close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Гулханда ёқилган муслима

Татар халқи учун энг катта йўқотиш Иван Грозний томонидан Қозоннинг босиб олиниши ва давлатчиликнинг йўқотилиши бўлса, унинг тарихидаги энг катта фожиа XVIII асрда амалга оширилган мажбурий чўқинтиришлар бўлса керак. Ушбу мавзу жуда кам ўрганилган, у халқнинг юрагидаги битмаган ярага ўхшайди, босқинчиларнинг абадий шармандалик ва гуноҳининг белгисидир…

Татар халқи учун энг катта йўқотиш Иван Грозний томонидан Қозоннинг босиб олиниши ва давлатчиликнинг йўқотилиши бўлса, унинг тарихидаги энг катта фожиа XVIII асрда амалга оширилган мажбурий чўқинтиришлар бўлса керак. Ушбу мавзу жуда кам ўрганилган, у халқнинг юрагидаги битмаган ярага ўхшайди, босқинчиларнинг абадий шармандалик ва гуноҳининг белгисидир… Лекин ҳар икки томон бу қонли воқеалар ҳақида сукут сақлашни афзал кўради, гарчи ҳамма нарса нисбатан яқинда содир бўлган ва татар халқидан ҳеч ким узр сўрамаган бўлса-да! Қўллари ва оёқларидан осиб қўйилган татарларни уларнинг хоҳишига қарши чўқинтирганлик учун, асл дини – Ислом динига қайтганларни гулханда ёққанлик учун, татарларни оммавий қулликка сотганлик ва уларни темир панжара ортида абадий озодликдан маҳрум қилганлик учун – барча содир этилган ёвузликлар учун ҳеч ким кечирим сўрамади, ҳеч ким тавба қилмади - на Россия империяси ва на православ черкови.… Шунинг учун мусулмон татарларга қарши вахший ҳаракатлар шу кунгача такрорланмоқда, динимизга ҳурмат йўқ, биз бу мамлакатдаги барча ҳуқуқлардан маҳруммиз. Православие эса, давлат дини бўлиб қолавермоқда, насронийлаштириш давлат даражасида - радио ва телевидение, матбуот, мактаблар орқали амалга оширилмоқда… Қозон қўлга олинганидан кейин Россия империясининг энг асосий мақсади унинг ҳудудида яшовчи барча миллатларни, жумладан, татарларни бутунлай насронийлаштириш ва руслаштириш сиёсати бўлиб қолмоқда. Агар илгари бу очиқ йўл билан амалга оширилган бўлса, ҳозир бу сиёсат янада усталик билан, яширин, маккор шаклда олиб борилмоқда.
Мен чўқинтиришларини истамаганликлари сабабли подшо фармони билан Екатеринбургда тириклайин ёқиб юборилган татар эркаклар ҳақида ёзгандим ва гапириб бергандим. Аммо худди шундай фожиали қисматга учраган аёллар ҳақида хабар топгач, вужудим ва руҳим ғазаб ва қаҳр билан ёнди, худди ўзимни гулханда ёқишгандай! Бундай нарсага ишониш жуда қийин, деярли имконсиз эди ва бу маълумотларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун қаттиқ совуқда мен Уралга, Екатеринбургга - қонли воқеалар содир бўлган жойга бордим…
1723 йил Пётр I буйруғи билан татар қалъаси ўрнида қурилган ва малика шарафига Екатеринбург деб номланган бу рус шаҳри татарлар учун ҳақиқий дўзахга айланди. У ягона мақсад билан – исёнчи татар-нўғой-бошқирд-қирғиз-қайсақларни бостириш учун қурилган ва илк кунларданоқ қийноқлар майдонига айланган. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, жуда қисқа вақт ичида шаҳар чўян қуйиш марказига айланди, темир конларида қулларга айлантирилган татар-бошқирдлар, вогул-остяклар, қирғиз-қайсақлар оғир меҳнатдан бош кўтармасди. Мажбурий чўқинтириш ва қуллик чамбарчас боғланиб, ажралмас бўлиб қолди, чунки бепул ишлайдиган қуллар қонун бўйича насронийлар бўлиши керак эди ва руслар мусулмонларга яқин жойларда бўлиши ёки яшаши қатъиян тақиқланган эди. Шу муносабат билан мунтазам рус армияси ўша йилларда Уралдаги татар-бошқирд қишлоқларига доимий ҳужумлар уюштирарди, юзлаб турар-жойлар вайрон қилинарди, минглаб татар эркаклар йўқ қилинарди, тирик қолганлар эса чўқинтирилиб, русларнинг қулига айлантириларди. Тарихий маълумотномаларнинг кўрсатишича, қуллар Ирбит ярмаркасида 20-25 тийинга, қалмоқ болалари эса одатда 10-15 тийинга сотилган.
1736 йил 16 февралда рус маликаси Анна Иоанновна татарлар ҳақида янги фармон чиқарди, унга кўра татарлардан ерлар тортиб олиниб, рус деҳқонлари ва сурган қилинган насронийлар бу ерда (уларнинг хоҳишига қарши бўлса ҳам) жойлаштирилиши керак эди. Малика бу фармонга қарши чиққан бошқирд-татарлардан раҳм-шафқатсиз йўқ қилишни, уларнинг мол-мулкини вайрон қилишни, тирик қолганларни эса русларга қулликка беришни ёки абадий сургун қилишни буюрди. 1737 йил 16 ноябрда қабул қилинган махсус фармоннинг 7-бандида қуйидаги сўзлар бор эди: «…маълум бўлганидек, чўқинтириладиган ва кўпинча гўдаклигида хўжайинлари қўлига тушадиган қалмиқлар ва бошқа миллатлар вакилларини ҳар ким губерния ва воевода девонхоналарида битта қайд билан, ҳеч қандай тўловсиз уйида ушлаши ва чўқинтиришига рухсат этилади». Натижада нафақат рус генераллари ва завод эгалари, ҳатто оддий аскарларнинг ҳам бир неча татар-бошқирд қуллари бўлган. Уларни қўлга киритиш учун эса, аввало, қишлоқларни вайрон қилиш, эркакларни ўлдириш ва аёлларни ва болаларни асир олиш керак эди.
Бу ваҳшийликларни амалга ошириш учун Закамьега 22 минг кишилик рус армияси қўшимча тартибда юборилди. Рус генераллари Кириллов, Татишчев, Румянцев, Соймонов, Хрущев ва бошқалар Волга ва Урал ўртасидаги татар халқини йўқ қилишга киришди. Фақат 1736-1737 йилларнинг ўзида бу жойларда 696 та татар қишлоғи ёқиб юборилди, 17 мингдан зиёд татарлар қийноқлар остида ўлдирилди, 4 минг нафари абадий сургун қилинди, 10 минг татар аёллари ва болалари русларга қул қилинди. Мажбурлаб чўқинтирилган ва қулликка берилган татар аёллари орасида кейинчалик гулханда ёқилган 60 ёшли мусулмон аёл ҳам бор эди.
Ва ниҳоят, бу ҳужжатлар менинг қўлимда…
Екатеринбургнинг марказида жойлашган Свердловск вилоят Давлат архивида 270 йил олдин ёзилган рус генералларининг энг қисқа буюртмалари сақланади. Аммо бу сарғайиб кетган «ёдгорлик»лардан ўлимнинг маъюслиги эсади, гулханда ёнаётган татарларнинг нолалари эшитиладиганга ўхшайди. Биргина 1739-йилги қонли воқеалар қайд етилган бир китобда минглаб саҳифалар тикилган, унга икки бошли бургут муҳр босилган. Ҳужжат Россия давлати томонидан кўз қўрочиғидай ҳимоя қилинади. «Фонд №24» номланган бу ўлим китоби асосан 1739 йилда татар-бошқирдлар ва қирғиз-қайсақларнинг қўзғолонлари ҳақидаги хабарлардан иборат бўлиб, бу одамларга нисбатан қўлланган жазолар ҳақида, бу масалада айблаш, сўроқ қилиш ва буйруқлар ҳақида ёзилган. XVIII асрнинг ҳар бир йилида ана шундай қалин омбор китоблари ёзилган бўлиб, уларда қўзғолонлар ва жазолар билан боғлиқ кўплаб далиллар қайд этилган. Босқинчилар ўзларини шу қадар ҳақ деб ҳисоблашганки, одамларни гулханда ёқиш каби ваҳшиёна ҳаракатлар учун ҳам баҳона топишган, гўё бу билан улар империя ва насроний динини сақлаб қолишган!
Гулханда ёқилган татар аёли архив ҳужжатларида Кисанбика Байрасова (татарчада Кисэнбикэ, Кинжэбикэ ёки Хуснибикэ) деб ёзилган. Барча ҳужжатлар эски славян тилидаги қўлёзмалардир, уларда тузатишлар мавжуд. Ҳар ҳолда, ўша пайтларда мирзалар жуда эҳтиёткор бўлиб, тузатилган ёзувлар архивларда рўйхатга олинмаган, шунинг учун савол туғилади: бу тузатишлар кейинроқ киритилаганмикан? Айниқса, «миллати» - «татань», яъни татар деб ёзилган ва ёнида ингичка ҳарфлар «бошқирд» деб ёзилган устундаги қайд шубҳали. Бундан кўринадики, кейинги йиллар олимлари бу ҳужжатлар устида диққат билан ишлашган ва ўзгартиришлар киритган бўлишлари мумкин. Ахир, Екатеринбургда гулханда ёқилган татар Тойгелде Джуляков ҳақида 1738 йилги подшоҳ фармони каби муҳим қайдга ҳам тузатиш киритилган, бунда “Ты, татарин Тойгелде” ўрнига бошқирд тадқиқотчилари “Ты, башкир Тойгелде” деб ёзишган. Эҳтимол, Кисанбика Байрасова билан ҳам шундай қилингандир. Аслида, Кисанбика Байрасова ким, қайси гуноҳлари учун Россия давлати томонидан оловга ташланган? Архив ҳужжатларида бу саволга ҳам жавоб бор. У Муслюмово қишлоғи яқинида жойлашган, Катайск волости Саксаул қишлоғида (ҳозирги қишлоқ Челябинск вилоятининг Сосновский туманида жойлашган) туғилиб, ўсган. 1736 йилда бу жойларнинг юзлаб татар-бошқирд қишлоқлари, подшо фармонига кўра, генерал Василий Татишев отрядлари томонидан вайрон қилинган, минглаб мусулмонлар ҳалок бўлган, қолганлар асир тушган. Улар орасида 60 ёшли Кисанбика Байрасова ҳам бор эди. Бошқалар билан биргаликда рус тилида биронта хам  сўз билмаган мусулмон аёл Екатеринбургга олиб кетилди, унинг хоҳишига қарши чўқинтирилди, Катерина исми берилди ва таржимон Кириак Кондратовичга крепостнойликка топширилди.
Мажбуран черковга бориш ва хоч тақиб юриш Кисанбика-Катерина учун чидаб бўлмайдиган даражада оғир эди ва у биринчи имконият туғилиши билан қочди, унга Татишевнинг уйида яшайдиган ёш татар аёл ҳам қўшилди. Лекин нотаниш жойларда қочоқларни тезда тутиб олишди ва хивич билан калтаклашди. Аммо эрксевар мусулмон аёлни ҳеч нарса ушлаб туролмасди, иккинчи марта Кисанбика рус амалдори Иван Зориннинг татар миллатига мансуб "чўри хотини" билан қочиб кетди. Қул хотинлар яна ушланди, бу сафар қамчилар билан уришди. 1738 йилнинг сентябрида, тунда Кисанбика яна қочиб кетди, Исет дарёсидан кечиб ўтиб, айланма йўллар билан Сакаул қишлоғига қайтди. Аммо, ўғли Бикчантай ва қишлоқдошларини таҳликага солмаслик учун, яхшилаб ўйлаб кўргач, Урал тоғлари орасида юриб, руслар кўзидан яширинишга қарор қилди. Ҳужжатларга кўра, Кисанбика бошқирд оқсоқоли Мандарникида тахминан бир ой яшаган. Оқсоқол унинг чўқинтирилганидан хабар топгач, Екатеринбургга қайтиб, ҳокимиятга таслим бўлишни маслаҳат берди, унга "илова қоғози" берди ва уйидан чиқариб юборди. Аммо аёл бу мактубни йиртиб ташлади, Екатеринбургга қайтиб кетмади, тақдир уни ҳозирги Бошқирдистоннинг Дуван волостига олиб келди. Кисанбика акаси Разге Байрасовнинг уйида икки кечани ўтказди, лекин Маҳмуд Мемеделин томонидан қўлга олиниб, "содиқ бошқирдлар"ҳамроҳлигида Екатеринбургга жўнатилди. У зудлик билан кишанланиб, қамоққа ташланди, кейин кон заводининг идорасида сўроқлар бошланди.
Архив ҳужжатларидан кўриниб турибдики, Кисанбике чўқинтирилгандан кейин исломга қайтганликда айбланган, бу жиҳатдан қонун жуда шафқатсиз бўлган, бўйсунмаганлар гулханда ёниб ўлиши кутилган. Бу ҳақда 1649 йилда қабул қилинган «Собор конунлари»да баён этилган бўлиб, 1728 йил 12 сентябрда қабул қилинган подшоҳ фармони буни яна бир бор тасдиқлади. Қонунга кўра, қочоқ ҳақида хабар дарҳол маликага етказилди, малика эса уни қатл этиш тўғрисида фармон берди. "Император жаноби олиялари Фармони билан... бу татар аёл уч марта қочгани учун ва чўқинтирилган бўлсада, қочиб юрган пайтида яна мусулмон бўлиб олгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинади – гулханда ёқилсин!"- 1739 йил 8 февралда Кисанбика Байрасова иши бўйича ҳукмда шундай сўзлар келтирилган. Шу йилнинг 14 мартида генерал Соймонов бу ишни якунига етказиб, буйруқ берди:
«Тутиб олинган татань-бошқирд, чўқинтирилган ва Катерина исми берилган аёл, уч марта қочганлиги ва насронийлар қонунини тарк этиб, мусулмон бўлиб олганлиги учун, бошқаларни қўрқувга солиш мақсадида қатл этиш – гулханда ёндиришга буйруқ беришга ижозат беринг, токи бошқалар буни кўриб азоб чексин» (ГАСО. Ф.24. Оп.1. Д.818. Стр. 243-245.).
Худди шу ҳужжатга кўра, 1739 йил 30 апрелда Кисанбика Байрасова Екатеринбург марказидаги майдонда тириклай гулханда ёқиб юборилган. Ҳамаси қонун бўйича, тартиб бўйича ижро этилган – рус ҳарбийлари ҳукмни овоз чиқариб ўқиган, таржимон унинг мазмунини татар тилида тушунтирган, поплар черков қўшиқларини куйлаб, мусиқачилар ноғора ва мис карнайлар чалишарди... татар муслима эса бу пайтда ҳамманинг олдида гулханда ёнарди… У фақат татар бўлишни истагани, Ислом қонун-қоидаларига мувофиқ яшашни хоҳлагани, православиега, чўқинтирилишга, русларга қул бўлишга қаршилиги учунгина ҳаёт билан видолашишга мажбур бўлди…
У аждодлари дини учун, миллати учун жон фидо қилди, бу дунёдан дини учун, халқи учун шаҳид кетди… Жойи жаннатда бўлсин! Исет дарёси соҳилидаги майдонга эса яқин-атрофдаги қишлоқлардан ҳамма татар-бошқирдларни, қайсақ-қирғизларни ҳайдаб келишди: мана қаранг, кўринг, агар бўйсунмасангиз ва империяга қарши чиқсангиз сизни қандай қисмат кутиб турибди – оловда ёниб кул бўласиз – рус ҳукмдорларни бўйсунмас халқларга мана шуни етказмоқчи эди…
Бундан 273 йил олдин Кисанбика исмли татар аёли гулханда ёндирилган майдонда ҳозир Ленин ҳайкали қад ростлаб турибди. Сал нарироқда эса Россия империясининг сўнгги подшоси – отиб ўлдирилган Николай II оиласи хотирасига барпо этилгн «Храм на крови» черкови жойлашган. Татарларнинг гулханда ёқилиши билан бошланган қонли давр подшолар уруғининг қириб ташланиши билан якун топди. Бу юқоридан белги бўлса керак, лекин ҳукмдорлар бундан ибрат олишдими, мусулмонлардан кечирим сўрашдими, тавба қилишдими? Нима учун жон фидо қилиб, имони учун гулханда ҳалок бўлган татар-бошқирдларнинг авлодлари бугун бўйинларига хоч осиб, она тилини рус тилига ўзгартирадилар? Балки гулханда ёнган Кисанбика ва Тоигелде ё менинг ёки сизнинг аждодлариздан бўлиб, уларнинг руҳлари ислом ва унинг анъаналари жонланишини, миллат равнақини кутаётгандир? Бу тош шаҳарда, бу халқда улар учун дуо қиладиган бирор киши борми?!
Менга Екатеринбургда Кисанбика, Тоигелде ва бошқа татарлар ёқиб юборилган жойдан узоқ бўлмаган ерда Евросиёдаги энг катта масжид қурилиши бошлангани ҳақида хабар етиб келди. Балки у иймон-эътиқодларига садоқатли бўлган ота-боболаримизга ҳурмат-эҳтироми бажо келтириб, Шаҳидлар масжиди деб аталар. Ва унда то маҳшаргача динимиз, миллатимиз учун дуолар айтилади, Иншооллоҳ!

Фаузия Байрамова,
ёзувчи, тарих фанлари номзоди.
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase