close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фатво нима ва уни ким беришга ҳақли

Фатво арабча сўз бўлиб, луғатда “масаланинг жавоби” маъносида ишлатилади. Истилоҳда эса, сўраган киши учун шаръий ҳукмни ўз далилидан баён қилиб беришдир. Савол воқеъликда учрайдиган ҳолатлар ҳақида ҳам ва бошқа нарсалар ҳақида ҳам бўлиши мумкин.

Муфтий эса фатво берувчи кишидир. Бир марта фатво берган кишини ҳам муфтий дейилаверади. Лекин шаръий урфда муфтий бундан хосроқ маънога далолат қилади. Сайрафий айтадилар: “Муфтий—одамларнинг динларида бош бўлган, Қуръоннинг ом ва хосини, носих ва мансухини, шунингдек Суннат ва истинботни билган кишидир. Ким бу даражага етса, шундай номланади ва сўраганга фатво беришга ҳақлидир”.
Заркаший айтадилар: “Муфтий—шаръий ҳукмларнинг барчасини билган кишидир”.
Фатво қазодан фарқланади. Қазо—даъвогарлар ўртасини ажрим қилиш. Қазони ҳукм ҳам дейилади. Фатво шаръий ҳукмнинг хабарини бериш бўлса, қазо даъвогарлар ўртасида ҳукмни пайдо қилишдир. Фатво, сўрагувчи ёки бошқага мажбурият юкламайди, балки тўғри деб билса амал қилади. Бўлмаса уни қўйиб, бошқа муфтийнинг фатвосини олади. Аммо қозининг ҳукми мажбурийдир. Шундан келиб чиқиб даъвогарлардан бири бошқасини фақиҳлар фатвосига чақирса мажбурланмайди. Агар қозига чақирса, унда ижобат қилиш вожиб, бунга мажбурланади. Чунки қози даъволарни қондириш ва тугатиш учун таъйинлангандир.
“Дуррул мухтор” муаллифи айтадилар: “Муфтий диёнатан, яъни ишнинг ботинига фатво қилади ва фатво сўровчи ботинан унга мажбур. Қози эса зоҳирга ҳукм қилади”. Ибн Обидийн бунга шундай мисол келтирадилар: “Киши муфтийга: “Хотинимга ёлғондан хабар бериб: Сен талоқсан, дедим”, деса, муфтий талоқ тушмаганига фатво беради. Аммо қози эса талоқ бўлганига ҳукм қилади”.
Шунингдек қозининг ҳукми жузъий ва хос бўлиб, маҳкумдан бошқасига тааллуқли бўлмайди. Фатво эса сўрагувчига ҳам, бошқага ҳам тааллуқли умумий шариат ҳисобланади. Қози аниқ бир шахсга муайян ҳукмни чиқаради. Муфтий эса умумий, ҳаммага тааллуқли ҳукм фатвосини беради. Ким бундай қилган бўлса ҳукм шундай, ким бундай деган бўлса ундай нарса лозим бўлади, деганга ўхшаш. Қазо сўзланадиган лафзлар билан бўлса, фатво ёзиш, қилиш ва ишора билан ҳам мумкиндир.
Фатво бериш фарзи кифоядир. Зеро мусулмонларга динларида воқеъ бўладиган ҳукмларни баён қилиб берадиган киши бўлиши керак. Бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шунинг учун бунга қодир кишиларга вожиб бўлади. У фарзи айн бўла олмайди. Чунки фатво учун жуда кўп илмларга эга бўлиш керак. У ҳаммага юкланса одамларнинг иш ва манфаатлари қолиб кетади. Унинг фарзлигига Аллоҳ таолонинг: “Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта у Китобни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» — деб аҳд-паймон олган эди” (Оли-Имрон сураси, 187) - ояти ва Пайғамбар (с.а.в.)нинг: “Ким бир илм ҳақида сўралса, кейин у уни беркитса, қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганланади”, деган ҳадислари далил бўлади.
Лаёқатли кишидан шаръий ҳукм ҳақида сўралса унга қуйидаги шартлар билан жавоб бериш лозим бўлади:
1) Ўша ноҳияда жавоб бера оладиган одам топилмаслиги. Агар топилса ўзи жавоб бермай иккинчисига ошириб юбориши мумкин. Абдурроҳман ибн Абу Лайло айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг асҳобларидан бир юз йигирмата ансорийни топдим. Улардан биридан бир масала сўралса, бу унисига, униси бунисига жўнатардики, охири яна биринчи сўралганга қайтиб келарди.
2) Сўралган киши ҳукмга амалда олим бўлмоғи.
3) Жавоб вожиб бўлишига монеълик топилмаслиги. Бунга масаланинг воқеъликда учрамаслиги, ёки сўрагувчига манфаати йўқ иш бўлмоғи мисолдир.
Фатвонинг шариатдаги ўрни жуда юқори. Рисолат тақозо қилгани учун Пайғамбар (с.а.в.) ҳаёт чоғларида шу ишга вазифадор бўлганлар. Бунга ул зотни Аллоҳ Ўзи таклиф қилган: “Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани — Қуръонни нозил қилдик”. (Наҳл сураси, 44-оят). Муфтий баён қилиш вазифасини адо этишда Набий (с.а.в.) халифаларидир. Пайғамбар (с.а.в.)дан кейин саҳобаи киромлар, улардан кейин илм аҳли бу фазифани адо этишди.
Фатво мавзуси Аллоҳ таолонинг ҳукмини баён қилиш ва уни одамлар ишларига татбиқ этишдир. Демак у Аллоҳ таолонинг сўзи экан. Чунки у сўрагувчига: “Бундоқ қилмоғинг лозим ёки ундоқ қилмоғинг ҳаром”, дейди. Шунинг учун ҳам Қаррофий муфтийни Аллоҳ таолонинг муроди тўғрисида таржимонга ўхшатади. Ибн Қоййим эса муфтийни подшоҳнинг имзо қўювчи вазирига қиёс қилади. Модомики подшоҳнинг номидан имзо қўювчининг фазли инкор қилинмас, қадри камситилмас экан, энди осмонлару ва ер Парвардигори номидан гапирувчининг мансаби қандай бўлди? Ибн Мункадирдан шундай нақл қилинади: Олим Аллоҳ ва Унинг халқи ўртасидадир. У уларнинг ўртасига қандай киришига қарасин?
Иш шундай бўлгач фатво бериш мартабаси жуда масъулиятлидир. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Фатво беришга журъатлигингиз, дўзахга журъатлигингиздир”. Дорамий ривояти. Суфён: “Фатвога илми кам инсон жасур бўлади”, дейдилар. Олим киши фатво беришдан ҳайиқиши керак. Ҳукм Қуръон, Суннат ёки ижмоъда равшан маълум бўлсагина фатво берсин. Бундан бошқа ҳолатларда жавоб маълум бўлиши учун излансин, исбот қидирсин. Акс ҳолда жавобдан тийилсин. Имом Моликдан элликта масала сўралди. Улардан бирортасига жавоб қилмадилар ва: “Ким жавоб қилмоқчи бўлса ундан олдин ўзини жаннат ва дўзахга рўбарў қилсин, агар қутулишга кўзи етса жавоб қилсин”, дедилар. Асрам айтадилар: Аҳмад ибн Ҳанбалнинг билмайман, деганини кўп эшитганман.
Билмаган ҳолда фатво бериш ҳаромдир. Чунки бунда Аллоҳ таоло ва Расулига ёлғон ишлатган, одамларни адаштирган бўлади. Шунинг учун бу кабира гуноҳлардан саналади. Аллоҳ таоло: “Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос”, дейди. Расуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Албатта Аллоҳ илмни олимлар қалбидан тортиб олиш билан олиб қўймайди. Балки олимларни вафоти билан олиб қўядики, олим қолдирмаганидан одамлар жоҳилларни ўзларига бош қилиб олиб савол беришади. Улар илмсиз ҳолда жавоб бериб адашишади ва адаштиришади”. Бухорий ривояти.
Сўровчи нотўғри фатво туфайли ҳаром ишни қилиб қўйса ёки бир амални фасод этса гуноҳи фатво берувчига бўлади. Агар сўровчи фатвога ҳақли олимни қидирмай сўраган бўлса ўзи ҳам гуноҳга шерик бўлади. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Ким илмсиз фатво берган бўлса, унинг гуноҳи фатво берганга бўлади”.
Фатво бериладиган ҳукмларнинг турлари кўп. У Аллоҳга ва охиратга иймон келтириш каби эътиқодий ҳукмлар, ибодат, муомалот каби амалий ҳукмлар ва вожиб, ҳаром, мустаҳаб, макруҳ ва мубоҳ каби таклифий ҳукмлар, ҳамда ибодат ва тасарруфнинг саҳиҳ ва ботиллигига фатво берадиган вазъий ҳукмларни қамраб олиши мумкин.
Фатво берувчида қуйидаги шартлар топилиши керак:
1) Ислом. Кофир фатво беролмайди.
2) Ақл. Жиннидан фатво содир бўлиши мумкинмас.
3) Балоғат. Сағир бунга ҳақлимас.
4) Адолат. Жумҳур уламонинг наздида фосиқнинг фатвоси дурустмас. Чунки фатво шаръий ҳукмнинг хабари бўлиб, фосиқнинг хабари қабул қилинмайди. Аммо баъзи ҳанафий уламоларимизга кўра фосиқ муфтийликка ярайди. Чунки у хатога нисбат бермасликлари учун ижтиҳод этади.
5) Ижтиҳод. Ибн Обидийн Ибн Ҳумомдан нақл қиладилар: “Усулийларда қарор топган раъй шуки, муфтий – мужтаҳиддир. Аммо мужтаҳидларнинг сўзларини ёдлаб олган, лекин ўзи мужтаҳид бўлмаган киши муфтий эмасдир. Бундай одамдан фатво сўралса мужтаҳиднинг қавлини ҳикоя тарзида зикр қилиши керак. Бизнинг замонимиздаги мавжуд фатволар фатво эмас, балки муфтийнинг каломидан нақлдир”. Шунга кўра мужтаҳид бўлмаган муфтий мужтаҳиднинг сўзини ўзининг сўзи сифатида зикр қилмаслиги керак. Чунки муқаллиднинг фатвоси ҳақиқий фатво эмас, унга ўхшаганлиги учун мажозан фатво дейилади. Замонамизда мужтаҳидлар камлиги ёки йўқлиги учун унинг каломини олиш жоиз.
6) Фаҳм-фаросатли бўлмоғи. Нававий айтадилар: Муфтий ўзи фақиҳ, соғлом зеҳнли, ўткир фикрли ва чуқур мулоҳазали бўлиши керак”.
7) Фатонатли ва уйғоқ бўлмоғи. Ибн Обидийн айтадилар: “Баъзилар муфтийнинг сергак бўлишини шарт қилишади. Бу замонамиз шартидир. Муфтий одамларнинг ҳийла-найрангларини биладиган даражада сергак ва огоҳ бўлиши керак. Чунки уларнинг айримлари ҳийла, фирибгарлик, сўзамол ва ботилни ҳақиқат суратида тасвирлаб беридиган маҳоратли бўлишади. Шунда муфтий ғафлатда қолса жуда кўп зарарлар келтириб чиқаради”.
Қариндошлик, дўстлик ва душманлик фатвонинг саҳиҳ бўлишига таъсир этмайди. Инсон ўз отаси, ўғли, дўсти, шериги ёки душманига фатво берса бўлади. Зеро фатво ривоят ўрнидадир. Чунки муфтий умумий ишлар ҳақида шариат хабарчиси ҳукмидадир. Яна фатво ҳукмга ўхшаб мажбурият юкламайди. Шундан инсон ўзига фатво берса ҳам бўлади. Аммо ўзига, яқинига енгил, бошқаларга эса оғир нарсага фатво қилган адолатига шубҳа пайдо этади. 
Фатво берувчи хусусан фатво сўровчилар дўст ва яқинлари бўлганда, мазҳаблардаги рухсатларга, икки қавлнинг енгилини олишга одатланмаслиги керак. Бундай қиладиганларни уламолар гуноҳкор санашади. Муфтийнинг назарида, бу Аллоҳнинг ҳукми деган зонн кучли бўлиши лозим. Ҳукмни енгил ва осон бўлгани учунгина олиш динни менсимасликдир. Аммо шаръий асосга таянган бўлса рухсатни олиш маън этилмайди. Ислом шариати васатийлик ва енгиллик билан ажраб турган шариат бўлганидан муфтий одамларга ҳаммага тўғри келадиган мўътадил ҳукмларни юкласин. Ифрот ва тафритга  берилмасин.
Муфтийликнинг ўз одоблари бор. 1) Муфтий либосини чиройли қилмоғи керак. Бу тўғрида шаръий ҳукмларга амал қилмоғи, поклик ва тозаликка риоя этмоғи ва ипак, тилла ва кофирларнинг белгилари бор кийимлардан сақланмоғи лозим.
2) Иш ва сўзида шариатга мувофиқ бўлиб, сийратини гўзал этмоғи. Чунки у айтаётган ва қилаётганларида одамларга ўрнак бўлиши керак. Шунда сўзи таъсир этади.
3) Ботинини ислоҳ қилиши, фатво бериш пайтида Пайғамбар (с.а.в.)дан халифалик мақсади, Қуръон ва Суннатни тирилтириш ва бу билан одамларнинг ҳолини тузатиш каби яхши ниятларни қасд қилиши. Бу хусусда у Аллоҳдан мадад, тавфиқ ва тўғрилик сўраши керак. Ўзининг олий бўлиш, хусусан ундан бошқа хато қилиб, ўзи тўғри топганда айтганларидан ажабланиши каби манфур ниятлардан эҳтиёт бўлиши лозим. Саҳнун айтадилар: “Тўғри жавобга фитналаниш мол фитнасидан каттароқдир”.
3) Ўзи фатво берган яхшиликларни қилувчи, қайтарган ёмонликлардан қайтувчи бўлиши керак. Агар бунинг зидди бўлса, иши сўзини ёлғончи қилади ва сўрагувчининг қабулидан тўсади. Бу энди фатво бермасин дегани эмас. Зеро ҳаммада ҳам адашиш бўлади. Аммо адолати соқит бўладиган даражада беамал бўлса, фатво беришга ҳақли эмас.
4) Қалби ғазаб, сурур, очлик, чанқоқлик ва сиқилиш кабилар билан қаттиқ машғуллик пайтида фатво бермаслик керак. Шунингдек уйқусираган, қаттиқ ҳасталанган, таъсир этадиган даражадаги иссиқ ва совуқда, таҳорат танг қилиб турганда ва шуларга ўхшаш фикр соғломлиги ва ҳукм тўғрилигини маън этадиган ҳожатли пайтларида фатво бермаслик лозим. Пайғамбар (с.а.в): “Ҳакам ғазабланган ҳолда икки киши ўртасида ҳукм қилмасин!”, дейдилар. Агар мазкур ҳолатлар ҳосил бўлса, то улар кетиб, мўътадил вазият юзага келгунча у фатводан ўзини тийсин.
5) Агар ҳузурида илми ва динига ишонадиган киши бўлса, у билан маслаҳатлашиши керак. Аллоҳ таоло: “Ишда улар билан маслаҳатлаш!”, дейди. (Оли-Имрон сураси, 159-оят). Хулафои рошидийнлар, хусусан Умар (р.а.) доим шундай қилишарди. Чунки машваратдан ўзига махфий баъзи жиҳатлар маълум бўлади. Лекин машварат сирни ошкор қилиш кўринишида бўлмаслиги шарт.
7) Муфтий табиб каби одамларнинг сирлари ва бошқаларига ноъмалум жиҳатларидан хабардор бўлади. Шунинг учун фатво сўровчиларнинг сирларини яшириш лозим бўлади. Чунки одамларнинг муфтийга ишончи қолмаса, воқеа саҳналарининг айрим томонлари унга махфий қолиб кетади ва бу ўз-ўзидан фатво тўғри бўлмаслигига олиб келади.
Фатвонинг буларга ўхшаш кўпгина ҳукмлари мавжуд. Лекин бу кичик муқаддимамизда уларнинг ҳаммаси ҳақида баҳс этолмаймиз. Аммо ушбу китобчамизга тааллуқли яна айрим жиҳатларга тўхталсак. Мужтаҳид бўлмаганимиз учун юқорида айтганимиздек, шундай зотлар ижтиҳодидан фойдаландик. Бу хусусда биз фақат нақл қилувчи мақомидамиз. Ушбу китобимизда берилган фатволарда Атийя Сақр, Муҳаммад Тақий Усмоний, Ваҳба Зуҳайлий, Юсуф Қарзовий, Файсал Мавлавий ва бошқалар каби замонамизнинг машҳур уламолари фатволаридан айрим ўзгартириш ва қўшимчалар билан фойдаландик. Бу ўзгартириш ва қўшимчалар макон, замон ва мазҳаб нуқтаи назаридан юзага келди. Зеро фатволар макон ва замон ўзгаришига қараб ўзгаради. Айрим масалаларда шу жиҳатни эътиборга олдик. Шунингдек мазкур олимлар айрим ўринларда бошқа мазҳаб далилларига суянишган бўлса, айнан шу масала хусусидаги ҳанафий мазҳаб ҳукми ва далилларини топиб нақл қилдик.
Бу ишимизда Аллоҳнинг тавфиқидан умид қилдик. Муваффақият Ундан, қусур биздандир.

Мубашшир Аҳмад

Мақола жойлаштирилган бўлим: Фатво
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase