close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ўлим молияси

Мобилизация доирасида ваъда қилинаётган пул маблағлари худди маркетинг найрангликлари ва айёрликлари устига қурилган. Хусусан, эълон қилинаётган суммаларда энг кам суммалар эмас, энг катта суммалар "гача" қабилида айтилмоқда. Масалан, мобилизация қилинаётганларнинг 90 фоиздан зиёди оддий аскарлар, улар контрактчиларга тенглаштирилгани ҳисобга олинса, ойлик тўловлар 163 минг рублдан бошланади. Яъни эълонларда ёзилган 210 минг рублгача ойлик бу амалда захирадаги лейтенант учун таклиф этилаётган сумма.

Гап шундаки, мобилизация қилинганлар шу суммаларни ҳам деярли ўз қўлларига олишмайди. Тўловлар уларнинг номига очилган ҳисоб ёки карталарда йиғиб борилади (шартнома муддатидан кейин олинади). Мобилизация қилинганлар ўз қўллари билан 100% олиши мумкин бўлган тўловлар бу бир марталик тўловлардир. Бу ҳам бўлса, ҳамма учун эмас. Фақат бой регионларда (масалан, Москва, Ямал, Нижегород каби) бир марталик тўловлар ваъда қилинмоқда. Бу ерда ҳам найрангбозлик четлаб ўтилмаган. Бир марталик тўловлар 300 минг рублгача дейилмоқда. 300 минг рубллик тўловни фақат Ямал региони таклиф этаяпти, масалан, Тулада бир марталик тўлов 100 минг рубль холос. 75та регионда эса бир марталик тўлов умуман йўқ.

Демак, энди ўлим ёки яраланиш учун тўловларга ўтсак. Федерал ҳукумат ваъда қилган тўловлар оғир яраланганлик учун 3 млн рубль, ўлим учун эса 5 млн.рубль этиб белгиланган. Лекин зомбилар учун мўлжалланган тв каналларда бу сумма яраланганлик учун 4 млн.рубль, ўлим ҳолатида 8 млн.рубль деб жар солинмоқда. Нега? Чунки масалан, Москва федерал тўловларга қўшимча равишда яраланганларга 1 млн.рубль, ўлганларга 3 млн.рубль тўлашини айтган. Қолган регионларда қўшимча тўлов маълум қилинмаган.

Айтиш керакки, ўлим ёки оғир яраланганлик учун тўловлар фақат давлат тан олган ўлганлар ёки яраланганларга берилади. Эътибор беринг, ўтган 7 ойда Россия фақат 5937 нафар ҳарбий хизматчисининг ўлимини тан олган. Яъни тан олинганлар аслидагидан камида ўн баравар кам. Энг кўп ишлатиладиган формулировка "бедарак кетган". Ҳатто украин тарафи ўлган рус аскарларини идентификациялаб мурдасини топширмоқчи бўлинганида ҳам Россия тарафи мурдаларни олишга асло шошилмаётгани ҳақида жуда кўп ёзилди. Буям майли, Россия флотининг юзи бўлган "Москва" крейсери матросларининг ўлими тан олинмади ва ҳалигача улар бедарак кетган деган мақомда қолмоқда. Матросларнинг бечора ота-оналари ҳалигача ўлган фарзандларининг ўлганлигини исботлай ололмай сарсон. Шундай экан, Рлссия фуқароларини қўя туринг, мигрантлар ёлланганида ўлса, уларнинг вафотини ҳеч ким тан олмаслиги аниқ.

Бу урушнинг яна бир хусусияти юқори технологияли аслаҳалар ишлатилганда ўлган аскарларни идентификациялаб бўлмаслиги. Масалан, Javelin комплекси зарбасидан кейин танкчи ёки БТР/БМП, юк автомашиналар ҳайдовчилари, механизаторларидан фақат чанг қолади холос. HIMARS ракетасидан эса аскарлар танаси 5-10 смлик бўлакларга парчаланиб кетади. Бу албатта, Россия армияси учун ўлимларни тан олмасликка жуда қулай баҳоналар беради.

Шу туфайли ўлим учун компенсацияни олиш, гўёки ўлган аскарнинг ота-онаси, хотин бола чақаси манфаатдорлиги ҳақида гапирмасаям бўлади. Зомби твда ўлган боласи учун Лада автомашинаси олгани билан мақтанаётган россиялик ота  исқирт ва аморал пропаганда картинаси холос.

7 ойлик уруш стаститикаси кўрсатаяптики, Россия армиясида ўлим эҳтимоли тўртга бир, яраланиш эҳтимоли эса учга бир. Бу эҳтимол энди фақат ортиб боради. Чунки мобилизация қилинган аскарлар энди рус штаби учун уруш воситаларида "гўшт сарфи"  стратегиясини янада кенгайтиришга имкон беради.

Демак хулоса қиламиз. Мобилизация қилинганлар ўз қўли билан оладиган пуллар энг кўпи билан 300 минг рублни ташкил этади. Ўлим ва яраланиш эҳтимолини инобатга олганда, масалан, 6 ойлик сафарбарлик вақтида ўлмасдан, яраланмасдан, соғ омон қайтиш эҳтимоли 41,66%ни ташкил этади ва масалан, оддий аскар учун 6 ойлик шартли кафолатланган сумма 407960 рубль ёки 6800 доллар.

Шу сумма ўлим билан ҳар соатда юзлашишга, одам ўлдиришга, аёллар ва болалар билан амалга ошириладиган ваҳшийликларнинг иштирокчиси бўлишга арзийдими?

Манба: Bakiroo
https://t.me/the_bakiroo

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase