Сионизмга қарши кураш ҳар доим Совет тарғибот машинасининг ажралиб турадиган хусусиятларидан бири бўлиб келган. Шу билан бирга, СССР тарихида сионизмга қарши нафақат курашилмаган, балки ҳатто ёрдам берилган бир илиқлик даври ҳам бўлган.
1947 йилда, Фаластиннинг тақдири БМТда ҳал қилинаётганда, Совет Иттифоқи Фаластиннинг икки давлатга бўлиниши учун овоз берди ва Исроилни де-юре тан олган биринчи давлат бўлди. Бундан ташқари, энг қизиқ нарса шундаки, СССР нафақат дипломатик ҳаракатлар билан чекланиб қолмади, балки ёш сионистик давлатга ҳар томонлама ёрдам берди, шу жумладан ҳарбий техника ва қурол-яроғ етказиб берди.
Кўпгина тарихчилар Фаластинга қурол юбориш орқали Сталин яҳудий давлатини Совет Иттифоқининг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчисига айлантиришга умид қилган, деб ҳисоблашади. Шунингдек, СССР иттифоқчилик муносабатларига эмас, балки бутун дунё тартибини бузишга ишонган – "ишчи ва деҳқонларнинг биринчи давлати" шу мақсадда ташкил қилинган.
Яҳудийлар Буюк Британияга ва биринчи Жаҳон урушидан кейин Яқин Шарқда шаклланган бутун тизимга қарши ўзига хос восита сифатида ҳаракат қилишлари керак эди. Бундай сиёсат Совет ҳукумати учун ноёб нарса эмасди. Тахминан бир вақтнинг ўзида СССР Арманистон масаласини Туркиянинг Шарқий ҳудудларини бегоналаштириш ва арман диаспорасини советлаштириш, уни ўз сиёсатининг воситаси қилиш умидида ишлатган. Шунга ўхшаш нарса Фаластинда содир бўлди, фақат маҳаллий аҳоли учун жуда катта ва ачинарли оқибатларга олиб келди.
1947 йилда Яқин Шарқдаги вазият жуда кескин эди, ҳар ҳафта бомбалар портларди ва Фаластинга кўчиб ўтишни истаган яҳудийлар учун иммиграция чекловларидан норози бўлган инглиз мустамлака маъмурияти ва яҳудий радикаллари ўртасида шиддатли тўқнашувлар бўлиб ўтарди.
1920 йилдан бери Фаластинни бошқарган Буюк Британия зўравонлик тўлқинини эплай олмади ва урушаётган икки гуруҳни: яҳудий кўчманчилари ва Фаластиннинг маҳаллий аҳолисини яраштира олмади. Фаластинлик араблар тахминан 1,2 млн кишини ёки аҳолининг 65 фоизини, яҳудий кўчманчилари еса 608 минг кишини ёки жами аҳолининг 35%ини ташкил этарди.
Яҳудийлар асосий мақсади ўз давлатини яратиш бўлган сионистик ҳаракат шакллана бошлаган XIX асрнинг охирида Фаластинга кўчиб кела бошладилар. Фаластин араблари, ўз навбатида, мустақил яҳудий давлати ташкил этилганда, улар ҳайдаб чиқарилиши ёки ҳатто йўқ қилинишини англаб, яҳудий кўчманчиларининг кучайишидан қўрқишди.
Кўпгина Ғарб давлатлари Исроилни тан олишга тайёр эдилар, аммо улар араб давлатлари ва умуман Ислом дунёси билан муносабатларни мураккаблаштиришдан қўрқишди. Кремл стратеглари шунга ўхшаш дилеммага дуч келишди. Бир томондан, Москва Буюк Британияга қарши ўз салоҳиятидан фойдаланишга умид қилиб, араб давлатлари билан яхши муносабатларни сақлаб қолди. Бошқа томондан, араб мамлакатларидаги кўплаб режимлар Лондонга эътибор қаратдилар ва Москва қўл остига келишга шошилмадилар.
Шуни таъкидлаш керакки, ҳатто иккинчи Жаҳон уруши даврида ҳам Совет дипломатияси Ғарб мамлакатлари ва Фаластиннинг яҳудий ташкилотлари билан алоқаларни ўрнатди. Тахминан 1943 йилдан бошлаб Совет Иттифоқи сионистик ҳаракатнинг ривожланишини жиддий ўргана бошлади ва унинг ижтимоий-сиёсий тенденциялари ва вазифаларини тушунишга ҳаракат қилди. Бироқ, иттифоқчиларга молиявий жиҳатдан қарам бўлиб, СССР умуман Ғарб сиёсати ортидан эргашди ва Ғарб иттифоқчилари томонидан айтилган позицияга яқинлашди.
Шундай қилиб, ҳатто уруш пайтида ҳам Совет Иттифоқи ғазабини раҳм-шафқатга ўзгартирди ва Фаластинни мустамлака қилиш ва Исроил давлатини эълон қилишни маъқуллай бошлади. Қизиғи шундаки, шу билан бирга, Совет дипломатияси араб давлатлари билан муносабатларни ўрнатган, шунингдек, уларни қўллаб-қувватлашга ва социализмни экспорт қилишга ҳаракат қилган, бу мусулмон келиб чиқиши совет дипломатлари ишонтирганидек, Ислом билан жуда мос эди.
Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан кейин Фаластин масаласи энг қайноқ ва энг қийин масалалардан бирига айланди. 1947 йилда Буюк Британия ҳукумати араблар ва яҳудийлар учун мақбул ечим топа олмаслигини англаб, Фаластин учун мандатдан воз кечди. Бу қарор кутилмаган нарса эмасди.
Аввал айтиб ўтганимиздек, Британия маъмурияти Фаластин масаласини ҳал қилишда тўлиқ банкротлигини англади, шунинг учун Фаластин учун мандатни рад этиш энг тўғри ечим бўлиб туюлди. Қизиғи шундаки, Буюк Британиянинг ўзи мустақил яҳудий давлатини яратиш ғоясига шубҳа билан қараган ва умуман араблар манфаатлари ҳимоячиси сифатида қабул қилинган. Британиянинг мандатдан воз кечиши бу масалани янги ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ҳавола қилди.
1947 йил ноябрда БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида "Фаластин муаммоси" муҳокамаси бошланди. Умуман олганда, иккита вариант таклиф қилинди: халқаро назорат остида Қуддус бўлган иккита мустақил давлатни яратиш ва Араб-яҳудий федерациясини, яъни ягона давлатни яратиш. Совет томони ва Қўшма Штатлар Фаластин ҳудудида яҳудий ва араб давлатларининг яратилишини тўлиқ қўллаб-қувватладилар. СССРнинг БМТдаги собиқ элчиси Андрей Громико ўз нутқида араб давлатларига шундай деди:
"Араб давлатлари вакиллари Фаластиннинг бўлиниб кетиши тарихий адолатсизлик эканини таъкидламоқда. Аммо яҳудий халқи узоқ тарихий давр мобайнида Фаластин билан алоқада бўлганлиги сабабли, бу нуқтаи назарга рози бўлмайди".
СССР, АҚШ ва аксарият Ғарб мамлакатларининг кўмаги билан Фаластинни иккига ажратиш режаси 1947 йил 29 ноябрда қабул қилинди. Буюк Британия бу режани қўллаб-қувватлашини айтган, аммо араб давлатлари унга қарши овоз берганини таъкидлаб, уни бажаришдан бош тортган. Қайд этиш керакки, нафақат араб давлатлари унга қарши овоз берган. Хусусан, Греция, Ҳиндистон, Туркия ва бошқа давлатлар Фаластиннинг бўлинишига қарши овоз беришди. Баъзи мамлакатлар буюк кучларнинг босими остида бетараф бўлишди ёки овоз беришди.
Шу билан бирга, Ғарб қарор ижросини қандай таъминлаш ҳақида аниқ тушунчага эга эмасди. Бундан ташқари, буюк давлатлар бир-бирига ишонишмади. Қўшма Штатлар режани қўллаб-қувватлаганига қарамай, СССРнинг араб дунёсида мустаҳкамланишидан қўрқди ва Яқин Шарққа қурол етказиб беришни расман тақиқлади. Бу орада СССР кутилмаганда Исроил тарафини олиб, янги давлатга ҳарбий ёрдам кўрсата бошлади.
Маневр қилиш имкониятини сақлаб қолиш учун СССР қурол-яроғ таъминотини тўғридан-тўғри эмас, балки щзига қарам мамлакатлари орқали, биринчи навбатда Чехословакиядан фойдаланган ҳолда ўрнатди. Москва сионист мустамлакачиларнинг эҳтиёжларини тахминан ифодалаган, чунки 1947 йил октябр-ноябр ойларида сионистик давлат функцияларини бажарган яҳудий агентлиги делегацияси Совет томонига унинг эҳтиёжлари тўғрисида маълумот берган. Совет томони бу талабга жавоб бермади, аммо Чехословакия омборларидан қуроллар кела бошлади.
Бунинг учун асосан Югославия ва Руминия портларидан фойдаланилди. Атиги бир нечта шартномалар имзоланди. Дастлабки учта шартнома фақат қурол-яроғ - пулемётлар, милтиқлар ва ўқ-дориларга тегишли бўлиб, қолган учтаси жиддийроқ ускуналар, биринчи навбатда самолётлар етказиб бериш билан боғлиқ эди. Тўртинчи шартнома ўнта «Мессершмит»ни етказиб беришни назарда тутган, бешинчиси эса бир неча кундан кейин яна йигирма самолётни етказиб беришни назарда тутган.
Биринчи самолёт Исроилга давлат деб эълон қилинганидан кейин бир ҳафта ичида етиб келди. Бироздан кейин 15 та «Мессершмит» сотиб олиш бўйича олтинчи шартнома имзоланди. Шундай қилиб, сионист мустамлакачилар ҳарбий техника ва, авваламбор, самолёт олишда муаммоларга дуч келмадилар. Совет томони уларнинг эҳтиёжларини тўлиқ қондирди.
Худди шу пайтни ўзида, СССРнинг ўзида яҳудийларнинг аҳволи сезиларли даражада ёмонлашиб бормоқда. 1948 йил январ ойида Сталиннинг шахсий буйруғи билан чекистлар яҳудийларнинг антифашистик қўмитасининг яратувчиси ва раҳбари Соломон Михоелснинг қотиллигини уюштирдилар ва бу ўз навбатида бошқа яҳудий ташкилотларига қарши қатағон тўлқинини бошлади. Яҳудий газеталари, нашриётлар, мактаблар ва ҳатто театрлар ёпилди.
Яҳудий жамоат арбобларини оммавий ҳибсга олишлар бўлиб ўтди, кўплари узоқ муддатли қамоқ жазосига ёки ҳатто қатл этишга ҳукм қилинди. 1949 йил январ ойида ҳокимият яҳудийларга босимни кучайтирди ва космополитларга қарши кампанияни бошлади. Қатағонлар 1952 йилгача давом этди, кейин Сталин вафотидан сўнг кўплаб маҳкумлар реабилитация қилинади ва қатағонларнинг ўзи "сталинизм жиноятлари" деб номланди.
Бироқ, яҳудий ташкилотларига қарши репрессияларга қарамай, Исроил ва СССР ўртасидаги муносабатлар анча самарли бўлиб қолди. Совет дипломатлари БМТ йиғилишларида Исроилни қўллаб-қувватлашни давом эттирдилар ва Исроилга ҳарбий техника етказиб бериш тахминан 1948 йил декабргача давом этди. Ўзаро муносабатларнинг сезиларли совиши фақат Исроил ташқи сиёсатини диверсификация қилишга уриниб, Буюк Британия ва АҚШ билан муносабатларни ўрнатишни бошлаганида юз бера бошлади.
Ўзаро муносабатларнинг тўлиқ узилиши Сталин ўлимидан сал олдин содир бўлган. 1953 йил 9 февралда Тель-Авивдаги Совет дипломатик ваколатхонасида портлаш содир бўлди, бир неча ходим жароҳат олди. Исроил ҳукумати бу ҳаракатни қоралаб, узр сўраганига қарамай, Совет ҳукумати ўз дипломатларини чақириб олиб, Исроил билан дипломатик алоқаларни узди.
Сталин вафотидан кейин муносабатлар тикланади, аммо улар ҳеч қачон бир хил даражада бўлмайди ва Исроилнинг ўзи барча оқибатларга олиб келадиган ғарбпараст мамлакат сифатида тан олинади. Исроил ва СССР душман давлатларга айланади ва улар СССРдаги ёш сионистик давлатга ёрдамларини эсламасликни афзал кўришади.
Исроилнинг қўллаб-қувватлаши СССРнинг асосий мақсадига эришиш ва Фаластиндаги Британия таъсирини тугатишга ёрдам беришига қарамай, Кремл ўз таъсирини кучайтира олмади ва Исроилни қарам давлатга айлантира олмади. Шунинг учун Кремл Исроилни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга қарор қилади ва бунинг ўрнига сўл бурилиш бошланадиган ва СССР билан ҳамкорлик қилиш машҳур бўлган араб мамлакатларига эътибор қаратади.
Абу Муслим таржимаси