57-савол: Ҳозирги кунда кўпчилик автомат кир ювиш машиналаридан фойдаланади. Унга пок ва нопок кийимлар аралаш солинади. Шундай ювилган кийимлар пок бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Нопок кийимлар замонавий тўлиқ автомат кир ювиш машиналарида ювилса, шубҳасиз, пок бўлади ва улар билан турли ибодатларни бажариш мумкин.
Уламоларимиз нажосатларни иккига: кўринадиган ва кўринмайдиганга ажратадилар. Кўринадиган нажосатларни поклаш тўғрисида "Фатавои ҳиндия” китобида бундай дейилади:
"Кўринадиган нажосатни поклаш унинг айни ўзини кетказиш, агар изи (ранги, ҳиди) йўқоладиган нарса бўлса, изини йўқотиш билан бўлади. Бу ишда ювиш сонининг эътибори йўқ (“Муҳит" китоби). Бир марта ювганда нажосатнинг айни (яъни ўзи) кетса, шу билан кифояланади. Агар уч мартада ҳам кетмаса, токи нажосатнинг айни кетгунча ювилади (“Сирожия" китоби)”.
Бу маънода қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
«Асмо розийаллоҳу анҳу айтдилар: "Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: "Бирортамиз кийимида ҳайз кўрса (яъни кийимига нажосат тегса), қандай қилади?” деди”. У зот алайҳиссалом: “Уни (яъни айни нажосатни) кетказасиз, кейин сув билан ишқалаб ювасиз. Сўнгра у кийимда намоз ўқийсиз"» (Имом Бухорий ривояти).
Кўринмайдиган нажосатни поклашнинг ҳукми эса қуйидагича бўлади:
"Бирор нарсани асари (яъни ҳиди ёки ранги) кўринмайдиган нажосатдан поклаш - уни уч маротаба ювиш ва агар имкони бўлса, уч маротаба сиқиш биландир..." (“Мухтасарул виқоя" китоби).
«Аслида кийимни нажосатдан поклаш (ювиш) "Энди кийим тоза бўлди", деган хаёлга келгунча давом этади. Чунки мана шундай ғолиб гумон шаръий масалаларда (хусусан, аниқ билиш узрли бўлган ҳолатларда) далилдир. Лекин васвасадан қутулиш учун ювиш сонини уч ёки етти марта деб белгилаб қўйилади» ("Ал-Ихтиёр" китоби).
Демак, кўринмайдиган нажосатларда сиқишни имкони бўлган ашёларни поклаш учун уларни уч маротаба ювиш ва ҳар ювганда имкон қадар сиқиб, сувини чиқариб юбориш лозим экани аён бўлди.
Бугунги кундаги замонавий тўлиқ автомат кир ювиш машиналарида ювилган нарсаларни ҳукми ҳақида Мисрнинг "Дарул-ифто" фатво ҳайъати қуйидагича хулоса қилишган:
"...Кийимларни тўлиқ автомат кир ювиш машиналарида поклаш - бошқа ювиш усулларидан кўра анча мукаммалдир. Чунки аввал бошда бир неча марта ювиш билан нажосатнинг айни - таъми, ранги ва ҳиди йўқолади. Кейинги (тўртинчи ва бешинчи) ювишлар билан нажаслик ҳукми ҳам кетади. Кийимларни автоматик машиналарда поклаш - уларни нажосатдан мукаммал тозалашдир".
Демак, автомат кир ювиш машиналарга солинган нопок кийимларга дастлаб совунли сув қуйилганда (тахминан уч марта) нажосат тарқалади, лекин шу билан бирга ундаги айни нажосатлар кетади. Тўртинчи ва бешинчи марта тоза сув билан ювилганда эса нажосат ҳукми бутунлай кетади. Бунинг устига ҳар сафар сув қўйиб ювилганда кийимдаги сув буткул чиқариб юборилади ва бу сиқишнинг ўрнига ўтади.
Автомат кир ювиш машинаси ичидаги кийимлар солинадиган чамбарак (барабан)нинг ўзи қандай пок бўлади, дейилса, унга "Фатавои ҳиндия" китобида келтирилган жумла билан жавоб берилади:
"Нажосат кийим учта кир ювиш тоғорасида (бир мартадан) ёки битта тоғорада уч марта ювилса ва ҳар сафар сиқиб олинса, пок бўлади. Чунки шу тарзда ювиш одат тусига кирган. Агар шунда ҳам кийим покланди, деб ҳисобланмаса, одамларга машаққат бўлади”.
Хулоса ўрнида, ҳозирги кунда оммалашиб улгурган тўлиқ автомат кир ювиш машиналарида ювилган кийим ва матоларни нажосатдан тўлиқ покланган дея оламиз.
Шуни эслатиб ўтиш керакки, юқорида айтилган ҳукмлар фақат тўлиқ автомат кир ювиш машиналарига тегишли, ярим автомат ёки оддий кир ювиш машиналарига тегишли эмас. Валлоҳу аълам.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фатволар Тўплами" китобидан