close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қалбимиздасан Қуддус!

Қуддус (Иерусалим) бугун уч дин мансублари учун катта аҳамиятга эга. 3000 йил аввал Довуд алайҳиссалом қурган Қуддус бугун Шарқий Қуддус ёки Эски шаҳар сифатида маълум. 1 км2 лик Эски Қуддус тош бинолари, жинкўчалари билан ўрта аср шаҳри манзарасини ёдга солади. Шаҳар мусулмон, христиан, арман ва яҳудий маҳаллалари бўлиб, тўрт қисмга бўлинган. Лекин улар орасида бир-бирига ўтиш бемалол. Илк учтаси ҳозир дўкон ва ибодатхоналардан иборат мавзега айланган. Дўконларнинг уст қаватларида кичик, кўҳна уйлар бор.

 

Қуддус (Иерусалим) бугун уч дин мансублари учун катта аҳамиятга эга. 3000 йил аввал Довуд алайҳиссалом қурган Қуддус бугун Шарқий Қуддус ёки Эски шаҳар сифатида маълум. 1 км2 лик Эски Қуддус тош бинолари, жинкўчалари билан ўрта аср шаҳри манзарасини ёдга солади. Шаҳар мусулмон, христиан, арман ва яҳудий маҳаллалари бўлиб, тўрт қисмга бўлинган. Лекин улар орасида бир-бирига ўтиш бемалол. Илк учтаси ҳозир дўкон ва ибодатхоналардан иборат мавзега айланган. Дўконларнинг уст қаватларида кичик, кўҳна уйлар бор.
Қуддус шаҳри 4та тепалик устига қурилган. Зайтун тоғи ёки тепалиги булардан бири. Эски шаҳарнинг қоқ ўртасидаги Иброҳим алайҳиссалом ўғлини қурбон қилишга ваъда берган тепада ҳозир масжиди Ақсо қад ростлаб турибди. Ҳазрати Довуднинг қабри жойлашган тепалик Сион тоғи (тепалиги) деб аталади.
Эски шаҳарнинг ғарбида инглиз ва ортидан Исроил ҳокимияти даврида қурилган замонавий Ғарбий Қуддус ёки Янги шаҳар жойлашган. Исроил бу ерни пойтахт эълон қилиб, парламентини кўчирган бўлса ҳам дунё ҳамжамияти буни қабул қилмасдан ваколатхоналарини эски пойтахт Тель-Авивда очишган. Дональд Трампнинг АҚШ элчихонасини бу шаҳарга кўчиришини эълон қилиши яна ҳаммаёқни алғов-далғов қилиб юборди. Ҳар чиқиши фитна, жанжал ва шов-шувга сабаб бўлаётган АҚШ президенти худди чинни дўконига кириб қолган филдек яҳудий лоббисига ваъда берганми, Исроилдан бадал олдими ё фаластинликларни сулҳга мажбурламоқчими ёки дунё эътиборини тортмоқчими, билмаймиз.... Лекин бу айни "Бир тентак қудуққа тош ташлабди-ю қирқта ақлли уни чиқара олмаганмуш" деган мақолга мос келади...
Довуд алайҳиссалом милоддан аввал 973 йили вафот этгач, тахтга чиққан ўғли Сулаймон алайҳиссалом отаси шайлаб қўйган жойга финикалик меъморларга Бет-Мақдиш номли машҳур ва муҳташам ибодатхона қурдирди. Уни масжиди Ақсо ҳам деб аташади. Ҳазрати Сулаймон Қуддусни таъмирдан ўтказди. Кўплаб бинолар, саройлар, боғлар, ҳовузлар, ибодатхоналар қурдирди. Ўз даврида Қуддус ер юзининг энг бадавлат, энг гўзал шаҳри эди. Ўша даврдаги номи “Тинчлик макони” маъносига келувчи “Уршилим” (ёки Jerusalem) эди. Лекин Тавротда бу номни топа олмайсиз. Ҳазрати Довуддан аввалги номи "Сион" эди. Мусулмонлар шаҳарга “муқаддас макон” деган маънони англатувчи “Мақдис” ёки “Қуддус” (баъзан Қуддус) дейдилар.
Қуддуснинг янгидан иншо қилиниши яҳудийлар орасида ҳам ихтилофларга сабаб бўлди. Бир гуруҳ яҳудий бидъат деб, янги Қуддус ва Байти Мақдиш қурилишига қарши чиққан эди. Шу тариқа ҳозир давомчилари Фаластиннинг Наблус деган жойида яшайдиган Самирий фирқаси пайдо бўлди. Милоддан аввал 587 йили Бобил ҳукмдори Бухтуннасар Қуддусни истило қилиб ер билан яксон қилди. Яҳудийларнинг кўпини қиличдан ўтказди. Омон қолганларини эса Бобилга сургун қилди. Мана шу талотўпда ҳақиқий Таврот нусхалари йўқолди.
Эрон ҳукмдори Ширавайҳ бобилликларни мағлуб қилгач, милоддан аввал 539 йили яҳудийларнинг ўз юртларига қайтишига изн берди. Яҳудийлар Бет-Мақдишни бошқатдан иншо қилди. Милоддан аввал 63 йили Қуддус римликлар босқинига учраб, вайрон бўлди. Милоддан аввал 20 йили римликларнинг Фаластиндаги яҳудий вакили Геродес ибодатхонани яна янгидан қурдирди.
Исо алайҳиссалом Қуддусда яшаб, шу ердан соппа-соғ осмонга кўтарилди. Шу сабабли бу шаҳар яна бир марта эътибор қозонди. Шаҳарнинг ҳар тарафида Исо пайғамбарнинг излари бор. “Via Dolorosa” (Аламлар йўли) христиан ақидасига кўра, ҳазрати Исонинг ҳибсга олиниб, ўзи қоқиладиган хочни (крест) елкасида кўтариб, юрган йўли саналади. Тўхтаб дам олган, қоқилиб-суринган, қўли билан деворга суянган, онаси билан кўзи кўзига тушган ҳар жойда ҳозир бекат ва черковлар бор. Дунёнинг тўрт томонидан христианлар елкаларида рамзий хочлар билан ушбу йўлдан юриб, ўзларича “ҳожи” бўлишга уринишади.
Христиан ақидаси бўйича ҳазрати Исо осмонга кўтарилган деб эътиқод қилинадиган жойда илк Исавийлардан Византия қироличаси Хелена қурдирган "Қиёмат черкови" дунёнинг энг эски ибодатхоналаридан ҳисобланади. Ичида ҳазрати Исонинг жасади ва қабри борлигига эътиқод қилинадиган маконлар ҳам мавжуд.
Кейинчалик яҳудийлар римликларга қарши бош кўтаришди. Лекин 66 йили римлик қўмондон Титус Қуддусни бутунлай ёқиб, вайронага айлантирди. Бет-Мақдиш ҳам ёнди. Ундан фақатгина "Йиғи девори" деб аталувчи ғарбий девор қолди. Титуснинг қатлиомидан кейин яҳудийлар гуруҳ-гуруҳ Фаластинни тарк этиб, ер юзига тарқаб кетишди.
Муҳаммад алайҳиссалом Меърожга чиқишда Қуддусда ҳозир ҳам мавжуд бир тошнинг устидан кўтарилдилар. Ўша замонда ҳароба бўлган масжиди Ақсода аввалги пайғамбарларнинг руҳлари билан кўришиб, намоз ўқидилар. Қуръони каримда бу мўъжиза ҳақида оятлар бўлиб, унда Қуддус муборак макон сифатида таърифланган.
Халифа Умар даврида "Иля" деб аталувчи ушбу шаҳар тинч йўллардан фатҳ қилиниб, мусулмонлар ҳокимиятига ўтди. Ҳатто халифа Қуддусни қабуллаб олиш учун келганида унга таклиф қилинган Қиёмат черкови ичида намоз ўқишдан бош тортиб “Мен у ерда намоз ўқисам, кейинги амирлар уни албатта масжидга айлантиришади” деди ва шу атрофда намоз ўқиди. Мана шу тариқа Қуддуснинг асрларга чўзиладиган тинч даври бошланди. 1099 йили Фотимий ҳокимияти даврида салибчилар шаҳарни ишғол қилиб, халқни қиличдан ўтказгач у ерда Иерусалим қироллигини қурган бўлишса ҳам 1187 йили Меърож кечасида Салоҳиддин Айюбий Қуддусни такрор фатҳ этди.
"Масжиди Ақсо" мусулмонлар учун энг муқаддас учинчи масжид ҳисобланади. Ундан ташқари у ер мусулмонларнинг илк қибласидир. Умавий халифаси Абдулмалик, пайғамбаримиз меърожга кўтарилган қоянинг устига кейинроқ "Қуббатус-Саҳро" масжидини қурдирди. Олтин гумбази (қуббаси) кўз қамаштирадиган ушбу бино ҳозирги кунда ҳам Қуддуснинг рамзи ҳисобланади. Масжиди Ақсо турган ер билан Йиғи девори туташган жойга Умавий халифаси Валид масжид қурдирди. Кейинчалик Қонуний султон Сулаймон девор билан ўратиб, Қуддусга охирги шаклини берди. Шаҳарни бошқатдан таъмирлатди. Девор олдидаги кўча ва шаҳар дарвозаларидан бири ҳозир ҳам унинг исми билан аталади. Усмоний халифалари даври барча дин мансублари учун сулҳ ва тинчлик даври бўлди. Муҳим диний иморатларнинг калити ўнбошида турарди. Фарқли дин ва черков мансубларининг бир-бири билан тўқнашмасдан ибодат қилиниши таъминланарди.
Йиғи деворининг остидан эски Қуддус ва ибодатхонанинг девор қолдиқлари бўлган ертўлаларга тушилади. Баъзилар масжиди Ақсони қулатиш учун қазилганини даво қиладиган бу лаҳимларни қазиш аслида Усмонийлар даврида бошланган ва масжиди Ақсо тагига қараб эмас, эски шаҳарнинг ғарбий маҳалласи тагига қараб кетган.
Қуддус мусулмонлар идорасига ўтгач, яҳудийларнинг бу ерга келиб ибодат қилишларига рухсат берилди. Лекин батамом кўчиб келишларига изн берилмади. 1917 йил 9 декабрда Усмоний давлати еттита европа давлатига қарши олиб бораётган урушда Фаластин фронтида кутилмаганда мағлубиятга учради. Сабаби ўша фронтда урушни давом эттиришдан кўра сулҳ тузиб, минтақани душманга ташлаб кетишни афзал деб билган Йилдирим армияси қўмондони генерал Мустафо Камол (Отатурк) армиясини чекинтириб, Фаластин ва Сурияни инглизларга топширади. Шу тариқа шаҳар тарихида 1516 йили сулҳ йўли билан бошланиб, 4 аср ҳузур-ҳаловатда кечган Усмоний ҳокимияти поёнига етди. Мустафо Камолнинг бу "беминнат хизмати" инглизлар томонидан кейинроқ сахийларча тақдирланди. У Усмонийлардан талон-тарож қилинган кичкина бир минтақада қуриладиган битта республиканинг "биринчи президенти" лавозимига инглизлар ёрдамида обориб ўтқазилади.
Шу-шу бўлдию Фаластинга яҳудийлар оқиб кела бошлади. 1917 йили Бальфур декларацияси орқали Англия Фаластинни сионистларга ваъда қилганди. Айни йил Истанбулда Усмонийларга мухолиф "иттиҳод ва тараққий" партияси идорани қўлга олиб, зулм қилишни бошлаб юборди. Ўша зулмга қарши чиққан Макка амири шариф Ҳусайн пошо бошчилигидаги араблар ҳам Ҳижозда ўзларича иттиҳодчилардек идорани қўлга олишни хомхаёл қилиб исён кўтаришади. Бу қўзғолоннинг ортида ҳам инглизлар турган бўлиб, натижада Ҳижоз (Макка-Мадина) ҳам, пойтахт Истанбул ҳам, Қуддус ҳам европанинг сурнайига ўйнайдиган сотқин ва мунофиқ кимсаларнинг қўлида қолади.
Қуддусни қўлга киритган инглиз ҳукмронлиги даврида шаҳарда яҳудийлар сони араблардан ошиб кетди. (Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, фаластинликлар Ҳижоз ва Мисрдаги хомхаёл араб исёнларига аралашмади. Шунинг учун “Сотқин араблар ўз экканини ўрмоқда” деган гапни фаластинликларга нисбатан ишлатиш ноинсофлик бўлади.)
1948 йили Исроил давлати қурилди. Исроил ишғол қилган 25 км2 лик Ғарбий Қуддусни 1950 йили БМТ қарорига зид равишда пойтахт деб эълон қилиб, парламент билан бирга давлат идораларини эски Яфа яқинидаги Тель-Авивдан бу ерга кўчирди. 1967 йили чиққан Араб-Исроил урушида яҳудийлар социализм мафкурасига муккасидан кетган 5та араб давлатини тору мор қилиб, 1946 йилдан бери Иордания ҳокимиятида бўлган Шарқий Қуддусни ишғол қилди. 1948 йили 60 минг араб аҳолисига 100 минг яҳудий тўғри келадиган Қуддусда бу кўрсатгич 1967 йилда 197 мингга ортди.
Қуддус шаҳри аслида яҳудийлардан зиёда христиан ва мусулмонлар учун диний аҳамият касб этадиган макон. Масалан Масжиди Ақсога яқинроқ бўлган "Олтин дарвоза" умуман очилмай доимо ёпиқ ҳолича тутилмоқда. Бунинг сабаби Қиёматга яқин Исо-Масиҳ ушбу дарвозадан киради деб ишонадиган христиан ақидасидир. Масиҳ осмондан тушганида мўъжиза сифатида бу дарвоза очилармиш. Масжиди Ақсо яҳудийлар учун заррача қийматга эга эмас. Уларнинг эътиқоди бўйича Қиёматга яқин келишига ишонилган Масиҳ Сулаймон пайғамбар ибодатхонасини такрор қурармиш. Лекин у жой бугун мусулмонлар қўлида. У ерга яҳудийларнинг кириши тақиқланган. Қуддусни пойтахт эълон қилиш замирида ётган кўплаб баҳоналардан бири мана шу.
Сулаймон пайғамбар давлатини бошқатдан қуришни армон қилиб юрган сионистлар учун Қуддуснинг рамзий аҳамияти бор. Улар бунга аввал ҳам бир-икки марта уринишган. Масалан 1980 йили 20 августда шарқ ва ғарби билан бирга Қуддусни Исроилнинг абадий пойтахти деб эълон қилишганларида жаҳонда катта норозилик уйғотишган. Кейинчалик вақт ўтиши билан кўп давлатлар эти ўрганиб кетганиданми бунга лом-мим демай қўйди. Ўша вақтда шаҳар аҳолисининг 28% араб эди. 1947 йили Исроил қурилганида Англия Қуддуснинг миллатлараро очиқ шаҳар бўлишини таклиф қилганди. Бугун миллатлараро ҳамжамият Қуддусни икки бўлакка ажратиб, Исроил-Фаластин орасида ҳар икки мустақил давлатнинг пойтахти бўлсин деган фикрни қўллаб қувватламоқда. Лекин жаҳон сионистлари, қурол магнатлари ва АҚШ раҳбарияти бунга лоқайд.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase