close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Авраамик анъаналарда ғор нонкорфомизм рамзи сифатида

Қуръон матни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таржимаи ҳоли билан таниш бўлган исталган киши диндорларнинг ғорда бўлиши билан боғлиқ воқеаларнинг кўп марта такрорланишига гувоҳ бўлиши мумкин. Ғорлар таъқибдан паноҳ топиш жойи, шунингдек, ёлғиз қолиш ва абадий ҳақиқатлар ҳақида фикрлаш учун жой бўлиб хизмат қилган.

Қуръон нозил бўлишидан олдин ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ёлғиз қолишга мойиллик бўларди. У ўзи билан озгина емиш таъминотини олиб, Ҳиро тоғидаги ғорда ёлғиз қоларди. У ерда, Рамазон ойи кунларининг бирида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий нозил бўлган эди. Ҳозир бу тоғ «Жабал ан-Нур», яъни «Нур тоғи» деб аталади.
Қуръони каримнинг ўзида ҳам «Қаҳф» (Ғор) сураси бор ва бу ушбу сурадаги ҳикоя қилинадиган воқеалардан бири билан боғлиқ. Гап Исо алайҳиссаломнинг издошлари ҳақида бўлиб, улар ўз дини-эътиқоди туфайли мушрикалар жамияти томонидан қувғин қилинган ва натижада ғорга яширинган. Қуръони каримга кўра, Аллоҳ уларни 300 йилга ухлатиб қўйган. Улар уйғонганидан сўнг, ғорда қанча вақт ўтказганликлари номаълум эди. Шунда улар ораларидан бир кишини озиқ-овқат харид қилиш учун жўнатишга қарор қиладилар. Маълум бўлишича, ўсмир тўламоқчи бўлган пул бир неча аср олдин муомаладан чиқиб  кетган экан ва у ҳақиқатни сўзлаб беришга мажбур бўлади. Бу пайтга келиб, ўша жойларда ҳокимият муваҳҳидларга тегишли ва яшириниш учун бошқа сабаб йўқ экан. Шундан сўнг, бу ажойиб воқеа хотирасига ғор ёнида ибодатхона қад ростлади.
Шунингдек, Ислом анъанасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин ҳамроҳи - Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида ҳижрат қилиш ҳақида ҳам ривоят бор. Маълумки, Маккада Қурайш мушриклари мусулмонларни қувғин қилдилар, натижада, Аллоҳ ҳижрат қилишни маъқуллади. Аввалига диндорлар бағрикенг насронийар Эфиопиясига ўтиб, кейинчалик ислом ҳаракатининг янги майдони - Ясриб шаҳри ташкил этилгач (кейинчалик Мадина деб номланган), у ерга кўчиб кела бошладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд амалга ошмагани ва Маккани тарк этгани маълум бўлгач, уни қидириб топиш учун гуруҳ тузилади, ҳозирги тил билан айтганда, замонавий жамият асосларини бузишга қаратилган жиноятларда айбланган икки сиёсий қочқинни топган кишига катта мукофот эълон қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу ғорга кириб ғойиб бўлдилар, тажрибали изловчилар уларнинг изига тушгач, машҳур саҳоба, аввало, ҳамроҳи учун хавотирга тушади, айниқса, қувғинчиларнинг оёқлари кўзга ташланган пайтда. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбига сокинлик солади ва у дўстига қарата дейди: «Маҳзун бўлма, албатта, Аллоҳ биз билан». (Тавба сураси, 40). Таъқиблар муваффақиятсиз тугади ва муҳожирлар душман бўлиб қолган ҳудудга бошқа мақомда қайтиш режалари билан Мадинага соғ-саломат етиб келишди. Сўнгги Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ташрифи билан шарафланган ғор «Саур» деб аталади ва шу кунгача зиёрат қилинади. Келинг, «саур» сўзи Ҳозир Яқин Шарқда тез-тез ишлатиладиган «саура», яъни «инқилоб» билан бир хил илдизга эга эканлигини эслатиб ўтамиз.
Бу ерда тавҳид тарафдорлари дунёқарашини шакллантиришда муҳим роль ўйнайдиган қисқача уч ҳикоя бор. Айтиб ўтилган воқеалар фонидан келиб чиққан ҳолда "ғор"нинг рамзийлигини кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Хаёлда қуйидаги тасвир шаклланади. Сохта мазмун нуқтаи назаридан ижтимоий қолиплар одамлар ҳаётини «подачилар» – иблиснинг малайларига ёқадиган ўзанга буриб юборади. «Масаллиқлари»нинг хилма-хиллиги ва ранг-баранглигига қарамай, ёлғон генераторлари орқали ўтадиган иблис васвасалари инсониятга бир натижага - умидсиз бемаъниликка олиб келади, ёки Қуръони карим тилида айтганда «нурдан зулматларга чиқарурлар» (Бақара, 257).
Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларини одамлар онгини жамоавий заҳарлашга қарши турадиган, «зулматлардан нурга» чиқарувчи инқилобчилар сифатида юборади. Тавҳид нури борлиқ доирасидан ташқарида ётадиган қандайдир гуноҳдан халос қиладиган мазмунни назарда тутади. Кўзга кўринмас бу Нур доимо бир ҳақиқатни юзага келтиради, жамият эса, объектив ҳақиқатга ўз изларини қолдиришига қарамай, бир фундаментал константа билан мазмунни ўзгартиради – доимо ичкаридан «бўш» бўлиб қолаверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларга ҳар жума «Каҳф» сурасини ўқишни васият қилганлар. Уни ўрганиш турли балолардан, жумладан, энг даҳшатлиси – Дажжолнинг фитнасидан ҳимоя қилади, деб ҳисоблашади. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, эсхатологик тафаккур амалиётчи мусулмонга доимий равишда хосдир. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъда қилганлар: « Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади».
Илоҳий лойиҳани амалга ошириш йўлидаги пайғамбар жамоаси турли босқичлардан ўтиб, қувғинлар мавқеидан аста-секин ҳокимиятни қўлга киритишга ўтади. Босқичлардан бирида "ғор" ғояси ўзгача фикрловчилар жамоати учун «Тинчлик ғори» нури номи билан матрицанинг диктатурасини инкор этувчи нонконформистик андеграунд ҳосил қилувчи майдон сифатида долзарбдир.
«Ғор аҳли» ҳақидаги ҳикоядан кейин қуйидаги оят келади: « Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма» (Каҳф сураси, 28).

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase