Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг шафоатлари ва бизнинг Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг гуноҳкор мўминларни ва катта гуноҳ қилиб, азобга лойиқ бўлган мўминларни шафоат қилишлари ҳақдир. Шарҳ: Шафоат ҳақидаги ҳадислар маънан тавотур даражасига етган.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар:
“Менинг шафоатим умматимдан катта гуноҳ қилганлар учундир” (Термизий, Қийама 11; Ибн Можа, Зухд /37).
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
“Энди уларга шафоатчиларнинг шафоатлари фойда бер-мас” (Муддассир сураси, 48-оят).
Бу оятдан шафоат фақат мўминларга фойда бериши англашилади. Аллоҳ таолонинг изни билан фаришталарнинг, уламоларнинг, шаҳидларнинг, авлиёларнинг шафоати ва гўдаклигида вафот этганларнинг сабр қилган ота-оналарини шафоат қилиши ҳақдир.
“Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган кунда (одамлар) гапирмаслар, фақат Раҳмон (меҳрибон зот) изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзлар” (Набаъ сураси, 38-оят).
Имом Аъзам “ал-Васийя”да бундай деганлар:
“Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг жаннат аҳлидан бўлган ҳар бир кишини, гарчи гуноҳи кабира қилган бўлса ҳам шафоат қилишлари ҳақдир” (иқтибос тугади). Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ сўзларидан маълум бўладики, Пайғамбаримиз (с.а.в.) нафақат Ислом умматидан гуноҳи кабира қилганларни шафоат қиладилар, балки барча пайғамбарларнинг умматларини ҳам изтиробларини аритувчи раҳмат Пайғамбаридирлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг бир неча хил шафоатлари собитдир. Бу мақом уларни баён этиш ўрни эмас. “Ақоиди Насафия”да бундай дейилган: “Катта гуноҳ қилганларни Пайғамбаримиз (с.а.в.) ва уммат ичидаги яхши, солиҳ мўминларнинг шафоат қилишлари жуда кўп ҳадисларда таъкидланган. Мўътазилалар фақат мўминлар даражалари юксалиши учун шафоат этилиши мумкин, катта гуноҳ қилган мўминларни Пайғамбаримиз (с.а.в.) шафоат қилмайдилар, дейишган.
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан