Жавоб: Ажнабий ўлкаларнинг фуқоролигини олишнинг ҳукми, ҳолатга, шароитга ва фуқороланиш ниятига қараб турлича бўлади.
Агар мусулмон ўзининг юртида озорга учрагани, зулмга қолиб қамалгани сабабидан ёки ҳеч қандай гуноҳ ёки қонун бузарлик қилмаса ҳам молу-мулклари мусодара бўлгани сабабидан мажбур ҳолатда бўлиб қолса, ана шу айтилаётган ғарб юртларидан биридан бошқа жойда омонлик топа олмайдиган бўлса, юқорида айтилган фуқороликларни олса бўлади ва бунинг кароҳияти йўқ. Лекин шарт шуки, ўзи амалий ҳаётида дийнини сақлаш ва у ерда тарқалган мункар ишлардан узоқда бўлишни азму қарор қилиш керак.
Бунга далил, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг Макка аҳли томонидан тазйиқга ва зулмга учраганларидан кейин Ҳабашистонга ҳижрат қилганларидир. Ҳабашистон ўша вақтларда кофирлар яшаб турган юрт эди. Саҳобалар у ерда яшаб турганлар. Ҳатто баъзи саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келаганидан кейин ҳам қолиб кетганлар. Абу Муса Ашъарий розияллоҳу анҳу Хайбар ғазоти пайтида келганлар. Яъни ҳижратнинг еттинчи санасида. Жаъфар ибн Абу Толиб ҳам шериклари билан ўшанда келганлар.
Сўнгра яна айтиш керакки, ҳар бир киши ўзини турли зулмлардан сақлаш ҳуқуқига эга. Агар инсон ўзи учун кофир юртлардан бошқа жойда омонлик топмаса, ўша ёққа ҳижрат қилишига ҳеч қандай монеълик йўқ. Модомики, у ўзининг диний амалларини муҳофаза қиладиган ва ҳаром қилинган мункар нарсалардан узоқда бўладиган бўлса.
Яна шунингдек, мусулмон одам ўз юртида зарурий маош воситаларини топа олмай қолса, фақат ўша кофир юртлардагина борлигини билса, юқоридаги шарт асосида жоиз бўлади. Чунки, маош учун касб қилиш фарздир. Уни шариат бирор жойда бўлсин ёки бўлмасин деб қайд қилиб қўймаган. Аллоҳ таоло “Мулк” сурасида марҳамат қилади:
“У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, анинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир” деган (15-оят).
Агар мусулмон шахс бирон юртни фуқаролигини олишда ўша юртнинг ҳалқини Исломга даъват қилишни ният қилса ёки ўша ерда яшаётган мусулмонларга шариатни аҳкомларини етказмоқчи бўлса, у ўша нияти ва қилган иши учун савоб олади. Кўпгина саҳобалар, тобиъийнлар розияллоҳу анҳум кофирларнинг юртларга бориб ватан қилиб турганлар, уларнинг мақсади ўша юқорида айтилган юксак мақсад бўлган. Мана шу қилган ишлари уларни яхши фазийлатлари қаторида саналиб ўтган.
Аммо агар бир киши учун ҳаёт кичириш воситаларини топиш ўзининг юртида осон бўлса, ўз одамларининг савиясида бўлиб турган бўлса, лекин кофирларнинг юртига ҳижрат қилиб бориб кўпроқ нарса оламан деса ва ҳойи ҳавасга, кўпроқ маъйишатга берилиш мақсади бўладиган бўлса, унда бу иш кароҳиятдан холи бўлмайди. Чунки, бу ерда ўз нафсини мункарларга, тарқалиб кетган нохуш нарсаларга кўндаланг қилиш бор, ахлоқий, диний тушкунликка тушишнинг хатари бор. Бунда бекордан бекорга ўзини бу ишга урган бўлади. Тажриба ҳам гувоҳлик берадики, ажнабий ўлкаларга фуқаро бўлган кўп кишилар ҳойи ҳавас учун қилган бўлсалар, уларда диний тушунча нуқсонга учрайди турли алдамчи нарсаларга берилиб уларга қўшилиб кетади. Мана шунинг учун ҳам, ҳадиси шарифда ҳожат бўлмаса мушриклар билан бирга яшашлик наҳий қилинган.
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Ким мушрик билан бирга бўлса, бирга яшаса, у ҳам ўша кабидир”. Абу Довуд “Китоби Заҳоя”дан олдинроқ чиқарган Тирмизий “Сияр”да келтирган.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мен мушрикларнинг ичида турган мусулмондан безорман”, дедилар.
“Ё Аллоҳнинг расули, нима учун” дейишди.
“Улар бир-бирларининг оловини кўрмаслиги учун”, дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Ҳаттобий шу ҳадиснинг шарҳида айтади: Бу ерда бир неча кўриниш бор. Шулардан бири, бу гапнинг маъноси икковларининг ҳукми баробар келмайди, дегани. Баъзи аҳли илмлар, гапнинг маъноси, албатта Аллоҳ таоло дорул Ислом билан дорул куфрнинг орасини фарқлаган, деганидир, дейдилар. Мусулмон одам учун кофирлар билан уларнинг юртида яшаш мумкин эмас. Қачон олов ёқадиган бўлсалар, кўринадиган жойда бўлиб қолмаслиги учун. Мана шундан, мусулмонлар тижорат ёки яшаш учун дорул ҳарбга кириб, тўрт кундан ортиқ туриб қолишлари макруҳ деган ҳукм чиққан.
Абу Довуд марсалларида Макҳулдан ривоят қилади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зурриётларни душман тарафида қолдирманг”.
Шунинг учун, баъзи фуқаҳолар, мол учун Дорул ҳарбда яшаб туриш ва уларнинг сонини кўпайтиришга сабаб бўлиш адолатини соқит қилади, деганлар.
Аммо қачонки ажнабий фуқароликни олиш, фахрланиш юзасидан бўладиган бўлса ёки уларнинг фуқаролиги мусулмонларнинг фуқаролигидан афзалдир, деган ниятда бўлса ва амалий ҳаётда ўша юртларнинг аҳлисига ўхшаш учун уриниш ниятида бўлса, бу уринишларнинг ҳаммаси мутлақо ҳаромдир ва унга далил келтириб ўтиришнинг кераги ҳам йўқ.
Вашингтон Ислом маркази