close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом молияси: ноанъанавий бозорларда ривожланиш

"Исломий молия соҳасининг географик мавжудлиги Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиёдаги анъанавий бозорлардан ташқарига чиқмоқда ва энди Африка, Шарқий Осиё ва Америка қитъалари каби дунёнинг турли минтақаларидан янги ўйинчиларни ўз ичига олмоқда. Ушбу бозорларда саноатнинг ижобий истиқболларини ҳисобга олган ҳолда, Исломий молия уларни янада ривожлантиришга имкон беради.

Атиги қирқ йил ичида Исломий молия сектори банк, капитал бозорлари ва суғурта секторини (такафул) қамраб олган мустақил ва тўлиқ молиявий тизимга айланди. Бугунги кунда исломий молия соҳасининг умумжахон активлари 2 триллион долларга тенг ва 2018 йилга келиб 3 триллион долларгача ўсиш салоҳиятига эга деб баҳоланади.

Ислом молия соҳасининг жами активлари (2009-2018 молия йиллари)

 

Бу майдонда энг муҳим ўйинчилар Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик Кенгаши (GCC) мамлакатлари ва Жанубий-Шарқий Осиёнинг айрим мамлакатлари ҳисобланади. Бу ерда йирик корпоратив мижозларга ҳам, аҳолига ҳам хизмат кўрсатадиган ички банк секторининг катта қисми исломий молияга тўғри келиб, бу улуш ўсишда давом этмоқда.
Шундай шароитларда Исломий молия учун ноанъанавий бозорлар пайдо бўлмоқда ва ривожланмоқда: Африка давлатлари суверен сукукнинг биринчи чиқарилишини ташкил қилиш билан шуғулланмоқда, Шарқий Осиё мамлакатлари эса ўзларининг ички бозорларини Исломий молиялаштиришга имкон бериш учун иш олиб бормоқда.
Бундан ташқари, биринчи суверен сукук ва Исломий "дарчалар" орқали Исломий молиялаштиришга инвестиция қилиш Россия ва Германия ҳудудида Европа банклари томонидан амалга оширила бошлади.

Ислом молия соҳасининг жами активлари (2009-2018 молия йиллари)

Ноанъанавий бозорларда исломий молия соҳаси таклифлари

Африка

Африка минтақасида Исломий молия соҳасининг ривожланиши янги ва «ниша»ли Исломий молия бозорларида сўнгги ўзгаришлар ва ташаббуслар туфайли жуда катта истиқболларга эга.
Мисол учун, 2014 йилда Африка минтақасидаги бошқа мамлакатлардан ташқари, Уганда ва Марокашда қонунчиликда ва тартибга солишда ўзгаришлар юз берди: ҳар иккала давлат ҳам янги меъёрий базани жорий этишнинг турли босқичларида турибди.
Угандада норматив-ҳуқуқий базани ўзгартириш доирасида 2015 йилги молиявий институтлар тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартишлар тасдиқланди ва бу мамлакатда Исломий ва агентлик банкларини жорий этиш учун асос яратилди.
Марокашга келадиган бўлсак, бу ерда ўзгаришлар «ал-Мағриб» банкига (Марокаш Марказий банки) шу йилнинг ўзидаёқ исломий молиявий фаолиятга лицензия беришни режалаштириш имконини беради.
Айтидан, бу соҳадаги оптимизмдан руҳланиб, Қатар Халқаро Исломий Банки (QIIB) яқинда Марокашнинг Credit Immobilier et Hotelier S.A. (CIH Bank) кредит муассасаси билан исломий банк таъсис этиш ҳақида келишувга эришди. Кутилмоқдаки, QIIB 40% улушга эгалик қиладиган янги исломий банк ўз фаолиятини яқин ойларда, зарур ҳужжатлар олиниши билан бошлайди.
Марокашда Исломий молия соҳасини янада мустаҳкамлаш ниятида ушбу мамлакат яқинда Исломий молиявий муассасалар ҳисоб ва аудит Ташкилотига (AAOIFI) аъзо бўлиб киргани муҳим аҳамият касб этади.
Сукукка келадиган бўлсак, ушбу сектор ҳозирча Африканинг турли давлатлари, хусусан, Нигерия, ЖАР, Сенегал, Нигер ва  Кот-д`Ивуар қизиқишлар соҳасидан ўрин олган. Тренд бошлангани ҳақида Нигерия 2013 йил 14,75% миқдоридаги даромад билан 62 млн долларга сукук чиқариб, хабар берди. унинг ортидан 2014 йил ЖАР ва Сенегал мос равишда 500 млн доллар ва 168 млн доллар миқдорида суверен сукуклар билан дебют қилди. Кот-д`Ивуар суверен сукук чиқарган Африканинг сўнгги давлати бўлди, бу 2015 йилнинг ноябрида – 5,75% фойда ставкаси ва 150 млрд франк КФА миқдорида беш йил муддатга чиқарилиш рўй берди.
Бошқа томондан, 2015 йил Нигер ҳукумати штаб-квартираси Саудия Арабистонида жойлашган Ислом тараққиёт банки (IDB) хусусий сектори бўлинмаси кўмагида қиймати 150 млрд франк КФА бўлган сукук дастурини тасдиқлади. Лойиҳаларни молиялаштириш соҳасида дастурлар жорий қилишни 2020 йилгача амалга ошириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Исломий бозорларни, жумладан, сукукни чиқариш орқали молиялаштириш имкониятларини ўрганаётган яна бир давлат Кения бўлди. Сенегал Дакар ва Блез Диан янги халқаро аэропорти ўртасида юқори тезликдаги темир йўл алоқасини ўрнатиш каби стратегик муҳим инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун IDB молиявий кўмагида сукукнинг иккинчи чиқарилиши истиқболларини кўриб чиқмоқда.
ДАРда сукук чиқаришга кўмаклашиш доирасида ушбу мамлакат молия вазирлиги оммавий компаниялар томонидан сукук чиқаришни соддалаштириш мақсадида солиқ ислоҳотларини кенгайтиришни таклиф қилди. Таклиф этилган ўзгаришларнинг 2016 йил бошидан кучга кириши кўзда тутилган. Сукук чиқаришдан ташқари, ҳозирги пайтда ЖАР – катта миқдордаги исломий фондлар рўйхатдан ўтказилгн жой бўлиб, 2015 йил исломий фондлар умумий сонининг 4%и ЖАРга тўғри келди.

Мамлакатлар бўйича исломий фондлар сони (2015 йил 3-чораги)

Яқинда Судан исломий фондлар ривожланишида муҳим босқичга эришилди. Мамлакатнинг етакчи молиявий муассасаси саналган Хартум Банки (ВОК) Бахрайн қироллигида илк хорижий офисини очиш жараёнида.

Шарқий Осий

Шарқий Осиёнинг йирик молия-иқтисодий марказлари – Япония, Жанубий Корея, Гонконг ва Хитой – ҳам маҳаллий исломий банкинг бозорларини ривожлантириш, шунингдек, уларнинг мамлакатлари орқали сукук бозорига эмитентлар уланиш имкониятларини яратишга қизиқиш намоён этади. Ҳозирги кунда бутун Шарқий Осиё бўйлаб исломий банкинг билан боғлиқ қонунчилик ва тартибга солишда кўплаб ўзгаришлар рўй бермоқда, бу эса ушбу сегментнинг ишончли ўсиши истиқболларини кўрсатмоқда.
Масалан, япон банк сектори исломий молия соҳасига чукурроқ кириб бориш учун қадамлар қўймоқда. Бу йўналишдаги энг муҳим қадамлардан бири – 2015 йил бошида молиявий тартибга солувчининг маҳаллий банклар томонидан исломий молиявий маҳсулотлар таклиф қилиши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қоидаларни соддалаштииш ҳақида баёноти бўлди. Бу имкониятдан тўлиқ тўлиқ фойдаланиш учун Япониянинг Bank of Tokyo-Mitsubishi энг йирик банки Sumitomo Mitsui банк корпорацияси билан биргаликда исломий молиявий хизматлар тақдим этишни режалаштирган. Япон халқаро ҳамкорлик агентлиги ҳам исломий молия соҳасини ривожлантириш бўйича ҳаракатларии кучайтирмоқда. Хусусан, Иордания билан биргаликда мусулмон мамлакатларда ўсиб бораётган талабни қондириш учун биринчи сукук чиқариш бўйича лойиҳа устида ишламоқда.
Жанубий Кореянинг исломий молия соҳасидаги манфаатларига жавоб берадиган ҳаракатлар доирасида бу мамлакат ҳукумати қатнашчи-мамлакатлар ўртасида IFSB стандатлари жорий қилишни тушунтириш ва кўмаклашишга қаратилган ушбу орган фаолиятига мувофиқ FIS E-Learning электрон ўқитиш портали яратиш бўйича исломий молиявий хизматлар Бошқармаси (IFSB) сўнгги ташаббусига зарур молиялаштириш тақдим этди.
Гонгконг Хитой ва яқин Шарқ ўртасида халқаро молиявий воситачилик маркази бўлишга ҳаракат қилмоқда, чунки Гонконг юанни Исломий банк секторига кўчириш учун идеал жойлашган. Ислом молияни ривожлантириш учун унинг сўнгги саъй-ҳаракатлари туфайли, 2015 йилда Гонгконг ҳукумати Гонгконг фонд биржаси, Nasdaq Dubai ва Малайзия фонд биржаси реестрига киритилган суверен сукукни иккинчи чиқаришни муваффақиятли амалга оширди. Сукук харидорларининг 42%и Яқин Шарқда, 43%и Осиёда ва 15%и Европада топилди. Бундан ташқари, 2014 йил ушбу молиявий марказ сукукни сотишга рухсат берувчи ва сукук ва анъанавий молиявий воситалар учун ягона ўйин майдонини таъминлайдиган солиқ қонунини қабул қилди.
Хитойнинг исломий молияга ишончи ҳақида яқинда амалга оширилган илк сукук чиқарилиши ва бир қатор – касалхоналардан тортиб метро бекатлари қурилишигача бўлган лойиҳалар бўйича исломий молияни қуллаш усулларини излаш ҳам далолат беради. Буни тан олган ҳолда, Қатар Халқаро ислом банки, Қатарнинг QSC ва QNB Capital LLC молия компаниялари яқин ўтмишда Хитойнинг Southwest Securities компанияси билан бу мамлаката шариат талабларига жавоб бераиган молиявий маҳсулотлар ишлаб чиқиш бўйича шартнома туздилар. Бундан ташқари, Хитойнинг шимолий-шарқий қисмидаги, аҳолининг учдан бир қисми (6,5 млн киши) мусулмон бўлган Нинся автоном минтақаси 1,5 млрд доллар миқдорида сукук сотишни режалаштирган.

Шимолий ва Жанубий Америка

Шимолий Америка минтақасига, хусусан, Канада молиявий хизматлар соҳасига келсак, бу ерда Исломий молия навбатдаги йирик ютуқ сифатида тақдим этилади. Канада ҳар қандай афзалликларга эга – ўсиб бораётган мусулмон аҳолиси, барқарор банк тизими, қулай меъёрий-ҳуқуқий муҳит ва бошқалар – бу мамлакатда Исломий молия соҳасида эришиш мумкин бўлган муваффақиятни англатиши мумкин. Ушбу афзалликлар туфайли Канада ўзини Шимолий Америка Исломий банк маркази сифатида жойлаштириши мумкин эди.
Бу фикрни яқинда чоп этилган Thomson Reuters ва Toronto Financial Services Alliance (TFSA) «The Canada Islamic Finance Outlook 2016» (Канадада исломий молия истиқболлари 2016) қўшма маърузаси ҳам тасдиқлайди. Маърузада Канаданинг ҳозирги ҳолати ва салоҳияти ҳар томонлама таҳлил қилинган ва баҳоланган бўлиб, ушбу ҳужжатни Канадада исломий молия соҳаси истиқболларига бағишланган маълумотнома-ахборот ресурслари қаторига киритишга имкон беради.

Шу билан бирга, Америка Қўшма Штатларининг иқтисодиёти ва молиявий бозорлари ҳам бу мамлакатда Исломий молиялаштиришга кенг имкониятлар яратмоқда. АҚШ молия бозорлари дунёдаги энг йирик ва энг ликвидлидир. 2015 йилнинг 3-чораги ҳолатига кўра, бошқарув остидаги глобал Исломий активлар бозорининг 5%и АҚШга тўғри келади.

Бошқарув остидаги глобал Исломий активлар (AuM) домицил бўйича (2015 йил 3-чорак)

Сукукка келадиган бўлсак, 2014 йил охирида ҳар бири 500 миллион доллар бўлган иккита чиқарилиш ўринга эга бўлди, уларнинг эмитентлар етакчи инвестиция банки Goldman Sachs и International Finance Facility for Immunisation (IFFIM) бўлди.

Жанубий Америка минтақасида исломий молия соҳасида Бразилия салоҳияти кўпинча ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари тармоғининг жадал суръатларда ривожланиши билан боғланади (Бразилия дунёда энг йирик ҳалол гўшт ишлаб чиқарувчи ҳисобланади). Бироқ Бразилияда исломий молияга инвестициялар учун яна бир потенциал тармоқ, айниқса, ҳукуматнинг ушбу сегментга хорижий капитални жалб қилишга қаратилган уринишларини ҳисобга олган ҳолда, инфратузилма лойиҳалари ҳисобланади.
Сўнгги йилларда 2007 йил қабул қилинган жадал ўсиш дастури доирасида Бразилия уй-жой қурилиши, санитария шароитларини яхшилаш, транспорт ва энергетика каби соҳаларда инфратузилма лойиҳаларини фаол ишлаб чиқиш билан шуғулланмоқда. Бироқ бу лойиҳаларнинг сезиларли қисми ҳозирги пайтда молиялаштиришга эҳтиёж сезмоқда, бу эса исломий молия аралашуви учун имкониятни англатади. Бу салоҳиятни тан олиб, Бразилиялик иморат солувчи Ritz Property ва G5 қурилиш компанияси ҳамкорлик битими имзолади ва 2015 йилнинг февралида Наталдаги Majestic Village элита уй-жой қурилиши лойиҳасига шариат инвестициялари жалб қилиниши ҳақида маъум қилди. Бразилиянинг турар-жой кўчмас мулк соҳасидаги ушбу элита лойиҳаси шариат асосида молиялаштириш шартларига жавоб берадиган илк мустақил инвестиция маҳсулоти ҳисобланади. Лойиҳа ички бозор учун ҳамда 90 млн кишилик аҳолида ўрта синфнинг усиб бораётган ўрта ва олий қатлами учун ишлаб чиқилган.
Умуман олганда, Бразилияда Исломий молия учун махсус меъёрий-ҳуқуқий асос бўлмаса-да, ҳукумат салом, мурабаҳа ва мудараба каби Бразилия агробизнесида воситаларни структуралаш учун кенг қўлланиладиган молиявий воситалар каби Исломий молиялаштириш схемаларини қўллашни қўллаб-қувватлайди.

Бошқа потенциал бозорлар

Ислом молиясини ривожлантиришнинг юқорида айтиб ўтилган янги сарҳадларидан ташқари, бошқа мамлакатлар, хусусан, Россия ва Германия ҳам ушбу соҳага катта қизиқиш кўрсатаётганини таъкидлаш лозим.
Мисол учун, ўтган йили Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг қуйи палатаси, Давлат думаси, "ижара" туридаги операцияларни амалга оширишдаги тўсқинликларни йўқ қилиш учун мавжуд молиявий ижара (лизинг) қонунларини қайта кўриб чиқиш билан шуғулланган.
2015 йилда Германия ўзининг биринчи Ислом банкини - Франкфуртда очди. KT Bank AG банки Туркиянинг энг йирик Исломий банк муассасаси Kuveyt Turk га тегишли. Яқин келажакда KT Bank Кёлн, Гамбург ва Мюнхендаги филиалларни очишни режалаштирмоқда. Ислом молиясига бўлган қизиқишларини яна бир бор тасдиқлаб, мамлакат Исломий молия тизимининг глобал интеграциясини кучайтиришга чақиради.

Ноанъанавий бозорларда исломий молияни жорий қилиш афзалликлари

Янги саноат ўйинчилари турли афзалликларга эга. Улар кучли мавқега эга бўлган бошқа Исломий молиявий марказларнинг тажрибасини ўрганиш имконига эга. Шундай қилиб, бу ноанъанавий бозорлар 30 йиллик тажрибадан фойдаланиб, ушбу соҳада кескин ўзгаришларни бошлаш учун ҳар қандай имкониятга эга. Улар ижобий тажрибани самарали ўрганиш шароитларида қимматга тушадиган хатолар такрорланишининг минимал хавфи билан тезкор ривожланиш имкониятига эга. Янги ишни бошловчилар тузоқларни айланиб ўтиб, ижобий тажриба ва стандартларни ўз эҳтиёжлари ва маҳаллий шароитларга мослаштириш имкониятига эга. Бундан ташқари, улар кўплаб мамлакатларда қабул қилинган стандартлаштирилган шартномалар ва воситаларни яратиш бўйича бухгалтерлар, адвокатлар, солиқ органлари, тартибга солиш органлари ва банкларнинг кўп йиллик меҳнатининг самарасига айланган тасдиқланган иш усуллари ва ҳужжатларига эга. Ушбу шартномалар ва воситалар бозор ва вақт синовидан ўтган, шунинг учун уларни маҳаллий асосда мослаштириш ва қўллаш оқилона ҳаракат бўлади.

Хулоса

Ноанъанавий бозорларда Ислом молиясининг жадал ривожланиши Исломий молиявий ечимларнинг амалийлигини исботлади. Исломий молия томонидан тақдим этилган афзалликларни ҳисобга олган ҳолда, улар ушбу ноанъанавий бозорларда ноёб бир муқобил вариантни ифодалайди.
Бундан ташқари, Ислом молиясининг мавжудлиги бу ноанъанавий бозорлар ва Ислом молияси узоқ вақтдан бери илдиз отган турли ИҲТ мамлакатлари ўртасидаги савдо-молиявий алоқаларни кучайтиришга ёрдам беради.
Шундай қилиб, ушбу ноанъанавий бозорларда Ислом молиясини ривожлантиришнинг ижобий истиқболларини ҳисобга олган ҳолда, юқорида санаб ўтилган янги саноат ўйинчиларининг турли афзалликлари билан бир қаторда, ноанъанавий бозорларда саноатни янада кенгайтиришни башорат қилиш мумкин.

Манба: Islamic Finance
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase