close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аллоҳнинг ҳукмига бўйсуниш вожиб экани

Бунга даъват қилинганда ҳамда яхшиликка буюрилганда ёки ёмонликдан қайтарилганда нима дейиш ҳақида

Бунга даъват қилинганда ҳамда яхшиликка буюрилганда ёки ёмонликдан қайтарилганда нима дейиш ҳақида
Аллоҳ таоло айтади: «Бас, Роббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингиздан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича, зинҳор иймон келтирмагайлар» (Нисо сураси, 65-оят).
«Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи - «эшитдик ва бўйинсундик» (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топувчилардир» (Нур сураси, 51-оят).
Бу ҳақидаги ҳадислардан бири олдинги бобда ўтган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадислари (156-ҳадис) бор. Ҳамда ундан бошқа ҳадислар бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Осмонлар ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани ошкора қилсангиз ёки яширсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни у билан ҳисоб-китоб қилур»(Бақара сураси, 284-оят.) ояти нозил бўлганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига бу оғир туюлди. Улар Расулуллоҳнинг олдиларига келиб, тиззалари ила тиз чўкиб: «Ё Расулуллоҳ, кучимиз етадиган амаллар бўлмиш намоз, жиҳод, рўза, закот кабилар бўйнимизга қўйилган. Сизга бу оят нозил бўлибди. Унга кучимиз етмайди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ҳам ўзингиздан олдинги икки аҳли китоб (насроний ва яҳудий) «эшитдик ва осий бўлдик», деганлари каби гап айтмоқчимизлар?! Аксинча, «Эшитдик ва итоат этдик. Эй Роббимиз, мағфиратингни (сўраймиз). Қайтиш фақат Сенинг ҳузуринггадир», дедилар. Қавм уни ўқиб тиллари юмшаганида ортидан Аллоҳ (ушбу оятни) нозил қилди: «Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) иймон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) иймон келтирди. «Эшитдик ва итоат этдик. Эй Роббимиз, мағфиратингни (сўраймиз). Қайтиш фақат Сенинг ҳузуринггадир», дедилар».(Бақара сураси, 285-оят.) Саҳобалар бунга амал қилгач, Аллоҳ таоло уни насх қилиб ушбу оятни нозил қилди: «Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди. Унинг касб этгани (яхшилиги) - ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир. «Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизни койима!» У (Аллоҳ таоло): «Ҳа», деди. «Эй Роббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма!» У (Аллоҳ таоло): «Ҳа», деди. «Эй Роббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда бизларга раҳм қил! Сен бизнинг Хожамизсан. Бас, бизларга кофирлар қавми устидан ғолиблик ато эт!» У (Аллоҳ таоло): «Ҳа», деди (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ. Бошқа ҳадисда мусулмон киши хаёлига келган ёмон нарсани тилига чиқармаса ёки бажармаса гуноҳкор бўлмаслиги айтилган. Юқоридаги оятда эса яширса ҳам, очиқ қилса ҳам Аллоҳ ҳисобини сўраб олади, дейилди. Бу бир-бирига зид эмас. Хаёлига кела-диган номаъқул нарсалар ўз ихтиёрисиз, хоҳишисиз бўлса, зарари йўқ. Борди-ю атайлаб ёмон нарсаларни ўйласа, ният қилса, амалга оширишни кўнглига тугиб қўйса, амалга оширадими ёки амалга оширмайдими, фарқи йўқ, гуноҳкор бўлади ва Аллоҳ ҳисоб қилади.
Шу оят нозил бўлганда саҳобалар ташвишга тушдилар. Ахир кўнгилга беихтиёр равишда номақбул хаёллар келиши кимда учрамайди дейсиз?! Бир муддат беҳаловат юрганларидан сўнг Аллоҳ раҳм-шафқат кўрсатиб масалани анча енгиллатди.

"Риёзус солиҳин шарҳи"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase