Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар"...Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бу кун ва бу ойингизда (қон тўкишни) ҳаром қилгани каби қонларингиз ва молларингизга тажовуз қилишни ҳам ҳаром қилди. Огоҳ бўлинглар. Омонатни сизларга етказдимми?» деганларида, саҳобалар: «Ҳа», дейишди" (Бухорий ривояти).
Агар бир инсон бошқасининг мол-мулкига қандайдир зарар етказса, уни қоплаб беришга мажбур. Бу борада Қуръон, Суннат асосида уламолар ягона фикрга келганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бирининг уйида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бири (яъни, аёлларидан бири) товоқда таом юбордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг уйида бўлган аёллари хизматкорнинг қўлига урган эди, товоқ ерга тушиб, бўлиниб кетди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам товоқнинг бўлакларини бирлаштириб, тўкилган таомни унга солдилар ва: “Оналарингиз рашк қилди”, дедилар. Сўнг хизматкорни тўхтатиб, шу аёлларининг уйидан бутун товоқ олиб бериб юбордилар. Синган товоқни эса синдирган аёлининг уйида олиб қолдилар ( Бухорий ривоят қилган).
Имом ибн Абдулбарр шундай дейди: “Уламолар агар инсон бошқасининг мулкига зарар етказса ёки эгасининг рухсатисиз уни сарф этиб қўйган бўлса, у бунинг учун моддий жавобгарликка мажбур эканлигида ҳамфикрдирлар. Бошқасининг мулкига шикаст етказган одам, буни қандай тарзда қилганидан қатъий назар, уни қоплаб бериши лозим. Бу ихтилоф йўқ бўлган меъёрдир” («Ат-Тамҳид», 3/119).
Зарарлар
Зарарни шартли равишда учга бўлиш мумкин:
2. Муайян мулкий фойдани ёки аниқ мавжуд даромадни йўқотиш билан боғлиқ зарар.
1. Мол-мулкка қасддан шикат етказиш орқали етказилган зарар.
3. Шаън, қадр-қимматга етказилган зарар. Бу зарар инсоннинг эркинлиги, ижтимоий мавқеи, ишбилармонлик обрўсига ва шу кабиларга тажовуз қилишда намоён бўлади.
Мол-мулкка қасддан шикаст етказиш орқали етказиладиган моддий зарар қопланиши зарурлиги ҳақида ислом фиқҳшунослари орасида, юқорида айтиб ўтилгандек, ихтилоф йўқ.
Олиниши аниқ даромадни йўқотиш билан боғлиқ зарарни қоплаш лозим экани эса ҳақида Жиддадаги Ислом фиқҳи халқаро академияси, шунингдек, Саудия Арабистонининг йирик олимлари фатво қўмитасининг қарорларида белгилаб қўйилган. Ислом фиқҳи халқаро академияси қарори матнида шундай дейилади: “Қопланишини талаб қилиш мумкин бўлган зарар ўз ичига реал моддий зарарни, мавжуд даромадни йўқотиш билан боғлиқ бўлган зиённи олади, обрў-эътиборга етказилган ва маънавий зарарни эса ўз ичига олмайди ” («Мажаллату Мажмуа’ ал-фикҳ ал-исламий», 12/2/306).
Кибор уламолар қўмитаси фатвосида бундай дейилади: “Агар белгиланган жарима умум қабул қилинган тажрибага кўра кўп бўлса, у ҳолда у мулкий жавобгарлик бўлиб қолади ва бу шариат қонун-қоидалари кўрсатмаларидан йироқдир – бу ҳолда адолатга қайтиш ва мавжуд даромад ёки етказилган зиёнда нима янглиш бўлганига эътиборни қаратиш керак бўлади” (21.8.1394 ҳижрий санадаги қарор).
Обрў эътиборга етказилган маънавий зарарга келсак, у моддий томонлама қопланмайди.
Шайх Мустафо Зарка шундай дейди: “Маънавий зарарни моддий жиҳатдан қоплаш янги ихтиро қилинган тушунчадир. Бунинг ислом фикҳида аналогияси мавжуд эмас... Шариат методологиясига кўра маънавий зарарнинг огоҳлантирувчи чоралари тийиб турувчи жазолардан иборат, мулкий қоплашдан эмас. Чунки шариат инсон қадр-қимматини баҳоланадиган ва унга зарар етганда бошқа мулк билан қопланадиган мулк сифатида кўрмайди. Хулоса қиладиган бўлсак, биз маънавий зарарни мулкий қопланишининг асосли ва фойдали жиҳатини кўрмаймиз, чунки бу йўналишда шариат тийиб туриш жазосини қўллаш орқали огоҳлантириш чораларига кенг имконият яратиб беради” (Ал-Фи’л уд-дар», 121, 124 бетлар).
Уламоларимизнинг бу фикрларига қўшимча қилиш ортиқча бўлса керак.
Абу Муслим тайёрлади