Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин”. (Тоҳа сураси, 114-оят). Масалан, у ҳам дини, ҳам дунёсига фойда берадиган китоблар ва жаридаларни мутоалаа қилиши мумкин. Бир донишманд деди: Нима ўқиётганингни айтгин, мен сенга кимлигингни айтаман.
Мусулмон банда хоҳ кун, хоҳ тунда бўлсин шариатимизда рухсат берилган, кўнгилочар нарсаларда қатнашмоғининг зарари йўқдир. Лекин бу Парвардигорнинг ҳаққи бўлган ибодатда, кўзларининг ҳаққи бўлган уйқуда, баданининг ҳаққи бўлган роҳатда, оиласининг ҳаққи бўлган эътиборда, амалининг ҳаққи бўлган мустаҳкамликда ёки бошқа ҳақларда салбий натижа бермаслиги лозим.
Мусулмон банда мана шу ҳақларнинг баъзиларини бажара олмай қолмаслиги учун тунла-рини бекорчи нарсалар билан бедор ўтказмаслиги даркор, зеро, ҳаддан ошишнинг ёнида зиён ҳам бўлур.
Булар эса Раҳмон буюрган, Қуръонда келган нарсага зиддир.
“У Зот осмонни баланд қилиб қўйди ва сизлар тош-тарозида туғёнга тушмасликла-рингиз (яъни, ўзгаларга зулм қилмасликларингиз) учун мезон-тарозини ўрнатди. (Эй инсонлар, ўзаро олди-берди муомалаларингизда) тўғри, адолат билан тортинглар ва тарозидан уриб қолманглар!.”. (Ар-Роҳман сураси, 7-9-оятлар).
Мусулмон банда ёдидан чиқармаслиги, ҳар куни эслаб юриши лозим бўлган нарсалардан яна бири, Аллоҳ таоло Ўз китобида унга эътибор қилишни буюриб айтган оиласининг ҳақларида ҳаддидан ошмаслигидир. Энг биринчи ва буюк ҳақ Аллоҳ таолонинг, махлуқот Холиқининг, барча ишлар Эгасининг, ҳаёт берувчи Зотнинг, неъматлар соҳибининг ҳаққидир.
“Сизларга берилган барча ноз-неъматлар Ёлғиз Аллохдандир..”. (Наҳл сураси, 53-оят).
Мусулмон банда Парвардигорининг ҳаққида бепарво бўлиб, ғафлатда қолишлиги унинг учун ҳалол эмасдир.
Аллоҳ таолонинг ҳар куни энг кўзга кўринувчи ҳақларидан бири намоздир. У шундай намозки, Аллоҳ таоло унда хушуъ қилмоқни мўмин бандаларининг биринчи сифати эканлигини айтди.
“Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир..”. (Мўминун сураси, 2-оят).
Ўша намозни муҳофаза этишни эса уларнинг охирги сифати қилди.
“Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир..”. (Мўминун сураси, 9-оят).
Намоздан машғул бўлиб, уни қазо қилганга ўлим бўлсин деди:
“Бас, намозларини “унутиб” қўядиган кимсалар бўлган “намозхон”ларга ҳалокат бўлгайки;..”. (Моъувн сураси, 4-5-оятлар)
Банданинг бўйнидаги ҳақларидан яна бири ота-она ҳақларидир. Уларга яхшилик қилиш ҳақида Аллоҳнинг китобида тавҳид, чин ихлос билан Аллоҳга ибодат қилишни айтиш бирга зикр қилингандир. Қуръон ҳам, суннат ҳам онага кўпроқ эътибор беради. Чунки унинг фарзандида ҳаққи кўпроқ, эътиборга ҳам муҳтожроқдир. Фарзанди учун чеккан машаққатлар кўпроқ она томонидандир.
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилиш-га буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлиб, қийналиб туққандир. Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир...”. (Аҳқоф сураси, 15-оят).
Ислом дини одамлар тилида айтиладиган “оналар куни”ни йилда фақат бир кун эмас, балки йилнинг барча кунини оналар куни - байрами бўлишини истар.
Яна мусулмоннинг бўйнидаги ҳақлардан бири ака-ука, опа-сингил, амаки-тоға, амма-хола, уларнинг фарзандлари ва бошқа қариндошларнинг ҳақларидир.
Шу билан бирга жамиятдаги етим-есирлар, мискин-бечоралар, мусофирлар, қўни-қўшнилар, эр-хотин ҳакдари ҳам бордир.
Бу ҳақлар ичига қуллар ҳам киради. Гарчи ҳо-зир қулдорлик замони бўлмаса ҳам, бундан тушуниладиган нарса инсон барча қўл остидаги нарсалар; ҳайвонлар, асбоб-ускуналардир-ки, инсон улар билан чиройли муомала қилмоғи, уларни муҳофаза этиб сақламоғи буюрилган, чунки бу нарсалар унга омонатдир.
Мусулмон банда ухлаш учун ётишдан аввал таҳорат олиб, икки ракаъат намоз ўқиши, сўнгра ўрнига ўнг томони билан ётиши ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлганидек, Аллоҳни зикр қилиб дуо ўқиши мустаҳабдир: “Парвардигор, Исминг билан ёнбошладим, ёрдаминг билан ўрнимдан турарман. Уйқуда чоғимда жонимни олсанг, гуноҳимни мағфират қил, агар уйқу - ўлимдан бўшатиб қўйиб юборсанг - уйғонсам, ўзинг солиҳ бандаларингни сақлаган каби паноҳингда сақлагин”.
Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси