Шунинг учун ҳам бу йили аниқ режалар тузмадим ва олдингилардек ўзимга ўзим ваъдаларни бериб ташлаганим йўқ. Бироқ оддий режалардан ҳам кўра кўпроқ натижа ва самараларга қандай эришишим мумкинлиги ҳақида жиддий ўйлай бошладим.
Ўшанда бир фикр келди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида яшаганимда нима бўларди?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйимизда меҳмон бўлгани, эҳтимол, бутун Рамазон ойида бизникида яшашини бир тасаввур қилиб кўрдим. Биз шунда қандай яшар эдик? Нималар билан машғул бўлардик? Кунларимизни қандай ўтказар эдик?
Аллоҳ таолонинг розилигини қай даражада топишга ҳаракат қилардик?
Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонни қай тарзда ўтказганларини биламанми?
Мен бу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилардим ҳамда бу сафарги Рамазон умуман бошқача бўлишига умид боғладим.
Бир тасавввур қилиб кўринг-а...
Демак, бу Рамазон одатдагидек режалар қилмадим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйимизда меҳмон эканини тасаввур қилиб яшашга ҳаракат қилдим.
Қанча марта исталган вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйимиз эшигини қоқиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилдим. Шошиб, уялиб қолмайманми, кўнгилдагидек кута оламанми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёқиб, Аллоҳ таолонинг розилигини топа оламанми?
Бу йили мен шу йўлни тутдим ва бу сафар мениинг Рамазоним умуман ўзгача бўлди. Ҳар дақиқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни соғиниб кутаман, бирга эканимизни тасаввур қиламан. Оҳ, бу соғинч, оҳ бу фироқ...
Рамазон ҳақида ҳадислар излаганимда, уларнинг бир иккисини билиб, унга амал қилишим мен учун кифоя эканини тушундим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким (рўзадор ҳолида) ёлғон сўз ва унга амал қилишни ташламаса, Аллоҳ таоло у банданинг таом ва ичимлигини тарк қилишига муҳтож эмас” (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Демак, тилга эътибор бериш керак ва уни ҳар қандай беҳуда суҳбатлардан сақлаш керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Икки кишининг таоми уч кишига етади. Уч кишининг таоми тўрт кишига етади» (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).
Аслида бу ҳадис очофатлик каби хавфли иллатдан сақлайди. Баъзан Рамазон ойи ибодат ойи бўлиши ўрнига, таомланиш ойига айланиб кетади. Одамларнинг аксарияти Қуръони карим қироати ёки маънавий камолатга етишни ўйлаш ўрнига емоқ-ичмоқлари ҳақида кўпроқ ташвишида бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас», деган.
Умар розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади:
“Амалларнинг энг афзали: Мўминни хурсанд қилишинг, яланғочини кийинтиришинг, очини тўйғазишинг ёки ҳожатини чиқаришингдир” (Табароний ривоят қилган).
Демак, хайрли ишларда иштирок этаман.
Одамларни Аллоҳ учун яхши кўриш, яқинлар, дўстлар ва жамиятда силаи раҳмни кўпайтириш динимизнинг муҳим бир қисмидир. Ислом фақир, мискин ва муҳтожларга ёрдам беришга, меҳрибон бўлишга ўргатади. Шунда Аллоҳ таоло бизга ҳам меҳрибончилигини зиёда қилади.
Муҳтожларга ёрдам бериш биз учун доимий одатга айланиши керак ва Рамазон ойи эса фақир, мискин, етим, бева ва бошқа муҳтожларга ёрдам бериш одатини мустаҳкамлаш учун қулай имкониятдир.
Имоми Раббоний шундай дейди:
«Агар инсон мана шу ойда яхшиликларга, солиҳ амалларга эриша олса, унга йил бўйи тавфиқ ёр бўлади, агар бу ойни қалби сочилган, руҳи тарқоқ ҳолда ўтказса, йил бўйи тарқоқлик ва чалкашликда ўтади».
Рамазон ойи кириши билан бутун Ислом юртларида ўзгача шукуҳ пайдо бўлади. Ибодат, Қуръон тиловати, хайру эҳсонлар мавсуми бошланади. Бу ҳолат ер юзининг ғарбу шарқида, олиму омийда, бою камбағалда баробар рўй беради. Мусулмон умматиниг бирлиги намоён бўлади. Бунда ҳам Исломнинг инсониятни якдилликка, тенглик ва бирликка ўргатишининг бир намунаси кўринади. Бутун дунё мусулмонлари турли юртларда, турли иқлим ва шароитларда, турли халқлар вакиллари бўла туриб, бир вақтда, бир хил ибодатда, битта Қуръон тиловатида, бир хил хайрли ишларда баб-баробар елиб-югурадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон ҳақидаги ҳадисларига амал қила олсам ўзимни жуда бахтли ҳис қиламан. Бор кучим билан ҳадисларга Рамазондан сўнг ҳам амал қилишга ҳаракат қиламан.
Бу муваффақиятлар кичкина, ҳақир ва арзимас бўлиб кўриниши муҳим эмас, муҳими ўша кичкина бўлса ҳам муваффақиятнинг борлигидир.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни қайта-қайта Рамазонга етказсин. Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон рўзасини тўла-тўкис адо этишимизни насиб айлаган бўлсин! Омин!
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади