Муқаддас замин (الحرم الشريف), Қуддуснинг Эски шаҳар қисмидаги энг муҳим диний маскан ҳисобланади. У минг йиллар давомида диний, муқаддас замин сифатида тан олинган. Маъбад тоғидан учта дин вакиллари фойдаланади: яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар.
Расмда, чап томонда Ал-Ақсо, марказда Қуббатус саҳро, яъни Қоя гумбази жойлашган Маъбад тоғининг тўлиқ кўриниши тасвирланган. Ҳарамуш Шарифнинг шарқий девори бўйлаб Бобул Раҳма қабристонини кўриш мумкин. Деворлар билан ўралган умумий ҳудуд маъбадни кенгайтириш учун Ҳирод (милоддан аввалги 37 йилдан милодий 4 йилгача Иудея шоҳи бўлган) даврида, ҳимоя деворлари, шу жумладан Ғарбий девор ҳам, қурилган ва усти текис майдонга айланган. Тепалик юзасида илк Умавийлар даврига оид учта ёдгорлик иншооти яққол кўзга ташланади: ал-Ақсо масжиди, Қоя гумбази ва занжир гумбази, шунингдек, деворлардаги тўртта минора.
Яҳудийлар манбаларига кўра, биринчи маъбад, яъни ал-Ақсо масжиди ўша тепаликда Сулаймон алаҳиссалом томонидан қурилган. Мусулмонлар эътиқодига кўра, тоғдаги мазкур масжид Ер юзидаги ва Исломдаги учта муқаддас масжиддан бири ҳисобланади. Маъбад тоғи шимолдан жанубга кескин пасайиб борган қия ҳамда тор тепаликнинг шимолий қисмини эгаллаган. Шарқда Кидрон ва ғарбда Тиропеон водийлари билан туташ тоғ чўққиси денгиз сатҳидан 740 метр баландликда жойлашган.
Милодий 1840 йили Девид Роберт Усмонлилар давридаги Қуддусдаги ҳаёт, Ақсо масжиди ва Қуббатус саҳро атрофини тасвирлаган. Маъбад тоғи учта асосий Иброҳимий динлар: яҳудийлик, насронийлик ва ислом учун тарихий ва диний аҳамиятга молик жой ҳисобланади. Тарихий шаҳар милодий 1500-1900 йилларга қадар 400 йил давомида Усмонлилар, мусулмонлар назорати остида бўлди.
Ал-Ақсо масжиди
Қуддуснинг эски шаҳар қисмида, Маъбад тоғида Ақсо масжиди бор. Дастлаб, Умавийлар халифаси ал-Валид (милодий 705-715 йиллар ҳукмронлик қилган) буйруғи билан қайта қурилган Ал-Ақсонинг ҳозирги ўрни масжиднинг илк пойдевори ҳисобланади ва бошқа фактларга кўра, масжиднинг илк девори бозор майдонида жойлашган, деб тахмин қиланади. Ақсо масжиди Ҳарами Шарифнинг жанубий томонида қад ростлаган. Дастлаб, милодий 700 йилларда қайта қурилган бўлиб, Ислом эътиқодига кўра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Қуддусга қилган тунги сайрлари, исро ҳамда осмонга кўтарилишлари, меърож воқеаси айнан шу ерда содир бўлган.
Қуббатус саҳро – Қоя гумбази
VII асрнинг сўнгги ўн йиллигида қурилган Қоя гумбази Ҳарами Шариф тоғидаги энг кўзга кўринган иншоотдир. Устига зиёратгоҳ қурилган тош, ҳам мусулмонлар, ҳам яҳудийлар учун муқаддасдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуббатус саҳро гумбази остидаги тошдан осмонга кўтарилганлар. Яҳудийларнинг эътиқодига кўра эса, иброний халқининг бобокалони ва биринчи пайғамбари Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғли Исмоилни қурбонлик қилишга олиб келган жой ҳисобланади.
Қуббатус саҳро эшикларининг бири рўпарасида унча баланд бўлмаган Занжир гумбази ҳам қад ростлаган.
Катта олтин гумбаз ва саккиз бурчакли Қуббатус саҳро иншооти Умавий халифа Абдул Малик ибн Марвон томонидан милодий 691 йилда қурилган ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шарафига номланган.
Сулаймон мақбараси
Қадимги Қуддуснинг Маъбад тоғида Сулаймон мақбараси бор. Мақбара Олтин дарвоза, Бабул Раҳма яқинида, шарқий томонда жойлашган. Ҳозирда бу жойдан Ал-Ақсо вақфига қарашли ёш болалар учун араб тилини ўргатиш мактаби сифатида фойдаланилмоқда. Ислом манбаларига кўра, бу ерда Сулаймон алайҳиссалом жинлар билан Ал-Ақсо масжидини қурдираётганда вафот этган.
Йиғи девори
Йиғи девори Ғарбий деворнинг бир қисми бўлиб, яҳудийликдаги энг муқаддас жой ҳисобланади. Ғарбий девор бўйлаб, Йиғи девори тугаш бурчагида Марокашликлар дарвозаси деб номланган кириш туннели бор. Девор, дастлаб Ҳирод томонидан бошланиб, яҳудийлар маъбадини кенгайтириш учун қурилган, бунинг натижасида Маъбад тоғи сифатида маълум бўлган табиий, тик тепалик ёни девор билан қопланган. Мусулмонлар учун бу жой Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Буроқ номли оти Исро кеча боғлаган ўрин сифатида қаралади.
Пахта савдогарлари дарвозаси
Пахта савдогари дарвозаси Ҳарамуш Шарифнинг энг чиройли дарвозаларидан биридир. Ҳаммаси бўлиб Ҳарами Шарифда, яъни Маъбад тоғида 20 та дарвоза бўлиб, улардан фақат 12 таси очиқ ва бугунги кунда ишлайди, қолган 8 таси муҳрланган ёки йиллира давомида йўқолиб кетган. Ҳозирда мусулмонлар учун ўн битта эшик очиқ. Мусулмон бўлмаганлар ва сайёҳлар Ҳарами Шарифга фақат Мағрибий, яъни марокашликлар дарвозасидан киришлари мумкин.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев