Cавол: Бильярд ўйнаш ва бильярдхона очиб, ундан даромад олиш ҳукми қандай?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бильярд ўйинига пул тикилса ёки ўйин ҳаққини ютқазган тўлайдиган бўлса, қимор бўлади ва бу иш жоиз эмас. Агар бу каби ножўя ишлардан холи бўлса ва қуйидаги бир қанча шартларга риоя қилинса бу ўйинни ўйнаш жоиз бўлади:
- ўйин Аллоҳ таолонинг зикридан ва фарз намозлардан тўсмаслиги керак;
- ўйновчилар Ислом таълимотларига риоя қилишлари керак.
Яъни ўйин, уруш-жанжал, хусумат, душманчилик, сўкишиш, ўйинни ютиш учун ҳийла, найрангга олиб бормаслиги лозим;
- аксар ҳолларда мана шу ўйин ўйновчиларга фойдали бўлсин.
Мақсад фақат вақтни зое қилиш бўлмасин.
Бильярдхона очмоқчи бўлган киши ўйинчилар юқоридаги қоидаларга амал қилишини таъминлай олса: намоз вақтида ўйинчиларни намозга тарғиб қила олса, ўйинчиларни қимордан, уруш-жанжал, сўкишишдан тўса олса ва юқоридаги бошқа шартларни юзага чиқара олса, очиши мумкин. Акс ҳолда, ундай ўйинхона очиши дуруст эмас. Валлоҳу аълам!
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фатволар Тўплами" китобидан